Ҳайрат туйғусидан анчайин бегоналашиб қолган дунё сиёсатдонларини ҳам таажжубда қолдириб, Америка президентлигига сайланган қора танли арбоб – Барак Обама 29 апрел куни Оқ уй раҳбари сифатида дастлабки 100 кунлик фаолиятини якунлади. Курраи заминимизнинг валломат иқтисодчиларию гапга чечан сиёсатчиларини ҳам доғда қолдирган, уларнинг бошини хам қилган молиявий инқироз шароитида вақт янада шиддатлироқ ўтаётгандек туюлади.
Бундан бир неча ой олдин – 20 январь куни Барака Обама анъанавий қасамёд қабул қилиб, Америка президенти сифатидаги фаолиятига киришганди. Мана, ҳаш-паш дегунча уч ойдан ошиқ фурсат ўтди. Хўш, умидбахш ваъдалари билан миллионлаб америкаликлар қалбини забт этган Оқ уй раҳбари мазкур муддат давомида нималарга эришди?
Муаммо
Хитой мутафаккири Конфутсийнинг шундай қарғиши бор: «Эврилишлар даври яшагин!» Дарҳақиқат, туб ўзгаришлар даври ҳар доим ҳам қийинчилик билан ўтади. Бундай мураккаб даврда давлатни бошқариш эса чандон мушкул вазифа. Барак Обаманинг президентлик фаолияти ҳам ана шундай эврилишлар даврига тўғри келмоқда.
Ўтган муддат давомида Барак Обама маъмурияти биринчи навбатда мамлакатнинг бўҳронда қолган иқтисодини жонлантириш, касодга учраган банкларни қутқариш ва оғир ҳолатга тушиб қолган қарздор фуқароларга ёрдам қўлини чўзиш устида бош қотирди. Бу бўйича 787 миллиард долларлик «қутқарув режаси» ишлаб чиқилди. Айни пайтда АҚШ Конгрессида амалдаги президентнинг партиядошлари – демократлар кўпчиликни ташкил этаётгани қўл келди: мазкур режа тез муддатда парламент тасдиғидан ўтказилди. Қутқарув режасига кўра, мазкур маблағ банк-молия тизимини оёққа турғазиш, янги иш ўринлари яратиш, кўчмас мулк соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, қисқаси, молиявий инқироз талафотларини имкон қадар камайтиришга хизмат қилиши керак.
Муросасизлик
Кечувда отлар алиштирилмайди, дейишади. Аммо Барак Обама аксинча йўлни тутди: «Америкага янгиланишлар керак!» деган шиор билан ҳукуматга келган президент ташқи сиёсатда ўзгаришлар қилишга уринди, эски маъмуриятда ишлаган нуфузли арбоблар баҳридан ўтди, олдинги президентдан мерос бўлиб қолган кескин сиёсат йўлидан воз кечди.
Америка махсус хизмати томонидан қийноқлар қўлланилгани, хусусан, Гуантанамо қамоқхонаси кўп эътирозларга сабаб бўлаётганди. Шу сабабли, Обама президентликнинг илк кунлариёқ Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасини бир йил давомида ёпиш ҳақида буйруқ чиқарди. Бундан бир ой муқаддам эса терроризмга алоқадорликда гумон қилинган маҳбуслардан кўргазма олиш учун президент Буш даврида қийноқлар қўлланилганини кўрсатувчи ҳужжатлар ошкор этилди. Эндиликда ўнлаб маҳбуслар оқланиб, озод бўлиши кутилмоқда. Аммо ҳибсхонада сақланаётган 245 та маҳбуснинг тақдири юзасидан жиддий дипломатик зиддиятлар ҳам чиқиши мумкин.
Муқояса
Ироқ ва Афғонистон муаммоси ҳали ҳам жиддийлигича қолмоқда. Барак Обама сайловолди кампанияси пайтида қисқа муддатда АҚШ қўшинлари Ироқдан олиб чиқилишига ваъда берганди. Президентликка сайланганидан кейин у Американинг Ироқдаги жанговар ҳаракатлари расман 2010 йилнинг августида ниҳоясига етишини маълум қилди. Оқ уй маъмурияти режасига бўйича Ироқдаги 142000 аскарнинг асосий қисми кўрсатилган муддатда ватанига қайтарилади. 50000 нафари эса 2011 йилнинг охирига қадар қолиб, Ироқ қуролли кучларига кўмак бериб туради.
Барак Обаманинг Афғонистон бўйича стратегияси бирмунча фарқ қилади. Демократ президент Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш учун қўшимча 17 минг аскар ва маҳаллий хавфсизлик кучлари тайёргарлигини яхшилаш учун 4 минг мутахассис юборишни режалаштирган.
Сир эмас, собиқ президент Жорж Буш ташқи сиёсат борасида кўп жиҳатларни бой берди. Террорга қарши кураш даъвоси билан амалга оширилган кескин чоралар, Эрон ва Шимолий Корея билан боши берк кўчага кириб қолган музокаралар, Россия билан совуқлашиб кетган муносабатлар… Эндиликда эски маъмуриятдан мерос шу каби сиёсий чигалликларни ечиш зарур.
Музокара
Охирги уч ой давомида Оқ уйнинг ташқи сиёсатида юмшаш ва илиш рўй бермоқда, Америка олдинги яккаҳукмронлик ғоясидан чекинаётгани кузатилмоқда. Шу маънода, етакчи таҳлилчилар ҳам Америка империяча кайфиятдан воз кечаётганига эътибор қаратмоқдалар. Буни Вашингтоннинг Москва билан муносабатида ҳам кўриш мумкин.
Барак Обама президентлиги даврида Россия билан таранглашиб кетган алоқалар юмшади. Вашингтон маъмурияти мавжуд алоқаларни тубдан қайта ислоҳ этиш таклифи билан чиқди. Обама Россия раҳбари Дмитрий Медведев билан учрашиб, халқаро сиёсатга оид муҳим масалаларда илк марта фикр алмашди. Ўтган йилнинг августида Кавказда рўй берган ҳодисалар, Полша ва Чехияда ракетага қарши мудофаа тизимини ташкил этиш йўлидаги уринишлар ёки НАТО сарҳадларининг кенгайиб бораётгани Оқ уй ва Кремл ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир этганди. Албатта, икки президентнинг биргина учрашуви билан узоқ муддат давомида илдиз отган ихтилофларни бартараф этиш имконсиз. Аммо куролсизланиш, ракетага қарши ҳимоя тизими, молиявий инқироз борасида дастлабки очиқ музокараларнинг бошланганининг ўзиёқ ижобий баҳоланмоқда. Мусибат рақибларни ҳам бирлаштиради. Бу гал ҳам оғир мусибат – молиявий инқироз икки йирик давлатни бир ёқадан бош чиқариб ҳаракатланишга ундамоқда.
Барак Обама ўтган уч ой ичида Америкага қарши кескин чиқишлари ила ном қозонган Венесуэла президенти Уго Чавес билан учрашди, авваллари душман давлатлар рўйхатига тиркалган Эрон ва Куба билан музокараларни бошлади. Бу эса янги маъмуриятнинг муроса сиёсатидан далолат бераётгандек.
Муносабат
Таҳлилларга кўра, Барак Обаманинг дастлабки уч ой ичидаги рейтинги ёмон эмас: мамлакатнинг 63 фоизи аҳолиси амалдаги давлат раҳбарини қўллаб-қувватлашини билдирмоқда. Оғир кунларни бошидан кечираётганига қарамай, кўпгина америкаликлар Обамага умид билан қарашяпти. Улар бу қадар катта муаммоларни ҳал қилиш учун вақт кераклигини тушунишларини ҳам айтишган.
Лекин кузатувчилар америкаликларнинг президент Обамага хайрихоҳлиги, ишонч ва умидлари ҳар доим ҳам барқарор бўлавермаслигини эслатадилар. Негаки, инқирозли ҳолатда демократлар етакчисига ўз ишончини билдирган халқ иқтисодий аҳвол яхшиланмаса, ҳафсаласи пир бўлиши ҳам ҳеч гап эмас.
Мухолифат
Беш қўл баробар бўлмайди. Сиёсий етакчи ҳам жамиятдаги барча тоифанинг кўнглига йўл топа олиши имконсиз. Табиийки, америкаликлар орасида Барак Обаманинг ички ва ташқи сиёсатини салбий баҳолаётганлар ҳам топилади. Хусусан, демократларга мухолиф бўлган республикачилар Обаманинг барча саъй-ҳаракатларини, инчунин, инқироздан чиқиш режасини қаттиқ танқид остига олмоқдалар. Уларнинг таъкидлашларича, молиявий тизимни ривожлантириш учун ажратилаётган миллиардлаб доллар пуллар келгуси авлод бўйнига оғир юк бўлиб тушади.
Мухолифат Обамани Америкада социализм ўрнатишга ҳаракат қилаётганликда айбламоқда. Амалдаги маъмуриятнинг иқтисодий тизимда назоратни кучайтираётгани ҳам олқиш билан кутиб олинаётгани йўқ.
Консерватив кайфиятдаги сиёсатчилар Обаманинг ташқи сиёсатини ҳам маъқуллашмаяпти. Уларнинг наздида, душман давлатлар билан муносабат ўрнатиш, қийноқларга оид махфий ҳужжатларни ошкор этиш, Гуантанамо қамоқхонасидаги маҳбуслар тўғрисидаги маълумотларни дунёга «дастурхон қилиш» миллий хавфсизликка зиён келтиради.
Муддао
Америкада президентликнинг 100 кунлиги деган тушунча аслида мамлакатнинг 32чи раҳбари Франклин Делано Рузвелт даврида шаклланган. Рузвелт президентликка келган 1933 йилда ҳам океанорти давлати чуқур иқтисодий таназзулни бошдан кечираётганди. Ўшанда Рузвелт президентликнинг илк 100 кунида залворли муаммоларни енгиллатишга ваъда берганди. Ўз президентлиги даврида Франклин Рузвелт сўзи устидан чиқди, мақсадига эришди. Мамлакатни инқироздан олиб чиқди ва Американи иқтисодий жиҳатдан қудратли давлатлардан бирига айлантирди.
Тарихнинг қайтарилишини кўрингки, орадан чорак кам бир аср ўтиб, Американинг бошқа бир президенти худди ана шундай ҳолатга тушди, жаҳон молиявий инқирози билан юзма-юз бўлди. Бир томонда, ташқи сиёсатга доир «ёниб турган» муаммолар, иккинчи томонда, иқтисодий мушкулотлар… Алқисса, Барак Обама олдида икки фронтда жанг қилишдек мушкул вазифа кўндаланг турибди. Бу эса, хамирдан қил суғургандек осон кечмаслиги турган гап.
Собиржон Ёқубов