Демократия ўчоқларидан бири саналган Германия кўп асрлик давлатчилик тажрибасига эга. Замонавий олмон давлатининг солномаси эса 1949 йилда Асосий қонун (Конституция) қабул қилинган санадан бошланади. Иккинчи жаҳон муҳорабасидан кейинги долғали йиллар олмон миллати иродасини обдон синовдан ўтказди. Табиатан оғир-вазмин ва чўнг иродага эга миллат янги Конституцияга таяниб, қисқа фурсатда дол бўлган қаддини тиклади. Азму шижоат билан тараққиёт зиналаридан юқорилади. Асосий қонун (Grundgesetz) бугун ҳам “Европа локомотиви” саналган мамлакат учун дастуриламал вазифасини ўтаётир. Олмон Конституцияси наинки ҳуқуқшунослар, дунё фикр аҳли томонидан синчковлик билан ўрганилаётгани ҳам бежиз эмас. Германиялик таниқли ҳуқуқшунос, доктор Вильгельм Мекленбург (Wilhelm Mecklenburg) билан суҳбатимиз ҳам айни шу мавзуда.
Вильгельм Мекленбург 1950 йили Қуйи Саксониянинг Папенбург шаҳрида туғилган. Германиядаги Марбург ва Берлин техника университетларини тамомлаган. Австрия, Англия, Италия, Ирландия ва Бразилиядаги нуфузли университетларда маърузалар ўқиган. Тажрибали мутахассис сифатида Конституциявий ҳуқуқнинг долзарб масалалари билан шуғулланиб келмоқда. Германияда бир қатор қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда иштирок этган. Масалан, Шлезвиг-Гольштейн федерал ерининг “Ахборот эркинлиги тўғрида”ги қонуни муаллифи саналади. |
– Жаноб Мекленбург, замонавий Конституция мактаби ҳақида сўз борганда, Германия Асосий қонуни ҳам тилга олинади. Германия тараққиётида у қандай амалий аҳамият касб этди? Гарчи яхлит ёзма Конституцияга эга бўлмаса-да, Буюк Британия дунёнинг ривожланган демократик давлатларидан бири ҳисобланади. Германия Асосий қонунсиз бугунги оламшумул ютуқларга эришиши мумкинмиди?
– Олмон ва инглиз сиёсий тизимини муқояса қилиш асносида Буюк Британия Германиядан фарқли ўлароқ, салкам 1000 йил давомида изчил тараққиёт ва барқарор ҳуқуқий тизимга эга бўлиб келганини эътибордан соқит қилмаслик лозим. Инглиз қонунчилиги прецедент ҳуқуқига асосланади (аслида, бу бутун англо-сакс ҳуқуқига хос хусусиятдир). Европа мамлакатлари Буюк Британия қонунчилигининг кўҳна анъаналаридан кўп ва хўб озиқланган. Айни чоқда, инглиз қонунчилиги ҳам Эски ва Янги дунё давлатларининг илғор тажриба ҳамда ютуқларидан самарали фойдаланган.
Германия тараққиётида Асосий қонуннинг ўрни хусусида сўз борар экан, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги қалтис ва мураккаб вазиятни ёдга олмоқ лозим. Яқин тарихдан хабарингиз бор, миллатчи социалистлар бошқаруви даврида демократик институтлар бутунлай тугатилган эди. Шу боис Германия давлати меъморлари демократик янгиланиш жараёнини қайтадан бошлашларига тўғри келди.
Асосий қонуннинг мамлакат тараққиётидаги ўрни катта. Лекин мен ҳаммасидан ҳам икки жиҳатга урғу беришни истар эдим. Биринчидан, Асосий қонуннинг дастлабки 20 моддасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланди. Илк моддаданоқ фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимиятининг мажбурияти экани аниқ-равшан белгилаб қўйилди. 19-моддага кўра, давлат идорасининг муайян қароридан, маъмурий чораларидан норози бўлган ҳар бир фуқаро адолат истаб судга мурожаат қилиши мумкин.
Иккинчидан, Асосий қонун талабларининг устуворлигини таъминлаш мақсадида Германияда Конституциявий суд таъсис этилди. Буни алоҳида таъкидлаётганимнинг ўзига хос сабаби бор. Гап шундаки, Конституциявий суд олмон давлатчилигидаги дастлабки тажриба эди. 1919-1933 йилларда амал қилган Веймар Конституциясида Давлат суди (Staatsgerichtshof)га у қадар катта ваколат берилмаганди. Конституциявий суд АҚШ (Буюк Британия эмас!) тажрибаси асосида жорий этилган. Германия давлатчилигининг ўзига хослиги шундаки, Конституциявий судга мамлакатни идора этиш борасида бир талай ваколатлар берилган. Жумладан, у давлат бошқарув идоралари қабул қилган ҳужжатлар, қонунларнинг Асосий қонунга мувофиқлигини таъминлайди. Ҳужжат ва қонунлар Конституцияга зид келган ҳолатларда уларни бекор қилади. Шу билан бирга, Конституциявий суд Асосий қонун талабларининг бузилишига дахлдор шикоятларни кўриб чиқади. Ҳар бир фуқаро ушбу юқори инстанцияга мурожаат қилишга ҳақли. Мухтасар қилиб айтганда, барча жабҳаларда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишига эътибор қаратилди.
Атоқли давлат арбоби Конрад Аденауэр Парламент кенгаши президенти сифатида Асосий қонунни имзоламоқда. 1949 йил 23 май |
– Асосий қонун Германия давлати “ота”ларининг донишмандлиги намунаси саналади. Конституция ижодкорлари уни яратишда олмон мутафаккирлари қарашларидан ҳамда инсониятнинг энг илғор тажрибаларидан фойдалангани маълум. Асосий қонунни ишлаб чиқиш жараёнида истифода этилган манбалар ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Конституция “ота”ларини эсладингиз-у, “она”ларини эсдан чиқардингиз шекилли. Масалан, 3-моддада мустаҳкамланган эркак ва аёлнинг тенглиги тамойили айнан Конституция “она”лари томонидан таклиф этилган.
Германия қонунчилиги тарихини синчиклаб ўргансангиз, Асосий қонунга киритилган кўплаб тартиб-қоидалар мамлакатнинг ўтмиш тажрибасидан олинганини кўрасиз. Уни яратишда 1848 йилги (Paulskirchenverfassung. Олмон ерларининг бирлашуви муносабати билан ишлаб чиқилган мазкур Конституция айрим сабабларга кўра кучга кирмаган), 1871 йилги (Reichsverfassung. Мазкур Конституция император даврида қабул қилинган) ҳамда 1919 йилги (Веймар Конституцияси Биринчи жаҳон уруши поёнида амалга киритилган) Конституциялар асосий манба бўлган.
“Ўтмишни унутма, чунки у келажакнинг устози” дейишади. Учинчи рейх давридаги зўравонлик сиёсати такрорланмаслиги учун 1949 йилги Асосий қонунда фуқаро ҳуқуқлари моддама-модда мустаҳкамланди. Албатта, аксар фуқаролик ҳуқуқлари аввалроқ – XIX асрда Франция ҳамда АҚШда курашлар йўли билан қўлга киритилган эди. Айни чоқда, олмон қонунчилиги дунё ҳуқуқ илмига ҳам катта таъсир кўрсатганини айтиб ўтиш лозим. Масалан, Веймар Конституциясида биринчилардан бўлиб кам сонли миллатларнинг ҳуқуқи кафолатига доир талаб киритилганди.
Яқин ўтмишнинг аччиқ тажрибасидан оқилона хулоса чиқарган ҳолда, Асосий қонунга бир қатор янги тартиб-қоидалар ҳам киритилди. Масалан, 67-моддага мувофиқ, қонун чиқарувчи идора – Бундестагга ҳукумат раҳбари (федерал канцлер)га нисбатан ишончсизлик вотуми – импичмент эълон қилиш ваколати берилди. Бунга кўра, Бундестаг давлат раҳбари (президент)га федерал канцлерни лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилади ва мамлакатда сиёсий бўшлиқ ва беқарорлик юзага келмаслиги учун кўпчилик овоз билан янги ҳукумат раҳбарини сайлайди.
– Жамият тараққий этар экан, Конституция ҳам муттасил янгиланиб боради. Ўтган ярим асрдан ошиқ вақт давомида Германия Асосий қонунига ҳам бир қатор ўзгартиришлар киритилган. Ҳозир ҳам олмон фикр аҳли ҳамда қонун ижодкорлари орасида Конституцияга қўшимчалар киритиш борасида таклифлар мавжудми?
Германия Асосий қонуни лойиҳаси 1948-49 йилларда Конституциявий ҳуқуқ бўйича етакчи мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳа 1949 йил 8 майда ландтаглар (ҳудудий қонунчилик идоралари) вакилларидан иборат Парламент кенгаши томонидан қабул қилинган ва маъқуллаш учун ландтагларга юборилган. 1949 йил 23 майда Германия Федератив Республикаси ташкил топди. Шу куни мамлакатнинг Асосий қонуни ҳам кучга кирди. Конституцияга кўра, Германия Европа мамлакатлари орасида биринчи бўлиб “ҳуқуқий давлат” (rechts-staat) дея эълон қилинган. 1990 йилда Ғарбий ва Шарқий Германия бирлашгач, Асосий қонун ягона олмон давлатининг Конституциясига айланди. |
– Асосий қонунга ўзгартиришга уринишларни табиий қабул қилмоқ керак. Албатта, бу борада ҳозир ҳам таклифлар бор. Аммо фуқаролик ҳуқуқлари нуқтаи назаридан барча таклифлар ҳам бир овоздан маъқулланмоқда деб бўлмайди. Масалан, иммигрантларга қарши чора-тадбирлар доирасида 16-модда бекор қилинишига бир баҳя қолди. Шунингдек, уруш ва оммавий ғалаён ҳолатида фуқаролик ҳуқуқларини чеклаш бўйича модда қўшиш таклиф этилди. Олмон жамияти ва сиёсатчилар бундай нозик масалада етти ўлчаб, бир кесишни маъқул кўради, шу боис мазкур таклиф ҳамон муҳокама босқичида қолмоқда.
Ўтган асрнинг 90-йилларида – Ғарбий ва Шарқий Германия бирлашгач, Асосий қонунга кам сонли миллатлар ҳуқуқларига доир модда киритиш таклифи илгари сурилди, аммо бу уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланди. Асосий қонунда оила давлат муҳофазасида экани қайд этилган, бироқ мазкур жиҳат ота-оналар нуқтаи назаридан ифодаланган. Шу боис айни пайтда фуқаролик ҳуқуқларининг муҳим таркибий қисми – бола ҳуқуқларига доир модда киритиш таклиф этилмоқда. Қолаверса, Асосий қонунда ахборот эркинлиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича ҳам махсус моддалар бўлиши лозим деган қарашлар мавжуд.
Германия Асосий қонуни моддалари парламент биноси яқинидаги ойнаванд шаффоф деворга дарж этилган. Берлин шаҳри |
Яқинда бир гуруҳ ҳуқуқшунослар (улар сафида камина ҳам бор) Интернет эркинлигини Конституция даражасида кафолатлаш ташаббус билан чиқди. Ҳақиқат баҳсларда туғилади. Мазкур таклиф ҳам кенг жамоатчилик орасида баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётир.
– Делавэрдаги Университетлараро тадқиқотлар институти (Intercollegiate Studies Institute) ўтган йили ўтказган ижтимоий сўров АҚШда аксар фуқаролар Конституция мазмун-моҳиятидан узоқлашиб бораётганини кўрсатди. Бу борада Германияда вазият қандай? Олмонларнинг Конституциядан бохабарлик даражаси Сизни қониқтирадими?
– Конституциядан бохабарлик, аввало, унинг туб моҳиятини англаш, мағзини чақиш ва унга сўзсиз риоя этиш демакдир. Жамиятнинг турли қатлами Асосий қонун мазмун-моҳиятини англагани сари ҳуқуқий маданият юксалади. Айни чоқда, турфа фикр, айрича қарашлар шаклланади. Аслида, ҳурфикрлилик, плюрализмнинг талаби ҳам шу. Масалан, айни пайтда Германия жамоатчилиги Асосий қонуннинг 13- ҳамда 16-моддаларига киритилган ўзгартириш юзасидан турлича позицияда. Дейлик, айримлар 13-моддага киритилган ўзгартиришлар тураржой дахлсизлигининг бузилиши ва фуқаро ҳуқуқлари поймол этилишига йўл очиши мумкин деган хавотирда. Хусусан, “Google” каби тижорий ширкатларнинг жосусликка алоқадорлиги борасидаги можаролардан кейин бу борадаги ташвишлар ортган. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ошиши ўз йўлига. Конституциявий қадриятлар устуворлиги таъминланиши учун давлат идоралари ҳам ўз масъуллигини сезиши лозим. Муҳими, Германия давлат идоралари ҳам бу йўлда керакли чора-тадбирларни кўрмоқда.
– Германия Асосий қонуни бутун дунёда синчковлик билан ўрганилмоқда. Ушбу ҳужжат ўнлаб давлатлар Конституцияларини ишлаб чиқишда қимматли манба бўлган. Айни чоқда, Асосий қонун Германиянинг ўзига хос шарт-шароитидан келиб чиқиб қабул қилингани, унда соф олмонча ҳуқуқий мафкура ва анъаналар акс этганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Масалан, олимлар ҳатто Германияга хос федерализм тартибини бошқа федерал давлатларга ҳам айнан татбиқ этиб бўлмаслигини таъкидлашади. Шундай экан, бугунги кунда Германия Асосий қонуни тажрибаси ривожланаётган давлатларга кўпроқ қай жиҳатдан асқотади деб ҳисоблайсиз?
– Гап айланиб яна фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари масаласига келиб тақалмоқда. Сўнгги икки-уч аср мобайнида Ғарбда фуқаролик ҳуқуқларининг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори яратилди. Боя таъкидлаганимдек, Германия Асосий қонунининг дастлабки йигирма моддасида айни шу муҳим тамойиллар акс этган. Қолаверса, Европа Иттифоқининг Асосий ҳуқуқлар хартияси ҳам халқаро ҳуқуқнинг муҳим ҳужжатларидан саналади. Назаримда, айни шу жиҳат – фуқаро ҳуқуқларини муҳофазаси этиш борасидаги самарали тизим ривожланаётган дунё учун ўзига хос тажриба мактабини ўташи мумкин. “Ҳақ олинади, берилмайди” деган эскидан қолган гап бор. Бу эса инсон ҳақ-ҳуқуқларини юзага чиқариш саъй-ҳаракат эвазига бўлишини англатади. Конституцияда фуқаролик ҳуқуқларининг тўла-тўкис кафолатланиши, Конституциявий суд ва бошқа давлат идораларининг ҳақ-ҳуқуқларни муҳофаза этишга масъуллиги, мустақил ва адолатли суд ҳокимиятининг фаолият юритиши, ҳокимиятнинг уч бўғини бир-бирини мувозанатда тутиб туриши, улар ваколатининг аниқ-тиниқ белгилаб берилгани… Демократик жараёнларни таъмин этувчи бу каби омиллар ривожланаётган дунё учун ғоят асқотади.
Германиянинг олий қонунчилик идораси – Бундестаг биноси. Берлин шаҳри |
Федерализм борасидаги фикрингизни маъқуллайман. Албатта, ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусиятлари, шарт-шароити мавжуд. Унитар ёки конфедерация шаклидаги давлатларни қўя туринг, ҳатто федерализмга асосланган давлатлар ҳам айрича жиҳатларга эга. Масалан, олмон федерализми АҚШ федерализмидан бир талай жиҳатлари билан фарқланади.
Давлатлар ўртасидаги турфахилликка қарамай, умуминсоний характерга эга демократик қадриятларки борки, курраи арзда умргузаронлик қилаётган барча миллат ва элатлар улардан баҳраманд бўлишга ҳақли. “Кемага тушганнинг жони бир” деган ҳикматни эшитгансиз. Бир тану бир жон бўлиб тараққиёт уммонида сузаётган барча давлатлар бир-бирига кўмакдош ва хайрихоҳ бўлмоғи лозим. Сирасини айтганда, Германия Асосий қонунида белгиланган мамлакатнинг ташқи сиёсат тамойиллари ҳам ана шу эзгу муддаога хизмат қилади.
Собиржон ЁҚУБОВ суҳбатлашди