Мирзоҳид Музаффар (1999)

Мирзоҳид Музаффар – 1999 йилда туғилган. Чиноз саноат касб-ҳунар коллежини тамомлган. Шеърлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.

* * *

кўнглим кўзгусида кўринур аксинг
ва у туш кўради менсиз кунларни
қолади тушларнинг биллур кафтида

чайқалар шамолга айланган туйғу
учади осмондан яралган ишққа
ярақлаб кетади лаҳзалар.

манзилсиз йўлларда адашар руҳим
адашар менингла сенинг аксинг ҳам
тасвирга айланар жамики сўзлар

кипригимга тегар нафасинг
кўлмакдан мисоли қуёш балққандай
кўнглим кўзгусида кўринар аксинг

* * *

1

ғира шира чексизликнинг номаълум исми
уйғотиб юборар капалакларни
ва улар қанотидаги залворли дунёлар ила
киришарлар сажда қилмоққа
сим сим оғриқ
(бу оғриқ ила очиш мумкин ҳатто хазина ғорин)
энди хазинанинг исмига айланади чексизлик

2

рангнинг соясига тўшалган овоз
ҳуркиб кетар мудҳиш жимликдан
кўзлардаги иккита денгиз дўнар кўзгуга
ва уларда кўринади
бир пайтлар дунёни иситган
энди эса
эртакларга сингиб кетган қуёшнинг
икки дона қоп қора нури
бу қоп қора нурлар ўз соялари остига
тўшаб қўярлар машъум жимликни

3

чиннигулларнинг ним сарғайган яфроғи
жойланади хотирага
гултувак сарҳадидаги ўзга олам
чайқалиб кетар гурсиллаб йиқилган
гуляфроғ залворидан

* * *

совирилиб кетаман ўткинчи елга
ва сени ўйлайман
сен эса йўқдирсан дунёда ҳали
ё бор бўлсанг ҳам сезмагандирман
балки менинг ўзим йўқдурман
аслида бу муҳим ҳам эмас
замҳарир совуқдан роҳатланганча
симирганча кўзинг рангли қаҳвани
ўйлайвераман
севги ҳам эмасдир эҳтимол бу
билмадим
севиб кўрмаганман олдин
қўлларингни
совуқдан кўкариб кетган қўлларингни
ушлайман хаёлан
уялиб кетаман ўзимдан
рўёлар дунёсин
деразасидан мўралайман басорат ила
унда кўринади ким ҳақидадир
берилиб ҳаёл сураётган қиз

* * *

овозимнинг денгизида сузган соялар
бағрига олади нигоҳларингни
хаёлга айланар умрим
менинг сен ҳақингда ўйлаганларим
сингиб кетар юрак мавжудлигига
ҳомуза тортади пардалар
ҳўрсинар деразадан мени
пойлаган томчи томчи нур
энди ўзининг сабр тоқатини
қучиб йиғлаётган кишининг
кўзёшлари денгизига
дўнган овозимга
шўнғир дунёсиз кунларнинг кўланкалари
шуурсиз ҳислар аро
шамоллар эсади мендек бемақсад
мен эса чўкаман сенсизлигимга

Қишлоқ хоккулари

1
Тонгни уйғотиб юборар
Сутнинг челакка
Визиллаб урилган товуши.

2
Майса япроғида
Жон берди капалак.
Ой чўмила бошлади сойда.

3
Пода қайтар карвондек.
Уфққа бош қўяр
Деҳқонларни кузатиб ҳориган қуёш.

4
Боғ
Санчиб олади илдизларини,
Туннинг қора кўксига.

5
Аёл рўмолини учирар
Дарёдан эсган шамол.
Йўл ҳали олис эди.

***

Майли,
не қилсанг қил,
розидирман мен,
розиман, оловга ташла лошимни.
Жазола,
айблиман қошингда албат,
сочинг каби қора кун сол бошимга.
Розиман,
азоблаб роҳатлан мени,
жоним оғриқларнинг ватани бўлсин.
Қийнагин жимгина,
кўзимга қараб,
илтижо қилмирам шафқат деб, шафқат…
Айлагил умримни бебурд ва ҳароб,
қайғулар бағишла кўнгилга…
фақат
мени қийнаётган вақтингда эй ёр —
кўзим теграсини айлабон бенур,
дардларга мубтало этганда минг бор,
мени севиб тургин,
мени севиб тур…

***

Тунларни
тунларга уладим бетин,
тунларни
тутамлаб титради таним.
Айни дам…
ҳаётга оғир ботади
менинг
ер устида
яшаётганим.
Гарчи бу умримнинг лаҳзаларидан
дилдаги орзулар сероброқ эрур
ва яхши кунларнинг умиди ила
кўксимдаги шамлар таратади нур.
Турасан жонимга кўзингни тикиб,
ёдинг ёдим ичра изғир беқўним.
Эй
руҳимга қўрқув ниҳолин экиб
ўзи қуритётган телбаваш ўлим.
Қачонгача йўлим тўсмоқчисан, айт,
келяпман, деб алдаб қўясан токай?
Сен билан эркакча ҳисоблашаман,
фақат…
шу шеъримни тугатиб олай…

фақат шу шеъримни тугатиб олай…

***

Ойдинлик онгингни келади босиб —
оқлик!
Ва яна алланарсалар…
иложсиз ўзингни озод этмоқлик —
руҳда
оғриқ кезар беруҳ, сарсари…
Ва саккизинчи осмон кенгликларида
уйингни ўйлайсан —
ерни ўйлайсан.
Ёмғир бўлиб ёғиб,
сингиб туфроғга
майсадек унасан —
кўкни куйлайсан.
Мувозанат номин олар аросат,
ботинингда ҳодис содирдир минг бир.
Ҳаёт оҳирида…
сўнгсўзинг бўлар:
“менинг умрим буткул қораламадир…”

***

Мени чорла…
шивирлаб чорла…
бора олай Ўзимдан ўтиб
ва қароғларингни
миллард бора
нигоҳим-ла
қўяйин ўпиб.
Соғинмадим дема,
барини билгум —
кўнглинг
дийдорларга
ўзини чоғлар.
Руҳинг ичра
ларзон уради бугун
мени
кутиб
сарғайган
боғлар…
мени чорла,
Исо ҳаётни нафаси-ла чорлаганидек,
мени чорла,
қайтайин токи
минг йиллик маҳбусга қайтган каби эрк.
Овозингнинг изларин кўрдим
шамолларнинг елкаларида.
Балки сен ҳам нафасим сездинг
умидсизлик кўлкаларида…
Чақирақол,
борайин учиб,
пайғамбарга келгандек ваҳий
ва бузилсин кўнглимиздаги
ташналикнинг қадимий таҳи.
Мени чорла…
шивирлаб чорла…

***

Сенга борсам дардим олиб,
кетмасманми йўлда қолиб,
дайрнинг
бул урҳосида
кимлар мағлуб,
кимлар ғолиб…
Ҳар бир қайғу — Юсуфрухсор,
хаёлларим — чобуксувор,
дилим оғир,
дилим оғрир,
аё Раббим,
қўллаб юбор —
аё Раббим қўллаб юбор!

Жанг қиламан:
рақиб — ўзим,
бардошимга тилаб тўзим
тирикликнинг майдонида —
кўр,
кетдим-ку ахир тўзиб.
Сочилмишман,
бир-бир терган
банданг қани — бўлар бекам…
Аллоҳ,
нетай, йўлинг маним
Бул умримдан узун экан…

***

Йўқ,
юрагимнинг дук-дуки эмас,
сен айтётган кучли уриши —
Улар — сенли туйғуларимнинг
Югурётган қадам товуши.
Сен ўйлама,
ҳис ҳам қилмагин,
фақат яшаб тургин бул лаҳза
ва соғинчим гуллаган сайин
уни ҳидла…
бунда ҳеч нарса
сен ўйлаганчалик эмасдир,
Ер — аслида ёнаётган шеър,
Осмон — менинг кўзимда асир.
Ҳис қилганинг муҳаббат ҳаммас,
нафратдир у,
қайдан биласан?
Ном ҳеч нени билдирмас асло,
бари нисбий,
бари қиёсан…
…шундай қилиб,
англагил буни,
хушёрлик бу —ишқнинг мастлиги.
Балки энди англагандирсан,
кўксимдаги юракмаслигин…