2019 йили йўқотганларимиз

Якунига етаётган 2019 йилда Ўзбекистон илм, фани ва маданияти бир нечта арбобларидан айрилди. Ziyouz.uz портали ушбу йилда вафот этган ўзбекистонлик давлат ва жамоат арбоблари, зиёлиларни хотирлайди.

Пўлат Саидқосимов (1931-2019)

Пўлат Саидқосимов 1931 йил 8 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ артисти (1979). «Эл-юрт ҳурмати» ордени б-н мукофотланган (2001).

Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган (1954). 1954— 57 й.лар Ҳ.Олимжон номидаги Самарқанд театрида, 1957 йилдан Ҳамза (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма) театрида актёр.

«Холисхон»даги Рустам С.нинг саҳнада яратган илк образидир. Пўлат (О. Ёқубов, «Юрак ёнмоғи керак»), Абдуллатиф («Мирзо Улуғбек»), Илёс (Ч. Айтматов, «Сарвқомат дилбарим»), Эдгар (У. Шекспир «Қирол Лир»), Каримжон (А.Қаҳҳор, «Аяжонларим»), Салимбойвачча (Ойбек, «Қутлуғ қон»), Аврангзеб (Уйғун, «Зебуннисо»), Собиров (И. Султон, «Имон»), Сағдиев (О. Абдуллин, «Ўн учинчи раис»), Заргаров (А. Мухтор, «Сахро тор»), Бобо (У. Азим, «Бир кадам йўл») кабилар театрда яратган энг яхши ролларидир.

Кинода Маҳкам («Муҳаббат можароси»), Беруний («Абу Райҳон Беруний»), Завқий («Оловли йўллар»), Ғафуров («Илондан сақлан»), Илёс ота («Тонг отгунча») ва б.; телефильмда Отақўзи («Диёнат»), Мирзакаримбой («Қутлуғ қон»), Муҳаммад чатоқ («Гирдоб»), Черкашин («Ичкуёв»), Тўғонбек («Алишер Навоий»), Абдуллатиф («Улуғбек хазинаси») каби бир қанча ролларни ижро этган.

Ҳусниддин Ҳамидов (1935-2019)

Ҳусниддин Ҳамидов 1935 йил 5 январда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида туғилган. Қорақалпоқ педагогика институтида таҳсил олиб, 1967 йилда номзодлик, 1991 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

1994 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг мухбир-аъзоси, 2000 йилда ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.

Олим ўзининг қарийб 60 йилдан зиёд илмий-педагогик фаолияти давомида Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг Тил ва адабиёт институтида илмий ходим, бўлим мудири, Қорақалпоқ давлат университетида профессор, кафедра мудири вазифаларида самарали меҳнат қилди ва қорақалпоқ тилшунослиги соҳасидаги долзарб масалаларни илмий тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

Тил тарихи бўйича чуқур изланишлар олиб борган, қадимий қўлёзмалар илмий тавсифини яратган олимнинг «Қорақалпоқ тили тарихи очерклари», «Эски қорақалпоқ тилининг ёзма ёдгорликлари», «Бердақ қўлёзмалари мероси» каби монографияларида қорақалпоқ адабий тили нормаларининг шаклланиши муаммолари эски ўзбек адабий тили билан узвийликда очиб берилган.

Маҳмуд Саъдий (1939-2019)

Маҳмуд Саъдий 1939 йил Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида туғилган. Мактабни тамомлаганидан кейин ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети филология факультетининг журналистика бўлимида таҳсил олди.

“Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, “Гулистон” журналида катта адабий ходим, бўлим мудири. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бўлим мудири, “Маърифат” газетасида махсус мухбир, шарҳловчи, бўлим муҳаррири вазифаларида фаолият кўрсатган. Жаҳон тиллари университетида ёшларга дарс берган.

Маҳмуд Саъдий ўзига хос муҳаррирлик мактаби яратган тажрибали ижодкор, иқтидорли мунаққид ва кўзга кўринган таржимондир. Ўзбек адабиётининг энг долзарб муаммолари таҳлилига бағишланган кўплаб мақола ва тадқиқотлари орасида унинг адабий-танқидий мақолалар ва суҳбатларни ўз ичига олган “Теран томирлар” китоби алоҳида ажралиб туради. У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети талабалари учун “Таҳрир санъати” ўқув дастурини яратди. Забардаст муҳаррирнинг ижодий фаолияти ҳақида эса “Қадр” номли тўплам нашр этилган.

“Фидокорона хизматлари учун” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигига 15 йил” кўкрак нишони билан мукофотланган. “Олтин қалам” xалқаро миллий мукофотини қўлга киритган.

Омонулла Мадаев (1942-2019)

Омонулла Мадаев 1942 йилнинг 20 майида Тошкент шаҳрида туғилган. 1964 йил Тошкент давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. 1958 йил Тошкент шаҳар 1- сонли мактаб-интернат ўқитувчиси, 1964 йил Тошкент шаҳар 82-сонли ўрта мактаб ўқитувчиси, 1966 йил ТошДУ Ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида ишлаган, 1982 йилдан Тошкент давлат университетининг ўзбек мумтоз адабиёти кафедрасида доцент лавозимида фаолият олиб борган.

1973 йил “Хоразм халқ достонларининг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Кўплаб илмий ва услубий ишлар муаллифи, хусусан, “Иншо қандай ёзилади?” (1989), 7, 9-синфлар учун “Ватан адабиёти” дарслиги муаллифи.

Омонулла Мадаевнинг «Алпомиш билан суҳбатлар» (1998), «Халқ оғзаки поэтик ижоди» (2001, 2003) асарлари кенг илмий жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган. У «Дўстлик» ордени, «Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси» унвонларига сазовор бўлган.

Комилжон Раҳимов (1946-2019)

Комилжон Раҳимов 1946 йил 23 февралда Урганчда таваллуд топган. 1969 йилда Тошкент электротехника алоқа институтини тамомлаган, 1969−1971 йилларда Байкал орти ҳарбий округида ҳарбий хизматни ўтаган, 1971 йилдан 1976 йилгача Урганч телефон алоқа узели бош муҳандиси лавозимидан Хоразм вилояти почта-телеграф алоқа узели бошлиғи лавозимигача бўлган меҳнат йўлини босиб ўди.

Комилжон Раҳимов 10 йил давомида — 1985−1995 йиллар давомида Ўзбекистон Алоқа вазири лавозимида, 1995 -1998 йиллар давомида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари сифатида меҳнат қилган.

Нафақага чиққунига қадар Комилжон Раҳимов «Ўзбекистон почтаси» компанияси бош директори ва «Камалак-ТВ» бош директори маслаҳатчиси лавозимлари фаолият кўрсатган.

Тоҳир Малик (1946-2019)

Тоҳир Малик (Ҳобилов Тоҳир Абдумаликович) 1946 йил 27 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат университетининг кечки журналистика факултетини тугатган (1969). Қурувчи (1963—64), мактабда ўқитувчи (1965—66) бўлиб ишлаган. «Ленин учқуни» газетаси, «Гулистон» (1975—78), Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир (1981—82), «Чўлпон» нашриётида бош муҳаррир (1985—87), «Шарқ юлдузи» (1982—85), «Ёшлик» (1989—91) журналиларида адабий ходим, масъул котиб, бош муҳаррир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб (1988—90) бўлиб ишлаган.

Биринчи йирик асари — «Ҳикмат афандининг ўлими» (1972). «Заҳарли ғубор» (1974), «Фалак» (1975), «Сомон йўли элчилари» (1978), «Чорраҳада қолган одамлар» (1982), «Бир кўча, бир кеча» (1983), «Алвидо, болалик» (1989), «Сўнгги ўқ» (1990), «Ов» (1995) каби илмий-фантастик, саргузашт қиссалари машҳур. «Сўнгги ўқ» қиссаси асосида 7 қисмли телефильм (1994) яратилган. «Қалдирғоч» (1987) эпик асари Абдулла Авлоний тақдири мисолида 20-йиллар ўзбек зиёлиларининг шаклланиши ҳақида баҳс юритади.

«Шайтанат» романи (1-китоб, 1992; 2-китоб, 1995; 3-китоб, 1997; 4-китоб, 2000; 5-китоб, 2011) Тоҳир Маликнинг йирик асарларидан. Асар асосида кўп серияли телефильм яратилди. Романда турли қиёфадаги замондошларимизнинг образлари ёрқин лавҳаларда катта маҳорат билан чизилган, муҳим маънавий-ахлоқий муаммолар кўтарилган. Асарда жиноят оламидаги воқеалар фонида асосий эътибор асар қаҳрамонларининг руҳий дунёсини таҳлил этишга қаратилган.

Кишиларни жиноятнинг разил оламидан эҳтиёт бўлишга чақирувчи ушбу огоҳлантирувчи асар мазмуни Тоҳир Маликнинг «Жиноятнинг узун йўли» (2004) илмий-таҳлилий рисоласида давом эттирилган. «Меҳмон туйғулар» (2003) номли хотира, ёднома, адабий мақолалар тўпламида адабий жараёндаги муаммолар акс этган.

Тоҳир Маликнинг ёзувчи Мирзакалон Исмоилий ижодий фаолиятини ёритувчи «Ёзувчининг бахти ва бахтсизлиги» (1988), Асқад Мухтор ижодини тахлил этувчи «Собир» (2003), Ўлмас Умарбеков ижодига бағишланган «Қиёмат қарз» (2002) ҳамда Абдулла Қодирий романлари тахлил этилган «Ибрат мактаби» (1993) бадиалари хам бор.

Тоҳир Малик ҳужжатли кино соҳасида ҳам фаолият кўрсатган. Унинг «Амир Темур даври адабиёти» (1998), «Варахша» (1999), «Унвони инсон» (1999), «Соҳилсиз дентиз» (2000), «Зулмат салтанати» (2001), «Моштабиб» (2002) сиенарийлари асосида ҳужжатли фильмлар ишланган.

Рус ёзувчиси Ф.М. Достоевскийнинг «Маъсума» киссасини, шунингдек, жаҳон адабиёти намояндаларининг айрим асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Абдулҳафиз Жалолов (1947-2019)

Абдулҳафиз Жалолов 1947 йилда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида, Бирлашган қишлоғида туғилганди. 1969 йили Тошкент давлат университетини тамомлаган. 1976 йилда фалсафа фани бўйича номзодлик, 1992 йили докторлик диссертацияларини ёқлаган.

Фалсафа ва сиёсатшунослик бўйича 450 дан ортиқ иш, жумладан, «Инсон омили: фалсафа, мафкура, сиёсат», «Ўзбекистон: мустақиллик, манънавият, мафкура», «Мустақиллик масъулияти», «Истиқбол уфқлари» каби монографиялар муалифи бўлган. Илмий ишлари АҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва бошқа давлатларда чоп этилган.

1971 йилдан эътиборан илмий-педагогик фаолият билан шуғулланган.ТошДУ фалсафа кафедраси ўқитувчилигидан Фалсафа ва ҳуқуқ институти директорлигигача (1993 йилдан) бўлган йўлни босиб ўтган. 1994 йилда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши биринчи котиби этиб сайланган.

2000 йил январида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ислом Каримовга ягона муқобил рақиб бўлган.

2001 йилда Фалсафа ва ҳуқуқ институти директорлиги, 2003 йилда ХДП Марказий кенгаши биринчи котиблигидан озод этилган.

Асад Дилмурод (1947-2019)

Асад Дилмурод 1947 йил 20 июлда Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Қоратепа қишлоғида таваллуд топган. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида сиртдан таҳсил олган.

Илк ҳикоялар тўплами — «Осмоннинг бир парчаси» (1978). «Тош бургут» (1979), «Сирли зина» (1980), «Шердор» (1986), «Мулк» ва «Гириҳ» (1989), «Тоғлар, сукут сақламанг» (1987), «Оқ аждар сайёраси» (2000), «Мезон буржи» (2007) қиссалари, «Афросиёб сукунати» (1983), «Кўчки» (1991) каби китоблари нашр этилган.«Маҳмуд Торобий» (1998), «Фано даштидаги қуш» (2001), «Паҳлавон Муҳаммад» (2006),  “Ранг ва меҳвар” (2012) сингари романлар муаллифи.

Асад Дилмурод асарлари рус, украин, қозоқ, тожик, турк, уйғур тилларига таржима қилинган. “Девона” адабий сценарийси асосида бадиий фильм тасвирга туширилган (2003).

Абдували Қутбиддин (1960-2019)

Абдували Қутбиддин 1960 йил 20 июнда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини тугатган (1983). «Дўстлик» ордени билан мукофотланган (1997).

Самарқанд вилоят газетаси «Ленин йўли» (ҳозирги «Зарафшон») газетасида адабий ходим, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир, «Ёзувчи» нашриётида етакчи муҳаррир, бош муҳаррир бўлиб ишлаган.

Дастлабки шеърий тўплами — «Найсон» (1988). Шундан сўнг шоирнинг «Ҳумо» (1989), «Бахтли йил» (1991), «Хаёл кечаси» (1994), «Сен ва сен учун» (1996), «Узоқдан олисга» (2007) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

* * *

Шунингдек, 2019 йили профессор Собир Мирвалиев, шоир Сулаймон Раҳмон (1946-2019), Тошпўлат Аҳмад (1942-2019), Эътибор Охунова (1933-2019), Зиёдулла Нурматов, ёзувчи Адҳам Дамин (1951-2019), Илҳом Зойир (1961-2019), Суҳроб Муҳаммедов, журналист Мурод Абдулла, киносценарист Муҳаммаджон Хайруллаев бизларни тарк этди.