Эркин Воҳидов. Аруз ҳақида (1972)

Бир вақтлар, тахминан 15 йилча илгари бизнинг студентлик вақтимизда «Ўзбекистон маданияти» газетаси ўз саҳифаларида аруз вазни ҳақида баҳс очган эди.

Шунда катта-катта олимлар, шоирлар икки гуруҳга бўлиниб, бир қисмлари арузнинг рақиблари, бир қисмлари унинг тарафдори бўлган эдилар. Ўша газеталарни архив жавонларидан олиб, бугун варақлаган киши бир фактга эътибор бериши мумкин. Аруз керак, бизнинг замонамизга хизмат қилиши мумкин деганлар классик ва замонавий ғазалларнинг энг яхши намуналарига суянганлар. Аксинча, арузнинг рақиблари эса арзон ва жўн ғазалларни, аксари, қўшиқ қилиб айтилаётган замонавий арузнинг турфаҳол намуналарини мисол қилиб кўрсатганлар. Бундай «ғазал»ларнинг ўша вақтда ҳам ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани натижасида ҳатто адабиётимизнинг бир неча улкан намояндалари аруз рақиблари қароргоҳидан жой олган эдилар. Улар ўша вақтда балки ҳақли ҳам эдилар. Чунки:

Яхшиликни одат эт, қилма ёмонлик ҳеч қачон:
Яхшилик яхши эрур, лекин ёмонликдир ёмон.

сингари ўта жўн насиҳатлар, «айладинг — кетдинг» каби радифларда юксак ҳис-туйғудан йироқ ошиқоналар матбуот саҳифаларини селдек тўлдирган эди.

Бугун шеъриятимиз босиб ўтган улкан йўлга назар солиб, арузнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида маълум даражада объектив хулосалар чиқариш мумкин.

Ҳамза Ҳакимзода бошлаган, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Собир Абдулла, Зокир Ҳабибийлар давом эттирган ўзбек ғазали ўзининг анъаналарига эга.

Даставвал шуни айтиш керакки, янги замон арузи тор, чекланган мавзулардан — май ва маҳбуба, ёр ва ағёр, гардуни дун каби тушунчалар доирасидан чиқиб ҳозирги замон кишисининг ички дунёсини, унинг қалбидаги ёр муҳаббати билан эл меҳри, ватан севгисини, олам ҳақидаги ўйларини ифода қилмоқда.

Ғазал — мураккаб ва анча қийин жанр. Ғазалнависдан оз сўзда кўп маъно бериш, фикр дурдоналарини бадиий ташбеҳ садафлари ичида тақдим этишни талаб этувчи жанр.

Яна шуни айтиш керакки, халқимиз Навоий ва Фузулийлар, Ҳофиз ва Бедилларнинг гўзал ва теран ғазалларини билади. Унинг аруз вазнига диди ана ўшаларни ўқиб тарбия топган. Шу сабабдан жўн ва саёз мисраларнинг халқимиз орасида эътибор топмаслиги табиий.

Аруз адабиётнинг, умуман санъатнинг ҳамма турлари каби талант ва маҳорат, теран хаёл ва эҳтирос талаб қилади.

1972