Кунлардан бир кун дакан хўроз филнинг олдига келиб, қаттиқ қичқирибди:
— Қу-қу-қу-қув!
Фил ҳайрон бўлибди: “Мунча чиранади бу”, деб ўйлабди у. Хўроз ҳаммаёқни титиб, чўқиб, дон териб еяверибди, яна:
— Қу-қу-қу, қув-в-в-в! — деб қичқираверибди.
— Ким кўп овқат ейди, сенми ё менми? — дебди шунда фил. Хўроз дадиллик билан:
— Мен кўп ейман-да! — дебди чираниб.
Улар, ким кўп овқат еяр экан, деб гаров боғлашибди.
Фил жуда кўп овқат ебди, кейин уйқуга кетибди.
Бир вақт уйғониб қараса, кеч бўлиб қолибди. Хўроз бўлса ҳалиям донлаб юрган эмиш.
Дон териб, еб, тез-тез:
— Қу-қу-қу! — дермиш хўроз.
— Еб тўймас экан-ку! — дебди фил ҳайрон бўлиб. — Бунақа жониворни сира кўрган эмасман.
Ахири хўроз филни енгибди.
Хўроз гаровда ютгач, ўзича: “Филнинг устига чиқиб, бир томоша қилай”, деб ўйлабди.
У пир этиб учиб, филнинг устига чиқибди.
Филнинг жон-пони чиқиб кетибди.
— Бой-дод! Мени еб қўяди! — деб қичқирибди-да, шу қочганича ўрмонга кириб кетибди.
Хўроз бўлса унинг орқасидан қараб, қанотларини тапиллатиб:
— Қу-қу-қу-қув! Мен зўрман! — деб қичқирибди.