– Анвар ака, ҳар бир соҳада, айниқса, ижодда истеъдоднинг аҳамияти беқиёс, деймиз. Сизнингча, истеъдод инсонга туғма бериладиган илоҳий туҳфами ёки кейин шаклланадиган кўникмами? Истеъдодни тоблаш учун ёш ижодкор нималарга эътибор қаратиши лозим деб ҳисоблайсиз?
– Истеъдод қондан қонга ўтадиган, айрим инсонларга бўнак сифатида бериладиган тақдирлов бўлса керак, деб юраман ўзимча. Балки, бирон-бир мақсадга тиришқоқланиб интилавериш, ўта меҳнатсеварлик орқали юксак малакага эришса бўлар; туғма истеъдод эгаси эса, ҳатто ялқовликда ҳам, эътиборни тортувчи қирралари билан бўлак ялқовлардан яққол ажралиб тураверади. Кишидаги истеъдод, асосан, заҳматлардан чўчимасликда, узлуксиз изланишларда, билимдонлар билан суҳбатлашувларда, баҳсларда, фаолиятдаги домий беллашувларда кун сайин тобланаверади. Парваришлаб борилмаган истеъдод экилганича қаровсиз қолиб кетган кўчатни эслатади.
– Ижодкорнинг характери унинг услубини белгилайди, деган гап бор. Демак, ёзувчи ёки шоир ўз табиатига содиқ қолиши, уни турли таъсирлардан асраб-авайлаши орқали, айтиш мумкинки, ўзига хос услубини шакллантиради. Шундоқ бўлса ҳам, барча ижодкорларнинг шахсиятида қайси жиҳатлар мужассам бўлиши шарт деб ҳисоблайсиз?
– Ола-була рангга бўялган мушук йўлбарсга айланолмайди. Биз ижодда, кимларгадир ҳавас қилиб, тақлид қилиб, ўзимизни бошқача кўрсатишга нечоғли уринмайлик, у ёки бу воқеликка муносабат билдиришда, барибир, кимлигимиз очилиб қолаверади. Ўзлигимиздан қолмаганимиз яхши. Сиз ҳақсиз – менлигига содиқ адибнинг ижод услуби, асосан, унинг характери ҳудудида шаклланади, озми-кўп ўзига хослик айнан шу жараёнда ҳосил бўла боради.
Ижодкор шахсиятида қандай жиҳатлар мужассам бўлиши кераклигига келсак, биринчи навбатда, қайси юртнинг фуқароси, қайси миллатнинг фарзанди эканлигини ҳаётда ҳам, ижодда ҳам куну тун ҳис қилиб туриши шарт. Бадиий адабиётдан ташқари, аввало, ўз элатининг кечмишига, маданий-маънавий меросига, буюк алломаларига, довруқли арбобу саркардаларига оид тарихий асарлар билан имкон қадар кўпроқ танишиб бориши беҳад фойдалидир. Жаҳонни таниш ўзлигини танишдан бошлангани маъқул. Оддий одамлар билан кўпроқ бирга бўлиш адиб учун маҳорат академияси вазифасини ўташига шубҳам йўқ. Шундагина, унинг ёзганлари ўзбекнинг оғайнисига айланади. Халқ тилидаги гўзалликларни, ибораларидаги теранликларни, писандаларидаги ўткирликларни ҳеч бир “имло луғати”дан, ҳеч бир “изоҳли луғат”дан, ҳеч бир илмий-маърифий асардан топиб бўлмайди. Уларни расмиятчилик соя солмагучи чапанича суҳбатлардан, улфатона чақчақлашувлардангина “ўмариш” мумкин.
– Самимият – адиб учун энг муҳим фазилатлардан бири, дейишади. Сиз ижоддаги самимиятни қандай тушунасиз?
– Ижоддаги самимият – ўз қурбинг даражасидан баландроққа сакрашга чиранмасликда, ўзингда йўқ нарсани бордек кўрсатишга уринмасликда намоён бўлади, чамаси.
– “Ажинаси бор йўллар” китобингиз айнан самимияти, рост ифодалари билан ўқувчини ром қилади. Шахсан ўзим ҳам китобнинг айрим жойларини яйраб кулиб, айрим жойларини йиғлаб ўқидим. Асарда нафақат баъзи бировларни, ўзингизни ҳам аямагансиз. Ҳолбуки, биз ўқиган кўплаб мемуарларда муаллиф фақат ўзининг ютуқлари, ижобий фазилатлари ҳақидагина тўхталади. Сизнинг асарингизда эса “Бобурнома”га хос тўғрисўзлик, мардона руҳни кўрамиз. Ўзингиз ҳақингизда бундай рост, очиқ китоб ёзишга сизни нима ундади? Агар имкони бўлганда, ана шу умр саҳифаларининг қаерларини ўзгартирган, қайта ёзган бўлардингиз?
– Бу асарда мени борини борича ёзишга ундаган асосий омил китобхонларни сирдош ошналарим деб тасаввур қилганим бўлса, ажабмас. Иложи бўлганида, яъни китобни ортиқча семиртириб юборишдан чўчимаганимда, энг аввало, ўтган умрим мобайнида менга холисона яхшилик қилган минг-минглаб кишилар тўғрисида бирма-бир тўхталган, зиғирдеккина мурувват кўрсатганларни ҳам алоҳида ташаккурлар билан тилга олиб ўтган бўлардим. Кўлами, аҳамияти нечоғли эканидан қатъи назар, ҳар қандай яхшилик мукофотга лойиқдир.
– “Мукофот” деган гапингизни эшитиб, бир нарса ёдимга тушиб қолди. Ижодкор дўстларимизнинг айтишича, Тошкент давлат педагогика университетида бўлган ижодий учрашувда кўп йиллар олдин Ёзувчилар уюшмасида масъул вазифаларда ишлаган ардоқли адибимиз Носир Фозилов сиз ҳақингизда сўзлаб, Анваржоннинг қайсарлик томонлари ҳам бор, уни икки-уч марта адабий мукофотга, бир марта ёшлар ташкилоти мукофотига лойиқ топганимизда, нимагадир, олмайман деб туриб олган эди, деган экан. Нима сабабдан олишни истамагансиз?
– Нега истамас эканман? Аслида, ичимда хоҳлаб турганман. Фақат, бунақа мукофотларни ўнтача китобим босилиб, анчагина танилиб бўлганимдан кейин эмас, нашриётларга йўлим очилишида фойдаси тегадиган пайтларда, яъни иккинчи ёки учинчи китобим чиққанидаёқ беришлари керак эди, деб ўзимча аразлаганман, холос.
– Очиғини айтсам, баландпарвозроқ жавобни эшитсам керак, деб тургандим. Кутилмаганда, уста Гулматдек тўғрисини айтиб қўя қолдингиз. Дарвоқе, сиз кашф этган уста Гулмат, Кулкул афанди “девон”лари ўқувчилар орасида машҳур. Ҳатто адабиёт тарихида шундай мумтоз шоирлар ўтган экан-да, деб ўйловчи соддароқ мухлислар ҳам топилиб турганини биламиз. Бундай ғаройиб асарларнинг туғилишига илкаввал нима сабабчи бўлган? Бундай ёндашув, услубнинг сизга берган қулайлиги, анъанавий ҳажвиётдан кўра устунлиги нимада? Ва яна бир савол – сизнинг тасаввурингиздаги Гулмат ва Кулкул асосан нимаси билан бир-биридан ажралиб туради?
– Гулматнинг туғилишига буюк Абдулла Қодирийнинг Калвак махзум, Тошпўлат тажанг ҳақидаги ичакузди ҳажвлари сабаб бўлган. Шунақа чапанилар шоир бўлишга интилса, қанақа шеърлар тўқиган бўлардийкин, деб ўйладим-у, беихтиёр ёза бошладим. Бир-иккитасини бармоқ вазнида битдим. Нимадир етишмаётгандек туюлаверди. Ўйлаб кўрсам, Калвак махзумга замондош бўлган “эскича шоир”га ғазал жанри кўпроқ ярашаркан. Арузга унча эпим бўлмаса ҳам, таваккалига ёзавердим. Гулмат қаҳқаҳаларининг анъанавий ҳажвиётдан фарқи, қулай томони (устун томони демаганимиз тузук) шунда эдики, ўн тўққизинчи асрнинг охирлари, йигирманчи асрнинг бошроғида яшаб ўтгандек таассурот уйғотувчи бу ясама шоир тилидан ўша саксонинчи йилларнинг қолипига сиғмайдиган анча-мунча тиғдор сўзларни айтиш имконияти туғилганди. Цензурачилар улардан баъзиларини газета-журнал саҳифаларидан олиб ташласа-да, бу қадим замондаги гаплар-ку, деган баҳона билан ноширлар бир қисмини чоп этиб туришарди. Кейин, Гулматнинг невараси Кулкул афанди пайдо бўлди. Икковининг орасидаги асосий фарқ шуки, Кулкул афанди бувасидан кўра бирмунча замонавий.
– Ҳажвий шеърларингиз мумтоз адибларимиз ифодасига, тилига яқин услубда ёзилган. Бунинг сабабларини ҳозиргина айтдингиз. Бу усул ҳажвий адабиётимизда урфга айланди. Ҳатто қизиқчилар, аскиячилар ҳам шу йўлга ўтиб, одамларни кулдирган пайтлар бўлди. Бундай шеърлар бармоқ вазнида ёзилса, таъсир кучини йўқотадими?
– Бу ҳажвчининг маҳорати даражасига боғлиқ. Масалан, Эркин Воҳидовнинг “Матмуса” туркумидаги ҳангомалари бармоқ вазнида битилган бўлишига қарамай, Гулматдан кўра машҳурроқ бўлиб кетди.
– Кичкинтойларга аталган бири фалсафий, бири юмористик шеърлар, болаларбоп ғазаллар, қиссалар, ҳикоялар, пьесалар – ижодингизнинг йирик бўғинлари. Катталар учун ҳам турли жанрда жозибадор асарлар битгансиз. Албатта, уларнинг ҳар бири сиз учун ниҳоятда қадрли. Аммо, шундай бўлса ҳам, айтинг-чи, агар сизга шулардан фақат бири билан шуғулланиш талаби қўйилганида, қайси бирини танлаган бўлардингиз?
– Сира иккиланиб ўтирмай, болалар шеъриятини танлардим, албатта. Болаларга қўлдан келганча яхшилик қилиб яшашдан ортиқроқ саодат йўқ мен учун.
– Болаларга ёзиш ўта масъулиятли иш экани кўп бор айтилган. Чунки, эгри ғояли асар болаларнинг мурғак онгини бир умрга мажруҳ қилиб қўйиши мумкин. Шу боис, кичкинтой китобхонларга аталган шеър, ҳикоя, қиссалар қизиқарли бўлиши билан бирга, уларнинг моҳиятига улкан умуминсоний, эзгу ғоялар жо қилиниши керак. Шундан келиб чиқиб, сўрамоқчиман – ёш ўқувчиларга тақдим этилаётган асарга каттароқ фалсафий маъно юклашда унинг зерикарли, “оғир” бўлиб қолмаслигини таъминлаш учун адиб нималарга эътибор бериши, нималарга риоя қилиши лозим?
– Болага атаб ёзилаётган асарни овқат деб фараз қилсак, ўта иссиқ бўлса, оғизни куйдиради; ўта совуқ бўлса, ичакни шамоллатади. Аммо, икковидан ҳам хавфлироғи – буткул бемазаси, битта тузи паст асар болани китобдан умрбод безитиб ташлаши ҳеч гапмас. Шу боис, болаларга ёзаётганда, адиб ўзини уларга ўйинчоқ ясаётгандек тутиб, уларда бу нарсага қандай қилиб кўпроқ қизиқиш уйғотиш мумкинлигини, фарзандларимизни у нималарга ўргатиши билан алоҳида аҳамият касб эта олишини олдиндан чамалаб турмоғи лозим. Болаларга бағишлаб ёзишда кичкинтойлар тушунчасидан, уларнинг ўзига хос атворидан, одмигинга фикрлашларидан, ширингина, соддагина гаплашувлари доирасидан ортиқча узоқлашиб кетмасликка риоя қилиш талаб этилади. Энг қийини мана шуни уддалашдир. Болаларнинг табиатига ёт китоб болаларга қўшилиб “ўйнолмайди”.
– Китоблари ўнлаб хорижий мамлакатларда чоп этиб келинаётган номдор адибимиз Худойберди Тўхтабоев Ёзувчилар уюшмасида бўлган йиғинда ижодингиз ҳақида тўхталиб, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповлар катталар адабиётида қандай туб ўзгаришлар ясаган бўлса, Анвар Обиджон болалар адабиётида худди шундай инқилоб қилди, унинг асарларини аллақачон жаҳонга олиб чиқишимиз керак эди, деган гапларни айтди. Сиз ўзингиз таржима масаласига қандай қарайсиз?
– Ўзимдаги камчиликлардан бири – бошқаларнинг асарини таржима қилишга ҳафсалам йўқлиги. Маршакнинг беш-олтита шеърини ўзбекчага ўгириб, қанча-қанча тотлигина сўзларни, кўркамгина ибораларни бировнинг шеърига ишлатиб юбордим-а, деб ичимда тихирланганим эсимда. Кейинроқ белорус адибаси Ольга Ипатова менинг “Аламазон ва унинг пиёдалари” китобимни, баъзи шеърларимни русчалаштириб, ўзининг бир қиссасини ҳам ўзбек тилига ўгиришимни сўраганида, йўқ деёлмагандим (унинг иши манзур бўлмай, Аламазон ҳақидаги асаримни, пича вақт ўтгач, ўзбекчани сувдек ичворадиган Зоя Тумановага бошқатдан таржима қилдирганман). Шеърларимни ўзбекистонлик, россиялик бир неча қаламкашлар русчага айлантириб кўришган. Очиғи, аксарияти кўнглимга ўтирмаган. Ўлмас Умарбеков (илойим, у кишининг охирати обод бўлсин) Ёзувчилар уюшмаси раиси эканида, мени йўқлатиб, болаларга аталган шеърларингизни русчага сўзма-сўз таржима қилдиринг, ўзим уларни Москвадаги нашриётга топшириб, китобингизни бостириб бераман, деб қолди. Шунда мен “ношукурчиликка ўтиб”, ўзимиздагилардан, москваликлардан тўрт-бештаси шеърларимни енгил-елпигина ўгириб юрибди, сиз айтаётган нашриётидагилар ҳам тўпламимни ўртачароқ таржимонларга бериши мумкин, то ўзимбоп таржимонни топмагунимча шошмай турсак майлими, десам, ҳайронланиб тикилиб қолганди.
Умуман олганда, мен, авваламбор, ўзбек болалари учун ёзаман. Аҳолимизнинг ўн миллиондан зиёдини ташкил этувчи фарзандларимизнинг, лоақал, юзтадан биттасига таниқли бўлиб олсам ҳам катта гап, менга шунинг ўзи етади, шунинг ўзи улкан бахт.
– Машҳур швед болалар ёзувчиси Астрид Линдгрен 1978 йили “Тинчлик мукофоти”ни олиш чоғидаги нутқида болаларга жисмоний жазо беришнинг жиддий оқибатлари ҳақида сўзлагач, Швецияда болаларни уриб жазолаш қонунан тақиқланади. Ёш авлод қалби ва руҳиятини яхши билган адиб сифатида айтинг-чи, бола тарбиясида қаттиққўллик ва эркалатишнинг меъёри, мезони қандай? Бугунги ота-оналар, ўқитувчилар йўл қўядиган энг асосий хатолар нималардан иборат, сизнингча?
– Болаларнинг бахтли ҳаётини, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш бутун дунёнинг, жумладан, мамлакатимиз раҳбариятининг-да диққати марказида бўлиб келмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”да болалар ҳақ-ҳуқуқига оид махсус бўлимлар ҳам бор. Декларациялар, қонунлар яхши, аммо ҳаёт бошқа нарса экан – айнан шу масалада ўзини жонкуярдек кўрсатиб келаётган баъзи давлатларнинг аскарлари бугун у ёки бу минтақада болаларнинг устидан аёвсиз бомба ёғдиряпти, уларни етимларга, қочқинларга айлантиряпти. Оламдаги барча болаларни ўз фарзандларининг, ўз ука-сингилларининг ўрнига қўйиб кўра оладиган меҳрли, оқкўнгил инсонларни тобора кўпроқ тарбиялаб етиштира олсак эди, айрим зўравонлар бузиши мумкин бўлган қонунларни назорат қилишга тугалай ҳожат қолмаган бўлармиди…
Ўз фарзандларимнинг дастлабки тарбияга муҳтож даврлари менинг Тошкентдан иш топиш учун бир неча йил сарсонланиб юрган, иш топганимдан кейин ҳам, то уйли бўлгунимча, улардан олисда яшаб турган пайтларимга тўғри келгани боис, болани тўғри ўстириш бўйича уқувли оталар қаторига қўшолмайман ўзимни. Шунга қарамай, ушбу соҳа мутахассисларининг фикрлари, намунали оилаларни кўриб-кузатишдан ясаган хулосаларим, қадимий удумларимиз тубида ётган ноёб-ноёб сабоқлардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, ота-оналар қаттиққўллик билан ёвузликнинг, эркалатиш билан талтайтиришнинг орасидаги чегарани аниқ ҳис эта олиши бола тарбиясида ўта муҳимдир. Ўйлашимча, биз ота-оналар, ўқитувчи-мураббийлардан айримларимизнинг энг йирик хатомиз – ҳар бир боланинг феъл-атворига қараб, ҳар бирига айрича-айрича муносабатда бўла олишни гоҳо тўкис ўринлатолмаймиз.
– Жамиятимиз катта янгиланишлар, ўзгаришлар ичида яшаяпти. Бугун мамлакатимизда адабиётга, китобга қаратилаётган эътибор ҳар қандай зиёлини, айниқса, ижодкорни қувонтиради. Мана, яқинда устоз Эркин Воҳидовнинг 80 йиллиги кенг нишонланди. Учрашув ва тадбирлар ҳозир ҳам ўтказиляпти. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг китобхонликни кучайтиришга қаратилган фармойиши эълон қилинди. Бундай амалий ҳаракатлар, шубҳасиз, сизни ҳам хурсанд қилгани табиий. Хўш, бу борада қалам аҳли қандай амалий иш қилиши зарур? Бу эзгу жараёнда ёзувчиларнинг иштироки, ҳиссаси қандай бўлмоғи керак?
– Президентимизнинг суюкли шоиримиз Эркин Воҳидов юбилейини байрамона нишонлаш тўғрисидаги қарори адабиёт аҳлининг қалбида катта кўтаринкиликни юзага келтирди, десам, ҳеч қандай муболаға бўлмайди. Юракдан чиқариб хизмат қилсанг, бу юртда албатта қадр топасан, деган тушунча ўлкамиздаги ҳар қайси адибнинг бир кучига ўн куч қўшиши табиийдир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ижод” фондини ташкил этиш ташаббуси, аввало, адибларнинг фаолиятини кескин жонлантиришга кенг шароит яратган бўлса, бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг китобхонликни кучайтиришга қаратилган фармойиши адабиётнинг халқимиз маънавиятини ўстиришга янада кўпроқ, самаралироқ хизмат қилишини янги, юксак босқичга кўтарди. Айниқса, кутубхоналарни кўпайтириб, энг зарур китоблар, жумладан, болаларга мўлжалланган адабиётлар билан бойита боришга оид гаплардан бошимиз осмонга етди. Биз бу ғамхўрликларга жавобан юртдошларимизнинг, биринчи галда, ёш авлоднинг Ватан олдидаги муқаддас бурчларини чуқурроқ англаб етишига улуш қўшаверишдан, тинчликни, ҳалол меҳнатни, аҳил-иноқликни қадрлашга чорловчи асарлар яратаверишдан чарчамаслигимиз лозим. Бу жараёнда меҳнаткашларнинг ичига кириб, кўпроқ гурунглашиб турсак, уларнинг кўнглидаги гапларга оҳангдош асарлар яратсак, уларни янги-янги ютуқлар сари руҳлантираверсак, юртимизда амалга оширилаётган бири биридан улуғвор юмушларда ўз ҳиссамиз борлигидан ҳақли равишда фахрланиб юрадиган бўламиз. Ушбу йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб аталиши фақат бошқарув идоралари ходимларига эмас, биз ижодкорларга ҳам тегишлидир, деган фикрдаман.
– Умуман, ижодкорнинг халқ ичида бўлиши нималарда кўринади?
– Бу – адиб ёзган асарнинг мазмунида, моҳиятида намоён бўлади. Юзаки кузатишларга таяниб, бошқа китоблардан олинган таассуротлардан таъсирланиб битилган хонаки асар қуруқ чиқади. Сюжетлардан сюжет, фалсафалардан фалсафа яратиш ҳам осон иш эмас, лекин бадиий асардаги топилмалар, янгича фалсафий талқинлар қанчалик салмоқдор бўлмасин, китобдаги воқеалар реал турмушимизнинг аниқ-тиниқ манзаралари, тирикчиликдаги муаммоларнинг борлиқ майда-чуйда кўринишлари билан чамбарчас боғлана олмаган бўлса, ўқувчи адибнинг маҳоратига унча тан беравермайди. Ўзи чегачилик қилмаган эса-да, жилла қурса, чегачи билан ош-қатиқлашиб юрмаган қаламкаш ўз асарига бу касб эгаси образини аралаштирмагани дурустмикан, дейман-да. Қисқаси, халқнинг ичидан чиқиб келган адибнинг китоби халқнинг ичига осонроқ кириб бора олади.
– Етмишга тўлганингиз муносабати билан турли тадбирлар, учрашувлар ўтказиляпти. Улардан олаётган таассуротларингиз тўғрисида ҳам тўхталсангиз.
– Ўзимга, ижодимга қаратилаётган бундай самимий эътибордан хурсандман, албатта. Бу мамлакатимизда қалам аҳли эъзозлаб келинаётганининг яққол мисолларидан бири, деб ўйлайман. Уюшмамиз раҳбарияти табаррук устозларим, қаламдош қадрдонларим, адабиёт ихлосмандлари иштирокида чиройли тадбир ўтказиб берди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ижодий фаолиятимга бағишланиб, республика миқёсида илмий-амалий анжуман ташкил этилди; пойтахтдагилардан ташқари турли вилоятларда яшовчи таниқли адабиётшунослардан айримлари ҳам ташриф буюришди, уларнинг асарларим ҳақидаги тадқиқотларини алоҳида китоб қилиб чиқаришди. Гоҳо, кўзларимга ишонгим келмайди…
Учрашувлар давом этиб турибди. Шулар ичида, ғойибона тарздаги кутилмаган бир учрашув юрагимни бошқача тўлқинлантирди. Андижон вилоятидаги кўзи ожизлар муассасасига қарашли кутубхонанинг Марғубахон исмли ходими қўнғироқ қилиб, мен ҳозир шаҳримиздаги 24-мактабнинг иккинчи “а” синфи ўқувчилари орасида турибман, телефонимиз радиокарнайга улаб қўйилган, болалар сизни туғилган кунингиз билан қутламоқчи бўлишяпти, деди. Ортиқча ҳаяжонланиб кетганимдан, лол туриб қолдим. Олдин, синф раҳбари Мухтасархон мени табриклаган бўлди, сўнг, ўқувчилардан баъзилари билан савол-жавоб қилдик, баъзилари шеърларимни ёддан ўқиб бера бошлади. Улардан биттаси, қатордан қолишни истамади шекилли, Анвар бобомники деб бошқа шоирнинг шеърини ҳам жаранглатиб ўқиб ташлади. Буни сезмаганга олган бўлсам-да, ўзимнинг болаликдаги қувлигим эсимга тушиб, шунақанги маза қилиб кулдимки!
Бундай тадбирларни уюштираётган ташкилотчилардан, менга чексиз эҳтиром кўрсатиб, қимматли вақтини аямай йиғинларга келаётган мўътабар устозу дўстларимдан, азиз шеърхонлардан жуда-жуда миннатдорман.
– Биздан вақтингизни аямаганингиз учун сизга ҳам раҳмат. Сиз каби атоқли адибларга ҳаваси келадиган, элга манзур ижодкор бўлишни орзу қиладиган ёшлар беҳисоб. Таҳририятимиз эшигини энг кўп тақиллатадиганлар ҳам ана шундай ёш, умидвор қаламкашлар. Уларга қандай тавсияларингиз бор?
– Ўзингизни адиб деб аташдан қўрқманг, ўзгалар сизни адиб деб атамаслигидан қўрқинг!
Ориф Толиб суҳбатлашди.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 1-сон