Ливия олий қонунчилик кенгаши беш нафар болгар ҳамшираси ва фаластинлик шифокор билан боғлиқ маҳкама жараёнига нуқта қўйди. Ливиялик 400 дан зиёд болаларни ОИТС вируси билан заҳарлашда айбланган хориж фуқароларга қарши суд жараёни 8 йилдан ошиқроқ давом этди. Бу муддат ичида айбланувчиларга уч бора берилиб, шунча марта бекор қилинган ўлим жазоси умрбод қамоқ билан алиштирилди.
Ливия жамоҳириясида олий қонунчилик кенгашидан ҳам юқори турадиган суд инстанцияси йўқ. Демак, сўнгги ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ.
Болгариялик беш нафар ҳамшира (Кристиана Вулчева, Нася Ненова, Валентина Сиропуло, Валя Червеняшка, Снежана Димитрова) ва фаластинлик шифокор Ашраф ал-Хажож 1999 йили ҳибсга олинган эди. Ўшанда улар шартнома асосида ишлайдиган Бенгази шаҳридаги шифохонада болаларнинг оммавий равишда ВИЧ инфекциясига чалиниши юз берганди. Игна орқали тарқатилган деб тахмин қилинган инфекция туфайли 400 дан зиёд бола қаттиқ касал бўлди, улардан 56 нафари эса ҳаётдан кўз юмди.
Дастлаб европалик ҳамширалар Ливия ҳукуматига қарши Марказий разведка бошқармаси ва Моссад иштирокида фитна уюштиришда айбланди. Кейинроқ АҚШ ва Исроил разведкаси билан тил бириктириш айби олиб ташланди. Хорижликлар фақат ливиялик болаларни қасддан ОИТС билан заҳарлашда айбланишди.
Бир неча йил давом этган тергов ва маҳкамалардан сўнг 2004 йилнинг майида айбланувчиларга илк бор ўлим жазоси тайинланди. Унга қадар Ливия етакчиси Муаммар Қаззофийнинг ўғли, мазкур суд иши бўйича Европа Иттифоқи билан асосий воситачи бўлган Саиф ал-Ислом Болгариядан Ироқ масаласида позициясини кўриб чиқиш, яъни урушга қўшилмасликни талаб қилди. Бироқ Болгария ҳукумати бу талабларга эътибор бериб ўтирмади ва Ироқ урушида биринчилар қаторида иштирок этди…
Болгар ҳамширалари дастлабки суд сўровларида айбларига иқрор бўлишди. Бироқ орадан озроқ вақт ўтганидан кейин қўйилган барча айбларни рад этишди, уларга қарши қийноқлар қўлланганини билдиришди. Ҳимоя томони болаларнинг инфекцияга чалинишига ҳамширалар эмас, Бенгази шифохонасидаги санитарияга зид ҳолат сабаб эканини айтди. Люк Монтане бошчилигидаги Ғарб шифокорларидан иборат текширув гуруҳи ҳам айни шу хулосага келди.
Бу орада маҳкаманинг дастлабки ҳукми бекор қилиниб, иш қайта терговга юборилди. Европа Иттифоқи дипломатия туфайли эришган муваффақиятидан хурсанд бўлиб турган бир пайтда Ливия суди ўлим жазосини қайта тайинлади.
Табиийки, Европа ҳукмдан норози бўлди. Ливия раҳбарининг ўғли Саиф ал-Ислом эса отаси номидан сулҳ таклиф қилди: Болгария бедаво дардга чалинган ҳар бир бола бошига хун сифатида 10 миллион евродан тўлаши керак. Шу тариқа расмий Триполи 426 нафар бола учун умумий миқдорда 5,5 миллиард доллар хун талаб қилди. Бунча катта миқдордаги маблағни тўлаш Болгария ҳукуматига маъқул келмади. Боз устига, хун берилиши ҳамшираларнинг айбини тан олиш билан баробар эди…
Маҳкама жараёни июль ойининг бошида ҳал қилувчи босқичга кирди. Дарвоқе, бу пайтга келиб, фаластинлик шифокор Ашраф ал-Хажож ҳам ЕИнинг кўмаги билан Болгария фуқаролигини олган эди.
Кутилмаганда музокаралар бошида турган Саиф ал-Ислом Европа Иттифоқи жабрланган оилаларга компенсация тўлашга рози бўлганини маълум қилди. Ливия олий суди эса келишув мустаҳкамлиги учун бўлса керак, айбланувчиларни учинчи марта ўлим жазосига ҳукм қилди. Кейинроқ маълум бўлишича, Европа Ливия билан жабр кўрган оилаларга 10 миллион евро эмас, бир миллион доллардан беришга келишгани ойдинлашди. Шу пайтга қадар муросадан кўра босим ўтказишни маъқул кўраётган Болгария ҳам охири Муаммар Қаззофий ва унинг ўғлига ён берди: София Ливиянинг 400 миллион долларлик қарзидан воз кечди.
Саккиз йилга чўзилган маҳкама жараёни якунланганди. Энди умрбод қамоққа маҳкум этилган шифокорларни Болгарияга экстрадиция қилиш масаласи кун тартибида турибди. Бироқ европаликларда Муаммар Қаззофийнинг кайфияти бузилиб, қарорини ўзгартириб қолмаса эди, деган хавотир ҳам йўқ эмас.
Куни кеча Болгарияга экстрадиция қилинган маҳбуслар мамлакат президенти томонидан расман афв этилди ва озодликка чиқарилди.
Абдул Собир