Турғунбой Ғойипов 1904 йил Марғилонда деҳқон оиласида таваллуд топади.
1931 йил Фарғона педагогика техникумини, 1934 йил Фарғона педагогика институтининг кечки бўлимини тугатади. Марғилон шаҳар мактабларида, хотин-қизлар техникумида она тили ва адабиётдан дарс беради. 1941—1947 йилларда ҳарбий хизматда бўлади. 1959— 1964 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Картография бўлимида фаолият кўрсатади, сўнгра ўрта мактабларда она тили ва адабиёт ўқитувчиси бўлиб ишлайди.
Т.Ғойиповнинг ижодий фаолияти 1935 йилда яратилган «Ҳаёллар қанотида» ҳикояси билан бошланади.
«Эртакчи бобо» номи билан машҳур Т.Ғойиповнинг эртак, ҳикоя ва драмаларидан ташкил топган 30 дан ортиқ китоби нашр қилинган. «Сирли сўз» (1960), «Тулунбой ҳақида қисса» (1963), «Танбур» (1964), «Нотаниш бола», (1965), «Сирли дарвоза», (1968), «Қўлсиз рассом» (1970), «Янги пьесалар», (1974), «Ҳур қизлар салтанати» (1984) ва бошқа китоблари шулар жумласидандир.
Т. Ғойиповнинг «Замонавий эртаклар» тўплами рус, тожик ва қирғиз тилларида ҳам нашр қилинган.