Тўра Мирзаев (1936-2020)

Тўра Мирзаев (1936.06.03, Шофиркон тумани — 2020.29.09, Тошкент) — Фолклоршунос олим. Филология фанлари доктори (1988), профессор (1991). Бухоро педагогика институтини тугатган (1957).

Жарқўрғон тумани мактабларида ўқитувчи ва ўқув бўлим мудири (1957-1960), Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант (1961-1963), кичик (1964-1966), катта илмий ходим (1966-1971), фолклор бўлими мудири (1971-2002), директор (1991 йилдан, 1991-1998 йилларда — Адабиёт институти), Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти (2001 йилдан) бўлган.

Тўра Мирзаев тадқиқотлари халқ достонлари ва бахшилар эпик репертуарини ўрганишга бағишланган. «Булбул тароналари» (1971-1973), «Песни Булбуля» (1974-1977), «Узбекская народная поэзия» (1990), «Гўрўғли» достонлари (1996-97), «Алпомиш» (1999) каби йирик асарларни нашрга тайёрлаган ва муҳаррирлик қилган.

Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси «Алпомиш»ни немис тилида Вайсваденда нашр эттирган (ҳамкорликда, 2001). Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1973).

Тўра Мирзаев Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, «Ўзбекистон Республикаси фан арбоби» фахрий унвони, «Фидокорона хизматлари учун» ва «Дўстлик» орденларига сазовор бўлган.

Тўра Мирзаевнинг 600 дан ортиқ илмий, услубий, илмий-оммабоп иши эълон қилинган. Улардан 5 таси монография, 5 таси дарслик ва ўқув қўлланма, 45 таси китоб ва фолклор тўпламдир. Олимнинг китоб ва мақолалари Россия, Германия, Туркия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон каби кўплаб мамлакатларда нашр этилган.