— Абдуқаҳҳор ака, инсон учун ҳурликдан кўра тансиқ неъмат бўлмаса керак. Лекин озодлик қадрини истибдод даврида яшаганлар бошқалардан кўра кўпроқ билади.
—Менинг ярим асрдан ортиқ умрим истибдод замонасида кечди. Шунинг учун ҳам у кунлар билан бугунни солиштириб кўришга каминада имконият бор. Зеро, ҳақиқат таққосда яққол кўзга ташланади. 1989 йили Тошкентнинг Ёбу Назир маҳалласидаги Яҳёбой масжидида қандолатпазлик сехи ишларди, Чиғатой (ҳозирги Форобий) кўчасидаги Миродилбой масжидида керосин сотиларди, Тўхтабой жоме масжиди маъданли сувлар, пиво ва шампан винолари сақланувчи омборхона эди. Кўкалдош мадрасаси ташландиқ бўлиб ётарди, Хожа Аҳрор Валий жомеъ масжиди харобага айланган эди. Истиқлол арафасида пойтахтимизда бор-йўғи 17 та жомеъ масжид ишларди.
Айниқса, таққос учун, Ҳастимом мажмуасининг истиқлолгача ва бугунги қиёфаси ибратли мисол бўла олади. Абу Бакр Қаффол Шоший мақбараси, Бароқхон, Мўйи Муборақ мадрасалари ва Тиллашайх жомеъ масжиди каби обидалар орасига қуриб ташланган чойхона, ҳовлилар ва кинотеатр биноси мажмуа қиёфасига кўланка ташлаб, яхлитликни бузиб турарди. Истиқлол йилларида осори атиқаларга, динимизга бўлган муносабат тубдан ўзгарди.
Президент Ислом Каримов 1991 йили “Халқ сўзи” газетасига берган суҳбатида (1991 йил 18 декабр) миллий урф-одатлар, ўзбекона ифтихор, ахлоқий поклик, имон-эътиқод, маърифатпарварлик, маънавий қадриятлар, юксак одамийлик фазилатларини қарор топтириш масалаларига кенг тўхталган эди. Ўшанда динга муносабат хусусидаги саволга Юртбошимиз буидай жавоб берган эди: “Бугун ана шу дин орқали вужудимизга мусаффолик, дилимизга, иншооллоҳ, поклик кириб келмоқда. Ахлоқ-одоб, маърифат яна хонадонларимиз файзига, одамлар хислатига айланишида Исломнинг ўрни бениҳоя бўлмоқда. Биз келгусида дин олдидаги тўсиқларни олиб ташлаймиз”.
Ўшанда баъзи кимсалар бу олижаноб ниятнинг амалга ошишига шубҳа билан қарашган. Лекин бугун биз ўша ниятнинг амалга ошганига шоҳид бўлиб турибмиз.
— Сиз Тошкент фарзандисиз-да. Истибдод ва истиқлол давридаги икки хил манзарани азим шаҳар мисолида кўрсата қолдингиз. 2200 йиллиги муносабати билан пойтахтимизнинг ўқилмаган кўп саҳифалари ўқила бошланди. Сиз нималар ҳақида гапиришни истар эдингиз?
— Маълумки, ўз даврида шаҳримизга соҳибқирон Амир Темурнинг назари тушган эди. Бундан Тошкент кўп фойда кўрган, қиёфаси янада кўркамлашган. Соҳибқирон 1394 йили Тошкентга келганида Шайх Зайниддин бобо мозорини зиёрат қилиб, мақбарасини таъмирлатади. Шунингдек, Калонхона маҳалласида бир жомеъ масжид қурдиради. Бу масжид ҳозиргача сақланган, аҳоли уни “Азиз авлиё жоме масжиди” деб атайди. Масжид хонақоҳи каттагина, деворининг қалинлиги икки метрдан ортиқ бўлгани учун маҳалла номи ҳам «Калонхона» деб аталган. Бу маҳалла Эски Жўва деҳқон бозорининг шимол томонида жойлашган.
Соҳибқирон ўша ташрифлари чоғида Сузук ота қабрини ҳам зиёрат қилиб, қабр устига мақбара қуришга, унинг яқинида бир жомеъ масжид қуришга амр этади. Ўн тўртинчи асрнинг охирига оид бу мақбара ва масжид Сузук ота маҳалласида. Сузук ота тарихий шахс, Хожа Аҳмад Яссавийнинг жияни бўлган. Асл исми Мустафоқул, кўзлари сузук бўлгани учун Аҳмад Яссавий уни “сузугим” деб эркалар эканлар. Бу жомеъ хонақоҳи Тошкентдаги кўҳна масжидлар хонақоҳлари орасида энг катта ҳисобланади. Рус муаллифи А Добросмисловнинг 1912 йилда Тошкентда чоп этилган “Ташкент в прошлом и настоящем” китобида ёзилишича, 1911 йили Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида 333 та, янги шаҳар қисмида 16 та масжид бўлган. 26 та мадраса ишлаган. Уларнинг кўпчилиги советлар замонида бузиб ташланган. Эндиликда ўша 26 мадрасадан учтаси — Кўкалдош, Бароқхон ва Абулқосим мадрасалари бор. Ҳозир ишлаб турган Сузук ота, ҳазрати Уккоша, Ҳофизкўй, Яҳёбой, Тўхтабой, Тиллашайх ва шу каби кўҳна масжидлар тарихини ёзиб қолдирилса, бугунги ва келгуси ўқувчилар учун асқотади.
— Абдуқаҳҳор ака, сизнингча, зиёлиларимиз айни пайтда нималарга алоҳида эътибор қаратишлари керак?
— Назаримда, энг олдин бефарқ бўлмасликка эътибор қаратишимиз зарур. Бировнинг ташвишини заррача бўлса-да менинг ҳам ташвишим деб ҳисоблашимиз керак.
Иккинчидан, эътиқодли бўлишга эътибор қаратишимиз зарур. Эътиқодли одам тўғри яшайди, эътиқодсиз кимса қандай йўллар ва усуллар билан бўлмасин, яшаб қолишга интилади. Эътиқод ўз табиатига кўра журъатли, мард ва фидойи бўлишни тақозо қилади. Шунга биноан унинг замини имон, қаноти маслакдир.
Маслакли кишида бурд, субут, лафз бўлади, унинг иродаси ҳам кучлидир. Умуман, эътиқод, маслак ва ирода бир-бирига боғлиқ ва бир-бирини тўлдирувчи инсоний фазилатлардир.
— Кузатишимча, кейинги йилларда ижодингизда маърифий йўналиш кучаймоқда. Сўнгги йилларда ёзган асарларингиз ҳақида тўхталсангиз?
— Бажонидил. Исхиқлол эпкини сал-пал эса бошлаган 1988 йили ёзилган “Некролог” (“Пуч”) трагикомедиямда илк бор мадраса мударриси Хонқаро ҳазратларининг образи яратилган эди (бу пьеса ўша йили Ҳамза номидаги театрда саҳналапггирилган). Шундан кейин яратилган бир қатор китобларимда ҳам маърифий мавзу етакчи бўлди. Истиқлол йиллари қаламга олинган “Ватан туйғуси” (ҳамкорликда), “Уйқу келмас кечалар” (роман), “Бизким, ўзбеклар.,.”, “Миллат овози”, “Эътиқодга бахшида умр”, “Мангулик йўлларида”, “Давлатнинг салобати…”, “Маъмун академияси”, “Ёруғлуғ”, “Ўзбек маҳалласи”, “Ҳастимом хотиралари” китобларим шулар жумласидандир.
Кези келди шекилли, шуни эслатиб ўтай, ўтган аср тўқсонинчи йиллари бошларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан танлов ўтказилган, камина ҳам ўша танлов ғолибларидан бири бўлган эдим. Шундай тадбир яна амалга оширилса яхши бўларди.
— Ҳозир қандай асарлар ёзяпсиз?
— Учга жанрда қалам тебратаман: наср, драматургия ва публисистика. “Ёшлар йили” муносабати билан Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази топшириғига биноан “Олқиш” деган икки пардали пьеса ёздим. Бу пьеса “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий кенгашида ижобий баҳоланиб, “Ўзбектеатр” ижодий ишлаб чиқариш бирлашмасига асарни саҳналаштиришга тавсия қилинди. “Тусмол” деган сатирик комедиям Миллий театримиз бадиий кенгашида маъқул кўрилиб, саҳналаштириш учун қабул қилинди. “Зиёрат” деган янги китобим яқин кунларда ўқувчилар қўлига етиб бориб қолар. Зиёрат дегани нурланиш, зиё олиш деганидир. Улуғ одамларни кўриб, дуосини олиш, ибодат қилиш ва китоб ўқишдан инсон нурланади, нуроний бўлади.
…Орзуларим кўп.
Вафо Файзуллоҳ суҳбатлашди.
«Ҳидоят» журналининг 2008-йил 7-сонидан олинди.