Суиқасдлар тарихидан: Якка ўзи Гитлерга қарши

Биринчи бўлиб Гитлерга қарши қўл кўтарган одам – Георг Элзер 1945 йилда қатл этилди. Агар 1939 йилда Мюнхендаги пивохонада у уюштирган суиқасд амалга ошганида эҳтимол инсоният иккинчи жаҳон уруши даҳшатларидан қутилган бўлармиди…

Махфий қатл

Қирқ бешинчи йилнинг апрел ойида рейх раҳбарлари кунлари саноқли бўлиб қолганини тушуниб етишди, шекилли, ўз жиноятларининг изларини йўқотишга киришдилар. Мавжуд режимга қарши чиққанларнинг кўпчилиги қамоқхоналарда азоб чекиб ётишар, энди уларни буткул йўқотиш зарурати вужудга келганди. Ҳар қалай Гитлер ва Гиммлер ана шундай қарор қилишди. Бу ишни амалга ошириш эса гестапо раҳбари Генрих Мюллерга топширилди. У эса ўз навбатида «ижрочилик»ка СС штандартенфюрери Валтер Хуппенкоттенни танлади.

Хуппенкоттен дастлаб Заксенхаузен контсентрацион лагерьида антифашист Ханс фон Донаня устидан «суд жараёни»ни ўтказиб, уни қатл этди. Эртаси куни Флоссенбург контсентрацион лагерьида руҳоний Дитрих Бонхеффер, абвер (ҳарбий разведка. Таҳр.) собиқ раҳбари адмирал Вилгелм Канарис, унинг ходими Людвиг Гере, юқори мартабали ҳуқуқшунос бўлган Карл Зак устидан қисқача «суд» ўтказиб, 9 апрел куни улар осиб ўлдирилдилар.

Ўша куниёқ Дахау лагерьи раҳбари, штурмбанфюрер Эдуард Вайтер номига гестапо бошлиғи Мюллер юборган махфий мактубда шундай дейилганди.

«…Шунингдек, алоҳида, маҳбус Эллер тақдири ҳам юқори даражада қайтадан кўриб чиқилди. Берилган кўрсатмага биноан Эллер навбатдаги бомбардимонлардан бири пайтида гўёки «ҳалок бўлиши» лозим. Менинг номимга қуйидаги мазмунда расмий хат юборилсин: «Бомбардимон оқибатида бошқалар қаторида маҳбус Эллер ҳам ҳалок бўлди.»
Бу услуб Мюллер учун янгилик эмасди. 1944 йил 23 августда немис коммунистлари раҳбари Эрнст Телман ҳам Бухенвалдда шу тахлит қатл этилганди.

Дахау раҳбарлари бомбардимонни кутиб ўтиришмади. Ўша куниёқ Эллер лагерь ҳовлисида отиб ташланди ва крематорийга солиб, куйдирилди. «Эллер» деганлари аслида Георг Элзер деган киши бўлиб, у 1939 йилда фашизм доҳийси, фюрер Адолф Гитлер ҳаётига суиқасд қилишга жазм қилганди.

Хўш, Элзер ўзи ким ва у нега фюрер ҳаётига тажовуз этди?

Кенигсбронлик уста

У 1903 йилда Хермаринг шаҳрида туғилган бўлиб, кейинроқ ота-онаси Кенигсбронга кўчиб келган. Отаси ёғочфуруш, онаси деҳқончилик қиларди. Етти йиллик мактабни битиргач, у токарьга шогирд тушади. Сўнг соғлиғи имкон бермагач, токарьликни ташлаб, дурадгорликни ўрганди. 1922 йилда ҳунар мактабига имтиҳон топширди ва у ердан Георг яхши уста бўлиб етишиб чиқди. Шу билан бирга у адолатпарвар, ҳақсизликка чидай олмайдиган бола бўлиб ўсди. У бир жойда муқим ишлай олмас, кўп ҳолларда маош бобида чиқишолмай, бўшаб кетарди. Дўстларининг қистови билан 1928 йилда қизил фронтовиклар уюшмасига аъзо бўлди. Гарчанд ўзи коммунист бўлмасада, сайловларда ГКП учун овоз бериб юрди, зеро, коммунистлар маошларни ошириш, дурустроқ иш ва яшаш шароити яратишни ваъда қилишарди.

У қандай қилиб антифашист бўлди?

Миллатчи социалистлар ҳокимият тепасига келгач, бошқа кўплаб меҳнаткашлар қатори Георг Элзернинг орзулари ҳам чиппакка чиқди. Кейинроқ, сўроқларда у фашистларни нега ёмон кўриб қолганини қуйидагича изоҳлайди:

«Маошлар камайди, тўлов ва солиқлар ошиб бораверди. Дурадгорнинг бир соатлик маоши 1 рейхсмаркадан 68 пфеннинга тушиб қолди. Ишчиларнинг ишдаги, ҳатто оиладаги ҳуқуқлари чегаралаб қўйилди…» Дарвоқе, гитлерюгенд (Гитлерчи ёшлар ташкилоти. Таҳр) томонидан Элзер ўз болаларига оталик қилиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум этилган, унинг диний эътиқод борасидаги ҳуқуқлари ҳам камситилганди. Бунинг устига гитлерчилар урушга тайёргарлик кўра бошладилар.

Ана шунда Георг Элзер бу қабоҳатларнинг илҳомчиси ва ташкилотчиси бўлмиш Адолф Гитлерни йўқ қилиш керак, деган қарорга келди. Ўшанда 1938 йилнинг кузи эди.

Ўз қўллари билан ясаган

Ўз ҳаётидаги энг муҳим ва даҳшатли қарорга келгач, Элзер бу ишни амалга ошириш чорасини излашга киришди. Бу пайтда у уруш жиҳоз-ускуналари ясовчи фабрикада ишларди. У ерда портловчи модда топиш осон эди. Элзер кам-кам порох олиб чиқиб, уни уйида икки қаватли жомадон ичида йиғди. Ишдан бўш пайтларида портловчи ускуна ясади. Уни ҳаракатга келтириш учун соат механизмини танлади, зеро, у ёшлик кезларда Швейтсариядаги соатсозлик заводида ҳам ишлашга улгурганди.

1938 йил 8 ноябрьда у Мюнхенга йўл олди. Бу ерда нацистлар «пиво тўнтариши» (ҳокимиятни қўлга киритиш. Таҳр.)нинг беш йиллигини тантана қилишмоқда эди.
Гитлер ўзининг оташин нутқини тугаллагач, Элзер «бюргербройкеллер», деб номланган пивохонани бемалол кўздан кечириб чиқди. Фюрернинг тансоқчилари кетган, ҳеч ким халал бермасди. Шу тахлит Георг суиқасдни мана шу жойда уюштиришга қарор қилиб, яна Кеннигсбронга жўнаб кетди. Энди «иш»га пухта ҳозирлик кўриш керак эди…

1939 йилнинг апрел ойида у яна Мюнхенга келади. Суиқасд жойига кириб, бомбани қаэрга ўрнатиш устида бош қотиради. Ниҳоят у бомбани минбарнинг тагида жойлашган тош устун ичига жойлашга аҳд қилади. Уйга қайтиб, тош кесиш фабрикасига ишга жойлашади, тош портлатишни ўрганади, кераклича портлатувчи модда йиғади. Сўнг, ўрганганларини ўз боғида синаб кўради.

Августда Элзер яна Мюнхенга келади. Бомбани ясашни ниҳоясига етказиши ва уни ўрнатиш учун жой ҳозирлаши керак эди. Шу мақсадда, Тюркенштроссе 94-уйда Алфоне ва Роза Лемнолар хонадонида ижарада яшайди.

Гестапо сўроқларидан маълум бўлишича, 5 августдан 6 августгача Элзер «бюрчербройкеллер» пивохонасининг ертўласида яширинча ишлаб тош устун ичига бомбани жойлайди. Портлаш масаласини 8 ноябрь соат 21.20 га белгилаб қўяди.
Бу оради иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетган, Гитлернинг бош қашишга қўли тегмасди. Шу боис у аввалига пивохонадаги ҳар йиллик тантанага бу гал бормасликка қарор қилди. Тантанали нутқини сафдоши Рудолф Гессга топширди.

Элзер буни билмасди. Шу боис у 7 ноябрь кечаси бомбани яна бир карра кўздан кечириб Мюнхендан чиқиб кетди.

Йиллик тантана соат 1800 да бошланди. Ҳурматли меҳмонлар сафида фашистларнинг кўзига кўринган вакиллар Гиммлер, Розенберг, Франк, Геббелс, Риббентроп ва Зеп Дитрихлар бор эди. Шу орада Гитлер ўз фикрини ўзгартиргани, қисқа муддатга бўлсада тантанага келиб кетишга қарор қилгани маълум бўлди. Дарҳақиқат, у етиб келди ва ўз нутқини одатдагидек 2100да эмас 2000 да бошлади. Кечки тўққиздан етти минут ўтганда у нутқини тугаллаб, ўз аъёнлари билан Берлинга жўнаб кетишга улгурди.

Портлаш мосламаси эса айнан Элзер белгиланган вақтда ҳаракатга келди. Аммо… кеч эди! Етти киши ўлди, ўндан зиёд одам яраланди. Бироқ улар орасида на Гитлер, на унинг яқин сафдошлари бор эди.

Гестапо терговни бошлади. Мамлакатга кирадиган ва чиқадиган йўллар беркилди. Бутун давлат полицияси ҳаракатга келиб, шубҳали одамларни қамоққа олишни бошлади.
Аслида эса, портлаш ташкилотчиси аллақачон… қамоқда эди. Қандай қилиб?

Уни тиззалари фош этиб қўйди

Георг Элзер бомбани жойлаб бўлгач, Швейтсария чегараси томон жўнади. Аммо омади келмади. 8 ноябрь 2045да чегарани яширинча кесиб ўтаётганда қўлга тушиб қолди. Холбуки, у илгари бу жойдан кўп бора ўтиб-қайтган, бу сафар ҳам қўшни мамлакат ҳудудига ўтишга 30 метр қолганди…

Божхоначилар уни обдон текширишди. Элзер «адашиб қолдим», деди. Ундан шубҳали бирон нарса тополганлари ҳам йўқ. Ҳар эҳтимолга қарши, ҳужжатлар яхшилаб текширилгунча, қамаб қўйишди. Эртасига 9 ноябрь эди.

Хуллас, эртасига у «чегарани бузиб ўтаётган гумондор шахс» сифатида гестапода сўроқ қилинди. Пихини ёрган терговчи, СС оберштурмбанфюрери Ёзеф Хуберда бомба ертўлада жойланганини аниқлаган ва уни ўрнатган киши чўккалаб ишлаган, деган тахмин бор эди.

У биринчи сўроқдаёқ Элзернинг тиззаларини очиб кўрди. Шилиниб, қорайиб кетган тиззалар Элъзерни фош этиб қўйди…

У ўз айбига иқрор бўлди. Гитлерга суиқасд қилиши сабабини «адолат учун кураш», деб изоҳлади. «Шерикларинг ким?» деган саволга «бир ўзим қилдим», дея жавоб берди.

Гестапо унга ишонмади. Қаттиқ қийноққа солди. Герман матбуоти буни «инглиз жосуслари иши», деб жар солди. СД махсус командаси Голландияда қўлга олиб, ўғирлаб келган икки инглиз фуқароси – Стивен ва Бестлар ана шу иш ташкилотчилари, деб кўрсатилди. Шунингдек, бу жиноят ишига Гитлернинг рақибларидан бўлмиш Грегор Штрассер (у фашистлар томонидан отиб ўлдирилганди)нинг укаси Отто Штрассерни ҳам қўшмоқчи бўлишди. Бу вақтда Парижда яшаётган Отто эса «бюргербройкеллер»даги портлашни ҳам худди Рейхстагни ёндиргани сингари фашистларнинг ўзлари, атайлаб уюштирган, деди.

Унинг айтишича, ҳатто Георг Элзернинг ўзи ҳам СС ходими бўлган эмиш.
Афсуски, бу хил уйдирмалар анча вақтгача оғиздан оғизга кўчиб юрди. Зеро Георг Элзернинг Гитлердай даҳшатли кучга қарши якка ўзи кураш олиб борганига ҳамма ҳам ишонмас, антифашист кучлар, коммунистлар ҳам уни ўзларига алоқадор эмас, деб ҳисоблардилар. Шу тахлит жамиятдаги паст табақадан чиққан, камбағал бир йигитнинг бу ишга қўл уришига ҳеч кимнинг ақли бовар қилмасди.

Михаил КАРПОВ
«Совершенно секретно» газетасидан
«Нур» газетасидан олинди.