Эркин Аъзам: “Асосий машғулотим — адабиёт, аммо омадим кинода чопди” (2014)

 http://n.ziyouz.com/images/erkin_azam1.jpg

Эркин Аъзам адабиёт майдонига ўтган асрнинг 70-йилларида кириб келди. Унинг энг сўнгги “Шовқин” (2011) романидан тортиб “Чироқлар ўчмаган кеча” (1977), “Олам ям-яшил” (1984), “Жавоб” (1986), “Байрамдан бошқа кунлар” (1988), “Отойининг туғилган йили” (1985), “Пакананинг ошиқ кўнгли” (2001), “Кечикаётган одам” (2002), “Эртак билан хайрлашув” (2007), “Жаннат ўзи қайдадир” (2007), “Гули-Гули” (2009) каби ўндан ортиқ китоблари миллионлаб ўқувчилар кўнглини забт этди. Мазкур насрий китоблар мундарижасини 1 роман, 15 га яқин қисса ва киноқиссалар, 5 драма, 40 дан зиёд ҳикоялар, 50 га яқин эссе, суҳбат, хотира, адабий ўйлар ташкил этади.

Ижодкор шахс туғилиб-ўсган муҳит, оила, ота-она, оиладаги китобга муҳаббат масаласи доимо адабиётшуносларни қизиқтирадиган анъанавий саволлардан саналади. Биз худди шу савол билан адибга мурожаат этганимизда, у қуйидагиларни ҳикоя этди:

Зиёли хонадонда туғилиб ўсганман. Асли муаллимликдан чиққан отамиз кейинчалик туман миқёсидаги катта-кичик лавозимларда ишлаган, аммо умр бўйи китобни қўлдан қўймаган. Хўжалик раҳбари бўлганларида ҳам кечаси бир маҳалда даладан қайтиб, яна аллапайтга қадар китобхонлик, газетхонлик қилиб ўтирардилар. Китобнинг муҳим туюлган жойларини қалам билан белгилаб кетиш, ўқиб бўлгач, охирига ихчамгина тақризнамо хулоса ёзиб қўйиш одатлари бор эди. Вилоят марказидаги катта мажлислардан қўлтиқ-қўлтиқ янги китоб билан қайтардилар. Уйимизда йўқ китобнинг ўзи йўқ эди. Назаримда, оиламиздаги китобхонлик иштиёқи ана шундан бошланган. Ўн бир фарзанд ўсган бўлсак (камина тўнғичиман), ҳозир бари турли касбнинг бошини тутиб кетганига қарамай, ҳамон китобга ишқибоз, уйда бола боқиб ўтирган сингилларгача адабий янгиликлардан хабардор, бўш вақт топилганда китобдан бош кўтармайди. Бор гапни айтяпман, айнан шундай.

Онамиз мактаб остонасини кўрмаган, ҳарф танимасалар-да, ҳаммамиздан доно! Мақолгўй, маталгўй. Адабиётчи синглимиз онадан эшитган оҳорли сўзларини бир дафтарга ёзиб юради, китоб қилмоқчи. Мен у кишини “академик энам” деб алқайман, унча-мунча масалаларда (ҳатто адабий ишларда ҳам) ҳануз маслаҳат сўраб келаман. Шунча фарзандни эсли-ҳушли қилиб ўстирган, саксонлардан ўтиб ҳам гапидан адашмайдиган кампирнинг ўзи бир мактаб-да, нима дедингиз?

У кезлари мактабда ҳам, уйда ҳам китоб ўқиш мусобақаси бор эди. Таътилда нечта китоб ўқиганимизни, улар қандай китоблар эканини отамиз раҳматли сўраб-суриштириб турардилар. Бироқ адабиётни севишинг шарт, сен келажакда ёзувчи бўласан, дегандек тайин йўналтирувлар бўлмаган. Кўп китоб ўқиган одам хор бўлмайди қабилидаги доимий даъватларни, ёзувчи бўламан деган аҳдимга бирон қаршилик кўрмаганимни таъкидлашим керак”.

Э.Аъзамнинг “Эртак билан хайрлашув” тўпламига жамланган қиссалар, ҳикоялар мотивини айнан болалик хотиралар, бола нигоҳи билан кўриб-кузатилган, бола қалби билан ҳис этилган воқелик, адиб ўзи яқиндан билган кишилар: қўни-қўшнилари, қариндош-уруғлари, ҳамюртларининг ёрқин образлари безайди. Хилма-хил, кутилмаган, тасодифий, оҳорли сюжетлар, расо характерли кишиларга қарши бир қайнови кўп ёки бир қайнови кам бўлган ғалати одамлар образи Эркин Аъзам насрининг меҳварини ташкил этади. Жумладан, ҳеч кимга ўхшамайдиган Рамазон образи, унинг нутқидаги “Чантримор-э” ва “Каламакаторэ” сингари хитобини ўқиб, юзингизга табассум югуради. Руҳиятингизда енгиллик ҳис этасиз. Маъно-мазмуни номаълум бу сўзлар ўзингиз сезмаган ҳолда дилингизга олам-олам қувонч улашади. Қалбингиз юмшаб, руҳингиз тозаради.

Шунингдек, адибнинг “Шайтончалар кўчаси”, “Кечирасиз, ўртоқ муаллим” қиссалари мутолааси жараёнида муаллиф билан бирга болаликнинг шўх-шодон кўчаларини кезиб чиқасиз. Бу чанг-тўзонли кўчаларда беғубор болалик сасларини эшитасиз. Велосипед, мопед учаётган болалар образи беихтиёр ўша бахтли болаликнинг парчалари, манзаралари янглиғ акс садо беради. Бу беғубор лавҳалар ширин хотираларни уйғотади, беихтиёр ўзимизнинг болалигимизни эслаймиз, асардаги воқеалар, характерларга уйғун ҳаётий лавҳаларни хотирлаб, энтикамиз. Албатта, болалик ҳар бир киши ҳаётида инсонларнинг характери, қисмати сингари индивидуал, такрорланмас кечади.

Болалик мотиви Эркин Аъзам насрига лирик-романтик кайфият, услуб бахшида этган. Ёзувчининг “Музқаймоқ”, “Шаҳардан одам келди” ҳикояларидаги шаҳарсевар, шаҳарпараст болалар образи муаллифнинг болалик орзуларини ўзида ифода қилган.

Эркин Аъзам болалигида қандай бола эди? Унинг руҳияти, дунёқарашидаги идеаллари адабий қаҳрамонларига кўчганми? Бу масалани аниқлаштирмоқ учун “Болалигингизда қандай эдингиз?” деган савол билан ижодкорга мурожаат қилдик:

“Ўлгудек таъсирчан, сиркаси сув кўтармайдиган инжиқ, хаёлпараст бола бўлганман. Ишёқмасроқ эдим, китоб ўқишдан бошқаси кўзимга кўринмасди. Шоирона айтганда, хаёл дунёсида яшардим. Теварак-муҳит менга зерикарли, тўпоринамо туюлар, кўнгилда унга нисбатан ҳали англанмаган бир норозилик ҳам бор, нуқул келажакдаги ўзгача ҳаёт орзуси билан юрар эдим. Ана шу безовта, болаларча содда ўй-хаёллар, орзумандлигу китобхонликлар адабиёт сари бошлагандир…”

Ёзувчи бўлиб етишиш учун жуда улкан ижодий, ҳаётий эволюция бошдан кечирилади. Жуда кўпчилик носирлар болалигида шеър машқ қилади. Хўш, бу жараён Эркин Аъзам ҳаётида қандай кечди? Унинг илк бор қўлига қалам олиб, ёзган асарлари ҳақида суҳбатлашсак:

“Тўртинчи синфлардами, “Ҳақиқат бор жойда туғишганингни ҳам аяма!” деган ҳикоя ёзганман, ўзимча. Сарлавҳани қаранг! Даъвони кўринг! Шундай ўгитнамо мақол ҳам бор, биласиз. (Энди ўйласам, ана шу гап кейинчалик ҳаётий принципимга айланибди. Қизиғ-а?) Синфдошлар ўртасидаги бир келишмовчилик, ростгўйлигу ёлғон ҳақида эди. Бош қаҳрамон, яъни ижобий персонаж ўзим, албатта. Ҳикоя деворий газетада чиқди – муҳаррир ҳам ўзим-да. Сўнгра уни ҳозирги “Тонг юлдузи” газетасига юбордим. Жавоб келди: “Бадиий жиҳатдан бўш…” Назаримда эса, газетада босилиб турган нарсалардан ҳеч камлик жойи йўқ эди – ўшаларни ўқиб, ўшаларга ўхшатиб ёзганман-да. Барибир, келган сийқа жавоб хатини кўзларимга суртиб, керилиб юрганларим ёдимда.

Ўн тўрт ёшимда “Исмоил” деган қисса ёздим. Азза-базза бобларга ажратиб, уларга сарлавҳачалар қўйиб денг! Ўзим кўрмаган, билмаган ўтмиш ҳаётидан. Бир етимчанинг тақдири. “Ўқитувчи” романи ва шунга ўхшаш ўқиганларим андозасида “ижод” қилингани маълум бўлди. Лекин бўш келиш йўқ, ҳикоя устига ҳикоя битилаверди. Ниҳоят, тўққизинчи синфдалигимда “Инсон” (!) деган “таъсирли” новеллам вилоят газетасида босилиб чиқдию қаҳрамонга айланиб кетдим! Унинг сюжетини дўстим Усмон Азим айтиб берган, ижроси каминадан эди…

Муаллиф 1977 йилда “Отойининг туғилган йили” қиссасида ўжар, ҳақиқатпараст, адолатпарвар Асқар Шодибеков образини маҳорат билан тасвирлайди. 1980 йилларда Э.Аъзам “Жавоб”, “Байрамдан бошқа кунлар”, “Навоийни ўқиган болалар” сингари қисса ва ҳикояларини яратди. Ёзувчи “Жавоб” қиссасида ирониянинг диалогизм, абсурд кайфият, ўз-ўзини киноя қилиш (самоирония), кесатиқ, пичинг, ўз-ўзини таҳлил қилиш (самоанализ) сингари бадиий шартлилик усулларидан маҳорат билан фойдаланади. Қаҳрамон ҳаётида содир бўлган мудҳиш воқеа унинг ботиний оламини ағдар-тўнтар қилиб юборади, натижада, мулойим, хушчақчақ, ҳазилкаш, камсуқум Элчиев бошқача одамга айланиб қолади.

Қаҳрамон ўзи ва атрофдагиларнинг ҳаётини, унга муносабатини тафтиш этиб кўрар экан, ўзининг қўрқоқ, ношуд, ўртамиёна, қумурсқа сингари қорнини тўйдиришдан бошқасини ўйламаган майда одам эканлигини тушуниб етади. Буларнинг барига эса фақатгина ўзи айбдор. Ироник асар муаллифи маҳоратли режиссёр, иқтидорли актёр сингари ироник ўйинларни уюштириб беради. Натижада, бадиий асарда воқеалар қайтадан кодлаштирилади. Қиссада худди шундай ҳолат кузатилади. Асарда киноянинг икки хил тури истифода этилган, биринчиси, муаллиф кинояси, иккинчиси қаҳрамон киноясидир.

Адибнинг “Пакананинг ошиқ кўнгли” қиссаси қаҳрамони Паканага қўйилган лақаб, китобхонни асардаги кучли ирониядан хабардор этади. Адиб қаҳрамоннинг ташқи камчилиги, яъни бўйи пастлиги, устига-устак каллигини жиддий нуқсон сифатида бўрттириб кўрсатади. Адиб шу орқали, яъни инсон жисмидаги камчилик туфайли кўнгли озурда бўлган, охир-оқибат аламзадага айланган шахснинг трагикомик ҳаёти, ҳиссиётларини бадиий таҳлил этади. Пакана трагикомик образ бўлиши билан бир вақтда трагиироник характерга ҳам эга. Ҳаётда кўримсиз ташқи қиёфа туфайли омадсизлик, кўнгилсизлик, аламзадалик, бахтсизликка гирифтор бўлган Пакананинг саргузаштлари комик кайфият билан ҳикоя этилади. Пакананинг ташқи нуқсонлари кўнглидагидек аёлга уйланиш, кўнглидагидек аёл билан ҳамсуҳбат бўлишга изн бермайди. Қисса услубини қувноқ юмористик ирония безаган.

Э.Аъзам “Пакананинг ошиқ кўнгли” қиссасида юмористик ирониядан фойдаланган бўлса, “Шоирнинг тўйи”, “Чапаклар ва чалпаклар”, “Гули-гули”да киноянинг ўткир формаси – сарказмни қўллаган.

Э.Аъзамнинг навбатдаги қиссаси “Чапаклар ва чалпаклар”да ҳам ирониянинг ўткир формаси – сарказм истифода этилган.

Адиб қатор ҳикоя ва қиссаларида киноянинг бадиий-ғоявий жиҳатдан турфа маъноларидан маҳорат билан фойдаланади. Шунга асосланиб, биз ёзувчи ўз услубига яқин ироник услубда ижод қилувчи қайси тенгдошлари ва жаҳон адабиёти вакиллари асарларини севиб мутолаа қилганига қизиқдик:

“Услубимга яқинми-йўқми билмадим-у, Азиз Несин, Фозил Искандар, Василий Аксёнов, Грант Матевосян, ўзимиздан Мурод Муҳаммад Дўст ижодлари менга қизиқ туюлади. Улардан нимадир ўрганган бўлишим мумкиндир, аммо бирортасига ўхшамоққа ҳаракат қилмаганман. Қўлдан келганича, борига барака деб юрибмиз, ким билсин”.

Эркин Аъзам баравар равишда санъатнинг уч турида ижод қилмоқда. Яъни бадиий адабиёт (наср), кино, театр санъати. Адибнинг киноқиссалари асосида тасвирга олинган фильмлар “Пиёда”, “Забаржад”, “Паризод”, “Сув ёқалаб”, “Эркак”, “Дилхирож” ва ҳ.к. Шу боис биз адибга қуйидаги савол билан мурожаат этишга журъат этдик:

“Сиз бир қанча киноқиссалар яратгансиз. Кино санъати билан бадиий насрдаги шартлилик табиатан бир-биридан фарқланса керак. Сценарист сифатида, шунингдек, ёзувчилик тажрибаларингиз асосида бу ҳақда нима дейсиз? Кино санъати, театр санъати, сўз санъати. Бу уч санъат туридаги бадиий шартлилик бир-биридан кескин тафовут қиладими?”

Сиз айтаётган ҳар учала санъат турининг асоси, сарчашмаси битта – Адабиёт, Сўз. Ифода шакллари эса турлича. Гоҳо бир-бирига шу қадар қоришиб кетадики, тафовутли жиҳатларини тополмай ҳам қоласиз. Чунончи, драматик қисса ёки муаллиф баёнига (кадр ортидаги ровий) асосланган кино асари. Ваҳоланки, кино, аввало, тасвир ва ҳаракат негизига қурилади, узундан-узоқ диалог, изоҳу кўпсўзликни кўтармайди. Гарчанд айни шундай фильмлар ҳам бор, масалан, Элдар Рязановнинг “Гараж”, Никита Михалковнинг “Ўн икки киши” каби асарлари. Буларда тасвир ва ҳаракат ўрнини актёрнинг маҳорати, жозибаси, унинг оғзидан чиқаётган фикрлар шиддати, қолаверса, муҳокама этилаётган қалтис вазият драмаси тутиб туради. Воқеан, шу тоифа асарлар, яъни, асосан, гап-сўздан иборат фильмлар бизнинг томошабинга хуш келади. Негалиги – бошқа масала. Ҳар ҳолда, шунисини таъкидлаш керакки, кўпсўзлик, чўзиқ баён, чайнаб беришлар кино санъатида фазилат саналмайди, булар “ҳаракатдаги тасвир” аталмиш кинонинг табиатига ёт.

Бироқ айнан шу жиҳатлар театр санъати учун сув билан ҳаводек зарур. Чунки саҳнада кечаётган можаро, асосан, қаҳрамонлар оғзидан чиқаётган гап-сўзлар орқали ҳал этилади.

Воқеликни бирмунча лўндароқ шаклда ифода этса-да, ўртадаги талайгина хосликларига қарамай, кино санъати табиатан бадиий насрга яқин туради, дейиш мумкин. Театр санъатида эса бадиий шартлилик масаласи мудом устун мақомда келган. Лоақал, саҳнанинг мумтоз қоидаси ҳисобланмиш “макон – замон – ҳаракат бирлиги” заруратини ёдга олинг.

У ёғини сўрасангиз, бу мулоҳаза, бу чекланишларнинг ўзи ҳам шартли гаплар. Негаки, замонавий саҳналарда кино унсурлари ҳам, бадиий насрга хос узундан-узоқ иқрорномалар (моноспектакль дейдилар буни) ҳам дадил тажриба қилинаётир. Лекин ҳар нима деб атаманг, булар барибир истисно кўринишлардир. Гарчи, ҳали айтганимиздек, улар асли бир “ота-она”дан – Адабиёт билан Сўздан бино бўлса ҳам!

“Қаҳрамонларингизга исм танлашда қандай бадиий-эстетик принципларга амал қиласиз?” – дея ёзувчига мурожаат қилдик:

Персонаж кўпинча ўзининг номи билан туғилади. Кейин таҳрир жараёнида гоҳо ўзгариши ҳам мумкин. Муайян бир бадиий мақсад, дейлик, типиклаштириш эҳтиёжи пайдо бўлганда аниқ номсиз ҳам кунини кўраверади. “Пакананинг ошиқ кўнгли”, “Шоирнинг тўйи”, “Ёзувчи”, “Аралашқўрғон” кабиларни эсланг.

Бу ишнинг тайин бир принципини билмас эканман, қаранг. Ёки эриниб, илмий асосда мушоҳада юритишдан қочяпманмикан?..

Қайси қаҳрамонингиз ўзингизнинг феълу табиатингизга яқин? Ёки ҳали унақасини яратмадингизми?” – деган мазмундаги саволимизга ёзувчи шундай жавоб берди:

Сиз ёзганингиздан кейин, сиз тўқиганингиздан кейин ўзингиздан ҳам нималардир юқиши табиий-да. Шунча гапни осмондан олмайсиз-ку, тўғрими? Муаллифнинг ўзи кўрган-билганлари, бошдан кечирганлари, кўнглида юрган ўй-фикрлар ҳам ёзишга ўнғай, ҳам ишонарли чиқади. Борингки, кимнидир такрорлаб қўймоқ хавфидан нари бўласиз.

“Отойи”дан ҳам, “Анойи”дан ҳам, “Гули-гули”ю “Шовқин”дан ҳам топасиз мени. Бироқ айнан эмас. Ёзувчи фақат ўзининг шахсияти, ўзининг кечмиш ва кечинмалари теварагида ўралашиб қололмайди – буни биласиз, албатта”.

Шубҳасиз, адиб ижодида “Шовқин” романи жуда катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлди. Ёзувчи мазкур асарни кечмишнома характерга эга, дейди. Биз романнинг яратилиш тарихи билан қизиқдик:

Бу китоб тўғрисида матбуотда “киночилар ҳақида, шуларнинг ҳаётини фош қилган” каби мулоҳазалар билдирилди. Қўшилолмайман. У сиз билан биз ҳақимизда, кечаги кунимиз ҳақида. Киночилар ҳаёти бунда бир восита, холос. Қони, насл-насаби, эътиқоди, тилию урф-одатлари бошқа-бошқа бўлган эл-элатларни “ягона совет халқи” аталмиш қуюшқонга тиқиш йўлидаги уринишлар, зўравонликлар ёдингиздадир? Шунинг оқибатида келиб чиққан бирда кулгили, бирда аянчли, пировардида эса умуммиллий фожиа тусини олган ажабтовур воқелик-чи? Бу табиатан ғайриинсоний, ғайримиллий сиёсий тажриба негизидаги зиддиятлар ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари арафасида жунбуш нуқтасига кўтарилгани маълум. Хўш, адабиётимизда ана шу жараён, ана шу кирдикорларни акс эттирган асар кўпми? У ёғини сўрасангиз, камина ақл бовар қилмас бир манзара – шоввоз Рустнинг самолётчаси Қизил майдонга келиб қўнганига шахсан шоҳид бўлганман, ГКЧП исёнини ўз кўзим билан кўрганман – ўша кунлари Московда эдим, қаранг! Тақдир тақозоси билан бундай тарихий воқеаларга гувоҳ бўлиб қолган, онгли умри ўша замон масхарабозчиликлари муҳитида кечган, қўлида қалами бор одам индамай кетавериши мумкинмиди?! “Шовқин”да ана шу қалтис бурилишлар, одамзод тақдири ва тийнатидаги товланишлар тўғрисида бақадри имкон ҳикоя қилмоққа уринганман. Бирон бир тоифани, дейлик, кино оламини, унинг намояндаларини “фош этиш” нияти бўлмаган, асло. Кўнгилдаги мақсад-муддаони амалга оширишда булар – ёрқинроқ мисол сифатида – анчайин бир баҳона эди, холос. Лекин умумий тасвирда инсоннинг инсонлиги, табиий қусур ва ожизликлардан холи эмаслигини назардан қочирмасликка чандон риоя қилганим бор гап.

“Шовқин” тайин ифода шакли топилмай, кўп йил кўнгилда юрди. Яхши чиқдими, ёмонми, ҳарқалай ёзилди. Тез ёзилди”.

Эркин Аъзам Франция, Россия, Эрон, Шимолий Қурия каби турли мамлакатларда ижодий сафарларда бўлган. Зеро, ижодкор учун турли миллатлар ва элатлар ҳаётини кўриш-кузатиш жуда муҳим саналади. Биз Эркин акага қуйидаги савол билан мурожаат этдик: “Қайси мамлакат қай жиҳати билан сизга маъқул бўлган? Хорижий сафарларда юрганингизда ватан соғинчи қийнайдими? Ўзбекистон, ўзбек халқи сиз учун нимаси билан қадрли? Асарларингиздан сезаман-да, сиз жуда миллатпарвар одамсиз. Халқимизни севасиз. Унинг соддалигини, оддийлигини, камсуқумлигини…”

Менга, айниқса, қаттиқ таъсир қилган мамлакатлардан бошласам бўладими? Эрон билан Шимолий Қурия. Эрон қандайдир қадимий руҳи ва бизнинг кўзимиз ўрганмаган манзаралари билан диққатимни тортган. “Теҳронда қўрқув йўқ” деган эссе ҳам ёзганман. Шимолий Қурияга келсак… “Чапаклар ва чалпаклар”ни ўқигансиз. Бошқа нимаям дейин? Ўша ўн кунлик сафар ҳақида шундай ҳажмдаги тағин бир китоб ёзиш мумкин… Худо у ерга қайтиб боргулик қилмасин!

Бошқа мамлакатларнинг эса манзур, ўрганса арзийдиган жиҳатлари кам эмас. Аммо қаерга бормайин, бир ҳафтадаёқ дарров Тошкентга қайтгим келаверади. Соғинч деймизми буни, тил-забонсиз гангиш касрими, билмадим. Ҳа-а, топдим – ҳарчанд эркин мамлакат бўлмасин, бемалол, ялло қилиб юролмайсиз, негаки ўзингизники эмас, бегона!

Яхшидир-ёмондир, мен ҳам шу халқнинг бир вакилиман. Унинг сиз тилга олган фазилатларидан қанчалик фахрлансам, камчиликларига шунчалик куйинаман. Ўзимнинг камчиликларим, ўзимнинг қусурларим-да!

Асарларингиздаги ғалати характерли одамлар образи диққатни тортади. Масалан; Асқар Шодибеков – ўлгудек ўжар одам; Забаржад – қайсар, ақлли, илмли қиз; Сафура – ясама киборлардан фарқли равишда ҳаётдан, муҳаббатдан ўзича маъно излаётган аёл; Рамазон – содда, жайдари характер; Болта Мардон – даври ўтган одам; Бердибой – бу ҳам ўта ўжар, унинг қарашлари билан жамиятдаги қарашлар мос келмайди, тескари одам образи. Санайверсак, улар кўп… Шулар орасидан шахсан мени Рамазон (“Анойининг жайдари олмаси”) образи ҳаяжонга солади. Шу образнинг ҳаётий прототипи билан қизиқаётган эдик:

Бор. Юрибди. Ҳикояга прототип бўлганини ўзи ҳам билади. Ғурурланади. Киносида ўзим ўйнашим керак эди-да, деб қўяди баъзан таассуф билан. Бу иш қўлидан келмаслиги билан эса иши йўқ. Бир ҳисобда уники ҳам тўғри-да: ҳикояга азза-базза қаҳрамон бўлолган одам, нима, ролини ўзи эплаёлмайдими?!

Шу ҳикоя сабаб ўзимча бир хулоса қилганман. Инсоннинг яхши томонларини, фазилатларини кўрсатиб берсангиз кўп олқиш олар экансиз. Лекин адабиётнинг вазифаси нуқул фазилатларни улуғлаш бўлмай, ҳаётни бутун мураккаблиги билан, демакки, унинг қоронғи жиҳатларини ҳам бор-борича тасвирламоқдан иборат-да. Инсон зоти мудом эзгу фазилатлар жамулжами бўлса, кошки эди…

Эркин Аъзам сценарийлари асосида ишланган ўзбек фильмлари шу кеча-кундузда дунё бўйлаб кезмоқда. Бу йил адиб сценарийси асосида суратга олинган “Паризод” фильмининг тақдимот маросими гўзал Париж шаҳрида ўтказилди.

Адибнинг бир қанча ҳикоя ва қиссалари рус, инглиз, қозоқ, тожик, украин, беларус, чех тилларига таржима қилинган. Эндиликда Э.Аъзамнинг энг сара асарлари француз, турк тилларига таржима қилиниш арафасида турибди.

Сценарийларингиз асосида экран юзини кўрган қайси фильмлар қандай халқаро мукофотларга сазовор бўлган, деган саволимизга суҳбатдошимиз камтарона жавоб бердилар:

Асосий машғулотим – адабиётда эмас, келиб-келиб бошқа соҳа ҳисобланган кинода омадим чопганига нима дейсиз! “Дилхирож”, “Эркак”, “Забаржад”, “Сув ёқалаб”, “Паризод” фильмлари кўплаб халқаро киноанжуманларда қатнашиб, қўша-қўша совринларга эга бўлган. Бирма-бир санаб рўйхат қилай десам, мақтанганга ўхшаб қоламан. Сизнинг саволларингизга жавоб бераман деб шунча мақтанганим ўзи етар, қўйинг!

Ҳурматли адибимизга соғлик-саломатлик, янги ижодий ишларига баракалар тилаб қоламиз! Мазмунли, самимий суҳбатингиз учун чин дилдан миннатдорчилик изҳор этамиз.

Марҳабо Қўчқорова

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 1-сон