3 май. Матбуот эркинлиги сарҳисоби

«Қора қитъа»дан бошланган анъана

Бугун 3 май — Жаҳон матбуот эркинлиги куни. Бу санада бутун сайёрамизда «тўртинчи ҳокимият» эгалари матбуот ва сўз эркинлиги байрамини тантана қиладилар. Ушбу кунда дунё миқёсида улкан тадбирлар ўтказилади, ОАВ эркинлиги жабҳасида эришилган ютуқлар, бу борадаги тўсиқ ва муаммолар муҳокама этилади, бир сўз билан айтганда, 3 май куни матбуот эркинлиги сарҳисоби амалга оширилади.
Айни сана баҳонасида тайёрланаётган кичик сарҳисобни бошлашдан аввал Жаҳон матбуот эркинлиги куни тарихи хусусида икки оғиз.
1991 йилнинг 3 майида Намибиянинг Виндхук шаҳрида матбуот эркинлигига бағишлаб ўтказилган халқаро анжуманда Африка давлатлари газета-журнал муҳаррирлари дунё ҳукуматларини ОАВ эркинлигини таъминлашга, журналистларнинг ҳақиқатни юзага чиқариш йўлидаги чиқишларига тоқатли бўлишга даъват этишди. Учрашув сўнггида матбуот эркинлиги тўғрисида Декларация имзоланди. Орадан икки йил ўтгач, 3 май БМТ томонидан Жаҳон матбуот эркинлиги куни, деб эълон қилинди. Шу-шу «қора қитъа»дан бошланган хайрли тадбир дунё миқёсидаги халқаро байрамга айланди. Мана 13 йилдирки, 3 май бутун жаҳонда матбуот эркинлиги куни сифатида нишонланади.

«Тўртинчи ҳокимият» учун хавфли давлатлар

Виржинияда журналистлар мемориал ёдгорлиги жойлашган. Ушбу ёдгорлик хотира лавҳига 3 май — Жаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида ҳар йили анъанавий равишда ўз касбий бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистларнинг номлари киритилади. Мутахассислар эътирофига қараганда, 2005 йил демократия посбонлари — оммавий ахборот воситалари ходимлари учун хавф-хатарларга бой сана бўлди: Виржиниядаги ёдгорлик лавҳига 58 нафар мард ва жасур журналистнинг исм-шарифи қайд этилди…
Жадвалдан кўриб турибсизки, кўп йиллардан бери сайёрамизнинг «оловли нуқтаси» бўлиб турган Яқин Шарқ минтақаси журналистлар фаолияти учун ҳам хатарли ҳудуд сифатида қолмоқда. Хусусан, уч йилдан буён уруш ҳолатини бошдан кечираётган Ироқдаги тўқнашув ва тартибсизликлар ОАВ ходимларига ҳам оғир келди: бир йил ичида мамлакатда 22 нафар маҳаллий ва чет эл журналистлари ҳалок бўлди. Журналистлар ҳаётига зомин бўлаётган бошқа давлатлардаги ҳолат ҳақида кўп тўхталиб ўтмоқчи эмасмиз. Фақат фидойи ҳамкасбларнинг шонли тарихидан яна бир рақамни келтириб ўтмоқчимиз: ўтган бир аср ичида, аниқроғи, 1812-2006 йилларда дунё миқёсида 1606 нафар журналист ўз касбий бурчини адо этиш чоғида қурбон бўлди…

«Стоп жаилинг жоурналистс!»

Бу инглизчадан таржима қилганда, «Журналистларни қамаш тўхтатилсин!» дегани. Айни пайтда Жаҳон газеталар ассоциацияси ОАВни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда шу номдаги акцияни ўтказмоқда. Акция ташкилотчилари журналистлардан кўп нарса талаб қилишмайди: бор-йўғи ОАВ ходимларини ҳибсга олиш билан боғлиқ ҳолат юзага келганда, ҳамкасблар ҳаётига бефарқ бўлмаслик ва ахборот кўмаги кўрсатиш сўралади, холос.
Халқаро ташкилотлар «Журналистларни қамаш тўхтатилсин!» дея бонг ураётгани бежиз эмас. Сабаби, ОАВ вакилларини ҳибс қилиш билан боғлиқ таҳлиллар хавотирли рақам ва хулосаларни келтириб чиқармоқда.
2005 йил якунига кўра, дунё мамлакатлари қамоқхоналарида 788 нафар журналист ҳибсда сақланган. Ҳар йилгидай Осиё, Лотин Америкаси ва Африка давлатлари бу борада етакчи ўринда турибди. Монархия тузумида яшаётган Непал давлати «тўртинчи ҳокимият» вакилларини ҳибсга олиш борасида ўзига хос «рекорд» ўрнатди: мана шу биргина митти давлатда 400 га яқин журналист маҳкумликда сақланяпти. Бундан ташқари, қолоқ ва нотинчликда ҳаёт кечираётган Африка давлатлари — Эфиопия (35 нафар ОАВ ходими ҳибсда) ҳамда Конго Демократик Республикаси (27), анъанавий жамият сифатида баҳоланадиган Эрон (28), фуқаролар уруши остонасига келиб қолган Ироқ (21), дунёнинг бармоқ билан санарли коммунистик мамлакатларидан бири Куба (16), халқаро ҳамжамият томонидан диктаторлик режими остида деб танқид қилинаётган Белорус (14) «тўртинчи ҳокимият»га қарши кайфиятдаги ҳукуматлар рўйхатида етакчилик қилмоқда.
Таҳлилчилар фикрича, турли баҳоналар билан ҳибсга олинган ва озодликдан маҳрум этилган журналистлар кўп ҳолларда юқори мансабдорлар буюртмаси қурбони бўлмоқдалар. Яъни, улар бирор бир аниқ жиноят сабабли эмас, аксарият ҳолларда сиёсий фаолиятлари учун ҳибс қилинмоқдалар.
Умуман, ўтган яқин йиллар демократия посбонлари учун хавф-хатарларга бой давр бўлди. Дунёнинг у ёки бу нуқтасида рўй берган тўқнашувлар, ранг-баранг инқилоблар, ҳукумат учун курашлар пайтида кўплаб журналистлар азият чекди, қурбон бўлди. Бу, бир томондан, демократияни қарор топтириш, матбуот эркинлигини таъминлаш қурбонларсиз бўлмайди, деган хулосани яна бир бор ёдга солади. Бошқа томондан, матбуот ва сўз эркинлиги демократик қадрият сифатида тан олингани ва бу миллий, ҳатто халқаро ҳуқуқ меъёрларида мустаҳкамланганига бир асрдан ошиқ вақт ўтганига қарамай, «тўртинчи ҳокимият»га қарши кайфият тобора кучайиб бораётгани кишини ўйга толдиради…

«Гилермо Кано» кимга насиб этди?

3 май куни катта ижодий маҳорат ва жасорат кўрсатган журналистларга Гилермо Кано номидаги халқаро мукофот топшириш ҳам анъанага айланиб қолган.
Гилермо Кано — колумбиялик журналист, «Эл-Эспектадор» газетасида эълон қилган коррупция ва наркосавдо тўғрисидаги ўткир мақолалари билан танилган. Канонинг қонун панасидаги асл жиноятчиларни фош қилиш йўлидаги ҳаракатлари жиноий тўдаларга маъқул келмади: қўрқмас журналист 1986 йилда ўлдирилди.
Ана шу фидойи журналист номи билан аталувчи мукофотга ЮНEСКО томонидан 1997 йилда асос солинган. Ўтган йиллар давомида ушбу мукофотга Гао Ю (матбуот эркинлиги йўлида курашгани учун Хитойда «халқ душмани» деб эълон қилинган ва кўп йиллар маҳкумлик ҳаётини бошдан кечирган), Кристина Анианву (Нигерия ҳукумати юқори мансабдорларини танқид қилгани учун ҳибсга олинган), Есус Бланкорнелас (Мексикада кенг тарқалган наркотик моддалар савдоси мавзусида илк журналист текширувларини олиб борган), Низор Наюф (Сурияда нашр этиладиган «Демократия овози» газетасига муҳаррирлик қилган журналист юқори мансабдорлар билан келишолмагани сабабли узоқ йилга озодликдан маҳрум этилган), У Вин Тин (Бирмада чоп этилган «Хантавати» кундалик газетаси муҳаррири, мухолифатдаги партия етакчиси, сиёсий фаолияти учун 1989 йилдан буён қамоқда сақланмоқда) каби етакчи журналистлар сазовор бўлишди. 2006 йилги «Гилермо Кано» мукофоти эса ливанлик журналист Май Чидиакка насиб этди. ЛБC телекомпанияси ходими бўлган Чидиак хоним 2005 йилнинг сентябрида телевидение учун репортаж тайёрлаш чоғида портлаш натижасида бир қўли ва оёғидан маҳрум бўлганди. ЮНEСКОнинг юқори даражадаги ҳайъати хизмат вазифасини бажариш пайтидаги аёлларга хос бўлмаган жасорати учун ливанлик таниқли телемухбирни 2006 йилнинг энг яхши журналисти деб тан олди.

Собиржон Ёқубов