Аслида Исроил томонидан Фаластинга босимнинг ҳаддан зиёд кучайтирилганига асосий сабаб яҳудий аскари Шалитнинг ўғирлаб кетилгани эмас. Ярим асрдан зиёд фурсат давомида ҳаёт ва ўлим чегарасида — уруш ичида кун кўраётган Яқин Шарқ шароитида ҳарбийнинг гаровга олиниши у қадар катта фожиа эмас, кундалик жанг усулига айланиб қолган.
Асл сабаб бошқа ерда: жорий йилнинг январида Фаластин қонун чиқарувчи идораси учун бўлган сайловда мамлакат раҳбари Маҳмуд Аббосга мухолифатда бўлган ХАМАС ғалабага эришди. Маҳмуд Аббос раҳнамолигида ҳукуматда коррупция ва порахўрликнинг тасаввурга сиғмайдиган даражада кучайиб кетгани Исроил ва Ғарб давлатларида террорчи ташкилот сифатида қора рўйхатга киритилган ХАМАС (Ислом қаршилик ҳаракати)нинг парламент сайловидаги ғалабасини таъминлади.
Исроил икки ой давомида Фаластиннинг 60 дан ошиқ раҳбарини ҳибсга олди. Улар орасида мамлакат парламенти раиси ҳам бор!..
Сўнгги кунларда Исроил ва Фаластин ўртасидаги муносабатлар янада чигаллашган. Ливан урушидаги муваффақиятсизлик Исроил бош вазири Эхуд Олмерт нуфузига салбий таъсир кўрсатди. Шу боис ҳам, яҳудий етакчиси йўқотилган обрўни тиклаш учун ҳеч бўлмаганда, азалий рақиб Фаластин билан ҳисоб-китобни тўғрилаб олмоқчига ўхшайди.
Асосан қурол йўли билан ҳал этиладиган мунозара учун эса важ-карсон етарли: бундан икки ой аввал — июньнинг йигирма бешида Фаластиндаги жангари гуруҳ томонидан Исроил армияси капрали (аскари) Гилад Шалит ўғирлаб кетилган. Мана орадан 60 кунга яқин муддат ўтяптики, Исроил Гилад Шалитни озод этиш шиори остида Фаластинга бомба ёғдиришда давом этяпти. Фаластиндаги гуруҳлар ҳам ҳужум шароитида қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Қирғин қуролларини ишга солиб, қўлдан келганча мамлакатини мудофаа қилишга уриняпти.
Коса тагидаги нимкоса
Аслида Исроил томонидан Фаластинга босимнинг ҳаддан зиёд кучайтирилганига асосий сабаб яҳудий аскари Шалитнинг ўғирлаб кетилгани эмас. Ярим асрдан зиёд фурсат давомида ҳаёт ва ўлим чегарасида — уруш ичида кун кўраётган Яқин Шарқ шароитида ҳарбийнинг гаровга олиниши у қадар катта фожиа эмас, кундалик жанг усулига айланиб қолган. Асл сабаб бошқа ерда: жорий йилнинг январьида Фаластин қонун чиқарувчи идораси учун бўлган сайловда мамлакат раҳбари Маҳмуд Аббосга мухолифатда бўлган ХАМАС ғалабага эришди. Маҳмуд Аббос раҳнамолигида ҳукуматда коррупция ва порахўрликнинг тасаввурга сиғмайдиган даражада кучайиб кетгани Исроил ва Ғарб давлатларида террорчи ташкилот сифатида қора рўйхатга киритилган ХАМАС (Ислом қаршилик ҳаракати)нинг парламент сайловидаги ғалабасини таъминлади.
Очиғи, Фаластин ҳокимиятига ХАМАС ҳаракатининг келиши ва унинг етакчиларидан бири Исмоил Хония бош вазир лавозимига тасдиқланиши халқаро ҳамжамиятни танг аҳволга солиб қўйди. Кечагина террорчи ташкилот дея танқид қилинган ва бугун расман Фаластин ижроия ва қонунчилик идораларини ташкил этаётган гуруҳ билан қандай муомалада бўлиш масаласи етакчи давлатлар ташқи сиёсат маҳкамаларини ўйлантириб қўйди. Пировардида муқаддам босилган тамға ўз кучида қоладиган бўлди: Исроил «террорчилардан ташкил топган» Фаластин ҳукумати билан алоқа қилмаслигини маълум қилди, Америка ва Европа давлатлари ҳам «жангарилар ҳокимияти ўрнатилган» мухториятга молиявий ёрдамни тўхтатадиган бўлди. Исмоил Хония бошчилигидаги Фаластин ҳукуматини фақатгина Россия тан олди. Кремл Фаластин халқи ишонч билдирган ва қонуний йўл билан ғалабагаэришган
ХАМАС билан ҳамкорлик қилишга розилик берди…
Профессорлар ҳукумати
Асли адабиёт профессори бўлган Исмоил Хония ҳукуматни мўътадил қарашли ХАМАСчилардан шакллатиришга уринди. Боиси, Исроил давлатига тиш-тирноғи билан қарши бўлган ҳаракат аъзоларининг ҳукумат таркибига киритилиши Олмерт маъмурияти ва Ғарб давлатлари билан мулоқот йўлини ёпиши аниқ эди. Шу мақсадда бош вазир ўринбосарлигига одатдаги каби ҳарбий ёки хавфсизлик тизими раҳбари эмас, таълим соҳаси вакили профессор Насриддин ал-Шааб тайинланди. «Террорчилар ҳукумати»даги сайёҳлик вазири лавозимини христиан динига эътиқод қилувчи Таннус Абу Аита эгаллади. Марям Солиҳ исмли аёл эса хотин-қизлар масалалари вазири этиб тасдиқланди.
Бироқ барча уринишлар охир-оқибат самарасиз бўлиб чиқди.
ХАМАСнинг жанговар эмас, сиёсий қаноти аъзоларидан ташкил этилган ҳукуматни Ғарб ҳам, Исроил ҳам эътироф этмади.
Айни пайтда Фаластин фуқаролар уруши остонасига келиб қолган. ФАТХ ва ХАМАС гуруҳи ўртасидаги қонли тўқнашувлар, отишмалар тобора кучайиб бормоқда. Ихтилоф сабаби эса тарихдан мерос бўлиб қолган ҳокимиятга эгалик васвасаси. Гап шундаки, мухторият қонунчилигига кўра, Фаластин хавфсизлик кучлари ва иқтисодий манбаларини бош вазир назорат қилиши ва ҳукумат раҳбари ўз фаолияти хусусида парламентда ҳисоб бериши зарур. Бироқ полиция ва хавфсизлик идораларига раҳбарлик, боз устига, молиявий манбалар назоратининг бош вазир Исмоил Хонияга ўтиши расман мухторият раиси бўлган, амалда эса рамзий маънодаги раҳбар бўлиб қолаётган Маҳмуд Аббосга хуш келмади, албатта. Бошқарув илмини кимсан Арофатдан ўрганган Аббос жаноблари зудлик билан фақат ўзига бўйсунувчи иккита ҳарбий ва иқтисодий янги тузилма ташкил қилдики, натижада муболағасиз ички ишлар ва молия вазирлари учун қиладиган ишнинг ўзи қолмади. Ўз навбатида Исмоил Хония ҳам мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсади соясида тўғридан тўғри унга тобе бўлган махсус полиция бўлинмалари ташкил этишга киришди. Шу тариқа бир пайтлар озодлик учун кураш олиб боришга аҳд қилган сиёсий гуруҳлар ўзаро ҳокимият талашишга тушиб кетди.
Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил!
Бу тамойил озодлик учун курашларни тўхтатишда кўп бора қўл келган. Сиёсий кучлар парчаланиб кетган Фаластинда ҳам бугун ўзаро жипслик йўқолган. Эндиликда Фаластиннинг жафокаш халқи қўшни мамлакатдан келадиган кутилмаган бомба билан бирга ФАТХ ва ХАМАС ўртасида давом этаётган тўқнашувлардаги дайди ўқлардан ҳам эҳтиёт бўлиши зарур.
Маҳмуд Аббос бошчилигидаги ФАТХ аллақачон Исроил давлатини тан олган. Аввал-бошдан яҳудий давлатига қарши бўлган ХАМАС эса бу масалада мухторият раиси билан ҳамфикр эмас (2004 йилнинг ўзида Ислом қаршилик ҳаракатининг икки йирик етакчиси — Аҳмад Ёсин ва Абдулазиз Рантисий Исроил хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган эди. Шундан кейин ХАМАС яҳудий давлатига қарши аёвсиз кураш эълон қилган).
Маҳмуд Аббос — 1967 йилги чегара бўйича Ғазо ҳудуди, Ғарбий қирғоқ ва Шарқий Қуддусни ўз ичига олган Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдори. ХАМАС ҳаракати эса тарихий чегаралар тикланиши ва Фаластин ўзига қарашли бўлган барча ҳудудларга эгалик қилишини истайди.
«Ёз ёмғири» қиш ҳавосини олиб келди
Исроил раҳбарияти ҳар доим жангари гуруҳларнинг гаровга олиш амалиётларини қоралаб келган. Бироқ халқаро кузатувчилар таъкидлаётганидек, сўнгги пайтларда Олмерт ҳукуматининг ўзи жиноят сифатида эътироф этилган гаров усулидан фойдаланмоқда.
Яҳудий аскари Гилад Шалит ўғирлаб кетилганидан буён Исроил ҳукумати Фаластинга қарши мунтазам ҳарбий амалиёт ўтказиб келмоқда. «Ёз ёмғири» деб аталган ҳарбий операция ҳали қор кўрмаган мухторият аҳолисига гўёки совуқ қиш ҳавосини келтиргандай бўлди.
Исроил армияси охирги пайтларда кўприклар, аҳоли яшаш жойларини портлашиш, отишмалардан ташқари бошқа бир янги амалиёт турини ҳам фаол қўлламоқда: махсус хизматлар Фаластин ҳукумати раҳбарларини бирин-кетин ҳибсга олмоқда ва уларга жиноий иш очмоқда.
Бундан икки ҳафта муқаддам Фаластин қонун чиқарувчи идораси раҳбари, доктор Абдулазиз ад-Дувайк қамоққа олинди. Исроил томонидан олтинчи бора ҳибс қилинаётган Фаластин қонунчилик кенгаши спикери саломатлиги ёмонлашгани сабабли оғир аҳволда Исроил ҳарбий шифохонасига ётқизилган.
Ўтган ҳафта шанба куни Исроил армияси томонидан Фаластин бош вазири ўринбосари Носир ал-Шаҳир ҳам Рамаллоҳдаги уйидан олиб кетилган. Умуман, шу кунгача Исроил махсус хизмати томонидан Фаластиннинг 8 та вазири, 28 та депутати — жами 60 дан зиёд сиёсатчиси қамоққа олинган. Шунингдек, Тел-Авивдан бош вазир Исмоил Хония номига юборилган мактубдаги кимёвий моддадан ҳукуматнинг 7 аъзоси заҳарланган.
Ҳибсга олинган арбобларга террорчиликка алоқадорлик айби қўйилмоқда. Бироқ шу кунгача ҳибсга олинган 8 нафар вазирнинг учтаси айби исботланмасдан қўйиб юборилди.
Бугун ҳаттоки бош вазир Исмоил Хония ҳам қўшни мамлакат махсус хизматидан яшириниб юришга мажбур. Акс ҳолда, ҳушёр ва зийрак Моссад ходимлари Хониянинг ўзини ҳам ҳибсдаги дўстлари олдига олиб бориб қўйишлари ҳеч гап эмас.
Исроил ташқи ишлар вазири Сипи Ливни ўз баёнотида Фаластиннинг юқори лавозимлари шахслари ҳисбга олинаётгани капрал Гилад Шалитнинг гаровга олинганига жавоб эмаслигини билдирди. Бироқ Исроил ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари бўлган хоним кейинги чиқишларида Гилад Шалит озодлик қилинса, ҳибслар тўхташи мумкинлигини билдириб, барибир асл мақсадни ошкор қилиб қўйди.
Норозилик тўлқинига ҳатто Берлин қўшилди
Халқаро донор давлатлардан Фаластинга берилаётган молиявий кўмакнинг камайиб кетгани ва сиёсий-иқтисодий инқироз сабабли, мухторият аҳолисининг турмуш даражаси кескин тушиб кетган. Тинч ҳаёт кечираётган давлатлар ҳам катта иқтисодий қийинчиликларга дуч келаётган ҳозирги даврда уруш ҳолатидаги юртларда аҳвол нечоғли оғирлигини тасаввур қилиш мумкин. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда Фаластин халқининг 56 фоизи қашшоқликда ҳаёт кечирмоқда. Агар мухториятда ҳозирги оғир вазият ўзгаришсиз қоладиган бўлса, орадан икки йил ўтиб, қашшоқлар «армия»си 75 фоизга етади.
Боз устига, ҳозирги ҳолатда Фаластин мухторияти ҳукумати ва парламенти тарқаб кетиш арафасида турибди. Вазирлар ва депутатлар ҳибсда бўлган шароитда вазиятни ўзгартириш эса Исмоил Хониянинг қўлидан келиши амри маҳол. Фаластиндаги инқироз шу даражада чуқурлашганки, мухториятда 1993 йилдан олдинги каби Исроил маъмурий бошқаруви жорий этилиши мумкин.
Исроилнинг Фаластин арбобларини қамоққа олаётганига қарши биргина расмий Москва муносабат билдирди. Қонунчилик кенгаши спикери Абдулазиз ад-Дувайк ҳибсга олингани муносабати билан Россия ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда Фаластин миллий мухториятининг халқ томонидан сайланган раҳбарлари ҳибсга олиниши халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид экани таъкидланади.
Дарвоқе, ўтган ҳафта давомида АҚШ, Франция, Буюк Британия, Австралия каби давлатларда Олмерт сиёсатини қўллаб-қувватлаётган ҳукуматларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Норозилик тўлқинига ҳаттоки Иккинчи жаҳон урушидан кейин Исроил ҳақида фақат ижобий фикр айтиш қоидаси шаклланган Германия ҳам қўшилди.
Собиржон ЁҚУБОВ
П. С. Боши берк кўчага кириб қолган бош вазир Исмоил Хония Исроилнинг сайлаб қўйилган шахсларга қарши ноқонуний амалиётларини бартараф этиш ва ҳибсларни тўхтатиш борасида халқаро ҳамжамиятдан ёрдам сўраган. Бироқ ҳозирча БМТ ҳам, катта саккизлик давлатлари ҳам Фаластиндаги оғир аҳвол халқаро ҳамжамият аралашадиган даражада эмас, деган қарашда. Халқаро ҳамжамият аралашиши учун эса Фаластин ҳукумати ва парламентининг жамики аъзолари ҳибсга олиниши, мухторият бошбошдоқликда қолиши, халқнинг ярми эмас, 60-70 фоизи очлик исканжасига тушиши зарурга ўхшайди.