Максим Танк (1912-1995)

Евгений Иванович Скурко — Максим Танк (белор. Максім Танк) Молодечненск областининг Мяделск раёнига қарашли Пилковшчина қишлоғида деҳқон оиласида туғилди.
Максим Танкнинг 1936 йилда босилиб чиққан «Этапда», 1937 йилда эълон қилинган «Нароч» номли шеърий асарлари полиция томонидан ман этилди.
Урушдан сўнгги йилларда босилиб чиққан «Агар билсангиз эди» (1947), «Йўлда» сингари шеърлар тўпламлари нашр этилган.
Максим Танк ўз шеърларида халқ оғзаки ижодининг энг яхши фазилатларидан фойдалангани ҳолда ҳаёт ҳақиқатини очиб берган.

ДЎСТЛИК

Агарда кўтарсак оқ,
Сариқ,
Қора —
Миллион қўлларни бирдамликда биз,
У ҳолда қуёшни дадил, мардона —
Тоғдан ҳам баландга кўтароламиз.
Агарда кафтларга қўйилса кафтлар,
Ва сиқилса қўллар — сариқ,
Қора,
Оқ;
У ҳолда мисоли бир тирик чамбар —
Планетамизга бўлади белбоғ.
Агарда туширсак қора,
Оқ,
Сариқ —
Миллион муштларни жамлаб, шу замон
Энг сўнгги занжирлар узилиб аниқ,
Гумбурлаб кетади ер ҳамда осмон.
1956

ЖУРАВИНА ГУЛИ
(ПОЭМАДАН ПАРЧА)

1

Унгирлардан эриб оқар сўнгги қор
Ойна кўлмакларга қон томир мисол.
Соҳилда чирмашиб олха-ю толзор
Тебранар, гувиллаб эсаркан шамол.
Жала-тошқин бузган ўнқир-чўнқирдан
Баҳор торин чертиб айқирар сувлар,
Ясси жўяклардан, дараю қирдан
Кумушдай товланиб ҳайқирар сувлар…
Аммо бошда ортар ташвишли хаёл:
Нима инъом этар бу парча майдон?
Нима эксам экан?— ўйлар қадди дол.
Ё тўрва кўтариб сўрайми эҳсон?
Бир парча лахтак ер устида хаёл
Гала зағча каби дайдир бамисол…
Тобора чўзилар қозиқ сояси,
Қирчанғи бўйнида хомут, йўқ дармон,
Сўқани тортади қуриб тинкаси.
«Ҳа, чуҳ… Чуҳ, жонивор!..
Чуҳ, тўриқ полвон!»
Чипта ковуш изи чўкади ерга,
Қўшчи чўмилади қоп-қора терга…
Сўқа ғичирлайди тошларга тегиб,
Баъзан томирларга дуч келиб, эгиб,
Тўхтаб ҳам қолади…
Ялт этиб шу дам
Чимларни ағдариб, сўқанинг тиғи
Яна ботиб кетар.
«Қўшчи, бер ёрдам,
От билан баравар торт, қилма йиғи!»
Ер узра анқийди навбаҳор бўйи,
Ва эсар илиқ ел. Бир тўда қизлар
Эгатдан келади қувонган кўйи,
Кулиб чақ-чақлашиб юзи қирмизлар.—
Баҳор шабнамидек беғубор, дуркин,
Янгроқ овозлардан тебранар бўғот,
Тебранар анҳорда мингашиб тўлқин,
Тебранар дов-дарахт, бутун коинот.
Себарга ёнига бориб атайлаб,—
Ям-яшил соҳилга, толзор тагига
Тоза чипталарни майсага тўшаб,
Қизлар ўлтиради ер этагига.
«Васил!» деб чақирган шўх овоз шу чоқ
Олисдан янгради — жарангдор, қувноқ.
«Ҳа чуҳ!
Тўғрига бос!
Қаёққа, жонивор!»
Васил қадам ташлар эшитмагандай.
Балки эслангандир кўзлари хумор,
Балки эсламаган чиқар бутунлай.
Сўқа издан чиқди, бузилди эгат…
«Тислан!..»
Тепаликда тойиб ҳолидан,
От тўхтади терлар оқиб ёлидан.
Кишнади-да ҳорғин ва кўриб кўкат,
Емоқ учун чўзди озғин бошини —
Алаф эслатарди қаҳра тошини…
Тўқайдаги қатор уйлардан тортиб,
Поляк қулоқлари — панларга қадар
Гўзал Раинага ҳаваси ортиб,—
Ҳамма ошиқ бўлиб ташларди назар.
Дарё бўйидаги четкай уйда қиз
Ўсиб, гулхайридай очганди чирой.
Мафтун этар эди барчани чексиз,—
Кўзи хумор, юзи эди тўлин ой.
Ўроқ-машоқда ҳам у эди илғор,
Агар қўшиқ айтса янграрди осмон.
Тиккан кашталари эди гулрухсор,—
Шундай танҳо эди бу кўрки майдон.
Унга бўлмаганди беҳуда мафтун
Хутордаги капрал улан тунов кун…
Ям-яшил қамишлар тебранган томон
Омочга суяниб боқади Васил…
Қушларни чўчитиб, қўлида гаврон
Раина шолчани қоқар муттасил.
Дарё ухлагандай оқади сокин,
Кўксида ўйнайди кумуш ҳалқалар.
Қизларнинг қўшиғи ёзар қанотин,
Васил хотирида ўрим паллалар:—
Гўзал Раинанинг гўзал чеҳраси,
Ўзин «севаман»и, қиз қаҳ-қаҳаси…
«Чуҳ… чуҳ..» чуғурчиқлар галаси яна
Лахтак ерга қўнди ёпирилиб, ана.

2

Кунлар калта бўлган айни қиш маҳал
Капрал улан эди
Балтрукка меҳмон.
У кайфли бошини қуйи эгиб сал,
Ҳикоя қиларди валдираб чунон:
Баторийнинг Москвага от солишларин,
Ченстохов ҳамда Запорожега,
Қримга қилинган юришлар барин
Кетма-кет оларди мақтаниб тилга,
Ва ўша жангларда қилич солганин,
Талай ёв бошини тандан олганин,—
Қаҳрамон бўлганин гапириб улан,
Кўкрагин керарди тўкислик билан:—
Парадга бормоқчи кишидай атай
Медаллар терилган эди бир талай.
Балтрук гўё уни эшитмагандай,
Учоқ оловини тузатиб тинмай,
Аста ер тагидан вақти вақтида
Меҳмонга ташларди такаббур назар.
Оғиз очар экан қайлиқ ҳақида,—
Улан мақтай кетди ўзин шу қадар:
Пеш қилди аъло сорт дони борлигин,
Ўзига мустақил эркин панлигин…
Ва орзу-истагин айлади изҳор—
Фақат етишмайди унга сулув ёр…
Шу дам қовоқ солиб унга боқиб чол,
Винодан бир қултум ичди-да ночор,
Ҳосил, медал ҳақида сўради дарҳол…
Улан уйқусираб айтарди такрор
Поляклар жангини, қонли урушни.
Раина тингларди.
Этарди фаҳм,
Отаси сиртмоқлаб бу гапфурушни
Тортади қоронғу ғорга бераҳм,
Тополмасин дея тўғри йўлни ул.
Маст улан ҳам алжиб, зарур гап қолиб,
Нозарур гапларни гапирар нуқул.
Чол боқар меҳмонга: сарв қад, ғолиб.
Гавҳарга тенглаша олмагандай санг,
Қишлоқ куёвлари тенг келмас унга!
Рақс тушганда-чи!— фақат учар чанг!
Юрса шпорлари чиқарар оҳанг.
Тикилса — кўз ўнгинг айланар тунга…
«Хўш, энди, кетайин уйга оқсоқол,
Тилсиз одам каби боқасан хомуш…
Ҳатто кўнгил учун бермадинг савол,
Нега келдинг дея, бу ерга сархуш…
Раинани узат. Ҳамма нарса бор!
Шоҳи либосларга ўрайман нуқул.
Бизда нон-намак мўл, сариёғ бисёр!
Эркак «ҳой-ҳуйини» унутар буткул!»
Раина отилди уйдан омборга,
Қалбин ўртагандай раҳмсиз алам,
Кўз ёш тўкди дув-дув…
Бутун хуторга
Хўроз хабар берди саҳардан шу дам.
Балтрук жиддий тинглаб охиригача,
Йигит таклифига жавобан жўртта
Мақтади унинг ғоз, итларигача,
Ва деди уланга тикилиб шартта:
Худо ақл берган ва берган иқбол…
Улан яшнаб кетди бу гапдан шу он…
«Сен,— деди шошилмай, чўзиб Балтрук чол,—
Бундан гўзалроғин топасан, инон.
Сендай бир азамат ҳуштак чалса бас,
Юзта читтак қўлга қўнади шу чоқ.
Биздай тўпорларга муносиб эмас,
Зотлар даргоҳига, кўшкка кирмоқ…»
Улан сапчиб турди юзлари қонсиз:
«Ҳали шошмай тур сен, кекса имонсиз!
Оппоқ соқолингни юлай битталаб!»
Шишага ёпишди…
«Эҳ! Кетдинг қанчалаб!»
Косовга урилиб, жангиллаб шиша
Чил-чил бўлиб синди.
Энтикиб Балтрук:
«Э-эҳ!.. Қўшни! Эҳ!..
Қўлни ая ҳамиша!»
Дея парчаларни терди тушиб мук.
Сўнгра чол турди-да, деди дафъатан:
«Меҳмон учун — ёйиқ дастурхонимиз…
Хушвақт этолмаган бўлсак, узр, пан!»
Эшикка отилди улан — бетамиз.
«Қизим, йиғлама ҳеч, кўз ёши — зарар!
Ой ўтиб, йил ўтиб унутасан ҳам,—
Балтрук Раинани жиддий юпатар,—
Бизга у бегона ҳамда шум одам.
Сени тушунмасди, қилмасди ҳурмат,
Нияти бузуқроқ…
Чекардинг заҳмат.
Бизни холис қўйсин яхшиликча у,
Шода медаллардан бизга наф йўқ-ку.
Асрий ҳақиқат-ла яшаймиз хоксор,
Беҳуда йиғлайсан тунлари бедор.
Ахир қилмагандир ҳақорат, таҳқир?
Нега индамайсан, гапиргин ахир?»
Бари аён бўлди,
Балтрук ногиҳон
Ўтган ҳодисани этганда аён.
Улан сайр қиларди Раина билан,
Кузатарди тунда…
Тонгда икки из
Гъарамга элтарди биланглаб чиндан.
Шунда таъбир қилди кекса шубҳасиз:
«Адашган икки маст тунаган чиқар…»
Нур эмиб яшнарди яшил буғдойзор…
Васил бошин қуйи солиб, таъзимкор
Тинглар Раинани.
«Агар қовушсак,
Бахтлироқ яшардик, дейсанми икков?
Ёзда-ку қарашиб тураман андак…
Қишда-чи?
Квассиз,
Нонсиз,
Беолов…
Офат улоқтирар совуққа бизни…
Қандай боқар эдинг фарзандимизни?
Баҳорда ўйловдим,
Васил неча бор…
Бошимни гангитди шпорли тўра…
Кейин ўйлаб кўрдим: у одам зинҳор
Бизга қавм бўлолмас, бўлолмас жўра.
Уни унут, ўтган ишга салавот,
Қор ҳам ёпиб кетди у кунлар бетин.
Қалбимда ювилмас доғ қолди лекин.
Сенга ҳам ишонч йўқ дилимда албат!
Ўзинг сўраб мендан илтифот, шафқат,
Атрофда кезасан гўё ҳуркак от,
Эски изга келиб қоқиласан бот.
Йўқ! Қовушмайлик, қўй!— мендан маслаҳат…
Эзгу соатлар ҳам қилар тантана —
Сени йўқлаб қолар янгитдан баҳор.
Қалбда ишқ ғунчаси барг ёзар яна,
Журавина гули каби беғубор…»
Кунлар! Майсаларнинг барини силаб,
Чивин, ўроқларнинг хонишин тинглаб,
Турналардек бир-бир этдингиз парвоз…
Тун бўйи самода ой қилиб пардоз
Фусункор боқади, киприклари ҳал:
Ботқоқларга тўкиб ҳовуч-ҳовуч зар,
Гъарам, олхазорни этиб мунаввар,
Чексиз соҳилларга беради сайқал…
Гўзал ёшлик каби, ирмоқлар каби
Ёз тонглари латиф нақадар бизда.
Тиниқ кўзгу янглиғ кўлмаклар лаби
Лойқамаса дейсан юрганимизда.
Кўпдан буён ишга чиқмас эди чол,
Ёлғиз ўлтирарди кундуз-у оқшом:
Қўли оғрир эди, эди бемажол —
Ўт бойлаб, ғоз ёғи суриб ҳар айём,
Отарчи айтганин этарди адо,
Оғриган қўлига топай деб шифо.
Улан ҳам ногиҳон бўлганди бемор,
Энди кўргазмасди кўчада рафтор.
Қишлоқда кезарди миш-миш: «командир»
Паншахага ўзин олибди уриб.
Энди ямаётган эмиш у мундир,
Кўчага чиқолмай уйда ўлтириб.
Миш-миш бўладиган вақт ҳам келди!
Нонсиз қолган қишлоқ пичирлар энди,
Деразаси қорга қопланган уйда
Елкаларга ташлаб эски чакмонни,
Уруш ва ўлпонлар ҳақида кунда
Гап чуваб, чек ташлаб ўтказар онни.
Ҳосил ва ўримга ишониб бўлмас.
Кузги жавдар қандай, ҳали маълуммас.
Очлик авж олиши эмасдир гумон…
Ва соқоли ўсган мужиклар ҳар он
Кафтлари тагидан панларнинг олис
Ерига суқланиб боқишар маъюс.
Буғдойлар тўлишиб нурдан ҳар айём,
Олтин бошоқларни ёз этди инъом.
Гъир-ғир эсиб ўтди даладан еллар,
Сўнг кўҳна ботқоқлар жим бўлиб дарҳол
Ўрдаклар жанубга бошлади сафар,
Ва кузак оҳиста яширди жамол.
Сўнгги аравалар ғичири тинди,
Экинзор ерларга оқ қиров инди.
Карам ва картошка ўстирган тупроқ,
Кунгабоқарларни берган лалмикон,
Ёмғир дўмбирасин чертканда қувноқ
Ҳордиқ чиқарарди тинглагансимон.
Кун ботиб чўққига шуъла қўнган чоқ,
Қайинда порларди энг баланд япроқ,
Ҳарсангда ҳурпайиб турарди йўсин.
Ботқоқдан келарди янграб биз сари
Клюква мевасин — тонг дурдонасин
Терувчи қизларнинг хуш овозлари.
Қизларнинг сочига оқ қиров қўниб,
Сувмунчоқ сингари товланар эди.
Тилла ранг япроқлар ер юзин кўмиб —
Тинчгина ясланиб турланар эди.
Раина кезарди клюква териб…
Қизлардан ажралиб, бир ўзи маҳзун,
Атлас куз ҳуснига маҳлиё, мафтун…
Сезмади,
Ортидан Василий келиб,
Елкага қўлини қўйганин ногоҳ…
У бирдан сесканиб ташлади нигоҳ…
«О, Раина, сени излаб неча бор,
Кездим журавина ботқоқларида.
Неча тонглар ўтди жилмайиб қатор,
Санқидим қишлоқнинг ўтлоқларида.
Оғир айёмларни кечирдим талай.
Турналар арғимчоқ солганда атай,
Қўрқиб назар солдим далага, қирга,
Олиб кетмасин деб сени ҳам бирга…»
Раина бошидан олиб дуррасин,
Узатиб қирмизи ботқоқ мевасин,
Ҳовучига тўкди.
Оқшом шуъласи
Ўрмон баргларига берарди жило.
«Қизил меваларнинг ёниқ чеҳраси
Лаъл лабинг чўғини эслатдилар, о!..»
Қоронғу тушарди…
Гувиллаб шамол
Қалин итшумуртлар қаддин этиб дол,
Дарахтлар бошини эгарди ўйнаб,—
Япроқлар турнаси қиларди парвоз.
Ва ботқоқ устида чивинлар яйраб,—
Клюква боғида янгратарди соз.
1939

М. Икром таржималари