Хуршид Абдурашид – 1995 йилда туғилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини битирган.
Соғинч соатлари
Юрагим устина бошингни қўйгил,
Кўксим ётоқ бўлсин ҳарир сочингга.
Табассуминг нури сабуҳий сабо,
Яноғингда икки чечак очилган.
Бўлса истеъдодим мусаввирона,
Тасвир айлай олсам сувратингни, бас.
Кўнглум тублариндан пичирлаб тургин,
Бир умр ичимда дайдисин бу сас.
Жодуваш кўзларинг тамом олислар,
Ул бозигарга тўр ташлаяжакман.
Сенинг нафасларинг ёмғур ҳавоси,
Ёмғурсиз умримни бошлаяжакман.
Сўнгсиз изтироблар ибтидосида,
Адоқсиз елларга соврилур борим.
Менинг хотирамнинг қаватларида
Жилоланиб тургин гавҳарнигорим.
Сунбулбўй малагим, гулҳад дилбарим,
Тушларим сеҳрини чертиб тур доим.
Сенинг орзуларинг илтижосида
Шамоллар олами бўлар мулойим.
Кўзларингки маржон тўкаркан бир кун,
Соғинч соатлари бўлур меҳмонинг.
Ўшал дам сочингни силаб қўймагай,
Севаман демагай азиз инсонинг.
У жуда олисда бўлажак шу дам,
Балки соғинчингдан у ҳам ўртанар.
Ишқ аҳли севгини висолда эмас,
Айрилиқ сабоғин ёдлаб ўрганар.
Эй менинг борлиғим, гулдор оразим,
Ўтиб тур ёдимнинг кўприкларидан.
Сен меним бахтиёр дақиқаларда
Умрим бўйи топган йўқлиқларимсан.
Дарсда
Дарсда кўзларингга ташлайман тузоқ,
Жудаям сезгирда манави қизлар.
Ғашимга тегади уларнинг гапи
Овим бароридан келмаган кезлар.
Улар тингламайди маърузаларни,
Қулоғи кўз бўлиб бизга тикилган.
Ҳар ҳолда ёмонмас, саксон дақиқа
Дийдорлашувимизга имзо чекилган.
Ёнимдан ўтасан, ўтасан тез-тез,
Нигоҳим тасвирга олар ушбуни.
Ҳушёр тортаман сўнг дафтар қатига
Беркитиб қўяман ўша туйғуни.
Сенга узатаман дафтарларимни,
Пинҳона алишар дафтарларимиз.
Аммо, тил остига думалаб тушар,
Айтажакларимиз, айтарларимиз.
Уйга вазифани топширган чоғинг
Товушларинг жуда яқин келади.
Ҳар сўзинг негадир қулоқларимга
Муҳаббат тилида эшитилади.
Дарсга бўлганида, ногоҳ, қўнғироқ,
Жўнамоқ бўласан шунда уйингга.
“Мана, дафтарингиз”, дейсан ўгрилиб,
Йўқ, олиб кет уни, бу дафтар сенга.
Тақдир
Агар ўша қоп-қора булут
бизга ёмғир сочмаса эди,
билмасмидик ёмғирнинг таъмин.
Агар ўша ёмғир сепалаб
бошимизда ёғмаса узоқ
англамасдик бахтнинг исини.
Бахтимизни етаклаб келган
фақат ўша иккиси эмас:
мана, сенинг соябонинг йўқ,
менда бор…
Тонг
Қуёшни уйғотинг.
Бугун кеч қолди,
Юзимиз силамас нурлари унинг.
Бир туртинг, нурга зор чеҳралар ҳаққи
Уйғотиб кўринг.
Тонгга ташбеҳ топайин десам,
Бу кашфимда йўқ эрур маъни.
Азизим, қаерда кўрган эдингиз
Тонг қуёшсиз отаётганин?
Мана, ҳамма уйда дераза очиқ,
Бу нурга интизор қалбларнинг иши.
Сирли сукунатнинг силсиласида
Сирга айланади тонг оқариши.