Ziyouz.uz сайти муҳаррири “Шуҳрат” медали билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, Ziyouz.uz сайти муҳаррири Давронбек Тожиалиев мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, янгиланиш ва инновация жараёнларидаги фаол иштироки, кўп йиллик самарали меҳнати, ёш авлодни она юртимизга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги хизматлари учун “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди ва бир гуруҳ журналистларга давлат мукофотини топширди.

Ziyouz.uz сайти 2004 йили ташкил этилган бўлиб, ўзбек тилидаги энг йирик маърифий порталдир. Айни пайтда www.ziyouz.uz портали ўзбек, рус ва инглиз тилларида фаолият юритиб, унда 25000 дан ортиқ илмий-оммабоп, маърифий мақолалар, 10500 та электрон китоб ўрин олган. Порталга кунига ўртача 17000 киши ташриф буюради, 100000 саҳифа ўқилади. Порталнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида 50000 мухлиси мавжуд.

Мазкур портал 2012, 2013, 2014 йилларда UZ Миллий домени Интернет-фестивалининг “Фан ва таълим соҳасида энг яхши сайт” йўналишида биринчи ўринни қўлга киритган. 2014 йили “MIT.uz” миллий интернет-танловининг “Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати, тарихи ва мустақиллик ғоясини акс эттирадиган энг яхши сайт” номинациясида ғолиб бўлган.