Порталдаги маълумотлар каминанинг 14-15 йиллик қизиқиш ва интилишлари самарасидир. Ёшлигимдан турли хил ажойибу-ғаройиботларга қизиқишим боис, даставвал кичик дафтарлар, сўнгра кундаликларга маълумотлар йиғиб юрардим. Мана шундай дафтарлардан 7 таси мавжуд бўлиб, унда 7 йиллик ахборотлар йиғилган. Дастлабки йиллар Ziyouz’да ҳам ана шу информациялардан фойдаланилди.
2004 йил, 9 апрель. Ziyouz портали илк бор дунё юзини кўрди. Ўшанда сайтда 20 та мақола мавжуд эди. Илк бор ziyouz портали ziyo-uz.land.ru манзили остида фаолият олиб борган. Ярим йил ичида сайтдаги мақолалар сони 300 тага етган.
2004 йил, 8 декабрь. Ўзбек тилида илк бор бошқотирмалар сайти иш бошлади. Ўшанда сайт манзили: ziyo.pochta.ru эди. Ўша пайтда сайтга 100 га яқин кроссворд, сканворд ва бошқотирмалар киритилган.
2005 йил, 14 май. Сайтда форум ишлай бошлади. Зиё истаган қалбларнинг илк форуми ziyouz.proboards20.com манзилида эди. Ушбу форум ўзбек тилидаги илк форумлардан бири эди.
2005 йил, 1 сентябрь. Land.ruдаги бепул хостингга мақолалар сиғмаганлиги боис сайт ziyouz-uz.narod.ru манзилига кўчирилди. Ўша пайтда сайтдаги “Янгиликлар”, “Ислом”, “Иқтисод”, “Сиёсат”, “Маърифат”, “Ажойиботлар” бўлимларида 500 дан ортиқ мақола жамланганди.
2006 йил, 25 январь. “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган “Айб фақат ёшлардами?” мақоласида ziyo-uz.narod.ru сайти ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Ушбу мақола порталимиз ҳақида расмий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган илк хабар эди.
2006 йил, 12 июнь. Ziyouz портали расман “мустақилликка эришди”. Турли бепул, лекин хархашали хостинглардан қочиб, мустақил равишда www.ziyouz.com номи остида янгидан фаолият бошланди. Дастлаб ruweb.net’дан олинган хостинг 50 Мб ҳажмда эди. Ойига 1000 Мб трафик бериларди. Бу трафик эса ойнинг 10-15 кунида тугаб қолар, қолган кунлари сайт ишламай турарди. Сайт аввал html’да ясалган эди. Янги хостингга дастлаб Joomla платформаси ўрнатилди.
2006 йил, 13 июнь. Порталдаги Ислом бўлими алоҳида ажратилиб, islom.ziyouz.com манзилида фаолият бошлади.
2006 йил, 14 июнь. Ziyouz форуми янги манзилда иш бошлади: forum.ziyouz.com. Аввалги форум ёпилиб, ундаги мавзулар мундарижаси янги форумга кўчирилди. Аввалги форумда 4000 га яқин аъзо, 15000 га яқин мулоҳаза мавжуд эди.
2006 йил, 15 июль. Биринчи ўзбекча кроссворд, сканворд ва бошқотирмалар сайти янги манзилда фаолият бошлади: kross.ziyouz.com.
2006 йил, 1 сентябрь. Ўзбек тилида илк марта табрикномалар сайти ташкил этилди: cards.ziyouz.com.
2007 йил, 27 март. Ўзбекистон шаҳарлари фотогалереяси ташкил этилди: photo.ziyouz.com. Галереяга 730 та расм киритилди.
2008 йил, 14 апрель. “Ўзбекистон” телеканалининг “Ассалом, Ўзбекистон!” дастурида www.ziyouz.com портали ҳақида лавҳа берилди.
2008 йил, 27 июнь. www.ziyouz.com портали ташкил этган “Биз Исломни биламизми?” танловининг 1-босқичи якунланди. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. сийратларидан 200 та савол берилди. 52 киши иштирок этди.
2008 йил, 17 декабрь. www.ziyouz.com портали ташкил этган “Биз Исломни биламизми?” танловининг 2-босқичи якунланди. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. сийратларидан 200 та савол берилди. 29 киши иштирок этди.
2009 йил, 15 январь. “Келажак овози” газетасида 1 саҳифалик “www.ziyouz.com: Зиё истаган қалблар учун!” мақоласи чоп этилди.
2009 йил, 4 февраль. www.ziyouz.com билан ҳамкорликда Хожа Аҳмад Яссавийнинг янги топилган ҳикматлари ҳамда эски ҳикматлар йиғилиб, турк тилига таржима қилиниб, “Divan-i Hikmet” номи остида (Dr. Hayati Bice тайёрлаган, 520 саҳифа) Анқарада чоп этилди. Айни китоб 2011 йили ҳам 6-марта босмадан чиқди. Шунингдек, порталимиз билан ҳамкорликда Нажмиддин Кубро, Абдухолиқ Ғиждувоний, Юсуф Ҳамадоний асарлари ҳам турк тилига таржима қилинди.
2009 йил, 15 июнь. “Ёшлар” телеканалининг “Давр ёшлари” кўрсатувида Зиёуз портали ҳақида ҳикоя қилинди. Айни шу репортаж “Тошкент” телеканалида ҳам намойиш этилди.
2009 йил, 14 июль. “Ишонч” газетасида www.ziyouz.com портали ҳақида “Таралаётган зиё” мақоласи чоп этилди.
2009 йил, 20 октябрь. “Жаннатмакон” журналида “ХХI аср ёзма оғзаки тили ҳақида ўйлар” умумий сарлавҳаси остида Ziyouz.com портали ҳақида ҳам 2 бетлик мақола чоп этилди.
2010 йил, 27 февраль. www.ziyouz.com портали ташкил этган “Биз Исломни биламизми?” танловининг 3-босқичи якунланди. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. сийратларидан 200 та савол берилди. 36 киши иштирок этди.
2010 йил, 12 июль. Зиё истаган қалбларнинг Youtube канали ишга тушди: www.youtube.com/user/ziyouzcom
2010 йил, 22 ноябрь. www.ziyouz.com портали ташкил этган “Биз Исломни биламизми?” танловининг 4-босқичи якунланди. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. сийратларидан 200 та савол берилди. 46 киши иштирок этди.
2010 йил, 17 декабрь. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида www.ziyouz.com маънавий порталида Алишер Навоийнинг “Хамса”си тўлиқ электрон вариантда жойланганлиги ҳақида хабар эълон қилинди.
2011 йил, 14 апрель. “Жамият” газетасида эълон қилинган “Интернетда ижод истиқболи” мақоласида www.ziyouz.com нинг маълумотлар базаси ҳақида эслаб ўтилди.
2011 йил, 27 май. Порталимиз билан ҳамкорликда Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида “Она Ватан эртаклари” номли китоб Ўзбек ва корейс тилларида чоп этилди.
2011 йил, 6 июнь. Ziyouz.com портали узнетда ҳам ўз номига эга бўлди: www.ziyouz.uz
2011 йил, 30 июнь. Порталимиз Facebook тармоғида ҳам ўз саҳифасига эга бўлди: https://www.facebook.com/ziyouzcom
2011 йил, 15 август. АҚШда чоп этиладиган “Ватандош” газетасининг “Фойдали сайт” рукнида www.ziyouz.com ҳақида мақола чоп этилди.
2011 йил, 23 сентябрь. www.ziyouz.com портали ташкил этган “Биз Исломни биламизми?” танловининг 5-босқичи якунланди. Унда Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. сийратларидан 140 та савол берилди. 42 киши иштирок этди.
2012 йил, 9 февраль. Улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий таваллуди муносабати билан “Ўзбекистон” каналининг “Ассалом, Ўзбекистон” дастурида Навоий асарларининг интернетда жойланиши мавзусида www.ziyouz.com ҳақида алоҳида таъкидланди.
2012 йил, 15 февраль. Айни пайтда порталимиздан 6184 та илмий-оммабоп, маърифий мақолалар, 1532 та электрон китоб ўрин олган.
Ziyouz.com билан ҳамкорликда Шарқий Туркистонда бирқанча ўзбек асарлари таржима қилинди. Шунингдек, жаҳон адабиёти асарлари ҳам ўзбек тили орқали уйғурчага таржима қилинди. Афғонистонда ҳам бирқанча ўзбек ҳикоя ва қиссалари эски ўзбек тилида, эски ёзувда чоп этилди. Шунингдек, жаҳон адабиётидан ҳикоялар ҳам ўзбек тили орқали Афғонистондаги ўзбеклар учун эски ўзбек тилида тайёрланди. Туркияда илмий иш ўлароқ Ўткир Ҳошимовнинг “Дунёнинг ишлари” романи, Худойберди Тўхтабоевнинг “Жаннати одамлар” романи, Ойбекнинг “Қутлуғ қон”, “Улуғ йўл” романлари таржима қилинди.
2012 йил, 6 апрель. Facebook тармоғидаги мухлисларимиз сони 1000 тага етди.
2012 йил, 30 апрель. BBC радиосининг ўзбек хизмати сайтида www.ziyouz.com фаолияти ҳақида радио суҳбат ўтказилди. Ушбу суҳбат асосида радио сайтида “Нега кутубхоналаримиз бозорларимиздай гавжум эмас?” деб номланган интервью чоп этилди.
2012 йил, 18 июль. «Экономическое обозрение» журналининг 2012 йил № 5-сонида Жамолиддин Турдимовнинг «Узнет: ўзбекча гапирамиз» (О перспективах и проблемах ориентации на узбекскоговорящую аудиторию) мақоласи эълон қилинди. Мақолада Ziyouz.com портали муҳаррири Давронбек Тожиалиевнинг ҳам фикрлари эълон қилиниб, портал ҳақида ҳам илиқ фикрлар билдирилди.
2012 йил, 20 август. Ўзбек интернети тарихида ўзбек тилидаги энг кўп китоб киритилган кун бўлди. Бугун ziyouz.com порталига 152 та янги китоб юкланди. Порталимиздаги жами китоблар сони 2135 тани ташкил этди! Бундан олдинги рекорд 2011 йил, 5 февраль куни ўрнатилган эди. Ўшанда порталга бир кунда 81 та янги китоб юкланган эди.
2012 йил, 24 сентябрь. UZ Миллий домени Интернет-фестивалининг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида www.ziyouz.uz портали биринчи ўринни қўлга киритди.
2012 йил, 6 декабрь. Электрон китобларимиз сони 3000 дан ошди.
2013 йил, 13 январь. BBC сайтида «Ўзбек тилидаги энг машҳур веб-сайт қайси?» деб номланган мақола эълон қилинди. Унда ziyouz.com портали фаолияти ёритилди.
2013 йил, 8 март. «Ўзнет ёки Ўзбекча гапирамиз» мақоласи ўзбек тилида эълон қилинди.
2013 йил, 9 апрель. Айни пайтда www.ziyouz.com порталидан 13867 та илмий-оммабоп, маърифий мақолалар, 3367 та электрон китоб ўрин олган.
2013 йил, 11 апрель. Ziyouzда эълон қилинган «Harlem Shake: бемаънилик илдизи қаерда?» мақоласи юзасидан АҚШнинг «Washington Post» газетаси муносабат билдирди. Шунингдек «Vatandosh» газетаси ҳам мақола бўйича хулосаларини чоп этди.
2013 йил, 16 апрель. Facebook тармоғидаги мухлисларимиз сони 3000 дан ошди.
2013 йил, 3 май. 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида бўлиб ўтган “Олтин қалам” VIII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросимида www.ziyouz.com, www.ziyouz.uz веб-сайтлари бош муҳаррири Давронбек Тожиалиевга ушбу мукофот топширилди.
2013 йил, 23 май. Республика “Китоб байрами”да www.ziyouz.com ҳам қатнашди. Портал муҳаррири “Китоб – миллатнинг бебаҳо маданий мероси” мавзуидаги илмий-амалий конференцияда “Жаҳон интернет тармоғида миллий-адабий меросни тарғиб қилишнинг долзарб вазифалари” мавзусида маъруза билан иштирок этди.
2013 йил, 5 июнь. «Ҳуррият» газетасида «www.ziyouz.com: Зиё истаган қалблар учун» мақоласи чоп этилди. Мақолада интернет, китоб мутолааси ва тарғиботи масалалари ёритилиб, Ziyouz.com фаолияти ижобий баҳоланди.
2013 йил, 9 июль. Openstat маълумотларига кўра, шу куни портал тарихида энг кўп – 9500 киши ташриф буюрди.
Ташриф буюрувчилар: 9 505. Ташрифлар: 11 115. Ўқилган саҳифалар: 31 982
2013 йил, 12 июль. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида Ziyouz.com портали ҳақида «Халқаро эътироф» мақоласи чоп этилди.
2013 йил, 1 август. Республика «Машъал» радиосининг «Ҳамма учун» дастурида www.ziyouz.com фаолияти ёритилди.
2013 йил, 8 август. Facebook тармоғидаги мухлисларимиз сони 4000 дан ошди.
2013 йил, 24 август. Ўзбек интернети тарихида энг кўп янги китоб киритилган кун. Бугун www.ziyouz.com порталига 205 та янги китоб юкланди. Порталимиздаги жами китоблар сони 3739 тага етди!
2013 йил, 29 август. «Маънавият ва маърифат» телеканалининг «Бугун» дастурида «Зиё истаган қалблар учун» сайтининг фаолияти ҳақида лавҳа узатилди.
2013 йил, 30 август. Порталдаги электрон китоблар сони 4000 дан ошди. Ziyouz.comдаги жами китоблар сони 4110 тани ташкил этди. Улардан 2458 таси турли мавзудаги PDF китоблар, 140 таси дарсликлар, 446 таси журналлар, 568 таси аудиокитоблар, 69 таси мобил телефонлар учун китоблар ҳамда 429 таси рус тилидаги ўзбек адабиёти ва тарихига бағишланган китоблардир.
2013 йил, 16 сентябрь. Зиё истаган қалблар портали Android платформаси учун ҳам электрон китобларни чиқара бошлади. Google Play Marketда порталнинг саҳифаси очилди.
2013 йил, 23 сентябрь. UZ Миллий домени Интернет-фестивалининг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида www.ziyouz.uz портали кетма-кет иккинчи йил биринчи ўринни қўлга киритди.
2013 йил, 24 сентябрь. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган Миллий Интернет танловининг “Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати, тарихи ва мустақиллик ғоясини акс эттирадиган энг яхши сайт” номинациясида Ziyouz портали иккинчи ўринни эгаллади.
2013 йил, 10 октябрь. “Parvona” газетасида www.ziyouz.com фаолияти ҳақида “Моддий манфаат йўқ бўлса ҳам маънавий фойда катта” номли мақола эълон қилинди.
2013 йил, 3 декабрь. “Маданият ва маърифат” телеканалининг “Бизнинг ёшлар” кўрсатуви www.ziyouz.com раҳбари фаолияти ҳамда “Зиё истаган қалблар учун!” порталига бағишланди.
2013 йил, 26 декабрь. Facebook тармоғидаги мухлисларимиз сони 5000 дан ошди.
2014 йил, 3 январь. Openstat маълумотларига кўра, 2013 йилда www.ziyouz.com порталига ташриф буюрганлар сони 2 300 000 дан ошган (кунига ўртача 6300 киши). 40 000 000 саҳифа ўқилди. Ziyouz портали рақамларда – 2015 йил ҳисоботи эълон қилинди.
2014 йил, 30 январь. Портал янги хостингда иш бошлади. n.ziyouz.com, islom.ziyouz.com, forum.ziyouz.com сайтлари дизайни ҳам янгиланди.
2014 йил, 31 январь. 2013 йили порталда эълон қилинган икки мақола учун (Германияда Ислом: кеча ва бугун, АҚШда Ислом: кеча ва бугун) www.ziyouz.com раҳбари Германия федератив республикаси ва Америка қўшма штатлари элчихоналари томонидан ташкил этилган журналистлар танловида ғолиб бўлди.
2014 йил. 9 апрель. “Зиё истаган қалблар”нинг 10 йиллиги муносабати билан кичик танлов эълон қилинди. Танлов www.ziyouz.com га бағишланиб, портал ҳақида мақола, фикр, хотира, шеър, табрик, ролик, расм, коллажлар тақдим этилди. Энг яхши тақдим эгаси ЎзМУ талабаси Акром Маликка флешка ва китоблар ҳадя этилди.
2014 йил, 22 май. Республика “Китоб байрами”да www.ziyouz.com ҳам қатнашди. Портал муҳаррири “Китоб – миллатнинг бебаҳо маданий мероси” мавзуидаги илмий-амалий конференцияда “Ўзбекистонда электрон китоблар бозори истиқболлари” мавзусида маъруза билан иштирок этди.
2014 йил, 3 июнь. Facebook тармоғидаги мухлисларимиз сони 6000 дан ошди.
2014 йил, 22 сентябрь. UZ Миллий домени Интернет-фестивалининг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида www.ziyouz.uz портали кетма-кет учинчи йил биринчи ўринни қўлга киритди.
2014 йил, 19 октябрь. Ўзбек интернети тарихида энг кўп янги китоб киритилган кун. Бугун www.ziyouz.com порталига 486 та янги китоб юкланди. Порталимиздаги жами китоблар сони 4949 тага етди!
Бундан олдинги рекордлар 2013 йил 24 август (205 та янги китоб), 2012 йил 20 августда (152 та янги китоб) ва 2011 йил, 5 февраль куни ўрнатилган эди (81 та янги китоб).
2014 йил, 21 ноябрь. Facebook тармоғидаги мухлисларимиз сони 7000 дан ошди.
2014 йил, 1 декабрь. Порталдаги электрон китоблар сони 5000 дан ошди. Ziyouz.comдаги жами китоблар сони 5041 тани ташкил этди. Улардан 2677 таси турли мавзудаги PDF китоблар, 149 таси дарсликлар, 1035 таси тўплам ва журналлар, 626 таси аудиокитоблар, 89 таси мобил телефонлар учун китоблар ҳамда 465 таси рус тилидаги ўзбек адабиёти ва тарихига бағишланган китоблардир.
2014 йил, 1 декабрь. Ziyouz.com портали асосчиси Давронбек Тожиалиев “Ўзбекистон” каналининг “Ассалом Ўзбекистон” дастурида китобхонлик, мутолаа маданияти ва зиё портали ҳақида ҳикоя қилди.
2015 йил, 1 январь. Openstat маълумотларига кўра, 2014 йилда www.ziyouz.com порталига ташриф буюрганлар сони 2 336 786 нафарни ташкил этди (кунига ўртача 6402 киши). Ziyouz портали рақамларда – 2015 йил ҳисоботи эълон қилинди.
2015 йил, 7 февраль. Хостингдаги узилишлар туфайли www.ziyouz.uz сайти аввал Uzinfocom’дан Active Cloud’га, сўнг Godaddy’га кўчирилди. www.ziyouz.uz сайти янги дастурий таъминот ва дизайн билан қайта ишга тушди.
2015 йил, 21 май. Порталнинг Facebook саҳифасида кичик танловлар силсиласи бошланди. Викторина тарзида кечадиган танлов ғолибларига китоблар тақдим этилди.
2015 йил, 29 май. Республика “Китоб байрами”да www.ziyouz.com ҳам қатнашди. Портал муҳаррири «Китоб – миллатнинг бебаҳо маънавий ва маданий мероси» мавзуидаги илмий-амалий конференцияда “Китобхонликни ривожлантиришда интернетдан фойдаланиш самаралари” мавзусида маъруза билан иштирок этди.
2015 йил, 31 май. Facebook тармоғидаги мухлисларимиз сони 8000 дан ошди.
2015 йил, 5 декабрь. Ziyouz.com кутубхонасида олий ва ўрта махсус таълим муассасалари дарсликлари учун алоҳида бўлим очилди. Унга 19 йўналишда 180 та китоб киритилди.
2015 йил, 7 декабрь. Порталдаги электрон китоблар сони 6000 дан ошди. Ziyouz.comдаги жами китоблар сони 6124 тани ташкил этди.
2016 йил, 1 январь. Google Analytics маълумотларига кўра, 2015 йилда Ziyouz порталига ташриф буюрганлар сони 2 814 610 нафарни (www.ziyouz.com – 2 547 651; www.ziyouz.uz – 266 959) ташкил этди (кунига ўртача 7711 киши). Ziyouz портали рақамларда – 2015 йил ҳисоботи эълон қилинди.
2016 йил, 1 февраль. Facebook тармоғидаги мухлисларимиз сони 10000 кишидан ошди.
2016 йил, 5 февраль. Буюк мутафаккир, ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаси Алишер Навоий таваллудининг 575 йиллиги муносабати билан www.ziyouz.com портали шоирнинг ғазаллари жамланган аудиомажмуани тақдим этди. Ушбу аудиомажмуага 623 ғазалдан иборат MP3 форматдаги аудиоёзувлар киритилди.
2016 йил, 23 апрель. www.ziyouz.uz ва www.qadriyat.uz сайтлари эълон қилган “Энг гўзал ҳикоятлар” танлови якунланди. Танловга 329 та ибратли ҳикоятлар таржималари тақдим этилди. Уларнинг 38 таси араб тилидан, 28 таси инглиз тилидан, 232 таси турк тилидан, 30 таси рус тилидан, биттаси қозоқ тилидан қилинган таржималардир.
2016 йил, 17 май. www.ziyouz.uz сайти 4-марта хакерлар ҳужумига учради. Ташқи дастурий хавфлар сабаб мулоҳаза қўшиш панели ўчирилди.
2016 йил, 24 июль. www.ziyouz.uz ва www.qadriyat.uz сайтлари эълон қилган “Энг ибратли ҳаётий ҳикоялар” танлови якунланди. Танловга жами 57 нафар муаллифнинг 93 та ҳикояси келиб тушди.
2016 йил, 1 октябрь. “Маҳалла” каналининг “Жавондаги жавоҳир” кўрсатувида www.ziyouz.com портали асосчиси Давронбек Тожиалиев мутолаа маданияти ва бу борада порталда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
2016 йил 14-17 ноябрь. Анқара шаҳрида бўлиб ўтган “4. Туркий тилли ўлкалар миллий кутубхоналари конференцияси”да Ziyouz электрон кутубхонаси ҳам иштирок этди.
2016 йил 26 декабрь. Тинимсиз хакерлик ҳужумларидан сўнг www.ziyouz.uz сайти бошқа веб-платформага ўтказилди. Янги платформада ишлаш тезлиги бир неча бараварга оширилди.
2017 йил, 1 январь. Google Analytics маълумотларига кўра, 2016 йилда Ziyouz порталига ташриф буюрганлар сони 3 472 196 нафарни (www.ziyouz.com — 3 059 074; www.ziyouz.uz — 413 122) ташкил этди (кунига ўртача 9512 киши). 2016 йилда порталда ўзбек ва жаҳон адабиётидан энг кўп ўқилган ҳикоялар рўйхати эълон қилинди.
2017 йил 6 январь. www.ziyouz.uz ва www.qadriyat.uz сайтлари эълон қилган “Маҳбуб Пайғамбар (с.а.в.)” номли сийрат танлови ғолиблари аниқланди. Танловга Оламларга раҳмат Пайғамбар (с.а.в.) мадҳ этилган ва сийратлари баён қилинган шеър, наът, манзума, мактуб, дил изҳори, инфографика, илмий мақолалардан иборат жами 92 та ижодий иш келиб тушди.
2017 йил, 30 январь. Порталимиздаги электрон китоблар сони 8000 дан ошди.
2017 йил, 17 апрель. Facebook тармоғидаги мухлисларимиз сони 15000 кишидан ошди.
2017 йил, 2 май. Порталнинг Telegram тармоғидаги канали очилди.
2017 йил, 26-27 июнь. Астана шаҳрида Expo-2017 доирасида «Ўқиётган дунёда китобхон миллат» халқаро симпозиумида Ziyouz электрон кутубхонаси маъруза билан иштирок этди.
2017 йил, 14-18 август. Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Евроосиё Ёзувчилар уюшмаси ташкил этган «Турк дунёси ёш ёзувчилари учрашуви»да Ziyouz маърифий портали иштирок этди.
2017 йил, 12-13 сентябрь. Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида ўтказилган “Турк дунёси адабий нашрлари муҳаррирларининг 7-конгресси”да Ziyouz маърифий портали илк бор иштирок этди.
2017 йил, 23 октябрь. Ziyouz.com кутубхонасида “Қорақалпоқ кутубхонаси” бўлими очилди. Унга қорақалпоқ тилидаги 161 та китоб киритилди. Бўлимдан қорақалпоқ фольклори, шеърияти, тилига оид китоблар, мактаб дарсликлари ўрин олган.
2017 йил, 23 октябрь. Порталимиздаги электрон китоблар сони 9000 дан ошди.
2017 йил, 15 декабрь. Ziyouz.com кутубхонасида “Библиографик нашрлар” бўлими очилди. Унда республикамизда нашр этилган газета, журнал ва китоблар ҳақида библиографик маълумотлар ўрин олган китоблар жойлаштирилди. Порталимиздаги электрон китоблар сони 10000 дан ошди.
2018 йил, 1 январь. Google Analytics маълумотларига кўра, 2017 йилда Ziyouz порталига ташриф буюрганлар сони 4 001 426 нафарни (www.ziyouz.com — 3 407 265; www.ziyouz.uz — 594 161) ташкил этди (кунига ўртача 10963 киши). 2017 йилда порталда энг кўп ўқилган китоблар, ўзбек ва жаҳон адабиётидан энг кўп ўқилган ҳикоялар, энг сара саҳифалар рўйхати эълон қилинди.
2018 йил 17-19 апрель. Туркиянинг Кастамону шаҳрида «9-Турк дунёси адабий нашрлари конгресси» бўлиб ўтди. Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Ироқ, Македония, Косово давлатларидан, Бошқирдистон, Татаристон, Гагаузия, Қрим ўлкаларидан 26 адабий нашр муҳаррирлари иштирок этди. Бу конгрессда иккинчи бор Ziyouz адабий портали ҳам иштирок этди. Порталда амалга оширилаётган ишлар ва адабий ҳамкорлик ҳақида сайт муҳаррири Давронбек Тожиалиев маъруза қилди.
2018 йил 17 май. www.uz маълумотларига кўра шу куни портал тарихидан энг кўп – 34313 киши www.ziyouz.com сайтимизга киши ташриф буюрди.
2018 йил 11 июнь. www.ziyouz.uz ва www.qadriyat.uz сайтлари эълон қилган “Энг гўзал ҳикоятлар-2” танлови якунланди. Унда мухлислар энг гўзал ҳикоятлар таржимаси ва ўзлари ҳамда яқинлари ҳаётида юз берган реал воқеликлар тасвир этилган ҳикоялар билан иштирок этдилар.
2018 йил 20 июнь. Вақф хайрия жамоат фонди ва Ziyouz.uz ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
2018 йил 27 июнь. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, Ziyouz.uz сайти муҳаррири Давронбек Тожиалиев “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
2018 йил 7 июль. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Ziyouz.uz сайти ҳамкорлигида озарбайжонлик машҳур шоирлар Аждар Ўл ва Салим Бобулло ўғли билан ижодий учрашув ўтказилди.
2018 йил 25 сентябрь. Евросиё Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилаётган Маҳмуд Кошғарий номидаги V халқаро ҳикоялар танловининг Ўзбекистон босқичи якунланди. Халқаро ижодий беллашувнинг Ўзбекистон босқичи www.ziyouz.uz портали томонидан ташкил этилди.
2019 йил, 1 январь. Google Analytics маълумотларига кўра, 2018 йилда Ziyouz порталига ташрифлар сони 5 552 961 тани (www.ziyouz.com — 4 707 615; www.ziyouz.uz — 845 346) ташкил этди (кунига ўртача 15313 киши). 2018 йилда порталда энг кўп ўқилган китоблар, ўзбек ва жаҳон адабиётидан энг кўп ўқилган ҳикоялар, энг сара саҳифалар рўйхати эълон қилинди.
2019 йил, 20 февраль. Ziyouz.com порталида эълон қилинган жаҳон халқлари мақоллари жамланиб, “Ўқитувчи” нашриётида “Жаҳон халқлари мақоллари” (тўпловчи ва таржимон Давронбек Тожиалиев) номи билан 10000 нусхада чоп этилди.
2019 йил, 9 апрель. Ziyouz.com портали ташкил этилганига 15 йил тўлди.
2020 йил, 1 январь. Google Analytics маълумотларига кўра, 2019 йилда Ziyouz порталига ташрифлар сони 5 752 724 тани (www.ziyouz.com — 4 750 055; www.ziyouz.uz — 1 002 669) ташкил этди (кунига ўртача 15 760 киши). 2019 йилда порталда энг кўп ўқилган мақолалар, ўзбек ва жаҳон адабиётидан энг кўп ўқилган ҳикоялар, энг сара саҳифалар рўйхати эълон қилинди.
2020 йил, 15 август. Ziyouz.com порталида эълон қилинган жаҳон халқлари мақоллари “Академнашр” нашриётида чоп этилган “Саккиз элнинг сон-саноқсиз ўгити” тўпламида чоп этилди. Тўпламдаги ҳинд, хитой, рус халқ мақоллари Давронбек Тожиалиев таржимасида нашр этилди.
2021 йил, 1 январь. Google Analytics маълумотларига кўра, 2020 йилда Ziyouz порталига ташрифлар сони 6 154 317 тани (www.ziyouz.com — 5 031 909; www.ziyouz.uz — 1 122 408) ташкил этди (кунига ўртача 16 861 киши). 2020 йилда порталда энг кўп ўқилган мақолалар, ўзбек ва жаҳон адабиётидан энг кўп ўқилган ҳикоялар, энг сара саҳифалар рўйхати эълон қилинди.
2021 йил, 16 ноябрь. Ziyouz.com порталида чоп этилган мақолалар, тадқиқотлар ва маълумотлар асосида тайёрланган, портал муҳаррири Давронбек Тожиалиев томонидан ёзилган “Китоб ҳақида китоб” рисоласи (240 бет) “Академнашр” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди. Ундан китоб ва китобхонлик ҳақидаги мақолалар, “Зиёлилар нима ўқияпти?”, “Ёшлар нима ўқияпти?”, “Ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини аниқлаймиз” номли тадқиқотлар, юртимиз зиёлилари билан китобхонлик борасидаги суҳбатлар, шунингдек, жаҳон нашрлари эълон қилган энг сара китоблар ҳақида маълумот берилган.
2022 йил, 1 январь. Google Analytics маълумотларига кўра, 2021 йилда Ziyouz порталига ташрифлар сони 5 531 679 тани (www.ziyouz.com — 4 107 127; www.ziyouz.uz — 1 424 552) ташкил этди (кунига ўртача 15 155 киши). 2021 йилда порталда энг кўп ўқилган мақолалар, ўзбек ва жаҳон адабиётидан энг кўп ўқилган ҳикоялар, энг сара саҳифалар рўйхати эълон қилинди.
2022 йил, 25 август. Портал муҳаррири Давронбек Тожиалиевнинг “Китоб ҳақида китоб” рисоласи (272 бет) тўлдирилган иккинчи нашри “Академнашр” нашриётида 3000 нусхада нашрдан чиқди.
2022 йил, 30 август. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган “Ватан учун яшайлик!” Республика танловида портал муҳаррири Давронбек Тожиалиев “Китоб ҳақида китоб” тўплами учун рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланди.
2022 йил, 2 сентябрь. YouTube тармоғидаги “Осмондаги болалар” лойиҳасида Ўзбекистондаги энг катта онлайн ўзбек кутубхонаси асосчиси Давронбек Тожиалиев билан суҳбат эълон қилинди.
2022 йил, 15 сентябрь. “Маънавий ҳаёт” журналининг 3-сонида Ziyouz.uz муҳаррири билан 6 саҳифалик суҳбат эълон қилинди. Унда ахборот келажаги, медиа оламда хавфсизлик, ахборот ишончлилиги каби омиллар, китоб тарғиботи мавзулари ҳақида сўз боради.
2022 йил, 19 октябрь. “Маърифат” газетасининг 41-42 сонларида портал муҳаррири Давронбек Тожиалиевнинг “Миллий маълумот макони манзаралари” мақоласи чоп этилди. Мақолада муаллиф портал ва Ўзнет тарихига назар ташлаган.
2022 йил 26 декабрь. Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкил этилган «WikiStipendiya» марафонида портал бош муҳаррири Давронбек Тожиалиев ўзбек тилига қўшаётган ҳиссаси учун “тил жонкуяри” дея эътироф этилиб, ташаккурнома билан тақдирланди.
2023 йил, 1 январь. Google Analytics маълумотларига кўра, 2022 йилда Ziyouz порталига ташрифлар сони 6 384 653 тани (www.ziyouz.com — 4 787 412; www.ziyouz.uz — 1 597 241) ташкил этди (кунига ўртача 17 492 киши). 2022 йилда порталда энг кўп ўқилган мақолалар, ўзбек ва жаҳон адабиётидан энг кўп ўқилган ҳикоялар, энг сара саҳифалар рўйхати эълон қилинди.