Фаластин: Кечувда отлар алмаштирилмайди…

Фаластиндаги икки етакчи сиёсий ҳаракат – ФАТҲ ва ХАМАС ўртасидаги биродарлик алоқалари ғанимларча муносабатга айланганига анча бўлди. Макка шаҳрида ўтган музокаралардан кейин гўё икки ўртада сулҳга эришилди: Маҳмуд Аббос ва Исмоил Хония тарафдорларидан ташкил топган коалицион ҳукумат тузилди.

Бироқ миллий бирлик ҳукумати тўғрисидаги гаплар ҳаммаси алдов бўлиб чиқди. Афтидан, Фаластин ҳукумати учун (мустақиллиги учун эмас!) курашаётган ҳар икки ҳаракат миллий бирлик ҳукумати баҳонасида вақтдан ютишга ҳаракат қилишди: бу ёқда гўё тинчлик битимига имзо чекиб, у ёқда ҳал қилувчи кураш учун ҳарбий тайёргарликка зўр беришди.

Бу эса пировардида Фаластин сиёсий саҳнасида туб бурилишларга олиб келди. Исмоил Хония бошчилигидаги ХАМАС ҳаракати Ғазо секторида давлат ичидаги давлатга асос солди. Ҳаммаси Фаластин бош вазири Исмоил Хониянинг қароргоҳи ФАТҲ гранатамётларидан ўққа тутилганидан ке­йин бошланди. Аслида мазкур икки ҳаракат ўртасидаги кураш кўпдан бери давом этиб келаётган эди. Ҳукумат раҳбари уйига қилинган ҳужум эса оловга мой сепгандай бўлди.

Мамлакат бош вазири етакчилигидаги ХАМАС ФАТҲга қарашли объектларни қурол кучи билан бирин-кетин эгаллади. Мухторият раиси (айни пайтда ФАТҲ раҳнамоси) Маҳмуд Аббос ҳам дастлаб ХАМАСнинг қуролли юришини кунда-кунора рўй бераётган тўқнашувлардан бири деб қабул қилди. Бироқ ФАТҲ ҳаракатининг Ғазо секторида энг ишонган тоғи – хавф­сизлик хизмати идораси эгалланиб, бино томига ХАМАС байроғи ўрнатилгандан кейин Ёсир Арофатнинг вориси вазиятни анг­лагандай бўлди. Бироқ энди кеч бўлганди. ХАМАС ҳаракати Ғазо секторидан Маҳмуд Аббос тарафдорларини бутунлай ҳайдаб чиқарди ва ҳудудда ўз ҳокимиятини ўрнатди.

Шу тариҚа Фаластинда қўшҳокимият юзага келди. Айни пайтда Рамаллоҳ, Наблус каби йирик шаҳарлар жойлашган Иордан дарёсининг Ғарбий қирғоғида мухторият раиси Маҳмуд Аббос ҳукмронлик қиляпти. Ғазо ҳудудида эса бош вазир Исмоил Хония етакчилигидаги ХАМАС ҳаракати назорати ўрнатилган.

Очиғи, Ғарб сиёсатдонлари учун Фаластиндаги сўнгги ўзгаришлар худди саратонда қор ёққан каби кутилмаган ҳодиса бўлди. Аслида мухторият ҳудуди иккига бўлиниб, у ерда қўшҳокимият юзага келгани ғарбликларни кўпда ташвишга қўяётгани ҳам йўқ (ярим асрга яқин вақт мобайнида Фаластин ҳудудида бундан баттар воқеалар ҳам рўй берган). Ғарб сиёсий доиралари учун кутилмаган зарба шу бўлдики, улар томонидан қўллаб-қувватланган ва ишонч билдирилган Маҳмуд Аббос умидларни оқламади. Катта-катта мамлакатлар томонидан қўпорувчи гуруҳ деб эълон қилинган ХАМАСдан мағлубиятга учради.

Рақиб ҳаракатнинг ғалабаси ФАТҲ аъзолари томонидан ҳам нохушлик билан қабул қилинди. Гуруҳ аъзолари орасидан барча айб­ни Маҳмуд Аббос зиммасига юклаб, унинг истеъфосини талаб қилиб чиққанлар ҳам бўлди. Бу эса шахсан Ёсир Арофатдан кураш таёғини мерос қилиб олган арбобнинг ишлари кўнгилдагидек эмаслигидан далолат…

Мухолиф устидан эришилган зафар нашидасини сураётган ХАМАС раҳбарларининг ўзлари ҳам бу хурсандчилик омонат ва вақтинча эканини яхши билишади. Ташқи хавф-хатар ва таҳдидларни айт­май қўя қолайлик, ХАМАС ҳаракатининг ўзида ҳам ички ихтилофлар аста-секин етилиб кел­япти. Ички зиддиятларнинг асосий сабаби – яна ўша ҳокимият васвасаси…

ХАМАС ҳаракати сиёсий ва ҳарбий икки қанотдан ташкил топган. Гуруҳнинг ҳарбий қанотига муҳожирликда ҳаёт кечириб келаётган Холид Машал раҳбарлик қилади. Ҳаракатнинг сиёсий тармоғига эса мухторият бош вазири Исмоил Хония етакчи саналади. Айни пайтда ХАМАС ҳарбий қаноти раҳбарининг нуфузи жуда баланд. Чунки ФАТҲга қарши зафарли юришларни ҳам айнан ушбу қанот олиб борган. Урушлар кетаётган пайтда Исмоил Хония ўз тарафдорлари билан панароқда жон сақлаб туришни афзал билган.

Хўш, янги ташкил топган тузилмага ким раҳбарлик қилиши керак: мафкуравий етакчи Исмоил Хониями ёки ҳарбий қўмондон Холид Машал? Ҳозирданоқ катта-кичик давраларда очиқ муҳокама қилинаётган бу саволга осонликча жавоб топиш амри маҳол.

Тан олинмаган янги давлат (Ғазо)нинг раҳбари ким бўлса ҳам, қурол йўли билан ҳокимиятнинг эгаллангани жуда хунук манзара бўлди. Аслида Фаластин учун оғир дамлар бўлган ўтиш даврида бу тахлит жиддий сиёсий ўзгариш, ҳокимият алмашуви зарур эмас эди. Ўзаро қирғинларга берилиб кетган сиёсий гуруҳлар қадимдан қолган «Кечувда отлар алмаштирилмайди» ҳикматини эсдан чиқаришди…

Фаластиндаги ҳодисаларга хал­қаро ҳамжамиятнинг муносабати аён-равшан эмас. АҚШ сўнгги ўзгаришларни баҳолар экан, вазиятни тинч музокаралар йўли воситасида бартараф этиш кераклиги хусусида умумий муносабат билан чекланди. Шунга қарамай, мазкур баёнотдан Оқ уй Маҳмуд Аббосни қўллашда давом этаётганини билиб олиш қийин эмас.

Европа Иттифоқи давлатлари ХАМАСга душманларча муносабатни сақлаб қолган кўринади: Ғазо сектори Исмоил Хония тарафдорлари томонидан эгалланганидан кейин ҳудудга юборилаётган инсонпарварлик ёрдами ҳам тўхтатилди.

Россия сўнгги ҳодисалардан ҳали жиддий хулоса қилиб улгурмади шекилли, мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров томонларни Маккада эришилган миллий бирлик ҳукумати тўғрисидаги битимга қайтишга чақирди (мухторият иккита мустақил ҳудудга бўлиниб кетган ҳозирги вазиятда коалицион ҳукумат ҳақидаги гаплар кун тартибидан аллақачон тушганини Москва томони ҳам яхши билади).

Қўшни араб давлатлари одатдагидек Фаластиндаги ўзгаришларга муносабат билдиришга шошилишмаяпти. Бу кетишда вазият бир ёқли бўлмагунча араб мамлакатларидан бирор бир аниқ баҳо кутмаса ҳам бўлаверади.

ДарвоҚе, сиёсий ўйинларнинг бевосита ва фаол иштирокчиси Исроил томони позицияси хусусида. Фаластиндаги охирги ҳодисалардан кейин Исроил расмийлари ҳар икки томон билан алоҳида тартибда музокаралар олиб борилишини маълум қилганлар. Исроил томонининг тезкор реакциясини тушуниш мумкин: қўшни ҳудудда рўй бераётган ҳар бир ўзгариш, инчунун, қуролли тўқнашувлар яҳудий давлати юрагида акс-садо беради. Қолаверса, Фаластинда юзага келган бу тахлит кучлар ва ҳокимият бўлиниши Исроил учун айни муддао ҳамдир. Ҳарқалай, ўзаро бир-бири билан курашга киришиб кетган томонлар бир муддатга бўлса ҳам мустақил давлат тузиш тўғрисидаги мақсадлардан чалғишади…

Собиржон ЁҚУБОВ