Қодир Мирмуҳамедов (1920.10.12, Тошкент – 2012) — таржимон ва киносценарийчи. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1999), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1981). 2-жаҳон уруши қатнашчиси.
Тошкентдаги кечки педагогика институтини тугатган (1950). Ўзбекистон радиоқўмитасида катта муҳаррир (1956—58), Ўзбекистон телевидениеси адабиёт тахририятида бош муҳаррир (1958—59), Ғафур Ғулом номидаги нашриётда таржима бўлими бошлиғи (1959—61), «Ўзбекфильм» киностудиясида сценарий бўлимида муҳаррир, дубляж гуруҳида бош муҳаррир ва бадиий раҳбар (1961—89) бўлиб ишлаган.
Қодир Мирмуҳамедов таржимонлик фаолиятини 1951 йилда болалар учун эртак ва ҳикоялар таржима қилишдан бошлаган. Биринчи йирик таржимаси индонез ёзувчиси Абдул Муиснинг «Сурапати» (1958) романидир. Шундан кейин у жаҳонга таникли ёзувчилар Жек Лондоннинг «Мартин Иден» (1968), Рабиндранат Тагорнинг «Хонадон ва жаҳон», «Сўнгги достон» (1973), Максим Горькийнинг «Клим Самгиннинг ҳаёти» (2, 3қисм, 1974— 75), Кришан Чандарнинг «Бир қизга минг ошиқ» (1976), Жованни Боккаччонинг «Декамерон» (1978—79), Виктор Гюгонинг «Бюг Жаргаль» (1982), Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» (1987), Гомернинг «Илиада» (1988) асарларини рус тилидан ўзбек тилига таржима қилган.
Қодир Мирмуҳамедов булардан ташқари, чет эл ёзувчиларининг қатор драмаларини, кўплаб, бадиий фильмларни ҳам ўзбек тилига таржима қилган.