Шахсан мен Йўлчининг тупроғи тўпиққа чиқадиган кўчалардан яланг- оёқ юриб, қишлоқдан шаҳарга келишини ҳам айнан ўз ҳаётимга ўхшатардим. Чунки болалик пайтимизда отамиз бой бўлгани учун бор мол-мулкимизни шўролар тортиб олган, қиш кунида бизни иссиқ уйимиздан қувиб чиқариб бадарға қилганди.
Ёшлик йилларимизда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби Ёзувчиларнинг асарларини ўқишдан бутунлай маҳрум этилган эдик. Мабодо баъзи ихлосмандлар “Ўтган кунлар” ёки “Кеча ва кундуз” романларини яширинча ўқиётган пайтда қўлга тушса, қатағонга учрарди.
Халқимизнинг таниқли Ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг салмоқли романлари, бир-биридан ширали қисса ва ҳикоялари китобхонларнинг севимли асарларига айланганлиги шубҳасиз.
Айниқса, ёшларга бағишланган “Уч илдиз” асарига устоз Абдулла Қаҳҳор юксак баҳо берган бўлса, русча таржимасини ўқиган буюк қозоқ адиби Мухтор Авезов Москвада бўлиб ўтган «Ўзбек адабиёти ва санъати кунлари”да ушбу асарни нотўғри талқин қилган ва унга ўринсиз айб қўйган Анна Караваеванинг таърифлари хато эканлигини ишонарли далиллар билан исботлаб берганлиги Ёзувчининг кейинги асарларининг ёзилишига туртки бўлган десак муболаға бўлмайди.
Адиб шундан кейин “Қадрим”, “Eрк” қиссалари, “Яйра институтга кирмоқчи”, “Мерос”, “Ботирлар ва бахиллар” асарлари, “Қора кўзлар” романини яратди. Уларда ўз даврининг жозибали ёш қаҳрамонлари қандай шаклланганлиги ҳақида ҳикоя қилиб, уларнинг ҳаётини бугунги авлод вакилларига ибрат бўладиган лавҳаларда ҳаққоний тасвирлаб берган.
Пиримқул Қодировнинг сўнгги ўн йил давомида ёзган “Она лочин видоси” романида Амир Темурнинг суюкли ўғли Шохруҳ ва келини Гавҳаршодбегим билан боғлиқ воқеалар қаламга олинган. Асардаги Улуғбек Мирзо, Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий ёшлик давридаги жасорат ва истеъдодлари ҳам ўқувчида ёрқин таассурот қолдиради.
Қирқ беш йилдан бери чоп этилган деярли барча асарлари ёшларга бағишланган улуғ Ёзувчининг ижодхонасига ташриф буюрар эканмиз, айни пайтда янги асарлари ва эсдаликларини тўплаб, китоб ҳолда нашрга тайёрлаётган адибни дилдан суҳбатга тортдик.
— Пиримқул ака, асосан барча асарларингизда ёшлик салтанатининг ибратли қаҳрамонларини меҳр билан кўрсатган ва бу меҳрни ўқувчилар қалбига етиб борадиган тарзда маҳорат билан ифода этгансизки, беихтиёр асарларингиз худди ҳаётингизнинг бир парчасига ўхшаб кетади. Келинг, бугунги суҳбатимизни ҳам болалигингиз қандай кечганлиги ҳақидаги ўй-кечинмаларингиздан бошласак…
— Болалигим, ёшлигим… О, қанча йиллар ўтди. Аммо, рости, худди кечаги кундек. Бундан олтмиш беш йил муқаддам 7-синфни битираётган пайтларимда “Қутлуғ қон” романини қанчалик таъсирланиб ўқиганим ҳалигача ёдимдан чиқмайди. Китобдан олган ёрқин таассуротларим уни ўқиган жойимнинг манзаралари билан бирга ҳамон кўз ўнгимда турибди.
Биз бир боғот жойнинг қўрғончасида турардик. Май ойининг охирлари, боғдаги токлар қийғос гуллаган пайт. Қўрғончада сигир ва эчкилар бор, уларга ўт ўриш, анча узоқдаги ариқдан челакда сув ташиб келиш биз каби дастёрларнинг зиммасида эди. Лекин китоб ўқишимга халақит бермасликлари учун токзорнинг нариги четидаги пана бир жойга яшириниб олар эдим. Онам бир неча марта қўрғончадан чиқиб мени чақирар, лекин ўзимни эшитмаганга солиб, китоб ўқишда давом этардим.
Шахсан мен Йўлчининг тупроғи тўпиққа чиқадиган кўчалардан яланг- оёқ юриб, қишлоқдан шаҳарга келишини ҳам айнан ўз ҳаётимга ўхшатардим. Чунки болалик пайтимизда отамиз бой бўлгани учун бор мол-мулкимизни шўролар тортиб олган, қиш кунида бизни иссиқ уйимиздан қувиб чиқариб бадарға қилганди.
Ёшлик йилларимизда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби Ёзувчиларнинг асарларини ўқишдан бутунлай маҳрум этилган эдик. Мабодо баъзи ихлосмандлар “Ўтган кунлар” ёки “Кеча ва кундуз” романларини яширинча ўқиётган пайтда қўлга тушса, қатағонга учрарди.
Ўша йилларда биз талабалар суюкли устозларимизга ноҳақ отилган маломат тошларидан қаттиқ изтироб чекканмиз. Бу изтиробларимни “Уч илдиз” романида Маҳкам ва Очил каби ёшлар навқирон, суюкли домлалари профессор Абдураҳмон Тошев ва дотсент Темур Акбаровлар томонидан тургани, уларга туҳмат қилган бахилларга қарши курашган лавҳалар орқали кўрсатишга ҳаракат қилганман. Ўрни келганда айтиш жоиз: талабалар севадиган профессор Тошев образида мен Ойбекни назарда тутган эдим. Отаси темирчи бўлган Темур Акбаровни тасвир этганда устоз Абдулла Қаҳҳор кўз олдимда турган эди.
— Асарларингиз ичида сизга довруғ келтирган “Юлдузли тунлар” романини ҳаяжон билан ўқимаган китобхон топилмаса керак. Айнан Бобурга мурожаат қилишингизга нима сабабчи бўлган?
— Бобурдан бошлаганим тўғри бўлган экан, деб ўйлайман. Чунки Амир Темур тажрибасини энг чуқур ўрганган ва давом эттирган темурийзода менимча Бобурдир. Мирзо Бобур “Темур тузуклари”ни чуқур ўрганган ҳамда вафотидан олдин ўғли Ҳумоюнга ёзган махфий васиятномасида “Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг иш юритишлари доимо ёдингда бўлсин. Шунда давлатинг маъмур ва пухта бўлади”, деб тайинлайди. Ҳақиқатдан Бобурнинг ўзи бутун ҳаёти давомида Амир Темурнинг тузукларидаги пурмаъно сўзлардан жуда кўп ибрат олган. Даҳо даражасидаги талант нуқтаи назаридан қараганда, Амир Темурга ирсий ворис ва яқин авлод Бобур Мирзо деб айтиш мумкин. Шунинг учун Бобур Мирзо Ҳиндистонда бошлаб берган Бобурийлар сулоласи 332 йил умр кўрган.
— “Амир Темур сиймоси” номли илмий-тарихий асарингиз эса Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 16 йиллик арафасида ўтказилган “Eнг улуғ, энг азиз” кўрик-танловида биринчи ўринга сазовор бўлганлиги адабиёт аҳлини қувонтирди. Сиз ушбу асарингиз орқали олдингизга қўйган мақсадга эришдингизми?
— Қанчалик эришганимни китобхонлар айтсинлар. Мен ўзим шу асарни катта қизиқиш ва меҳр билан ёздим. Агар шу меҳрни китобхонлар қалбига етказиб бера олган бўлсам, ўз мақсадимга маълум даражада эришдим, деб ўйлайман.
— Бироқ Соҳибқирон Амир Темур ҳақида ёзилган асарларда турли хил фактларга дуч келамиз. Жумладан, айрим бадиий асарларда 1370 йил Балхда Ҳиндувон қалъасини забт этишда Жаҳонгир Мирзони етакчи қаҳрамон қилиб тасвирланган бўлса, Низомиддин Шомий ва Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида бу жасоратни Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх Мирзога хос деб қайд этган. Бу бадиий тўқимами ёки англашилмовчилик?
— Бадиий тўқимада шундай ўзгаришлар қилиш мумкин. Аммо мен Умаршайх Мирзони аслидек қилиб, ярадор пайтида ўзини бардам тутгани тарихий манбаларда қандай бўлса, шундай кўрсатганман. Умуман, Темурийлар ҳақида шу қадар тўқима нарсалар кўпки, уларни мен мумкин қадар четлаб ўтдим ва манбаларда аниқ кўрсатилган фактларга асосландим. Ўйлайманки, китобхонлар бундай йўлни кўпроқ қадрлайдилар.
— Умр — карвон, бироқ одамда ёшлик эҳтироси ҳеч қачон сўнмайди. Ҳаётингиздаги энг бахтли чоғларингизни унутилмас эсдаликлари билан сирлашсак…
— Бундан эллик беш йил аввал мен 19 ёшли талаба бўлган кезларда газеталарга лавҳалар ёзиб юрардим. Ўша йилнинг август ойида ёшлар газетаси менга бир топшириқ берди.
Самарқандда 7-синфни битирган ўқувчи қиз Москвадаги гимнастика мусобақаларига қатнашиб, яхши баҳо олибди. Ҳозир шу қиз Чирчиқдан беридаги Троитск деб аталадиган спорт мактабида, тез бориб у билан суҳбат уюштириб келинг, дейишди. Юриб чарчамайдиган йигит пайтимиз. Ўша куниёқ айтилган жойни топиб бордим. Ўқувчи қизни чақириб беришди. Суҳбатлашдик. Гаплари маънили, ўзини катталардек вазмин тутади. Жуссаси кичикроқ, аммо пишиқ. Суҳбатимиз пайтида мактабни битирсам, балки Тошкентга ўқишга бораман, дегани ёдимда қолди.
1950 йили мен университетнинг 5-курсида ўқий бошлаган кунларим шарқшунослик факултетининг 1-курсига олтин медал билан имтиҳонсиз кирган ёшлар даврасида ўша қизни кўриб қолдим.
Ўша йили кузда менинг “Студентлар” деган биринчи китобчам нашр этилди. Бу китобнинг тақдимотида сирли тилакларимга сабабчи бўлган ўша София исмли қиз ҳам иштирок этди.
Тақдир тақозоси деганлари шуми, балки тасодифдир, қарангки, келгуси 1951 йилнинг янги йил кечасини бўлажак умр йўлдошим София билан бир дастурхон атрофида кутиб олдик.
— Юқорида суҳбатимизни ёшларга бағишланган асарларингиздан бошлагандик. Устоз, 2008 йил “Ёшлар йили”га бағишлаб китобхонлар учун қандай туҳфа тайёрладингиз?
— Юқорида тўғри айтганингиздек, ёшлар — мен ёзган асарларимнинг бош қаҳрамонларига айланганлиги тасодиф эмас. Чунки келажагимиз ёшлар қўлида. Уларни қўллаб-қувватлаганимиз порлоқ истиқбол яратишнинг энг синалган воситасидир. Шу фикрлардан келиб чиқиб, шўро даврида ёзилган “Қадрим” деган қиссани қайтадан ишлаб чиқдим. Афсонани эслатадиган асардаги шиддатли воқеалар жараёнида қишлоқдан газ конларига келиб ишлаётган икки қалб — Искандар ва Зулайҳонинг мактабда бирга ўқиган пайтларидан бошланган муҳаббатлари халоскор бир кучга айланади. “Қадрим” қиссасининг янги нашри бугунги ёшларга ҳам ибрат бўлади, деб умид қиламан.
Адиба Умирова суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).