Тошкентда Эрон Ислом Республикаси миллий байрами – Ислом инқилоби ғалабасининг 37 йиллиги муносабати билан қабул маросими бўлиб ўтди. Тадбирда хорижий давлатларнинг Тошкентдаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари, дипломатлар ҳамда Ўзбекистон илм-фан намояндалари жам бўлди. Маросимда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев қатнашди.
Анжуманда Эрон Ислом Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Баҳман Оғоразий нутқ ирод қилди.
Дипломат ўз нутқида қадимий тамаддун соҳиби бўлган Эрон сўнгги йилларда иқтисодиёт ва илм-фанни тараққий эттириш борасида катта ютуқларга эришаётганини қайд этди.
Эрон ва Ғарб мамлакатлари халқаро санкциялар борасида ўзаро келишувга эришгани 2015 йилнинг муҳим ҳодисаларидан бири бўлди. Элчи Баҳман Оғоразий мазкур масалага алоҳида тўхталди.
“Биз Ислом инқилобининг 37 йиллигини ўзгача бир вазиятда байрам қилмоқдамиз: яқинда Эрон ва 5+1 номи билан танилган гуруҳ музокаралари якунига етди. Эрон Ислом Республикаси жаҳондаги мураккаб халқаро масалаларни тинч йўл ва ижобий натижалар билан ечиш бўйича мислсиз муваффақиятга эришди. Ҳозирда бу келишувлар ижро этиш босқичига кирган. Ушбу чигал музокаралар жараёнидаги текширувлар натижасида Эрон тинч мақсадда ядровий ҳуқуқини амалга ошириш учун саъй-ҳаракат қилаётгани тасдиқланди ва унинг ҳаққонийлиги исботланди”, – деди дипломат.
Таъкидланишича, узоқни кўзламасдан ўйлаб топилган халқаро санкцияларнинг бекор қилиниши Эрон тараққиётида янги саҳифа очиб қолмай, қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга хизмат қилади.
Эрон элчиси минтақа халқлари сўнгги йилларда террорчилик, диний тафриқа ва мазҳабий курашлардан азият чекаётганини афсус билан қайд этди. Мазкур ихтилофлар кўплаб инсонлар умрига зомин бўлмоқда, халқлар бошига кулфат ёғдирмоқда. Дипломатнинг таъкидлашича, бугунги аянчли вазиятни минтақа мамлакатлари ва халқлари бир ёқадан бош чиқарибгина бартараф этиши мумкин.
Элчи ўз нуқтида Эрон ва Ўзбекистон алоқалари хусусида ҳам мулоҳазаларини баён этиб, ўзаро ҳамкорлик яқин келажакда икки мамлакат олий мартабали раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан янада жадалроқ ривожланишига ишонч билдирди.
“Ўзбекистон заминида буюк мусулмон донишмандлари вояга етгани ҳамда унинг Марказий Осиёнинг юрагида жойлашгани зиммасидаги тарихий вазифани бажариши учун алоҳида имтиёз беради. Бир томондан, дўстона муносабатлар, тарихий муштарак жиҳатлар ва икки мамлакатнинг қўшнилиги, бошқа томондан эса, Эронда Ўзбекистоннинг халқаро денгизларга чиқа олиши учун қулай транспорт-коммуникация тармоқларининг мавжудлиги ўзаро ҳамкорликни барча соҳаларда янада кенгайтиришга кўмак кўрсатади”, – деди Эрон элчиси.
Қайд этилишича, расмий Теҳрон Тошкентнинг халқаро денгизга чиқиш билан боғлиқ ташаббусларини олқишлайди.
Эрон 1991 йил 25 декабрда Ўзбекистон мустақиллигини тан олган. 1992 йил 10 майда икки давлат ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилган. Икки мамлакат ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий асосини 60 га яқин ҳужжат ташкил этади.
2014 йил натижаларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш 374,9 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Ўзбекистонда Эрон сармояси иштирокида ташкил этилган 120 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Мамлакатлар ўртасида транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа жабҳаларда ҳамкорлик изчил ривожланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Баҳман Оғоразий 2015 йил 10 декабрда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга Эрон Ислом Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида ишонч ёрлиғини топширган. Дипломат қабул чоғи икки давлат ҳамда халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни янада чуқурлаштириш, давлатлараро битим ва келишувларни амалга татбиқ этишда бор билим ва тажрибасини ишга солажагини айтган.
Собир Салим