Давлат деб тан олинмаган… давлатлар

ёки геосиёсий манфаатлар йўлида курашаётган Россия ҳамда икки томонлама стандартлардан воз кечолмаётган Ғарб рақобати хусусида

Халқаро сиёсатда қизиқ бир ҳолат мавжуд: маълум ҳудудларга эгалик учун ўзаро курашаётган мамлакатлар талашилаётган жой арзимас бўлсада, катта йўқотиш ва харажатлар эвазига рақибга ён бермаслик пайида бўлишади. Бу йўлда мамлакатлар ҳатто талаш бўлаётган ҳудуддан бир нечтасини бемалол сотиб олишга етгулик маблағни ҳам кўз юмиб сарфлаб юборишади. Яъни ҳудудлар учун курашларда моддий манфаат эмас, узоқни кўзлаган сиёсий мақсадлар биринчи планга чиқади. Кўпдан буён катта можароларга сабаб бўлиб келаётган Приднестровье, Абхазия, Жанубий Осетия каби ҳудудлар борасида ҳам ана шу фикрни айтиш мумкин.

Приднестровье кўпдан буён Молдова раҳбариятининг «ош­қозонидаги яра» бўлиб қолмоқда, дейиш мумкин. Мана неча йилдирки, ўзини аллақачон мус­тақил давлат дея эълон қилган ҳудуд Молдова Республикасидан расман суверенитет беришни талаб этиб чарчамайди. Ўз нав­батида расмий Кишинёв ҳам гагаузларга (мазкур ҳудудда асосан гагауз миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади, шу боис Приднестровье Гагаузия деб ҳам аталади) рад жавобини бериш, уларни айирмачилик кайфиятидан айблашдан тўхтамайди. Молдова президенти Александр Воронин Приднестровье масаласига шу қадар жиддий аҳамият бердики, у ҳатто яқин иттифоқчиси бўлган Россия билан бу борада «сен-мен»га боришгача етди.

Молдова раҳбарияти ҳудудни республика таркибида сақлаб қолиш учун нималар қилмади дейсиз. Кишинёв томонидан Тираспол (Приднестровье маъмурий маркази)га дипломатик босим ўтказилди, иқтисодий тақиқлар қўйилди, божхона ва чегара борасида чекловлар ҳам жорий этилди. Бироқ иқтисодий жазо кўринишидаги чора-тадбирлар шу пайтгача бирор ижобий натижа бермади. Ҳудуднинг мустақиллик учун ҳаракати кучайса кучайдики, сусаймади. 2006 йил охирида ўтган президентлик сайловида мустақиллик тарафдори бўлган Игор Смирновнинг Приднестровье раҳбарлигига сайланиши ҳудуд аҳолиси ўз аҳдида мустаҳкам турганини кўрсатди. Энг қизиғи, Молдова томони қўлида қўғирчоқ бўлиб қолишдан истиҳола қилган амалдаги президентнинг мухолифатлари ҳам сайловда қатнашишмади…

Жанубий Осетия Михаил Саакашвили раҳбарлигидаги Грузия давлатига туганмас ташвиш келтиряпти. Эдуард Кокойта президент бўлиб турган ҳудуд Грузия таркибидан чиқиб, Россия сафига ўтишни кўпдан буён орзу қилади. Очиғи, Грузия тепасида Россиянинг эски қадрдонларидан Эдуард Шевернадзе турган пайтда Жанубий Осетия можароси ҳозиргидек кескин тус олмаган эди. Ҳокимият тепасига «Американинг куёви» (М. Саакашвили) келгач, барча халқаро масалалар, хусусан, Россия билан боғлиқ можароларни шартакилик билан ҳал этишга киришилди. Бироқ Грузия каби мўъжазгина давлат Россиядек улкан давлат билан сиёсий рақобатга дош беролмаслиги аниқ эди. Шу тариқа гўёки Россиянинг Грузияда давлат тўнтариши уюштиришга ҳозирлик кўраётгани, кейинроқ жосусликда айбланган рус ҳарбий зобитларининг қамалиши каби можаролар қатори Жанубий Осетия масаласида ҳам Тбилиси мағлубиятга учради. Янги йилни Жанубий Осетия маъмурий маркази Схинвалида нишонлашга тантанали ваъда берган Грузия мудофаа вазири Ираклий Окруашвилининг ширин орзулари армон бўлиб қолди. Расмий Тбилиси 2006 йил охирида Жанубий Осетияда ўтган президентлик сайловини умид билан кузатганди. Ҳарқалай, мўъжиза рўй бериб ҳокимият тепасига Грузия ҳукуматининг сўзларига қулоқ осадиган арбоб келиб қолиши ҳам мумкин эдида. Бироқ қизил қор ёғмади, мўъжиза рўй бермади. Ашаддий мустақиллик курашчиси сифатида танилган Эдуард Кокойта янги муддатга Жанубий Осетия президенти бўлиб қолди…

Абхазия — халқаро ҳамжамият давлат деб тан олмаган… давлатлардан бири. Грузия гарчи Абхазияни ўз амлоки сифатида иддао қилсада, амалда ҳудуд аллақачон иқтисодий мус­тақил бўлиб улгурган. Яъни кўплаб можароли ҳудудлар қатори Абхазия ҳам де-юре — Грузия таркибида, де-факте — ўзига хон, ўзига бек. Дарвоқе, ҳудудда мустақиллик учун умумхалқ овоз бериш тадбири (референдум) ҳам ўтказилган. Бироқ аҳолининг асосий қисми Грузия таркибидан чиқиш учун овоз берган бўлсада, президент Сергей Багапшнинг мустақил давлат қуриш йўлидаги ҳаракатлари ҳозирча ижобий самара бермаяпти.

Тажрибадан маълумки, ҳудудлар билан боғлиқ можароларни босим ўтказиш, қуролли йўллар билан ҳал этиш имконсиз. Грузия ва Молдова томонидан Прид­нестрове, Жанубий Осетия, Абхазияга бу тариқа сиёсий босимнинг кучайтирилиши ҳам ихтилофни чуқурлаштиришдан бошқа оқибатга олиб келмайди. Энг ёмони, иқтисодий-сиёсий таъқиб ва тақиқлар мазкур ҳудудлардаги демократик ислоҳотларни ҳам орқага суради. Айни пайтда учала можароли ҳудудда ҳам авторитар ҳокимиятни ёдга солувчи тартиб-қоида ҳукмрон, боз устига, тан олинмаган давлатларда кўпдан буён танланган сиёсий арбоблар раҳбарлик қилиб келишмоқда.

Россия ва Ғарбнинг аксарият халқаро масалалар қатори Абхазия, Жанубий Осетия ва Прид­нестрове борасида ҳам қарашлари турли қутбларда. Ғарб мамлакатлари (Европа Иттифоқи ва АҚШ) наздида учала ҳудуднинг мустақиллик даъвосидаги уринишлари айирмачилик (сепаратизм)нинг айнан ўзгинаси.

Кремл эса Россиядан ошкора ёрдам сўраётган ҳудудларнинг мустақил давлат тузиш йўлидаги ҳаракатларини халқаро ҳуқуқ меъёрларида мустаҳкамланган эркинликдан фойдаланиш дея талқин қилади. Бу ўринда можароли ҳудудлар ёнини олаётган Россия илгари сураётган далил халқнинг асосий қисми — кўпчилик аҳоли хоҳиш-истагини рўёбга чиқариш талабидир.

Сайёрамиздаги барча давлатлар ҳам, энг аввало, миллий манфаатни байроқ қилиши шубҳасиз. Аслида ҳам халқаро муносабатларда ўз манфаатидан воз кечиб, оғзидаги ошини ҳамкор мамлакатга бериб қўядиган мард (ёки аҳмоқ) топилмаса керак. Бу ёғини сўрасангиз, можароли ҳудудлар борасида ҳам дунё давлатларини холис, адолатли деб бўлмайди. Мисол учун, Абхазия, Жанубия Осетия, Приднестрове масаласида мус­тақиллик талаб қилаётган ҳудудларни танқид қилаётган Ғарб мамлакатлари сиёсатини таҳлил қилиб кўрайлик.

Косово ҳудуди мана неча йиллардан бери худди юқорида номи зикр этилган давлатчалар каби собиқ Югославия (ҳозирги Сербия) таркибидан чиқишни талаб қилиб келмоқда. Европа Иттифоқининг катта арбоблари ушбу можарода Косово томонини ёқлашмоқда, Сербия ҳукуматини эса миллий озчилик манфаатлари ва ҳуқуқларини бузишда айблашмоқда. Аслини олганда, Косово масаласи билан Абхазия, Жанубий Осетия, Приднестрове можароси ўртасида бирор жиддий фарқ йўқ. Ҳар иккала ҳолатда ҳам кичик маъмурий ҳудудлар суверенитетга эга бўлиш ва ўзи истаган давлат таркибига ўтишни ният қилишмоқда. Бироқ, энг ҳайратланарлиси, айнан бир хил бўлган масалада Ғарб давлатларининг муносабати турлича бўляпти. Бу эса кўпдан буён Ғарб мамлакатларини икки хил стандартларга риоя этишда айб­лаб келаётган мутахассисларнинг қарашларини тасдиқлайди, холос.

Можароли ҳудудлар борасида Россия ҳам, АҚШ ҳам, Европа Иттифоқи ҳам ўз тўрида ҳақ. Албатта, қайси томон мутлақ ҳақлигини белгилаш журналист­нинг ваколатига кирмайди. Бироқ бу ўринда асосий масала БМТ ҳужжатларида, умуман, халқаро ҳуқуқ меъёрларида миллий суверенитет ва давлатнинг ҳудудий дахлсизлиги тушунчалари аниқ ажратилмагани, бу икки мураккаб истилоҳ моҳияти пухта очиб берилмаганини айтиб ўтиш жоиз. Айни шу сабабли можароли ҳудудлар борасидаги ихтилофлар кўпайгандан кўпайиб боряпти. Масалан, Тайван Хитойдан суверенитет талаб қилса, Пекин раҳбарияти давлатнинг ҳудудий яхлитлигини рўкач қилиб бемалол маъмурий ҳудуд сўровини рад этиши мумкин. Яъни халқаро ҳуқуқ меъёрлари бундай зиддиятли вазиятларни бартараф этишда кўп бора панд бериб қўйяпти. Бу жиҳатдан, халқаро меъёрларнинг аниқ ишлаш механизмини амалга татбиқ этиш ҳақида гапираётган мутахассислар минг карра ҳақлар.

Собиржон Ёқубов
www.hurriyat.uz