Сичқон, қарға, қурбақа ва кийик дўстлиги

Бир катта чорбоғда сичқон, қарға ва бақа яшар эдилар.
Бир кун булар сичқоннинг раҳбарлигида тўпланиб, мажлис қилибдилар. Мажлисда сичқон иттифоқликнинг фойдаси ва якка-ёлғизликнинг зарари ҳақида сўзлаб, тушунтирибди. Айни мажлис қизиган пайтда бир кийик орқасидан овчи қувган ҳолда буларга қараб, ҳўнграб келаётганини кўрибдилар ва дарҳол кийикни бир боғ ўтнинг орасига яширибдилар, сичқон ернинг ёриғига, қарға дарахт учига учибди, қурбақа сувга кириб яширинибди. Дарахт устида ўтирган қарға овчининг сарсон бўлиб, қайтиб кетаётганини кўргач, ўртоқларини чақирибди:
— Бекинган жойларингдан чиқаверинглар, овчи кетди, — дебди. Улар яна тўпланишибдилар. Кийик эса ўзини овчи қўлидан қутқарган ўртоқларига ташаккурлар билдирибди ва ўзини сафларига олишни илтимос қилибди.
Мен ёлғизман, овчилар мени ҳар вақт хавотирга соладилар, дебди. Кийик талаби қабул бўлибди. Сичқон бирликнинг аҳамиятини унга тушунтирибди. Шундай қилиб, тўрт ўртоқ дўстликда яшайверибдилар.
Бир куни кийик ўртоқларидан адашибди-да, бошқа бир овчининг қопқонига илинибди. Бундан хабардор бўлган овчи кийикни дарҳол тутиб, дарахтга боғлаб қўйибди. Ўзи яна овга кетибди. Бу сирдан фақат дарахтда турган қарғагина хабардор эди. У дарахтдан тушиб, воқеани сичқон билан бақага айтибди. Сичқон қарға билан кийикни қутқаришга бормоқчи бўлибдилар. Қурбақани қолдирмоқчи бўлибдилар. Чунки овчи қувганда қоча олмай қўлга тушиши мумкин эди. Сичқон олдин, қарға кейин ўртоқларини қутқармоқчи бўлиб йўлга тушибдилар. Улар энди етганда, орқадан қурбақа ҳам судралиб бораётганини кўрибдилар. Сичқон билан қарға қурбақага насиҳат қилиб, орқага қайтишини сўрабдилар. У қайтмасдан:
— Мен ҳам кийик ўртоғимни қутқаришга бораман, — дебди. Сичқон билан қарға кийик олдига етиб борибдилар. Қарға дарахт устида учиб чиқиб, овчини кузатиб турибди. Сичқон эса кийик богфланган арқонни кемириб ташлабди. Шу соатда овчи келиб қолибди. Улар қочибдилар, қурбақадан бошқаси қутулибди. Овчи қуруқ қайтмайин, деб бақани ушлаб тўрвасига солиб, уйига равона бўлибди. Қутулган дўстлар тўпланиб, бақани қутқариш маслаҳатини кўрибдилар. Буларга сичқон шундай йўлни ўргатади:
— Кийик, сен ёлғондан чўлоқ бўласан, қарға сенинг бошингга қўниб, ёлғондан икки кўзингни чўқиб бораверади. Овчига яқинлашганда, бу ҳолни кўрган овчи дарҳол кийикни тутаман деб, қурбақани ташлаб сенга югуради. Шу пайт мен бориб, қурбақа ётган халтанинг ипини қирқиб, уни қутқараман. Сичқон айтган режа ижро бўлибди. Қурбақа қутулибди. Овчи эса булар томонга сира келмас бўлиб, бошқа томонга йўл солибди.
Ёвдан қутулган тўрт дўст бирга ўз ватанлари боққа омон-эсон қайтибдилар. Сичқон кўп ташаккурларга сазовор бўлиб, мақсадига етибди.