Мансур Жумаев (1991-2024)

Мансур Жумаев 1991 йил 17 февралда Қашқадарё вилояти Миришкор туманида туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида Халқаро журналистика факультетини тамомлаган.
Шоирнинг “Оқ орзуларим”, “Ҳайрат қўшиқлари”, “Ҳазрати ишқ”, “Биз кутган фасл” шеърий тўпламлари чоп этилган.
Асарлари инглиз, рус, турк, тожик, озарбайжон, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.
2024 йил 5 ноябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

* * *

Кун қолмади билакка
(ишонардим аксари),
ёриб кирди юракка
муҳаббатнинг лашкари.

Чорак асрлик шиддат
жўшиб, йигит ёшида
таслим бўлдим оқибат
муҳаббатнинг қошида.

Фақат жисмим меники,
қолганлари сойирдай,
қолдим бир холга икки
шаҳар берган шоирдай.

Энди садқадир жоним,
сизга гар жоним керак;
олинг, бор хонумоним –
истило бўлган юрак.

“КЕМАЛАР ҚАБРИСТОНИ”ДА

Ташлаб кетди бу ерни денгиз,
ташлаб кетди сув неъматлари,
шовқин солмас шамоллар тинсиз
ва тўфонлар важоҳатлари.

Олислади меҳмонлар бир-бир,
тўлқин ёди дилни яллиғлар –
ташлаб кетди дарёи кабир,
зоғораю тилла балиқлар.

Фақат қолди бунда хотира
ва чандиқли ўтмиш ғамлари,
чириётган кемалар ила
“қора уй”нинг оқ одамлари.

Яшайверди улар жимгина,
дил тубида номус билан ор
ва муаззам она денгизнинг
гардларига боқиб умидвор…

Куйдирди-ю бўғзимни виждон,
кўзга қалқди томчи ёш – тахир:
севилмайди Ватан ҳайқириб,
у жимгина севилгай, ахир.

Энди сўзга етмайди бардош,
қотди кўзда қайғу жоласи.
Мен қаршингда эгажакман бош,
Қарекенгнинг содиқ боласи!

ҚАРЧИҒАЙ

“Какликка тузоқ қўйгандим, кўп куттирмай илинибди. Тузоқни йиғиб, ўлжани олгани борсам, илинган какликни тутаман деб ўзини урган йиртқич қушнинг панжасига тузоқ тўрлари илашиб, у ҳам қулабди. Қарасам, шу пайтгача тутолмаганим – қарчиғай экан!..”
Ҳасан овчининг гурунгларидан

Мағрур-мағрур тоғларда
мағрур учган қарчиғай,
тўрга тушган какликни
тутмоқ бўлиб қилди саъй.
Тайёрига айёрлик
ярашмади номига:
ўлжа бўлди ўзи ҳам
овчиларнинг домига…
Қарчиғайжон, қарчиғай,
билмасмидинг, қушим, ҳай,
тайёр ўлжа тузоқдан
бошқасида бўлмагай!
Нафс майидан мастликлар,
алдов, ҳийла, пастликлар
чўққилардан қулатгай
какирлаган какликлар.
Баланд-баланд тоғларда
озод учган қарчиғай,
бировга аталгани
бировга наф қилмагай.
Пастламагин, сор қушим,
гар юксаклик ёр экан.
Ҳар махлуққа Худонинг
атагани бор экан.

БУ ЕРЛАРДА

Қўлга босиб иягин,
ўйга толган одамнинг
титроқлари гуллайди;
руҳдаги ўт,
сув,
ҳаво,
тупроқлари гуллайди;
кўксидаги меърожбахш
буроқлари гуллайди;
юлдуззор кўкка солган
ўроқлари гуллайди;
кўнгил – кўҳна дастурхон,
қуроқлари гуллайди…
жўралар,
бу ерларда
қўлга босиб иягин,
ўйга толган одамнинг
томир отиб тирсаги,
бармоқлари гуллайди.

* * *

Ўзимни унутиб, чорладим сени,
билмадим бу дунё ўнгимми-ҳушим?
Азизам, кел, менга эслатгин мени,
азизам, кел, мени ёдимга тушир.

Кўнглим синиқларин кўзимдан тергин,
оғриқларим айтиб қўрқит, учунтир;
азизам, кел, мени изоҳлаб бергин,
азизам, кел, мени тушунтир!

Азизам, кел фақат, келсанг бас, тамом,
бус-бутун эгаллаб ол борлиғимни:
бир сен исботлашинг мумкиндир
ҳамон
бу дунёда мен борлигимни.

ЭЪЛОН

Кўзим –
кипригимга чандиб осилган
эълон ойнасидир севгим ёзилган.
Ато мерос касбим – кўнгил бутловчи,
ўттиз йил малака муҳри босилган.

Тилсим юрагимнинг шарҳи ўзингиз,
Тилсиз ўйларимнинг тарҳи ўзингиз.
Агар кўнглингизга дарз кетган бўлса,
Келинг!
Таъмирлайман.
Нархи – ўзингиз!

* * *

Қушлар Ҳақ даласин донига борди,
Тоза руҳ ошиқнинг жонига борди,
Севган севилганнинг ёнига борди,
Мен сенинг ёнингга келдим, севгилим.

Жилға югургани каби дарёга,
Қўллар талпингани каби дуога,
Банда топингани каби Худога,
Мен сенинг ёнингга келдим, севгилим.

Изҳорга лойиқ вақт видога кетди,
Гадодан олганим гадога кетди,
Тан ерга кетди, жон самога кетди,
Мен сенинг ёнингга келдим, севгилим.

Кўнглимиз Вомиқдир, Узрога қочгай,
Шайхимиз Санъондек тарсога қочгай,
Худойим қувган қул Худога қочгай,
Мен сенинг ёнингга келдим, севгилим.

БИР ДАРД БИЛАН ОҒРИДИ КЎНГЛИМ…

Ғамнинг яйдоқ отига миндим,
Югани йўқ, узангиси йўқ.
Бир дард билан оғриди кўнглим,
Лекин сира тузалгиси йўқ.

Кел, яшайлик битта дард билан
Бир дард билан кўзларим бедор.
Сен ҳам бедор изтироб тилан.
Кел, иккимиз бўлайлик бемор,
Кел, яшайлик битта дард билан.

Кел, кўзимда ошиён яса,
Кел, кўнглимга кўз тиккил, ўғри.
Мен яшаган қайғуни яша,
Мен чалинган дард билан оғри.

Сен қуш бўлсанг, бағрим – ос(и)мон,
Сен – нилуфар, кўзёшларим – кўл.
Ютқизмайин десанг, ёрижон,
Мен чалинган дардга таслим бўл!

Озодликдир унга тутилмоқ,
Унга қуллуқ қилиш тамкиндир.
Бу дарёдан чўкиб қутулмоқ,
Таслим бўлиб енгиш мумкиндир.

Қоқ юракка қадалган дард бу,
Бир умрни айлар чирпирак.
Икки дилга аталган дард бу,
Енголмайди уни бир юрак.

Кел, иккимиз бўлайлик бемор,
Кел, яшайлик битта дард билан.

СИНТАКТИК ПАРАЛЛЕЛЛАР

Паймон топилади бир кунмас-бир кун,
Дармон топилади бир кунмас-бир кун.
Бир кунмас-бир куни дарё бўларсан,
Уммон топилади бир кунмас-бир кун.

Ҳаёт икки юзи икки хил танга,
Икки юзини ҳам кўрсатса санга,
Бир кунмас-бир куни кирарсан жангга,
Майдон топилади бир кунмас-бир кун.

Балки, япроқ бўлиб йўлга қўнарсан,
Балки, ёғин бўлиб чўлга қўнарсан,
Бир кунмас-бир куни ерга дўнарсан,
Деҳқон топилади бир кунмас-бир кун.

Битта боғ бағрида донасан, маъқул,
Доналик ҳолингдан тонасан, маъқул,
Бир кунмас-бир куни гул бўласан, гул,
Гулдон топилади бир кунмас-бир кун.

Бир кун ҳар елка ҳам етармиш кунга,
Сепмасанг бас экан донингни кулга,
Бир кунмас-бир куни омадинг кулгай,
Имкон топилади бир кунмас-бир кун.

Кўнглинг кулбасидан кетмаса иймон,
Кипригинг учида қалқиса виждон,
Бир кунмас-бир куни бўлолсанг инсон,
Инсон топилади бир кунмас-бир кун.

Унут ўйларингга ҳаёт ҳам битгай,
Ҳаёт муҳаббатга сабот ҳам битгай,
Бир кунмас-бир куни қанот ҳам битгай,
Осмон топилади бир кунмас-бир кун.

ТОШ ҲАҚИДА ЭРТАК

Усмон Азимга

Эй бўғзимни ёққан аччиқ бўз,
эй сен руҳи равоним кўрки –
гулханларда ёнган туркий сўз,
гулханларда ёнмаган туркий!

Эй тошларни сайратган калом,
эй бошимни омон тутган бўрк,
эй сен… мени кечир, вассалом,
кечир дейман, Ҳазрат Абуттурк!

Гуноҳкорман қошингда буткул,
гумроҳману осийман, тамом…
кечир дейман, айбимдан ўтгил,
олма дейман фақат интиқом!

Шу даштларда кездим минг йиллар,
шу офтобда ўсдим, исиндим,
шу кўксимга ботди соҳиллар,
шу қирларда юксалдим, индим.

Шу сойларга тўкилди оҳим,
шу боғларда пиндиқ отди бахт,
қаҳқаҳамдан унган оғочим,
фарёдимдан тўкилган дарахт…

Мен барини куйладим жўшиб,
куйларимдан даштларим қонди,
мен куйлаган у дилбар қўшиқ
истилолар ўтида ёнди.

Ёнди бари жизғанак бўлиб,
ёнди бари кўкка уриб бош,
кул шаклида топдилар ўлим…
вафо қилди менга фақат тош!

Шу тош қолди сендан эсдалик –
тош шаклида қотган туркий дил!
Ким бевафо келган менчалик?!
Ким менчалик норасо ўғил?!

Мен билмасман
куйларим нақши
руниймиди,
оромиймиди,
жилвалари,
нури,
дурахши
ерликмиди,
осмониймиди?!

Менми ўша – унутган тавба,
ўйларингни,
эҳсосларингни;
бир асрда тўрт маротаба
ўзгартирган либосларингни?!

Йўқ, мен эмас –
шу кенгликларда
йиғлаб-кулиб қўшиқ айтмасам,
кўтармасам сени бир парда,
мен мен эмас – сенга қайтмасам!

Қайтажакман қошингга, она,
ёшларимни тўккайман тахир.
Онамдирсан ахир ягона,
якка-ёлғиз отамсан ахир.

Эй бўғзимни ёққан аччиқ бўз,
эй сен руҳи равоним кўрки –
гулханларда ёнган туркий сўз,
гулханларда ёнмаган туркий!