Генри Киссенжер – дунёга таниқли сиёсатдонлардан бири. АҚШ президентлари Ричард Никсон ва Жералд Форд даврида Давлат котиби лавозимида хизмат қилган арбоб ҳукумат хизматидан 27 йил муқаддам кетган. Лекин ҳозирга қадар Г. Киссенжернинг фикрлари мамлакатнинг расмий доираларида ҳам эътиборга олинади. Собиқ Давлат котиби барча сиёсий арбоблар каби табиатан журналистлар билан учрашувга мойил эмас.
Шунга қарамай, яқинда Эвропада бўлган жаноб Киссенжер «Соир» газетаси мухбири билан суҳбатлашишга розилик берди. Қуйида халқаро сиёсатнинг муҳим масалаларига бағишланган ушбу суҳбат қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
– Сизнингча, Ироқ инқирозидан чиқишнинг энг самарали йўли қайси?
– Назарий жиҳатдан қараганда, мураккаб вазиятдан чиқишнинг энг яхши йўли бу – ғалаба. Лекин олдин ҳам айтганимдек, бутун Ироқ ҳудудида тан олинган ҳукумат ташкил этишга хизмат қилувчи тўла ғалаба имконсиздир. Шундай экан, ҳозирги вазиятда ўзаро келишувга асосланган сулҳга эришиш керак. Мазкур қарор Америка ҳарбийларининг Ироқ заминида бўлишини ҳам, шунингдек, бошқа давлатларнинг хавфсизлик борасидаги талабларини ҳам инобатга олмоғи лозим. Ҳозирда асосий иш айни шу йўналишда олиб бориляпти.
– «Ироқда бугунги кунда кучли беқарорлик ҳукм суряпти. Ҳатто Америка ҳарбий амалиётлар бошлагунга қадар ҳам бундай ҳолат кузатилмаган эди» деган фикрларни қўллаб-қувватлайсизми?
– Агар рақамлар мантиғига кўра жавоб берсам, бу фикрда жон бор: биз Ироқ борасида жуда кўп хатолар қиляпмиз. Бироқ келинг, бу масалани ётиғи билан мушоҳада қилиб кўрайлик. Сиз минтақада энг шафқатсиз диктатор ҳукмронлик қилган даврда барқарорлик бўлган деяпсиз. Лекин ўн минглаб фуқаролар ўлимига олиб келган барқарорликни оқлаб бўлармикин? 11 сентябр портлашлари чегара билмас диний фундаментализмнинг хуружи эди. Ироқ эса ана шу муаммонинг таркибий қисми бўлган. Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимни 17 марта бузган, минтақада энг кўп сонли армия ташкил этган ва оммавий қирғин қуролига эгаликда гумон қилинган ҳукуматни барқарорлик кафолати дейиш мантиққа зиддир. АҚШ Конгресси 1998 йили кўпчилик овоз билан Саддам Ҳусайн режимини ағдаришга овоз берган ва президент Клинтон ушбу резолюцияга имзо чеккан. Айтмоқчиманки, президент Бушнинг ғояси мутлақо янги эмас. Шу асосда Афғонистонда вужудга келган оғир вазиятдан келиб чиқиб, барқарорликка эришиш учун Ироқ ҳукуматини ўзгартиришга қарор қилинди. Албатта, ўшандан буён кўплаб хатоларга йўл қўйилди ва, менимча, вазият олдин тасаввур қилинганидан ҳам оғирлашди. Мен Ироққа қўшин киритиш тарафдори бўлганман, бироқ ҳарбий амалиётларнинг турли босқичларига муносабатим турлича бўлган. Ўз вақтида вазиятни яхшилаш учун зарур шартларни ҳам айтганман.
– Сиз ядро қуроли тарқалишига қарши янги қонцептсияни ишлаб чиқишда иштирок этдингиз. Бунга кўра, ядро қуролига эга давлатлар бу борадаги фаолиятини чеклаши лозим. Бундай фикрга келишда нимага таянгансиз?
– Бу ғоя тўрт кишига: икки республикачи ва икки демократга тегишли. Лекин биз концептсияни ҳали деталма-детал ишлаб чиқмадик. Умуман олганда, биз Эрон ёки Шимолий Кореянинг оммавий қирғин қуролига эга бўлишига қарши чиқдик. Бироқ ғоя келажакда амалга ошиши учун ядро қуролига эга давлатларга мурожаат қилиш керак. Токи ядро қуроли унга эгалик қилувчи мамлакатларнинг гегемонлигига хизмат қилувчи восита бўлиб қолмасин.
– Эронга қарши ҳарбий амалиёт бошлаш тўғрисидаги овозаларни қандай баҳолайсиз?
– Қўшма Штатлардаги бирор бир инсон ҳарбий операция бошланишини истамайди. Бироқ бу ўринда икки муаммо кўндаланг турибди: бир томондан, Эрон ядро дастури, иккинчи томонидан, Яқин Шарқда ҳукм сураётган тартибсизлик ва терроризм. Мазкур муаммони ҳал этишнинг идеал варианти музокаралар йўлидир. Америка ҳукумати ҳукумат тўнтариши ва ҳарбий амалиётларга ҳозирлик кўрмаётганини ошкора маълум қилди. Бироқ ақлли инсонлар ҳеч қачон «ҳеч қачон» дейишмайди.
– Келинг, Фаластин-Исроил зиддиятига ҳам тўхталиб ўтайлик.
– Ушбу муаммони ечиш учун уч асосий шартни бажариш керак. Минтақага тегишли бўлмаган катта давлатлар аниқ тавсияларини илгари суришлари лозим. Исроилликлар ҳаракат режаси борасида ички сиёсий қарор қабул қилиши зарур. Араб давлатлари эса расман Исроил давлатини тан олишлари керак. Шунингдек, улар музокаралар учун ҳамкор давлатни белгилашлари лозим.
– Яқин кунларда бирор келишувга эришишга кўзингиз етадими?
– Минтақадаги тартибсизлик вазиятга аниқ баҳо беришга тўсқинлик қилади. Агар «яқин кунлар» деганда 15 ойни назарда тутаётган бўлсангиз, бу муддатда олдинги силжиш бўлиши мумкин.
– Россиянинг Владимир Путин бошқарувидаги ривожини қандай баҳолайсиз?
– Владимир Путин ўзини Пётр Биринчи ва Буюк Екатерина ишларининг давомчиси деб билади: у Россияга ўтмиш қудратини қайтариш учун ҳаракат қиляпти ва шу йўлда ўз мамлакатини ислоҳ этяпти. Айтиш керакки, бу жараён ҳар доим ҳам Россия учун қийин кечган. Умид қиламанки, ушбу ислоҳотлар якунида Россиянинг ижтимоий-сиёсий қурилиши бизнинг умидларимизга янада кўпроқ мувофиқ бўлади. Лекин тан олиш жоизки, бу жараён кўп вақт талаб этади ва буни тўғри тушунишингизни сўрайман.
Абдул СОБИР тайёрлади