Фармон Тошев. Кечиккан байрам (ҳикоя)

Бу сафар янги йил арафасида Акмал дўх­тир­нинг омади келди: байрам оқшоми навбатчилик қи­лишдан қутулиб қолди, бу иш бошқа врач чекига тушди. Шу боис у ҳамкасблари билан хайрлашгач, тушдан кейин бозорликни ўзгача иштиёқ ва дид билан қилди, айниқса мева-чевани эринмасдан саралаб олди, хотини Шоҳистанинг «катталарингизга Худо қандай инсоф берди» деган киноясига эса «сизнинг оҳу зорингиз дилини юмшатган-да» деб ҳазил аралаш жавоб бериб қўяқолди. Рафиқасининг хурсанд бўлиб, дастурхон тузатаётганидан завқланиб яна гап қўшди:
– Қаранг, бир ҳафталик қуруқ совуқдан кейин қор ҳам ёға бошлади. Буям сиз учун, аяси…
Беш йилдан бери эрининг оила даврасида илк бор ўтириши мумкинлигидан дили таскин топган бўлса-да, Шоҳиста ичидаги гапни яшира олмади:
– Лекин, билиб қўйинг, бу оқшом биз билан бў­ласиз, қўшни ёки ўртоқларникига табриклашга бо­риш йўқ, хўпми?
– Хўп-хўп, хотинбой, осмон узилиб ерга тушса ҳам шу бугун уйдан чиқмайман. Сизнинг гапингизни икки қилгунча саккизта, боринг-ей, ана, саксонта шайтоннинг бўйни чирт узилиб тушсин!
Ҳаётнинг қизиғи шундаки, у инсоннинг измида юрмайди. «Нонни катта тишласанг ҳам гапни катта гапирма», деб бежиз айтишмаган экан. Бу гал ҳам шундай бўлди. Аниқроғи, эр-хотин ўртасидаги ўша қизғин гап устида эшик қўнғироғи жиринглади. Хотинининг «ана, бошланди, оғир касал келди, бормасангиз бўлмайди, деб келишган» дейиши баробарида Акмал «оббо, шу шайтон қурғур ҳақида бекор гапирдим-ов» деб ўзича пичирлаб қўйди.
Эрининг эшик ортида ким биландир узоқ гап­лашганидан хавотир олган хотин унинг уйга жиддий қиёфада кириб келишидан ташвишланди:
– Яна ўша гапми, ҳозиргина навбатчиликдан қу­тилдим деган эдингиз, нима, сиздан бошқа врач йўқми касалхонада?
– Ҳовлиқманг, хотин, булар Китобдан келишибди. Шогирдим. Оғайнисининг ҳомиладор хотини жуда оғир экан. Ичида йиринг бор эмиш. Операция қилмаса бўлмайди. Ўзининг кучи етмаяпти.
– Оғайнингизнинг ҳуши жойидами? Китоб қаер­даю, Самарқанд қаерда, шу об-ҳавода довондан ўтиб бўларканми?
Хотинининг жаврашига қарамасдан Акмал ётоқ­хонага ўтиб кийина бошлади.
– Шоҳиста, мана, қаранг, соат беш бўлди. Насиб этса, 4-5 соатда қайтиб келаман. Янги «Нексия»да келишибди, йўлдан хавотир олманг. Кўрасиз, соат ўн иккида икковимиз сиз тузаган стол атрофида шампан виноси ичамиз. Хотинининг чеҳрасини очиш учун қўшиб қўйди:
– Гиппократ номи билан қасам ичаман…
Аслида-ку бу ҳолат янгилик эмас, боз устига эрининг характерини яхши билгани учун жаҳли чиқиб турган Шоҳиста самимий ҳазилдан сўнг ҳовуридан тушди, ҳатто зарур нарсаларни олишда унга кўмаклашди.
Очиғи, Акмал ҳамқишлоғи, яқин шогирдининг ил­­тимосини рад эта олмади. Йўл азобини рулда ўтир­ган ҳайдовчи тортган бўлса бордир, бироқ дўх­­­тир уч соат ҳамроҳи билан касаллик тарихини му­­ҳокама қил­ди, таҳлиллар натижаси юзасидан йўл-йўлакай уяли телефон орқали тажрибали ҳам­касб­ларидан масла­ҳат олиб борди. Фақат бир ерда – Тахтиқорача довонидан нариги томонга тушишда ма­шина сирпаниб, йўл ёқасига чиқиб кетганида ҳам­ма қатори «вой» деб ёқасига тупуриб қўйди, ичида «фалокатдан асрасин» деб пичирлади.
Қишлоқ шифохонасига келиб бемор аҳволини кўргач, бу ерда йўл азобидан минг чандон оғир ҳо­латга дуч келди. Йигирма беш ёшдаги аёл деярли ҳушсиз ётарди. Ҳомила тўққиз ойлик, лекин қорин бўшлиғида сув йиғилиб, йиринглаш бошланган. Вазият шу қадар қалтиски, ҳатто тананинг ортиқча қи­мирлашидан ҳам ичак ёрилиши, ҳомилани ҳам, онани ҳам нобуд қилиши мумкин. Бунинг устига Самарқанддаги каби ёнида тажрибали ҳамкасблари ҳам йўқ. Ўзи хулоса чиқариб, ўзи операция қилиши керак.
Тўғри, анализлар олинган, лекин қалтис қи­мир­­латиб қўйса нима бўлади? Наркозни кўтара олмаса-чи? Нима қилиш керак? Хаёлида минг битта фикр курашади. Лекин шунча йўл босиб келди, тажрибали дўхтир деган номи бор. Ҳамманинг умиди унда.
Шу пайт хонага бир қария кириб келди. Шу ерлик шифокорлар худди келишиб қўйгандек бирин-кетин чиқиб кетишди.
– Ука, – деди у, – барака топ, шу аёлга ёрдам бер.
– Отахон, қизингизнинг тақдири Аллоҳнинг қў­лида. Операция натижасига кафолат бера олмайман.
– Берасан, кафолат бера оласан, ука. Сен ҳақ­да эшитганман. Шогирдингни мен юборгандим. Бу аёл эса… қизим эмас, хотиним. Биринчи марта фарзанд кўраяпман. Шу бахтдан бенасиб қолмай қариганда, иним, сени хурсанд қилишга қудратим етади, йўқ дема.
Акмал бошини кафтлари орасига олиб жимиб қолди. Ўн беш йилдан бери кўп марта оғир жар­роҳлик операцияларига қўл урган. Аммо бу хилдагисига биринчи бор дуч келиши. Чолнинг илтижоси хаёлини чувалатиб юборди.
– Шавкат!
У беихтиёр баланд овозда шогирдини чақириб қолди. Аслида эшик ортида турган ҳамма шифокорлар шу чорловни интиқлик билан кутиб туришарди. Шавкат ичкарига кириб очиқ эшик олдида тураверди. Нафас олишга ҳам чўчийди. Ана шу бир-икки дақиқа Акмал учун қатъий қарор қилишга етарли бўлди.
– Беморни ҳам, жамоани ҳам операцияга тайёрланг, фақат тезроқ! Отахон, қани, яхши ният билан фотиҳа беринг…
– Раҳмат, иним, бор экансану, илоё Яратганнинг ўзи мадад берсин!
Жамоадаги иштиёқ Акмалга ишонч бағишлади. Имо-ишорадаёқ ҳар бир ускунани тайёр қилишди. Нимага қўл теккизмасин, кўз олдида чолнинг илтижоли сиймоси гавдаланаверади: «Қариганда шу бахтдан бенасиб қолмай…» Энди унинг миясида битта фикр чарх уради – нима бўлса-да онани ҳам, болани ҳам асраб қолиш керак!
Қишнинг чилласи бўлишига қарамасдан жиққа терга тушди. Қўл-оёғи, бутун вужуди кўзга айланди. Битта ҳамшира жарроҳ юзидаги терни артиш билан овора бўлди.
Беш соат! Жарроҳлик хонасидаги ана шу муддат ичида чинакам ҳаёт-мамот учун кураш кетди. Беморнинг аҳволига қараб, нафас ололмай қолган лаҳзаларни айтмайсизми! У бадиий асарларда тиббий мўъжизалар, бемор икки дунё орасида қолган ҳолатлар тўғрисида ўқиган. Лекин бугун бундай воқеага ўзи дуч келиб турарди. Ёзувчилар ҳам ҳаётдан олиб ёзар экан, дея кўнглидан ўтказди у.
Катта доя йиғлаётган чақалоқни қўлига олганида барча ҳамширалар қувончдан йиғлаб юборишди. Акмалнинг кўзи яшнаб кетди. «Хайрият, Яратганнинг Ўзи қўллади».
Тақдирнинг бу мурувватидан қувонишга ҳа­ли эрта эди, чунки онанинг аҳволи ҳадеганда ўз­га­ра­вермади, ҳамон кўзини очмайди, нафас олиши оғир. Дармонсизлиги етмаганидек, кўп қон йўқотди, ахир ичидан озмунча сув ва йиринг олишдими!
Кесилган жойлар тикилгандан кейин ҳам операция хонасидан ҳеч ким чиқмади. Врачлар ҳам, ҳамширалар ҳам ўзларича нимагадир уннаб бир-биридан кўзини олиб қочишади. Наҳотки, шундай гўзал аёл… Муолажа кор қилдими, Яратган қувват бердими, ишқилиб, бир соат деганда аёл ниҳоят нурсиз кўзларини очди, унинг пешонасида тер томчилари кўринди, лаблари тамшанди, айниқса ўз ўғилчасининг овозини эшитгач, атрофга қарай бошлади.
Кўнгли бироз таскин топгач, Акмал оғиз бо­ғи­чини олиб, жарроҳлик либосларини ечди. У йў­лакка чиққанда ранг-рўйи ўчган отахон бир ҳо­латда турарди. Ўтган беш соат унинг учун бутун умри билан тенг эди гўё. Шу сабабли Акмал унинг саволини кутиб ўтирмади:
– Ўғилча муборак, аёлингиз муборак. У наригидунёдан сиз учун қайтиб келди…
Отахон қўярда қўймай Акмал билан унинг шогирдини уйига бошлаб борди. Чунки бошқалар уйларга шошилишди. Ярим соатлик йўл экан. Ҳам­касблар ҳам чолнинг қувончини баҳам кўришни ис­таб туришганди. Дарвоза тагида уларни тушовланган оқ қўй ёнида тик турган ўспирин кутиб турарди.
– Ният қилган эдим, меҳмон… Бу жияним. Қани, полвон, қўйни сўйиб, кабобни бошла.
Қариянинг сўзларига қишлоқнинг у ер-бу еридан отилган мушаклар овози уланиб кетди.
– Соат ўн икки бўпти!
– Ана холос, қовун туширдимку-а. Хотинга албатта етиб келаман, девдим.
– Иним, келинга ўзим тушунтираман, албатта кечиради. Бугун эса янги йилни мен билан нишонлайсизлар.
Дастурхон устида чол билан танишиб олди. Унинг самимий қувончига, мулозамати ва чаққон ҳа­ракатларига ҳаваси келди. Барибир врач-да, қайғу билан бахт ораси бир қадам эканлигини эслаб қўйди. Ичидаги бу гапни тилига чиқаргиси келмади.
– Олтмиш еттига кирдим. Икки марта уйландим, фарзанд кўрмадим. Ерим, молим беҳисоб. Тоғ орасида жаннат яратдим. Хотиним ҳам етим, ҳеч кими йўқ. Дуппа-дуруст эди, мен йўғимда бирор оғир нарса кўтарганми, билмадим, икки кунда мазаси қочиб қолди. Еру кўкка ишонмасдим, асраган кўзга чўп тушади, деганлари шу бўлса керак-да. Ҳа, майли, энди ҳаммаси ортда қолди. Худога бир қилиғим ёқди, шекилли. Аммо қўлингиз дард кўрмасин, дўх­тир, насиб этса, шу ўғилчанинг тўйига айтаман, келасиз, оёғингиз остига қўй сўяман.
Қисқа тамаддидан сўнг улар чолни эргаштириб яна шифохонага келишди.
Хайрият, беморнинг аҳволи анча тузук эди. Ҳатто боласини эмизибди.
Машина Самарқандга қараб йўл олганида соат миллари тунги учни кўрсатар, ташқарида эса қор бўралаб ёғарди. Акмал йўлдаёқ уйига кириб боришини тасаввур эта бошлади. Ишқилиб, хотини хафа бўлмасин-да.
Акмал йўлда ухлагани боисми, дарвоза олдида машинадан тушгач, ўзини тетик сезди. Ичкарида жим житлик, ҳамма ширин уйқуда. У оёқ учида юриб, кийимларини алмаштирди, кейин секин ошхонага ўтди. Уйдагиларни безовта қилмаслик учун шам ёқди. Безатилган дастурхон кўзига шундай чиройли кўриндики… Кўп таомларга қўл ҳам теккизилмаган, роса кутишибди-да, дея ўйлади у. Иккита қадаҳга эса шампан виноси қуйилганича турибди. У мийиғида кулиб қўйди, сўнг қадаҳни қўлига олиб ўзича қадаҳ сўзи айтди:
– Ишқилиб, онанинг ҳам, боланинг ҳам умри узун бўлсин!
– Ие, қачондан бери ўзингизга ўзингиз гапирадиган бўлиб қолдингиз, дадаси?!
– Вой, Шоҳиста, уйғоқмидингиз, узр.
– Сизсиз кўзга уйқу келадими ахир?
– Янги йил муборак!
– Сизга ҳам!
У хотинини меҳр билан бағрига олди. Шоҳиста кўзига ҳар доимгидан ҳам латофатли, назокатли, сулув кўринди.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 9-сон