Профессор Жонс ва унинг ҳаммаслаклари фикрича, Америка маъмуриятидаги неоконсерваторлар гуруҳи терактлар ҳақида олдиндан маъмуломотга эга бўлган ва миноралар портлашига йўл қўйиб беришга Марказий разведка бошқармасини кўндирган. Мақсад эса қўпорувчилик ҳаракатларидан кейин саросимага тушиб қолган аҳолиниинг Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларни осонлик билан қўллаб-қувватлашига эришиш бўлган. «Биз самолётларни гаровга олган 19 нафар террорчи ва Афғонистон ғорларидаги уларнинг яна бир неча ҳамтовоғи бундай катта операцияни амалга оширганига ишонмаймиз ва, албатта, ҳақиқатнинг тагига етамиз», — дейди профессор Жонс.
Бундан роппа-роса 5 йил аввал — 2001 йилнинг 11 сентбярида АҚШнинг Ню-Ёрк ва Вашингтон шаҳарларида рўй берган фожиа ҳали ҳеч кимнинг ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Ўшанда маҳаллий рейсларда парвоз қилаётган тўрт самолёт террорчилар томонидан гаровга олинган ва Америка иқтисодий тараққиёти рамзига айланган 110 қаватли Жаҳон савдо маркази ҳамда Мудофаа вазирлиги биносига келиб урилган эди. Америка халқини том маънода саросима ва қўрқувга солган қўпорувчилик ҳаракатлари пайтида 3000 дан зиёд инсон қурбон бўлди.
Бу фожиа Қўшма Штатларга улкан иқтисодий йўқотишлар олиб келди. Мамлакат тарихида 1992 йилги Эндрю тўфони энг катта молиявий зарар келтирган табиий офат саналар эди. Ўшанда Америка иқтисодиётига 19,2 миллиард доллар зарар етган эди. 11 сентябр воқеалари туфайли юзага келган иқтисодий йўқотиш кўрсаткичи Эндрю тўфонидан ҳам ошиб кетди.
Терактлардан сўнг дунё авиасаноати жиддий иқтисодий инқирозларга дуч келди. Фожиа туфайли фақатгина Америка эмас, бутун дунё авиация компаниялари миллиардлаб доллар зарар кўрди. Мана орадан 5 йил ўтмоқдаки, бу йўқотишлар ўрни ҳали-ҳамон билинмоқда.
Кейинроқ самолётларни ўғирлаш ва портлатиш амалиётлари Усама бин Лодин раҳбарлигидаги «Ал-Қоида» террорчилик гуруҳининг 19 аъзоси томонидан амалга оширилгани аниқланди. Террорчиларнинг тирик қолган бир нечаси жазога тортилди, қўпорувчилар раҳбари Усама бин Лодин эса ҳали ҳам бутун дунё мамлакатларида қидирилмоқда.
11 сентябр воқеалари халқаро кузатувчилар томонидан нафақат Америка, бутун дунё замонавий тсивилизациясига қилинган таҳдид сифатида баҳоланди. Президент Жорж Бушнинг ўзи Ню-Ёрк ва Вашингтон терактларини жаҳон урушига қиёслади.
2001 йил 11 сентябр кунги терактлардан кейин АҚШ президенти Жорж Буш сайёрамиз миқёсида терроризмга қарши кураш кампаниясини эълон қилди. Ана шу шиор остида Афғонистон ва Ироқда йирик ҳарбий операциялар амалга оширилди.
Дарвоқе, 11 сентябр фожиаси халқаро майдонда жосуслик фаолияти етакчиси сифатида эътироф этиб келинган Марказий разведка бошқармаси, умуман, Американинг хавфсизликка масъул бўлган барча муассасалари нуфузини кескин тушириб юборди.
2001 йил 11 сентябрь. Фожиа солномаси
7.58. 175-рақам билан Бостондан Лос-Анжелесга йўл олган Унитед Аирлинес компаниясига қарашли Боиенг 767 самолёти террорчилар томонидан гаровга олинди. 56 йўловчи ва 9 нафар экипаж парвоз қилаётган самолёт йўналиши мажбурий равишда Ню-Ёрк шаҳри томон ўзгартирилди.
7.59. 11-рақам билан Бостондан Лос-Анжелесга йўл олган Америcан Аирлинес компаниясига тегишли яна бир Боиенг 767 самолёти гаровга олинди ва у ҳам Ню-Ёрк сари йўл олди. Самолёт бортида 81 йўловчи ҳамда 9 нафар экипаж аъзоси бор эди.
8.01. 93-тартиб рақамли Боиенг 767 русумли самолёт 38 нафар пассажир ва 7 та экипаж аъзоси билан Ню-Жерсидан Сан-Франтсиско томон парвоз қила бошлади.
8.10. Вашингтон халқаро аэропортидан 77-рақам билан Лос-Анжелес томон учаётган, бортида 58 йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлган Боиенг 767 гаровга олинди.
8.46. Бостондан Лос-Анжелесга 11-рақам билан парвоз қилаётган самолёт Жаҳон савдо марказининг шимолий минорасига келиб урилди. Мутахассислар эътирофига кўра, савдо маркази биносида бир пайтнинг ўзида 50 минггача одам бўлиши мумкин эди.
9.03. Бостондан Лос-Анжелесга 17-рақам билан учаётган Боиенг 767 самолёти Жаҳон савдо марказининг жанубий қисмига келиб урилди.
АҚШ Федерал авиация маъмурияти Ню-Ёрк аэропорти фаолиятини тўхтатди.
9.21. Ню-Ёркка олиб борадиган барча кўприк, туннель ва йўллар ёпилди.
9.25. Федерал авиация маъмурияти барча маҳаллий парвозларни тақиқлади.
9.45. Вашингтондан 77-рақам билан Лос-Анжелес томон учаётган самолёт АҚШ Мудофаа вазирлиги биноси — Пентагонга келиб урилди. Маълумот учун: мудофаа маъмурияти биносида жами 20 мингга яқин киши ишлар эди.
10.05. Жаҳон савдо марказининг жанубий қисми қулаб тушди.
10.05. Оқ уй ва пойтахт Вашингтондаги бошқа ҳукумат биноларида фаолият юритувчи барча ходимлар эвакуация қилинди.
10.10. Пентагоннинг самолёт келиб урилган қисми қулади.
10.10. Ню-Жерсидан Сан-Франтсиско томон 93-рақам билан парвоз қилаётган ва йўлда гаровга олинган самолёт йўловчиларнинг террорчиларга қаттиқ қаршилигидан сўнг Питсбург шаҳри яқинида ҳалокатга учради.
10.28. Савдо марказининг шимолий минораси ҳам ер билан яксон бўлди.
МАҚСАД ЯҚИН ШАРҚДАГИ УРУШ ЭДИМИ?
Дунёга ларзага солган фожиа юз берганига ҳам беш йил тўлди. Ана шу ўтган давр мобайнида минглаб инсонларни ёруғ оламдан олиб кетган терактлар хусусидаги баҳслар тинмади ва турли қарашларни илгари сурувчи мунозаралар ҳозир ҳам давом этмоқда. Сўнгги пайтларда Қўшма Штатларда Буш маъмурияти ва жосуслик хизмати 11 сентябр портлашлари хусусида олдиндан хабардор бўлган деган фикр билан чиқаётганлар кўпайиб бормоқда. Хўш, ҳақиқатан ҳам, разведка хизмати терактлар ҳақида маълумотга эга эдими? Унда нима учун қўпорувчилик олди олинмади? Нега ҳақиқат яширилди? Буюк Британиянинг «Дейли телеграф» (Даилй Телеграпҳ) газетасида эълон қилинган Индиана университети профессори Майкл ШЕЛДЕНнинг қуйидаги мақоласида шу ҳақда фикр юритилади.
Жаҳон савдо марказидаги терактлардан 5 йил ўтиб, 75 нафар Америка олимлари 11 сентябр хусусидаги ҳақиқат яширилганини таъкидлашмоқда. Ушбу фикрни илгари сураётган олимлар етакчиси Юта университети физика профессори Стивен Жонс савдо маркази қолдиқларини ўрганиб чиқди ва бинони қулатиш учун портловчи мосламадан фойдаланилган, деган хулосага келди.
Профессор Жонснинг фикрича, иккита самолётдан чиққан авиаёнилғи шундай улкан конструкцияни ер билан яксон қилиш қувватига эга эмас. Олимнинг тахминига кўра, иккала миноранинг ҳам стратегик нуқталарига портловчи ускуна ўрнатилган ва мослама самолётлар келиб урилган пайтда ҳаракатга келтирилган.
Профессор Жонс ва унинг ҳаммаслаклари фикрича, Америка маъмуриятидаги неоконсерваторлар гуруҳи терактлар ҳақида олдиндан маъмуломотга эга бўлган ва миноралар портлашига йўл қўйиб беришга Марказий разведка бошқармасини кўндирган. Мақсад эса қўпорувчилик ҳаракатларидан кейин саросимага тушиб қолган аҳолиниинг Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларни осонлик билан қўллаб-қувватлашига эришиш бўлган.
«Биз самолётларни гаровга олган 19 нафар террорчи ва Афғонистон ғорларидаги уларнинг яна бир неча ҳамтовоғи бундай катта операцияни амалга оширганига ишонмаймиз ва, албатта, ҳақиқатнинг тагига етамиз», — дейди профессор Жонс.
Аҳолида бу ҳақда раҳбарият олдиндан билган ва зарур чорани кўрмаган деган қарашнинг шаклланишида Жорж Буш маъмуриятининг ҳам ҳиссаси бор. Чунки маъмурият томонидан терактлар муносабати билан текширувнинг ўта махфий олиб борилгани ва жамоатчиликка бу ҳақда ёлғон афсонаю ривоятларнинг ҳикоя қилингани профессор Жонс ва унинг ҳамфикрлари кабиларга маънавий қўллаб-қувватлаш бўлгани аниқ.
Бошқа томондан, ҳукумат вакилларининг фожиа борасида кескин муболағали баёнотлар бергани, мисол учун, дастлабки кунларда Ню-Ёрк ва Вашингтондаги портлашлар пайтида 20 мингдан зиёд киши ҳалок бўлгани тўғрисида расмий маълумот тарқатилгани ҳам вазиятга таъсир этмай қолмади.
Мамлакатнинг шимолий-шарқий кичик бурчагида тўрт самолётнинг гаровга олингани туфайли 3 минг мил радиусдаги бутун фуқаро авиацияси бир неча кунга тўхтатиб қўйилди. Аэропортларда қуролланган аскарлар кўпайгандан кўпайди ва ўнлаб айбсиз инсонлар гумон билан, ҳеч қандай айб эълон қилинмасдан қамоққа олинди. Энг маънисиз ва натижасиз жиҳати шуки, мамлакатда Ироқ ядро ва кимёвий қуролларга эга экани, бу эса янги терактлар тўлқинини бошлаши мумкинлиги тўғрисида хавотирли овозалар оралаб қолди.
Бундай иддаолар ҳам республикачилар, ҳам демократлар томонидан илгари сурилди. Улар худди осмон ерга қулаётгандай ўйлаб ҳам ўтирмай, саросима ва ваҳимага тўлган ҳолатда тасаввурдаги душманга ташланишди.
Президент ва конгресс Яқин Шарқдаги урушни фақатгина олдиндан режалаштирилгани туфайли бошламади. Асл гап шундаки, агар эски тарихий усулда душман давлат устидан ғалаба қилинмаганда, фожиа келтирган саросима ва қўрқув тарқамаган бўларди.
Хуллас, беш йилдан буён олиб борилаётган уруш қуёшли сентябр кунида 19 кишининг самолётларни гаровга олишига тўсқинлик қилолмаслик айби учун жуда ҳам қимматлик қилади.
«Ҳуррият» газетасидан олинди.