Виржиния воқеасининг 5 сабаби

Американинг Виржиния штатидаги политехника университетида рўй берган фожиали оммавий отишма нафақат Америка, балки бутун дунёни ижтимоий ҳаёт муҳити, қонунчилик ва умуман, инсон руҳий ҳолати ҳақида яна бир бор ўйлаб кўришга ундади. Аниқланишича, оммавий отишмалар 23 ёшли Жанубий Кореялик Чо Сен Ху томонидан амалга оширилган. У Америкага бир йил аввал ўқишга келган. Хуллас, севган қизини хиёнатда гумон қилган йигитча эрта тонгдан қизнинг ётоқхонасига боради ва уни отиб ташлайди. Бирваракайига қўшни боланинг ҳаётига ҳам нуқта қўйиб кетади. Отишма тонг пайтида содир этилгани боис, ётоқхонадаги талабаларнинг кўпчилиги ҳали уйқуда эди.

Орадан икки соат ўтгач, жиноятчи машғулотлар олиб бориладиган кампус — «Норрис Холл» томон йўл олади ва аудиториялардан бирида ўқитувчини отиб ташлайди. Кейин эса навбат талабаларга келади. Ана шу тарзда у хоналарни бирма-бир айлана бошлайди. Оқибатда жами 33 киши, айрим маълумотларда 32 киши воқеа қурбони бўлган, 30 дан ортиқ одам турли даражада жароҳатланган.

Талабалар ақлдан озган қотилнинг ўқ овозлари остида қолди. Уларнинг айримлари иккинча қаватдан сакрашди. Жароҳатланганларни эса хавфсиз жойларга етказишди. Кейин эса жиноятчи ўз жонига қасд қилди. Марҳумнинг ёнидан 9 миллиметр калибрга эга кўпзарядли иккита тўппонча топилган.

Хўш, энди ҳаёт бошлаётган ёш йигит нега бу қадар нафратга тўлган? Йигитчанинг хатти-ҳаракатлари айбдори фақат унинг ўзими? Ким хатога йўл қўйган? Нега ўқув муассасаларида бундай қонли воқеалар тез-тез рўй берадиган бўлиб қолди? Ҳаммасини яна глобализация билан изоҳлаш керакми?

 

БИРИНЧИ САБАБ

Воқеа содир бўлгач, унинг биринчи сабаби Америка қонунчилигидан излана бошланди.

«АҚШда отишмаларнинг мунтазам ҳолатга айланиб қолаётганлиги, фикримча, Америка қонунчилигида ва айнан, ўқотар қуролларни олиб юриш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқи тизимида аллақандай емирилишни акс эттиради. Агар биз жамиятни бироз бўлсада инсонпарварлаштира олмас эканмиз, ҳеч бўлмаса, фуқароларнинг сабабсиз қўлига қурол олишига имкон бермаслигимиз керак”, — дейди россиялик мутахассислардан бири Сергей Озноби?эв.

Ўз навбатида, АҚШ ва Канада институти директор ўринбосари Виктор Кременюк Америкада қурол сотиб олиш тизими етарли даражада мураккабликларни ўз ичига олишини таъкидлади. Унинг фикрича, Виржиния университетидаги воқеа АҚШда қурол тарқалиши тизими билан боғлиқ эмас. Аслида ҳам Кременюкнинг фикрига қўшилиш мумкин. Қуролга истаган кишининг эга бўлиши мумкинлиги ҳақидаги мулоҳазалар эса ҳодисанинг техник жиҳати, холос. Зеро, оммавий қирғинларнинг бошқа усуллари ҳам йўқ эмас.

 

ИККИНЧИ САБАБ

Қўлга қурол олиш учун узоқ психологик тайёргарлик ёки аксинча ақлдан буткул мосуволик лозим бўлади. Масаланинг иккинчи томони айнан шунда. Қўлига қурол олган қотилнинг руҳий ҳолати нега бу даражада мувозанатдан чиқиб кетди?

Воқеа муносабати билан университет талабаларидан олинган интервьюлардан Чо Сен Хунинг жуда сирли, бошқаларга қўшилмайдиган одам бўлганлигини билиб олиш мумкин. Адабиёт ўқитувчисининг айтишича, унинг шеър ва песаларида кўпроқ ўқитувчини ўлдирган талаба ёки яна шунга ўхшаш воқеалар баёни, зўравонлик, даҳшатли ҳолатлар, кечинмалар акс этган. Уларни таҳлил қилиш жараёнида аудитория доимо эҳтиёткорлик билан ёндашишга ва муаллифнинг жаҳлини чиқармасликка ҳаракат қилган. Унинг ишлари таҳлили билан шуғулланаётган криминалист Сюзанна Леа бу асарларда қасос олиш хоҳиши борлигини ва бу муаммони каттароқ миқёсда кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаб ўтди. Демак, унинг табиатида қасос, зўравонликка интилиш аввалдан бўлган. Маъмурий органлар маълумотига кўра, Чо Сен Ху ота-онаси билан мамлакатга саккиз ёшлик пайтида кириб келган ва ноқонуний муҳожирликда бўлган. Муҳожирликнинг ўзи у қайси давлатда бўлмасин, қатор психологик зўриқишларга сабаб бўладиган ҳолат.

Эн-Би-Си телекомпанияси раҳбари Стив Капуснинг айтишича, жиноятчи унга жўнатган видеоёзувларда йигитча аниқ исмларни айтмаган, лекин ўзининг бойларга нисбатан нафратини аниқ баён қилган. Демак, муҳожирлик қийинчиликлари, камситилишлар Сен Хуни ёшлигидаёқ қийнай бошлаган бўлиши мумкин.

 

УЧИНЧИ САБАБ 

Чо Сен Хуга ўхшаганлар Америка жамияти ёки бошқа мамлакатларда кам топилади, десак адашамиз. Улар исталган пайтда портлаши мумкин бўлган, лекин буни олдиндан тахмин қилиб бўлмайдиган тирик «бомба»ларга ўхшайди. Уларнинг қаёқдан пайдо бўлаётганли эса бугунга келиб анча ойдинлашиб қолди. Россиялик мутахассислар буни замонавий жамият муаммолари сифатида баҳоламоқдалар ва мазкур ҳолатни нафақат Америка, балки бутун дунё мамлакатларига тегишли муаммо сифатида талқин этмоқдалар. Уларнинг фикрича, замонавий дунё оддий одамларга нисбатан шу қадар шафқатсизки, ҳатто кундалик оддий икир-чикирларга ҳам инсон руҳияти дош бера олмаяпти. Дейлик, доимо бирор нарсага улгуриш ёки тирикчилик учун ишлаш заруратини елкасида олиб юрган одамлар, ишда ёки оиладаги кичик муаммони ҳам кўтара олмайдилар. Яъни, йиллаб йиғилган ва табиий деб қабул қилинаётган билинар-билинмас зўриқиш биз юқорида айтган ана шундай «бомба»- ларни пайдо қилмоқда.

Америкалик мутахассисларнинг ўзлари ҳам мамлакатда шахсга нисбатан кўрсатиладиган руҳий босим фавқулодда юқори, деб қараяпти. Бу борада ривожланиш йўлида тобора илдамлаётган ҳар бир давлат ўз хулосаларини чиқаришга шошилиши лозим. Негаки, ҳар қалай глобализация жараёни тўхтамайди. Демак, ҳар бир давлат, айниқса, ривожланган давлатлар табиий равишда шу муаммога рўбарў келиши мумкин.

АҚШ қонунлари анъаналар, қадриятлар, муқаддаслик тушунчалари билан кўпам ҳисоблашавермайди. Шу сабабли табиийликка талпиниш асносида ноқонунийликка интилиш деярли ҳар бир одамнинг шахсиятида мавжуд. Лекин бунинг қай даражада фожиа билан тугашини ҳеч ким башорат қила олмайди. Ўлимидан аввал қотил ташлаб кетган видеоёзувда: «Бунинг ҳаммасига инсоният айбдор. Сизнинг қўлларингиз ювиб бўлмас қонга ботди» деган сўзлар бор эди. Демак, у жамиятни айбламоқда.

 

ТЎРТИНЧИ САБАБ

Кременюк Америкадаги оммавий қотилликлар одамлар замонавий жамиятда дуч келаётган психологик муаммолар билан боғлиқ эканлиги ҳақидаги фикрга қўшилади. «Ҳатто қонунга бўйсунувчан Америкада ҳам оқибат қонли тўқнашувлар билан якунланувчи стрессли вазиятлар кўп. Замонавий жамиятда зўриқишлар шу даражада кўпки, бундай ҳолатларни ҳали мустаҳкамланмаган ақл ва қалблар қабул қила олмайди ва мана шундай синиш, мана шундай фожиа рўй беради», — дейди у. Мутахассис ҳали мустаҳкамланмаган ақл ва қалблар соҳиблари сифатида ёшларни назарда тутмоқда. Ёшларда анархизм ва ижтимоий норозиликка интилиш ниҳоятда кучли. Бу уларнинг табиатига хос хусусият деб қаралади. Чиндан ҳам шундайми? Унда нега норозилик актлари кўпроқ ўқув муассасалари талабалари, ўқувчилари иштирокида бўлмоқда? Нега уларга нисбатан оғирроқ аҳволда дея ҳисобланувчи ёшларнинг фақат меҳнат билан банд қатламлари орасида қонли можаролар камроқ учрайди?

Эҳтимол, бу мактаб, коллеж, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшларнинг кўпроқ ақлий меҳнат билан шуғулланишига боғлиқдир. Психологияда жисмоний меҳнат гарчанд чарчатсада, лекин мияни зўриқтирмаслиги айтилади. Ақлий фаолият билан банд одам эса ҳам ақлан, ҳам жисмонан толиқади. Талабаларда бундай зўриқиш ҳолати янада кучаяди. Негаки, уларнинг аксарияти ўқиш билан биргаликда ишлашга ҳам мажбур. Улар истаган мустақилликнинг биринчи талаби шу. Америка жамиятида талаб қилинганидек — доимий муваффақият кетидан қувиш эса улар учун енгил эмаслиги кўриниб турибди.

Бу ўринда катталар оламининг ҳам ўз ўрни бор. Улар ўз фаолиятлари давомида билиб ё билмай ижтимоий рақобат, жамият дегуманизацияси ва унинг кучлилар омон қолиши ҳақидаги таъкид асосига қурилганлигини тарғиб этиб борадилар. Кўп ҳолларда эса бу каби болани биринчи зарбаларга тайёрлаш усули акс таъсир кўрсатиб, унинг руҳиятида қўрқув, нафратнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади.

Мазкур воқеадан сўнг зўравонлик характеридаги компютер ўйинларини тақиқлаш тарафдорлари яна бир асосга эга бўлдилар. Бола бу ўйинларни ўйнаб ўзидаги агрессияни босиш йўлларини излайди. Кейинчалик мазкур ўйинлар таъсири ўлароқ бола зўравонлик, ўлим, отиш каби ҳолатларни виртуал деб қабул қила бошлайди. Каттароқ бўлгач эса уларда «ҳаммаси — ўйин» деган тушунча юзага келади. Одамни ҳақиқатан ҳам ўлдирган чоғида уни ўйиндаги ўлим билан фарқини ажрата олмайди. Бу борада қизиқ бир маълумотни учратдик. Хабарларга кўра, хорижий давлатларда адвокатлар ўз ҳимояси остидаги шахсни «Ўлдираётганда ўйин ва реал ҳаёт ўртасидаги фарқни кўрмаган. Ҳаммаси видеоўйиндек амалга оширилади, деб ўйлаган» тарзида ҳимоя қилишаётган экан.

 

БEШИНЧИ САБАБ 

Юқорида келтирилган тўрт сабаб бевосита воқеанинг ўзига тегишли эди. Бешинчи сабабни фожиадан чиқарилган хулоса сифатида ўртага ташламоқчимиз.

Полиция мазкур отишма воқеасининг АҚШ янги тарихида энг қонли воқеа бўлганлигини, лекин бу биринчиси ҳам эмаслигини тан олди. Аввалги «рекорд» Литтлтон шаҳрида (Колорадо штати) ўрнатилган. Бу воқеа 1999 йил 20 апрелда содир этилган бўлиб, икки нафар ўсмир мактаб ўқувчиларига қарата автомат қуролдан ўқ узган. Оқибатда 15 киши ҳаётдан кўз юмган, 23 нафар бола эса жароҳатланган. Отишма «муаллифлари» ўз жонига қасд қилган. Бу ўринда Вашингтон снайпери билан боғлиқ ҳодисаларни эслашнинг ўзи кифоя.

Виржиния политехника университетидаги ҳолат узоқ куттирмай Шимолий Каролинада ҳам ўз акс-садосини берди. Хантерсвилла шаҳарчасида истиқомат қилувчи 16 ёшли ўсмир аввалига ўз синфдошларига тўппонча билан таҳдид қилган ва кейинроқ ўзини отиб ташлаган. Мамлакатнинг турли бурчакларидан университет ва мактабларга отишма, портлаш ҳақидаги кўплаб ёлғон хабарлар келган. Демак, бу каби «акс садолар» «воқеадан олдин, воқеадан кейин» тарзида ҳали кўп такрорланиши мумкин.

«Нафақат Американи, балки бутун дунёни даҳшатга солган Виржиния воқеаси бундан кейин ҳам содир бўлаверади. Ҳатто уларнинг кўпайишидан ҳам хавотирланаяпман. Қўлига қурол олган одамлар, битта одамдан эмас, уни ўраб турган дунёдан, улар ўз ўринларини тополмаган дунёдан қасос оладилар. Бу воқеа – кичик одамнинг улкан ва айни пайтда раҳмсиз технократ жамиятда акс этишидир», – дейди Озноби?эв.

Ривожланиш жараёнида жамият инсонларни «унутиб қўйиши» мумкин. У тобора доимий фаолиятни талаб қилувчи механизмга айлана боради. Ва бу механизм орасида инсонпарварлик ўз-ўзидан емирилиб кетади. Осиё мамлакатлари мазкур муаммони анъаналар, қадриятларни сақлаб қолиш йўли билан бартараф этиш мумкин, дея ҳисоблайди. Негаки, анъаналар, қадриятларнинг бош ғояси инсонпарварлик, ҳурмат, бағрикенгликдир.

Ривожланган мамлакатларнинг изидан бориш баробарида улар йўл қўйган камчиликларни бартараф эта бориш лозим.

Наргиза Тўхлиева,
«Маърифат» мухбири