Сулҳпарвар қирол

Таиланд давлат раҳбарини ҳақорат қилгани учун Швейтсария фуқароси 75 йилга қамалишига бир баҳя қолди

Мамлакат қиролига ҳурмат борасида таи­ландликларга етадиган халқ топилмаса керак. Узоқ йиллар мутлоқ монархия тузумида яшаган Жанубий Осиёнинг ушбу давлатида мамлакат қироли миллат рамзига айланган. Ана шу ақидадан келиб чиқиб, кимки давлат раҳбарини ҳақорат қилса, у бутун Таиланд халқи юзига оёқ қўйган ҳисобланади.

Яқинда Таиланд судида қиролни ҳақорат қилиш айби бўйича жиноий иш кўриб чиқилди. Бу сафар маҳкаманинг қора курсисида ўтирган айбдор хориж фуқароси – швейтсариялик Оливе Жюфер бўлди.

Европалик меҳмон учун жуда катта фожиа билан якунланиши мумкин бўлган ҳодиса 2006 йилнинг декабрьида – Таиланд халқи мамлакат қироли Пумипон Адулядетнинг туғилган кунини тантана қилаётганда рўй берди. Оливе Жюфер шу куни дўсти билан меъёрдан ошиқ спиртли ичимлик ичганидан маст бўлиб қолди. Ичкиликбозликка берилиб кетган хорижликлар шишаларини бўшатгач, «шайтон суви»дан яна хоҳлаб қолишди, бироқ икки европалик Осиё давлатида истаган нарсаларини топишолмади (Мамлакатда миллий байрам саналган қирол туғилган кунда дўконларда спиртли ичимликлар сотиш тақиқланади).

Бундан қаттиқ ғазабланган Оливе Жюфер бор аламини шаҳарнинг турли ерларига ўрнатилган қирол суратларидан олди: давлат раҳбари Пумипон Адулядетнинг бешта портретини қизил ранг билан боплаб безаб чиқди. Эҳтимолки, бу безорилик муаллифи топилмай қолиб кетиши ҳам мумкин эди. Бироқ бахтиқаро швейтсария­ликнинг фожиасига ҳамма бўяш саҳналари кузатув камераларига тушиб қолган экан.

Кўп ҳам ўтмай, Жюфернинг оёғини ерга теккизмай қамоққа олиб бориб қўйишди. Давлат айбловчиси маҳкама жараёнида хорижлик безори учун 75 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини сўради. Дастлаб судья Таиланд қиролига беҳурматлик қилган европаликка 20 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади. Воқеаларнинг бундай тахлит бўлиб кетишини умуман кутмаган Оливе Жюфер минг бор тавба-тазарру қилгач, судья­нинг ҳам кўнгли юмшади: 20 йил муддатни 10 йилга туширди. Швейтсариялик тақдирга тан бериб, Осиё давлати қамоқхонасида 10 йил муддатни ўтказиш ҳақида бош қотираётган бир пайтда кутилмаган қувончли хабар келди. Пумипон Адулядет уни ҳақорат қилган хорижликнинг гуноҳидан ўтиб, авф этганини маълум қилди…

Бу Таиланд қиролини ҳақорат қилиш билан боғлиқ биринчи иш эмас. Бундан аввал ҳам мазкур айблов билан бир қанча хорижликлар маҳкамага тортилган. Масалан, 1994 йили Таиланд полицияси қирол оиласи аъзоси – маликага нисбатан танқидий сўзларни айтган франтсуз ишбилармонини ҳам ҳибсга олганди. Қайси юртда эканини унутиб қўйган франтсуз ҳам маълум муддат қамоқда ўтиргач, авфпарвар қиролнинг марҳамати билан қўйиб юборилганди.

Дарвоқе, Таиланднинг 80 ёшли қироли Пумипон Адулядет мамлакатни 1946 йилдан бери идора қилади. Тай халқининг беқиёс ифтихорига айланган кекса ҳукмдор бу жиҳатдан, яъни давлат тепасида узоқ туриш борасида дунёдаги айни пайтда ҳаёт бўлган подшоҳу қирол, князу гертсог, хуллас, жамики монархларни ортда қолдиради.

Таиланд қироли ва унинг оиласини танқид қилиш, уларга нисбатан ҳақоратли сўзлар учун жиноий жазо берилиши тўғрисидаги қонун 1908 йили қабул қилинган. Ўтган давр мобайнида жуда кўп нарсалар ўзгарди, бу орада Таиландда мутлоқ монархия тузуми ҳам тугатилди (мамлакат қироли рамзий маънода давлат бошлиғи бўлиб қолди, унинг асосий ваколатлари эса ҳукумат раҳбари – бош вазирга берилди). Бироқ ҳамма нарса ўзгарсада, бундан бир аср олдин қабул қилинган қонун ўз кучида қолди. Ким билади дейсиз, Таиландда қирол оиласини идеаллаштиришга хизмат қилувчи бу қонун яна қачонгача амалда бўладию, яна қанча хорижликни панжара ортига йўллайди?..

Абдул Собир

www.hurriyat.uz