Турсунбой Адашбоев: “Биз жаҳонга тенглашяпмиз, жаҳон ҳам бизга тенглашсин” (2013)

Атоқли болалар шоири Турсунбой Адашбоевнинг китоблари, дарсликларда босилган асарлари деярли барча ўзбек хонадонига кириб борган. Шоир узоқ йиллардан бери болалар учун ижод қилади, уларга атаб хрестоматиялар, антологиялар тузади, таржималарни амалга оширади, ҳатто пародиялар ёзишга ҳам вақт топади. У ҳали-ҳануз адабиётимиз равнақи йўлидаги куйди-пишдилиги билан кўпчиликка ибрат бўлиб келаётир.

Апрел ойининг бошида нишонланадиган Халқаро болалар китоби куни арафасида адиб билан учрашиб суҳбатлашганимизда ўзбек болалар адабиётининг жаҳон миқёсидаги обрў-эътибори, бу борада янада юксакроқ чўққиларга эришиш лозимлиги, умуман, ижодкорлар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида фикрлашдик. ­Қуйида шу суҳбатни диққатингизга ҳавола этаяпмиз.

— Турсунбой ака, болалар китобхонлиги масаласи бугунги кунда нафақат бизда, балки жаҳондаги аксарият давлатларда ҳам ёш авлод таълим-тарбиясидаги энг эътиборталаб муаммога айлангани сир эмас. Бунинг сабабларини нимада кўрасиз?

— Қўлида китоб кўтарган, диққат билан китоб варақлаётган, ўқиётган болани кўрсам беихтиёр қувониб кетаман. Бу менга нурга, зиёга интилиб бўй чўзаётган ниҳолни эслатади. “Китоб — офтоб”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Маърифат ва зиёнинг манбаи барча ­замонларда китоб бўлиб келган, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Халқаро болалар китоби куни нафақат болалар ёзувчилари, шоирларининг, шунингдек, маърифат аҳлининг, фарзанди камоли йўлида заҳмат чекаётган ота-оналарнинг, айниқса, китобга ошно тутинган болажонларимизнинг байрами. Бу кун баҳонасида ёш авлодга китобхонликни қанчалик тарғиб-ташвиқ этсак, истиқболимиз эгалари қалби шунчалик ёришади, ақли қувват олади, онги равшан тортади. Бугун бу барчамизнинг вазифамизгина бўлиб қолмай, бурчимизга айланди.

Нега десангиз, ҳозирги замоннинг шиддатли оқими, тараққиёт ёш авлодни китобдан, китобхонликдан чалғитадиган кўпдан-кўп воситаларни юзага келтирди. ­Компютер дейсизми, интернет дейсизми… Бундай техник қулайликлар ҳам фойдадан холи эмас, бироқ улар болани китоб мутолаасидан чалғитмаслиги, вақтини “ўғирламаслиги” керак. Бу ғоят долзарб муаммо биз ижодкорлар, китоб тарғиботчиларига ҳам катта масъулият юклайди. Шу маънода бугунги кунга келиб китобхонлик масаласи болалар таълим-тарбиясида ўтган замонлардагидан кўра муҳим, долзарб аҳамият касб этаётир.

— “Ўтган замонларда”, деб бошланадиган эртакларга муқояса қилиб айтсак, тўрт тарафи тоғлар ­билан ўралган Сафед Булон деб аталмиш бир қишлоқ бор экан, шу қишлоқда туғилиб ўсиб, болалиги уруш йилларига тўғри келган Турсунбой исмли бола китоб ўқишни жуда севар экан… Хуллас, тоғлар қўйнида ўсиб-улғайган ўша болакайнинг қалбида китобга муҳаббат қаердан ­пайдо бўлган?

— Эртакнамо саволингизга жавоб шундай: тўғри айтдингиз, қишлоғимиз тоғлар бағрида жойлашган. Бироқ бир ­пайтлар пахта экилиб, гектаридан 8–10 центнердан ҳосил олинарди. Октябр ойларида қор тушгач, кўсакларнинг пахтаси қуритилиб давлатга топшириларди. Арзимаган пахтани деб талай боғу роғларнинг кули кўкка совурилган. Қишлоғимиз аҳли оқшомлари чойхона ва клубларда кўсак чувишар, уларга халқ достонларини улуғ оғам Давронбой Шобдонов билан биргаликда навбат билан ўқиб берардик. Раисимиз марҳум Абдуллажон Шаитов ўта тадбиркор, китобнинг қадрига етадиган инсон эди. Ўша кишининг даъвати билан икки йил қиш мавсумида «Гўрўғли», «Алпомиш», «Кунтуғмиш», «Равшанхон» ва «Зулфизар» достонларини овулдошларимизга ўқиб берганмиз. Раисимиз Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» асарини ёддан билгани учун 1980 йили май ойида таниқли олим Малик Муродов уни Абдуллажон аканинг тилидан магнит лентасига ёзиб олганди… Қисқаси, бешинчи синфда ўқиётганимдан тортиб достонлар, эртаклар оламига шўнғиб кетгандим. Иккинчи жаҳон урушидан ­кейинги оғир йилларда элимиз ўта қийин аҳволда кун кечирган. Мен тегирмончи бўлиш орзуси билан яшардим.

Кунларнинг бирида устоз Ғайратийнинг «Қулоқчин» номли шеърий эртаги қўлимга тушиб қолди. Унда тасвирланган воқеа жуда ҳаётий эди. Кеч куз, боғбон дов-дарахтларни бутагач, қалпоғи шохда қолиб кетади. Қалпоқ шохдан-шохга чопқилаб юрган олмахонга тайёр бошпана… Хуллас, устоз Ғайратийга тақлид қилиб анча машқлар қоралаганман. Қолаверса, халқ достонларининг таъсири туфайли адабиётга қизиқишим ошган.

— Устоз Ғайратийни эсладингиз. Дарҳақиқат, ёш қаламкашнинг ижод майдонида ўз йўлини топишида устознинг ўрни, хизмати беқиёс. Кимлар сизнинг қўлингиздан тутиб, устозлик қилган?

— 1958 йилнинг апрел ойида Миртемир домла «Манас» эпосини таржима қилиш ниятида Қирғизистонга борганида, икки ҳафта у кишига ҳамроҳлик қилганман. Болаларга аталган машқларимни ўқиб кўрган устоз кичкинтойларнинг улкан, ўта талабчан шоири Қудрат Ҳикмат билан таништирган. Ҳар икки устозим менга валинеъматлик қилмаганда, адабиётимизнинг мухлиси бўлиб юраверардим.

Шу ўринда бир гапни айтиб ўтай. Бугун адабиётга кириб келаётган ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликларни бизнинг авлод тушида ҳам кўрмаган. Гап энди ёшларнинг ўзида қолган.

— Болаларга атаб шеър ёзиш, асар яратиш ҳар қандай ижодкорнинг ҳам қўлидан келаверадиган иш эмас. Шу ўринда атоқли рус шоири Самуил Маршакнинг бир қочиримли гапи эсга тушади: «Кичкина соат ясаш каттасини ясашдан кўра осон, деб ким айтди?!». Майли, ёзиш-ку ўз йўлига, бироқ болаларда китобхонликка, мутолаага иштиёқ уйғониши, бадиий асарни тушуниб, танлаб ўқиб қабул қилиши ҳам катта ёшлиларга қараганда ­бошқача кечади…

— Маршак тўғри айтган. Кичкинтойлар учун асар ёзиш – ўта нозик ва қийин юмуш бўлгани учун ҳам бу соҳанинг вакиллари бармоқ билан санарли даражада. Яқин ўтмишда катталарга шеър ёзишни эплолмаганларга «Болаларга атаб асарлар ёзиб, ўзингизни бир синаб кўринг» қабилида маслаҳат бериларди. Шеърни ифодали ўқишда, уни ёдлашда гап кўп. Минг афсуски, аксар мактабларда ўқувчиларнинг шеър ёдлаш, ифодали ўқишга бўлган қизиқиши урфдан чиқиб бораяпти.

Дунё халқлари тилларида яратилган болалар адабиётининг кўплаб нодир намуналари она тилимизга таржима қилинган. Бироқ ўзбек ­болалар ёзувчи ва шоирлари асарлари орасида жаҳон халқлари тилларига ўгирилганлари кам. Бу ҳолни қандай изоҳлайсиз? Дунё болаларига тақдим этишга арзийдиган асарларимиз камми ёки моҳир таржимонлар тақчилми?

— Ўзбек болалар адабиётида, хусусан, прозада ҳам, шеъриятда ҳам жаҳон болаларига ҳеч иккиланмай тақдим этишга арзийдиган асарлар талайгина. Муҳаммад Шариф Гулханий, Абдулла Авлоний, Ғафур Ғуломлардан тортиб Анвар Обиджон, Кавсар Турдиева, Абдураҳмон ­Акбаргача ўнлаб атоқли, таниқли ўзбек болалар ёзувчилари, ­шоирларининг асарлари жаҳон болалар адабиёти хазинасини бойитишига ҳечам шубҳаланмайман. Аммо, афсуски, Худойберди ­аканинг бир-икки асарини айтмаганда, дунё миқёсига чиққан китобларимиз жуда оз. Тўғри, қардош халқлар тилларига таржима қилинган намуналар ­бисёр. Бироқ бу жаҳон миқёсига ­чиққанимизни англатмайди.

Жаҳон халқлари болалар адабиёти энг сара намуналарининг она тилимизга таржималаридан қониқиш ҳосил қилиш мумкин. Дейлик, Шарл Перро, Даниел Дефо, Жонатан Свифт, ака-ука Гриммлар, Ханс Кристиан Андерсен, Лев Толстой, Корней Чуковский, хуллас, жуда кўплаб чет эл болалар адабиёти намояндаларининг энг машҳур асарлари аллақачон она тилимизга ўгирилиб, кўп нусхаларда нашр этилган. Бу борада биз жаҳонга тенглашиб олганмиз, энди жаҳон ҳам бизга ­тенглашиб олиши керак.

Бугунги адабий жараёнда бўй кўрсатаётган ўзгариш ва янгиланишлардан умидим катта. Ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини жаҳон тилларига таржима қилиш ишлари изга тушаётир, сафимизга истеъдодли ёш таржимонлар келиб қўшилаётир. Ёзувчилар уюшмаси бу изланишларнинг изчиллигини таъминлашга қаттиқ бел боғлаган. Умид қиламизки, ўзимиздан етишиб чиққан ёш таржимонлар дастлабки қадамларини айнан ўзбек болалар адабиёти намуналарини хорижий тилларга ўгиришдан бошласалар.

— Сиз кўп йиллардан бери пародия жанрида ҳам қалам тебратиб ­келасиз. Бироқ негадир пародиянинг мухлиси, ўқувчилари кўп-у, аммо ­пародия ёзадиганлар камчил. Пародия­лардан таркиб топган ­китоблар эса, деярли йўқ. Шу маънода ўтган йили «Шарқ» ­нашриётда чоп этилган “Пародиялар” китобингиз ўқувчиларга яхши совға бўлди…

— Пародия ҳамиша адабиёт мухлисларни қизиқтириб келган. Шеърият ­кечаларида Ғафур Ғулом, Миртемир, Шайхзода сингари улуғларимиз ўзларига ёзилган «Ким қандай ёзар эди?» қабилидаги тақлид-пародияларни ­Анвар Эшонов, Юсуф Шомансурлар ижросида эшитишни хуш кўришарди. Ўки Эркин аканинг устоз Шукрулло ва Сайёр акага аталган закиёна ҳазилларини ­унутиб бўладими?! Устоз ва оғаларим таъсирида мен ҳам баҳолиқудрат бу ­жанрда қалам тебратиб ­келаяпман.

Бу жанр Европада аллақачон адабиёт­нинг мустақил йўналишига ­айланган. Айниқса, рус адабиётида юксак чўққиларга кўтарилган. Пушкин, Есенин замонларида ва улардан кейин ҳам бутун бир авлод вакиллари бир-биридан гўзал тақлидлар тўпламларини яратишган. Қардошларимиздан қирғиз шоири Туқтасун Самудинов, қозоқ биродарим Копен Амирбековни мазкур жанрнинг усталари деб биламан. Хуллас, бу жанр ўзимизни тафтиш қилиб туришда тенги йўқ.

Ўзбек адабиётида пародия негадир ўз ўрнини топмаётир. Дўстимиз марҳум Ўткир Саидов талай пухта тақлидлар яратди. Абдураззоқ Обрўев ҳозирча «таътил»да. Менталитетимизга кўра, биз жуда андишалимиз. Бир-биримизни ранжитмасликнинг турли йўлларини излаймиз. Баъзи эътиборли нашрларда алаҳсирашга ўхшаган «жўқича туркумлар» босилиб турган бўлса-да, кўриб-кўрмасликка оламиз. Айрим қўшиқларнинг матнлари одамнинг ғашини келтиради.

Адабиёт холис ижодий мусобақа майдони, ўпкалашнинг ўрнига сўзнинг маъносига етиб ишлатишни ўрганишимиз керак. Муаллифнинг шахсига тегмай шеърида йўл қўйган қусурлар юмор йўли билан тақлид қилингани маъқул. Каминага совға қилинган китобларда «Пародия ёзмаслик шарти билан», деган дастхатлар ҳам учрайди. Маза-матрасиз шеърлар бозори қизиган пайтда томошабин бўлиб турсак китобхонлар кечирмайди.

— Мени яна бир савол жуда қизиқтиради. Бир ижодкор сифатидаги тиниб-тинчимайсиз: таржималар қиласиз, китоблар — хрестоматиялар, антологиялар, қўлланма-дарсликлар тайёрлайсиз, чоп эттирасиз, ёш истеъдодларга адабиётда ўз йўлини топиб олишларида кўмаклашасиз… Етмиш ёшдан ошганда бу ғайрат-шижоатни қаердан олаяпсиз?

— Ижодимнинг асосий қаҳрамонлари болалар. Демак, тиниб-тинчимаслик хислати улардан юққан. Вилоятларда яшаб, кичкинтойларга пухта шеърлар ёзаётган укаларимга ёрдам бермасам, инсофдан бўлмас.

Бир вақтлар халқона термалардан руҳланиб, олти сатрдан иборат ҳазил шеър ёзгандим. Янги пародиялар китобимга уни илова қилмоқчиман. Рухсат этсангиз, суҳбатимизни шу ҳазил шеър билан якунласак:

Пародия ёзмайман эрмак учун,
Ёлғон-яшиқ гапларни термак учун.
Пародия ёзаман, азизларим,
Ошланмаган терини кермак учун.
Сўзнинг қадрин билмаган «доноларга»,
Нордонгина маслаҳат бермак учун.

                                                                  Музаффар Аҳмад суҳбатлашди.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 13-сонидан олинди.