Фуад Ҳусайнзода: “Тақиқлар бўлса-да, озарбайжонлар ўз тилини унутмайди”

Эрон таркибидаги Жанубий Озарбайжон ҳудудида яшаётган  озарбайжон миллатига мансуб аҳоли учун ўз она тилида таълим олиш муҳим масала саналади. Бу ҳақда Диаспора фаолияти журналистларини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси раиси Фуад Ҳусайнзоданинг мақоласида сўз боради.

“Бугунги кунда дунё озарбайжонларининг бирдамлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ҳам давлат даражасида, ҳам жамоат ва илмий ташкилотлар даражасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Улар туфайли хорижда яшаётган юртдошларимизнинг ҳамжиҳатлиги халқимиз ва миллатимизнинг муштарак манфаатлари йўлида мустаҳкамланмоқда. Биз дунё озарбайжонларининг бирдамлиги ва бирлиги деганда Эрондаги (Жанубий Озарбайжон) ватандошларимизни ҳам назарда тутамиз. У ерда яшаётган 40 миллиондан ортиқ юртдошларимизнинг ҳар қандай муаммо ва қийинчиликлари доимий эътибор марказида. Чунки улар ҳам халқимизнинг тили ва дини бир бўлган вакилларидир”, – деб ёзади Фуад Ҳусайнзода.

2022 йил 25 ноябрь куни Бокуда бўлиб ўтган “Ўрта йўлак бўйлаб: геосиёсат, хавфсизлик ва иқтисодиёт” халқаро конференциясининг очилишидаги нутқида президент Илҳом Алиев ҳам Эронда яшаётган озарбайжонларнинг дунёвий ривожланиш векторини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар ишга солиниши ҳақида гапирганди.

“Озарбайжонда таҳсил рус тилида олиб борилаётган 340 мактаб фаолият юритади. Бундан ташқари, республикадаги 10 мактабда дарслар грузин тилида. Грузияда 116 озарбайжон тилли мактаб мавжуд. Эронда таълим арман тилида олиб бориладиган мактаблар бор, аммо озарбайжон тилида таълим бериладиган бирорта мактаб йўқдир. Буни қандай тушуниш мумкин? Агар кимдир бу ички ишларга аралашиш деб айтса, биз буни бутунлай рад этамиз. Озарбайжоннинг ташқи сиёсати кундек равшан – биз ҳеч бир давлатнинг ички ишларига аралашмаганмиз ва аралашмаймиз. Биз Эрон мактабларида озарбайжон тилида ўқитиш масаласини кўтарамиз, акс ҳолда ўз она тилида сўзлашадиган Эрон озарбайжонлари тилнинг адабий таркибий қисмини йўқотадилар ва Озарбайжон тили фақат кундалик даражада қолади”, – деган И.Алиев.

Фуад Ҳусайнзоданинг қайд этишича, Эрондаги озарбайжонлар кўп йиллар давомида ўз она тилларида таълим олиш ва давлат муассасаларида ундан фойдаланиш учун курашиб келмоқда. Чунки Эронда озарбайжон тилидаги нашрлар тақиқлангани, миллий ҳуқуқлар учун курашаётган ёшлар босим остида экани айтилади.

Муаллиф Эрондаги ватандошларга озарбайжон тилини ўргатиш борасида виртуал лойиҳаларни амалга ошириш муҳим деб ҳисоблайди.

“Эронда ватандошларимизнинг миллий ва маданий уйғониши учун маданият соҳасида ишлар олиб бориш керак. Қувонарлиси, қанча тақиқлар бўлмасин, озарбайжонлар у ерда ўз тилларини унутмайдилар. Энди уларнинг миллий ўзига хослиги, тарихи, шахсияти ва қадриятларини тан олиш ишлари кучаймоқда. Албатта, технология, интернет томонидан тақдим этилган имкониятлардан фойдаланиш, янада фаол тарғибот ишларини олиб бориш зарур”, – деб хулоса қилади Ф.Ҳусайнзода.

Аввалроқ “The Geopolitics” журнали ҳам Эрондаги озарбайжонларнинг тил, миллий ва маданий ўзлик билан боғлиқ ҳуқуқлари поймол этилаётгани, бу борадаги чекловлар олиб ташланиши кераклиги ҳақида ёзган эди.