Собир Ўнар: “Ҳақиқий Ёзувчида яратиш иштиёқи сўнмайди” (2009)

http://n.ziyouz.com/images/sobir_unar.jpgХХ асрнинг бошларида юзага келган ўзбек ҳикоячилигининг ривожланишида ижтимоий воқелик, жамият ҳаётида рўй бераётган ўзгаришлар муҳим аҳамиятга эгалиги шубҳасиз. Адабиётнинг бош мақсади инсонни таҳлил этиш экан, бу ўзгаришлар унинг ҳаётига, онгу шуурига қандай таъсир этаётганини ўзида акс эттиради.

Асрнинг дастлабки йилларида юзага келган ҳикоячилик жанрида ҳаёт ҳақиқатлари рўй-рост акс эттирилиб, реалистик тасвир устуворлик қилган бўлса, жамият тараққий этгани сайин адабиётда ҳам воқеа-ҳодисаларни ўзгача шакл, усулларда тасвирлаш юзага кела бошлади.

Энди содда ва равон тилда ифода этилган бадиий воқелик ўз таъсирини бироз йўқотди. Ана шу ўзгачаликни адабиётшуносларимиз турлича талқин қила бошладилар. Кимдир бу ҳолатни ижоддаги янгиланиш деса, яна кимдир Ғарб адабиётига тақлид деб баҳолади. Ёзувчи, “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири Собир ЎНАР билан бўлиб ўтган суҳбатимиз ҳам бугунги адабий жараён, ёзилаётган асарлар салмоғи ва мазмун-моҳияти ҳақида кечди.

— Собир ака, кейинги пайтда адабиётшунослигимизда янгича истилоҳ — “модернизм” анчагина кучайди. Сиз бу жараёнга қандай баҳо берасиз?

— Қодирий ўзбек романчилигига асос солганида дунёда атиги бешта романчилик мактаби мавжуд эди. Жаҳон адабиётининг олтинчи мактабини яратаман деб енг шимарган адибнинг жасоратини кўз олдимизга келтириш мумкин.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, Қодирийга қадар романчиликлар Волтер Скотт даврларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда беш юз йилдан ортиқ тарихга эга, Европа насри тамом ил­ғо­р­­­лашиб кетган эди. Сервантес, Ж.Свифт насри ҳозиргача диққат билан ўқилади, мумтоз адабиёт намуналари сифатида эътироф этилади. ХХ асрга келиб эса инглиз, франтсуз, асосан, немис адабиётида шаклий тажрибалар қўллаш, анъанавийлик, реалликдан чекиниш ҳолатлари рўй бера бошлаган, франтсузлар, айниқса, натурализмдан бутунлай безор бўлган эди.

Сирасини айтганда, модерн адабиёт ҳам катта эҳтиёж маҳсулидир. Болага чақалоқлигида алла, сўнгроқ эртак, достонлар таъсир қилгани каби ақли тўлишганда ўта жиддий асарлар ўқиш зарурати туғилади. Шунинг учун ҳам Абдулла Қодирий Ғарб, Шарқ адабиётларининг барча “ёзиш йўсин”ларини ўзлаштиришни ўзига бурч деб билади. Айни замонда тарихнинг “ўта чиркин” замонидан сўз очиб, бугуннинг “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”, “Чор дарвеш”лари янглиғ асар битмоққа ўзида улкан жасорат топади.

Демак, адабиёт, шу жумладан, наср пайдо бўлгандан буён унинг шаклини ўзгартиришга иштиёқ кучли бўлган. Оғзаки адабиёт ўзгармай қолиши мумкиндир, сабаби у оғиздан-оғизга кўчиб юради. Шунинг учун тушунарлилик талаб этилади. Аммо ёзма адабиётни шахслар яратади. Ўз-ўзидан хоҳ у нас­рий, хоҳ шеърий бўлсин, муаллифнинг кўнгли, фикри ёхуд воқеа-ҳодисаларнинг шоир ёки носирга мослашиб қолиши табиийдир. Шу маънода “содда ва равон тилда ифода этилган бадиий воқелик” муқим бир тамо­йил касб этмаслиги тайин эди. Аввало мен бу ҳолатни зарурат деб тушунаман. Янгиланиш осон эмас, ХХ аср бошларида Маяковский каби йирик шоир ҳам зинапоя усулидаги шеърлари билан новаторлик кўрсатгани учун қаттиқ танқидга учраган, адабиётшуносларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлган эди.

ХХ асрнинг 80-йилларига келиб адабиётимизда анъанавийликдан бироз четланиш, бошқача оҳанг, шакл ва ифода усуллари пайдо бўлди. Табиийки, буни анъанавийликка мослашган адабий жамоатчилик тезда ҳазм қилолмади. Бу жараён шеъриятга тааллуқли эди. Аммо “модерн” деган сўз ишлатилмасди, чунки у ўша шеърнинг ўзи каби истеъмолга кириб улгурмаган эди. Бироқ, ёш ижодкорлар бу шаклни тезда қабул қилиб, шижоат билан ёқлай бошладилар. Негадир асли Ғарб адабиёти таъсирида кириб келган бу шеърларнинг асл манбаига эмас, ўзбекча кўринишларига тақлид қилувчилар кўпайиб кетди. Матбуотда мутлақо фикрсиз, сўзларнинг айқаш-уйқаш шамойилларидан иборат тизмалар ҳам пайдо бўлди. Уларга қанча кўп эътироз билдирилса, шунақа шеърлар аксига олиб кўпаяверар эди. Бироқ, ўша шоирлар асли қалби буюрмаган шаклга рўжу қўяётганларини кейинроқ ўзлари ҳам англаб қолишди. Кўп ўтмай бояги модернчи шоирлар модернчи бўлмай қолдилар…

Насрда эса бу жараён кечикиб намоён бўлди. Омон Мухторнинг кейинги романлари, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Жажман”, Назар Эшонқулнинг бир неча ҳикоялари, хусусан, “Баҳоуддиннинг ити” ҳикояси бошқа унсурлар борлиги билан фарқ қилади. Ҳолбуки Франс Кафканинг асарида “одам ўргимчакка айлангани”га қарийб саксон йил бўлди. Бизнинг эртакларимизда малика қурбақага, тошга, кийикка айланиб қолса ҳайрон бўлмаймиз бироқ, жиддий прозада бунга дуч келсак, роса энсамиз қотади.

— Бугун дунёда юз бераётган глобаллашув китобхон бадиий тафаккурида ҳам ўзгаришлар ясамоқда. Худди ана шу жараён сабабли ўзбек ҳикоянавислари Ғарб адабиётидан таъсирланиб, унга хос бўлган тасвир ва ифода усулларини турли кўринишлар билан адабиётга олиб кирдилар. Сизнингча, бу адабий таъсир адабиётимизнинг миллий хусусиятларига путур етказмайдими ёки…

— Адабиётчилар “онг оқими”, “онг ости оқими” (“подсознание”), онг таҳлили ҳақида кўп гапиришади. Мен бу гапларга унча тушунмайман. Аммо Маркес, Фолкнер, Кафка асарларини ўқиганда унча ҳайрон қолмайман. Ёзувчининг руҳиятига тушиб олсам ҳеч нарса ғайритабиий туюлмайди…

“Вещи называт своими именами” деган китобда Маркеснинг учта суҳбатини ўқиган эдим. Бир суҳбатида Ёзувчи “Танҳоликнинг юз йили” романининг биринчи сатрини 19 ёшида ёзиб қўйгани, вақт-соати келиб роман миясида обдон пишиб етилгач, уни бор-йўғи икки кунда ўтириб ёзиб ташлаганини баён этган. Мен бу асар тез ёзилганига шубҳа қилмайман, лекин асар ҳажмидан келиб чиққанда ҳатто уни икки кунда ўқиб чиқиш ҳам осон иш эмас.

Боз устига романнинг шакли, руҳи, қоришиқ воқеалар, тирик ёки ўзи йўқ бўлса-да, муаллифнинг тафаккурига бўйсуниб ҳаракатланувчи ўнлаб образлар, кутилган ва кутилмаган фожиалар унинг икки кундан кўпроқ муддатда ёзилганини билдиради. Сирасини айтганда, мен Маркесдек Ёзувчининг руҳиятига қойил қоламан. Унинг руҳи шу қадар кучлики, Ёзувчини худди булдозерда сургандек оппа-осон ўз маромига солиб етаклаб кетаверади. Э, шошма, оғайни, ундоқ эмас, бундоқ-ку, дейишга ботинолмайсиз ҳам. Бошқа романлари ҳам худди шундай, ҳатто одамни нафас ростлашга қўймайди.

Маркес ўзини испан адабиёти вакили ҳисоблагани ҳолда бизнинг биринчи асаримиз Сервантеснинг “Дон Кихот” романидир деб ҳисоблайди. Бизнинг ҳам бой оғзаки адабиёт намуналаримиз мавжуд.

Қайсидир маънода кимнингдир ёзгани айнан Кафканинг, Маркес, Борхес ёки биз ўқимаган бировнинг асарига ўхшаши мумкин. Навоий манзумаларида ҳам тақлидчилик калака қилинган. Аммо бизда ҳозир бунинг хавотирланадиган жойи бормикан — гап шунда. Умуман, ўзбек адабиётида мен бу хавфни сезаётганим йўқ… Мен адабиётда, хусусан, насрда хилма-хиллик тарафдориман. Бир хиллик адабиётнинг жиловини орқага тортиб тураверади.

— Бугун бирор даврада адабиёт ҳақида гап очилса, китобхонлар яхши асар йўқлигидан нолишади. Аммо кейинги пайтда таниқли адибу шоирларимизнинг қатор китоблари чоп этилмоқда. Бундай аҳволни китобхон савиясининг ўта баландлиги деб тушуниш мумкинми ёки…

— Ҳеч бир халқнинг адабиёти тўхтаб қолиши мумкин эмас. Лекин гап ўша асарнинг савиясида. Чингиз Айтматов бир вақтлар “шундай бир ҳикоя ўқисангки, кечаси билан йиғлаб чиқсанг” деб ёзганди. Шундай ҳикоя соғинчи менда ҳам бор. Хусусий газеталарда кунаро ўнлаб ҳикоялар босилади. Турган-битгани ўлим, фожиа, айрилиқ, мусибат. Лекин бир мусибатни Чеховнинг “Ванка”сидай таъсирчан бадиий асарга айлантириш нақадар мушкул иш. Эҳтимол Ёзувчиман деган одам 80-90 ёшгача ҳам шуни ёзолмай дунёдан ўтиб кетиши мумкин. Бироқ Чехов (врач, иши бошидан ошиб ётибди, феъли шунақаки, ҳаммага яхшилик қилгиси келади, барчани уйига меҳмонга таклиф қилади, мактаб, кутубхона, касалхона қуради, гоҳ-гоҳидагина ёзишга ўтиради) аксарият ҳолларда бир ўтиришда ёзган, қайта ишлаб ўтирмаган, бунга вақти ҳам бўлмаган. Демак, ижодкорда меҳнатдан таш­қари Худо юқтирган юксак истеъдод ҳам керак.

Бир вақтлар матбуотнинг тури саноқли эди. Адабий нашрда асари ёки иккита шеъри чиққан одам танилиб кетиши мумкин эди. Таъсирчанроқ бир ҳикоя ёзсанг, номингга ўнлаб хатлар келарди. Ўзинг ёзган нарса ҳақида узоқ ўйлашга, демак, масъулиятли бўлишга мажбур эдинг. Ҳозир аҳвол умуман бошқача. Бунинг учун ўқувчини айблаб ўтириш шарт эмас. Аввал ҳам асл ўқувчи асарнинг ­сарасини топиб ўқирди, ҳозир ҳам шундай. Масалан, бозордан газета сотиб олиб ўқиётганлар эса ўша газетанинг бир ой аввалги сонидаги ҳикоянинг номини ҳам эслаёлмайди. У вақт ўтказиш, бироз бўлса-да овуниш учунгина ўқийди. Лекин унга нега бундай қилаяпсан, деб бўлмайди. У эркин ва савияси ҳам ўша газетага жуда мос. Шундай “гигант” Ёзувчилар борки, бир йилда беш-олти “роман” ёзиб ташлаяпти. Китоблари қўлма-қўл ўқилаяпти. Бироқ адабий жамоатчилик унинг номини ҳам эсламайди. Жиддий Ёзувчи тўғрироғи, сўз қадрини юқори биладиган, ёзган асарлари ҳақиқий адабиёт десак бўладиганлар эса ҳамон жиддий асарлар ёзиш билан машғул. Масалан, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов, Нормурод Нор­қобилов, Шойим Бўтаев, Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Улуғбек Ҳамдам, Зулфия Қуролбой қизи, Луқмон Бўрихон, Исажон Султон ва бошқа Ёзувчилар ижод қилишаяпти. Уларнинг асарлари манаман деган чет эллик Ёзувчиникидан кам эмас. Одамзотнинг қисмати, эртаси, келажаги нима бўлишини ўйлаб қайғураётган, қалби ўртаниб, азоб чекиб ёзаётган адиб билан бугун кичкинагина бир фожиавий ҳангомани ёзиб эртаси куни газетада чиқариб, чапак чалиб юрган қаламкашнинг фарқи бор-да, албатта.

— Катта адабиёт кучли танқидчиликнинг шаклланишига таъсир ўтказадими ёки кучли танқидчилик катта адабиётнинг юзага келишига асос бўладими?

— Адабиётнинг равнақида адабиётшунослик, айниқса, тан­қидчиликнинг ролини инкор этиб бўлмайди. Қизиғи шундаки, булар кўпинча баравар, деярли бир хил суръатда ҳаракат қилади. ХIХ аср рус адабиётида даҳо шоиру Ёзувчилар қатори Добролюбов, Белинский, Гертсен, Чернишевский каби адабий танқидчилар етишиб чиққан. ХХ асрда ҳам адабиётга қараб танқидчилик кучайган.

Ҳозирги кунда чиндан ҳам, баҳсталаб, мунозараталаб асарлар дунёга келмаётган бўлиши мумкин. Эҳтимол адабий тан­қид ҳам шунга яраша, танқидий чиқишлар эса бор-йўғи мақтов ёки эътирофлардан иборатдир. Назаримда адабиёт гуллаб-яшнасагина унинг атрофида адабий танқидчилар ўралаша бошлайдилар, адабиётшунослик ўз-ўзидан кучайиб, адабиёт ундан орқада қолиб кетиши мумкин эмас.

— Адиб учун истеъдод муҳимми ёки меҳнат?

— Мен истеъдод ва маҳорат, меҳнатни бўлакларга ажратолмайман. Сабаби, истеъдодли Ёзувчидагина маҳорат бўлиши мумкин. Масалан, Лотин Америкасининг 70-йиллардаги адабиётини ўқисангиз, диктаторлик тизимининг нақадар аянчли фожиалари кўз ўнгингизга келади. Таъсирланасиз. Сабаби, уларнинг тузуми бизникига ўхшар эди… Мана, гап қаерда. Бугун мустақил мамлакатнинг фуқароси — сиз Карпентер, Борхес, Кортасар, Фуентес, Маркеснинг катта-катта асарларини мароқ билан ўқиёлмайсиз. Чунки энди сиз бошқа тузумда яшаяпсиз. Ёзувчининг маҳоратига, истеъдодига тан берасиз, холос.

— Унда қандай асар адабиётда мангу яшаб қолиши мумкин деб ҳисоблайсиз?

— Бу борада ҳам бирон нарса дейишга одамнинг журъати етмайди. Авваламбор, Ёзувчи ўз қудрати ва маҳоратини мукаммал намоён эта билиши лозим. Иккинчидан хўш, уни эртага кимлар ўқийди деб ўйлаймиз. Ҳар бир ижодкор мана шу икки ўт орасида қоврилади, хавотирда яшайди. Нима бўлганда ҳам ҳақиқий Ёзувчида яратиш иштиёқи ҳеч қачон сўнмаслиги керак. Энг ёмони — чекиниш, тан бериш. Барибир ўтли сўз, ҳаяжон, ибратли фикр ва унинг юксак бадиий ифодасини топган асар кўпроқ яшашга ҳақли деб ўйлайман.

Гулноз Сатторова суҳбатлашди

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).