Бу трагедия ўтмишнинг сарғайган саҳифасига айланиб бўлган аллақачон. Буни менга айтиб берганлар дунёдан ўтиб кетишди. Уларга ҳам “эскилар” гурунг берган экан. “Яхши адаб – яхши даб, ота-бобо даврабоп” дейишган донолар. Энди гурунг бериш навбати каминаники.
Уни тўққиз ёшлигида исқирт қўлидан тутиб Отабой туман деган бойнинг хонадонига олиб келишди. Саккиз хонали оқ уйга уни Бибигўзал судраб кирди. Уч келин бошини ғийбат учун қовуштирганида қизалоқ хона тўрида ётган қўғирчоқ сари одимлади. Бироқ унга етиб-етмай охирги марта бир ҳафта олдин таъмини тотган шапалоқ юз-кўзи аралаш тушди:
– Йўқол ташқарига, ерютгур!
Бошқа хонада ётган кампирнинг бўғиқ овози қизалоқ орқасидан у ташқарига чиққанида етиб борди:
– Баракалло, Бибигўзал! “Чўри табассумининг ҳаққи – омонат” дейишади. Кулиб қарасанг бошингга чиқиб олади дарров. Тўғри қилдинг!
У бу гап билан қутулмади, ўзи ҳақдаги совуқдан совуқ гапларни ҳам эшитди.
– Эй қиз, қаердан топдинг, бу текинхўрни? – деди баланд оҳангда кампир.
– Нима, етим-есирмизми, кахатчиликда яшаймизми? – дея тўнғиллади Бибигўзал. – Уйинг оқар ариқ бўлса, кампир. Сенда борку чўри. Хоналин Хивадек ерга бориб, от миниб, от ҳайдаб, от устида хўп асраб келтирган совға бу. Худо билади, қиморга қўйилганми, нашаванд сотганми?
– Исми нима экан?
– Кимам сўрарди исмини? Чўрли* деяпмиз.
Шундай қилиб, унинг исми Чўрли бўлди. Камига Отабой туманнинг аёли Якансултоннинг чангалига тушди. Қизалоқ Якансултон билан уйда ёлғиз қолганида ўзининг бу уйда кимлигини англади. Бой уйининг ўтир-турини биласизку… Қиз қуёш уфқда қизариб кўриниш бергунича ҳизматдан бўшамас, самода Еттикон* кўринганда ҳам боши ёстиққа етмасди. Қилмайдиган иши йўқ эди қурғурнинг, ҳатто ўчоқ кулини ҳам тозаларди.
Якансултон Чўрлисиз бирорта жойга ўзи ёлғиз кетолмас, уйда эса тинчлик бермасди. Ит ва қуш тош отгандан қочиб қутулади, учиб қутулади, Чўрлига эса қутилиш йўқ эди то жони узилмагунича… Агар ўлиб “у дунё” дейилган жойга борса ҳам Якансултонсиз яшай олишига ҳеч ким кафил эмас.
Ожиз бўлсанг ғаминг кўп, эрксиз бўлсанг ғаниминг. Отабой туманбошининг бир кекса бувиси бор эди. Юзига Энеш эна, изидан эса “номи ўчгур” дейишарди. Чўрли келганига мана олти йилдан ошди, кампир ўлди деб юришди одамлар. Яқин қариндошлар келишса, юзига “Қойилей, юз-кўзи ҳали тиниқ, ҳеч ўлмади-ўлмадида, жонгаям тегди бу эски башара” дейишарди ичидан.
Унда-бунда “Кун бўйи тагини тозалаб, бева кампирни қараяпти, Яратган қиёмат азобини шу орқали кўрсатяпти унга” деганларам топилди. Устига-устак Энеш эна ўғлининг орқасидан ҳалигача дам соларди. Айтгани қилинмаса, тамом… Қизиғи, шу аҳволидаям буни уддалай оларди. Ана шу бемажол, бешафқат кампирнинг аҳли хизматини Чўрлининг якка ўзи қиларди. Камига бу такаббур аёл керагидан ортиқ ва қийин ишларни ҳам унга буюрарди.
Бу уй эгасига иши тушган одам остонасидан бир чақирим наридан қўрқиб, яшириниб ўтарди. Бироқ бу аёл оддий аёл эмасди, насл-насабли аёл эди. Эрининг исми (“Оқсоқолимиз” дея айтувчилар ҳам бор) Сапар туман, қайнотаси Серҳен туман деган одамлар бўлганмиш, қолганларни Чўрли билгани йўқ. Қолганлариям “туман” бўлса керакда. Ота-боболари бир катта бейга бориб тақалармиш. Етти пуштини санаб, ариллаб-тариллаб, Чўрлининг юрагини сиқиб ўтирарди доим кампир. У эса ноилож ҳар кун тўшаги бошида синграб-мунграб кампирни тингларди. Қари қарға қағлайверсин, дерди ичидан.
Ҳар кун суҳбат сўнгида Чўрли маюс тортарди. “Онамни чала эслайман, отамни кўрмаганман ҳам…” дея ҳар кун бир ўксиниб қўярди. Буни эшитган кампир бурун жийириб “Отанг кимлигини бир онанг билмаса, бошқа бироқ билмасов…” дерди. Чўрли фурсат ахтарган мушукдай, бир ютиниб қўярди.
Уйдагилардан Чўрлини савалаб қўли оғримаган ягона одам Отабойнинг ўзи эди. Чунки, у қамчи билан урарди. Аямасдан, ўйлаб ўтирмай, ҳар қадамда, сабабли, бесабаб, гуноҳли, бегуноҳ, ичганида шунчаки кайф учун, ҳатто зеркканидан ҳам қамчисини ишга соларди. У ўзининг барча гинаю қудратини ўша иши билан чиқарарди. Қизалоқ ҳунибирён йиғларди. Йиғласаям билдирмай, пинҳон йиғларди. Билдиргудай бўлса “Нега йиғлайсан?” дея қўлига илган нарсани отишарди.
Ит ғингшисаям дарров хабар олишарди. Гонур туман (бу улар кўппагининг исми) оқ нонга ҳақли. Чўрлининг насибаси эса тандир бошидаги кулга қоришган, қорайган, куйган арпа нон. Умрида бир марта кишмиш еб кўрди холос. У ҳам туманларнинг кичиги Етти уйланганида. Юраги юмшоқроқ келинлардан бири бир сиқим узатганди ўшанда. Якансултон уни кўриб дарров етиб келганди: “Ё товба, бу очофатдан ҳеч қутулолмас эканмизда-а?!”
Оғир иқбол золимлар қўли билан бечоранинг бошидан қанча босса ҳам икки нарса иложсиз эди. Чўрлининг қора куни “вой” билан ўтса-да, сочлари гўзал ва узун эди. Сўнгсиз ташвишлар қанча вақтини ўғирлашига қарамай қўша ўрим сочи ловуллаб, орқасида соланниб, кўзни олиб турарди. Якансултоннинг соч масаласида юраги баттар қорярди. Унинг кўзи сочга тушса, тамом. Чўрли “сариқ чирмовуқини” тараб, ўриб юргудай бўлса, аёлнинг омонати узиларди ҳисоб. “Нимага ўхшаса, унданам баттар…” дер, ким билади нимага ўхшатарди.
Қизларининг сиркаю битини қарғай-қарғай ўзи терарди. Чўрли қилмайдиган ягона иш шу эди.
Отабой туманнинг ўртанча ўғли соз чаларди. Чўрли ҳамма созни яхши биларди. Камига ўзиям “Дараи дўнгли”ни ҳиргойи қилишни хуш кўрарди. Шуни куйлайман деб бир-икки марта таёқ ҳам еди. Чўрли бу сафар таёқ еганида кечаси билан йиғлаб чиқмади. Ўртанча туман буни кўриб ҳаловатини йўқотди.
Чўрли бугун атайлаб эрта уйғонди. Сочларини таради. Бошидан кечганларни бирма-бир эслади. Ичидан фақат ўзигагина маълум бўлган исмини такрорлади: “Нозикжамол, Нозикжамол, Нозик…”
Бугун отилган бўш тавоқ бошига тегиб, пешонасини ёрди: “Ҳа, жонинг чиқсин, валади зино!..”
Чўрли тушликкача чор тарафга зир чопди. Якансултон ота уйига тўйга бориш учун ҳозирлик кўраётганди. У ўзининг қизлари билан уч ёшли ўғлига шоҳи курта кийгазиб, кўзмунчоқ тақиб қўйди. Худди тойчоқни эркалагандек эркалай бошлади.
Отабой туман янги заргилам устида ёнбошлаб, чой ичарди. У суҳбатга қўшилмай жим ўтирар, ўғлини кузатарди. Энаси эса набирасини мақтарди. Уй атрофида Чўрлининг қадам товушини эшитиб, баттар юраги жўшди:
– Ўзимнинг қоракўзим, эркатойим. Бек ўғил бу. Етти пушти зар эгарли бадав минган бекзода наслидан бу…
“Унда нега Яммат тулки: “Бошқа туманбошилар калондимоғ, ўзига бино қўйган” деганмишсан. Энсадан, пешонадан отилса, биласан ҳали…” – шу ғаним фикрни Отабой ҳеч хаёлидан чиқаролмасди.
Энаш туманчанинг юраги баттар тўлқинланди:
– Отаси Сапар туман, бобоси Серҳен бек бунинг. Ота-бобосига муносиб ўғил бўлади, иншооллоҳ…
Якансултон қайнонасининг бу сўзларига эрининг юзида муносабат сезмади. Эрига карашма билан қарганида ҳам нози ясама бўлди. Ёқасини ушлаб, ичига туфлади. Кампир шу пайт бақира бошлади:
– Қани бунинг қамчиси, қани бегимнинг найзаси? От келтиринг ўғлимга, қурол беринг қизимга. Аслзода бу, бекзода бу…
Шу маҳал бирдан тўхтаб қолди. Аслида ҳовлида бу овоз унча-мунчага тинмасди. Уни тўхтатган нарса ташқаридан келаётган кулги эди.
Қари қарғани тинглаётган Чўрли тинимсиз куларди. Унинг ёдига бундан тўрт йил аввал Отабой уйда йўқлигида, яшириниб, пусиб Ҳоналин келгани тушганди. Буни ўйлаб баттар ғазабини яширмай, бор кучи билан кула бошлади. “Тўхта, ифлос” дейишса ҳам тўхтамади, кулаверди. Кулаётиб:
– Ҳа-ҳа, қандай зотлиги маълум, ҳа, маълум… – деди. – Ҳа-ҳа-ҳа, ҳаммага маълум бўлади ҳали, ҳа-ҳа…
Отабой туман ўчоқ ёнида турган касовни олиб унга отди. Оқибатини ўйлаб ўтирмай ерга ётиб кулаётган бечорани тепкилади. Чўрли омонатини Аллоҳга топшираётганда айтган битта гапи Отабойнинг хушини олиб қўйди. Дарғазаблик билан уйга кирди, аёли эса аллақачон гуноҳини яширолмаслигини билиб ўлимини бўйнига олган, заргиламда юзтубан ётарди. Деворга осиб қўйилган эски қилич қинидан чиққанида кампирнинг бошига етди.
Чўрлининг мурдасини ўша куни қумга олиб чиқиб ташлашди. Унинг кулгуси ҳаққи бошқа туманларга ҳам арзонга тушмади. У ўлиб ҳаққини чиқарганди…
–––––––––––––––
*Чўрли – исқирт, кир, ифлос.
* Еттикон – тун ярмида кўриниш берадиган юлдузлар туркуми.
Туркман тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси