Саидрасул Саидазизов (1866-1933)

Саидрасул Саидазизов (1866, Тошкент — 1933.3.2) — маърифатпарвар, шоир, таржимон. Тошкентда Маҳмуд дастурхончи мадрасасида таҳсил кўрган, рус-тузем мактабини тугатган (1900).

Ўзи ўқиган мадрасада мударрислик қилган, рус-тузем мактаби, ўқитувчилар семинариясида «шарқия муаллими» бўлиб ишлаган (1900 йилдан). Москва ва Петербургга саёҳат қилган (1910). Таассуротлари «Туркистон вилоятининг газети»да босилган (1910-11). В. В. Бартольд, А. Н. Самойлович, С. М. Граменицкий каби рус зиёлилари билан дўстона муносабатда бўлган.

Саидрасул Саидазизов ўзбек, тожик ва араб тилларида ижод қилган. Ғазал, фард, рубоий, таърих ва бошқа жанрлардаги шеърлар, публицистик мақолалар, «Устози аввал» дарслиги (1902) муаллифи.

Ғазаллари ишқий мавзуда, бошқа шеърларида илм-маърифатли бўлиш, одоб, ахлоқлилик улуғланган. Тошкентда янги усулдаги махаллий мактаблар очган, уларни рус-тузем мактабларидаги таълим-тарбия методикаси асосида ишланган дастур ва дарсликлар билан таъминлаган, ўқитувчилик ҳам қилган.

«Товуш усули» («Усули савтия») методидаги «Устози аввал» дарслиги 17 марта нашр этилган. У И. А. Крилов («Тулки билан узум», «Зулук билан илон» ва бошқа), Л.Н. Толстой («Қишлоқи бирла боласи», «Фатонат» ва бошқа), асарларини ўзбек тилига илк бор шеърий таржима қилган.

Бегали Қосимов.