Дилмурод Саййид (1962)

Дилмурод Саййид 1962 йили Тошкент шаҳрида туғилган.
Низомий номли ТДПИ ўзбек филологияси факултетини ҳамда ТошДУ шарқ факултети ҳузуридаги икки йиллик махсус ўқувни форс тили мутахассислиги бўйича битирган.
Ёқтирган китоби: — тарихий асарлар ва Умар Хайём рубоёти.
Мақсади: — ҳақиқатни очиқ ёритишга интилиш

ОТАБEКНИНГ КУМУШБИБИГА АЙТИЛМАГАН СЎЗЛАРИ

Сиз мендан беҳуда ранжибсиз, бибим,
Ғанимлар мактубин ҳақларга йўйиб.
Севгини, вафони четлаб ўтиб жим,
Рўсиёҳ қоғозни «Оқ!» дебсиз куйиб.
Наҳот мени шунча тубан кўрдингиз,
Наҳот қодир бўлсам номард ишига?
Наҳот сиз, сиз мендан юз ўгирдингиз,
Наҳот йўл бердингиз ҳайдалишимга?!
Майли, мен кетаман мағрур, қасдма-қасд
Менга илҳақ кўзлар томон бир йўла.
Унутманг! Соддадил Кумушга эмас,
Бу дунё исёнкор Зайнабга тўла!

* * *

Муҳаббатим ўгай гўдакдек
Камситилди, масхара бўлди.
Орзулару ишончлар тирик
Ва кафансиз ҳолда кўмилди.
Қалбим бўлди барига қабр,
Мум тишладим қилмай овоза.
Камситилган севгим ҳам охир-
Кўмилди жим ва бежаноза…
Мотам тутдим киймасдан қаро,
Юрак-бағрим силқиб эзилди.
Гўё очдан ўлгандек гадо —
Бахт шўрлик ҳам унсиз узилди!..

…ГА

Ажралишдик!
Тоғлар қулагани йўқ,
Дарёлар тошмади қирғоқларидан.
Ажралишдик!
Ҳеч ким сўрагани йўқ,
Ажаб сезилмади нигоҳларидан.
Ажралишдик!
Оддий, мамнун, даъвосиз,
Совуққина силкиб қўлни бор-йўғи.
Ажралишдик!
Қўшиқ қолди навосиз —
Шеърга дўниб қолди УМР қўшиғи…

“УШШОҚ”НИ ТИНГЛАБ…

«Қаро кўзум» оҳангига банди бўлиб
Томиримда ажиб туйғу оқиб борар.
Оҳ, қарокўз санам ёди дилни тилиб,
Вужудимни олов каби ёқиб борар.

Машшоқ танин гулоб ила ювар бўлса,
Мен май бирла дил ғуборин ювадирман.
Машшоқ юзда терни кўриб ўлар бўлса,
Мен гул юзин орзусида ўладирман.

«Қаро кўзум» оҳангидан ёниб бадан,
Юраккинам инграб-инграб қолмоқдадир.
Оҳ, қаро кўз санам, сенинг кўзларингдан
Маним бахтим ҳар лаҳза ранг олмоқдадир!..

* * *

Сендан айрилганим туш бўлсин, дея
Тангрига туну кун илтижо қилдим.
Ёр яна бағримга бош қўйсин, дея
Саждага бош урдим, зор — нидо қилдим.

Эвоҳки, ўтинчлар барчаси абас,
Илтижо, нолишлар бўлмади нажот.
Армонга дўндию бир ўтли ҳавас,
Меҳробга кўмилди илк севги, ҳайҳот!

Сен эса… сен эса ҳамон ўшандоқ,
Ҳамон пойингдадир гўзаллик тахти.
Ҳамон бир бахт бўлиб турарсан чақноқ,
Фақат… Оҳ… Энди бу — ЎЗГАНИНГ БАХТИ!..

***

Сен томон йўл йўқдир, бўлмоғи гумон
Чунки у йўлкада тиғлар қадалган.
Гар оёқ боссам, оҳ, қон йиғлар товон,
Тиғларнинг нафаси кўкка қаралган.

Сен томон йўл йўқдир, бўлмоғи гумон
Чунки у йўлкада тиғлар кўмилган.
Бир марта ўтганман — қон йиғлаб товон
Тиғларнинг нафаси қонга чўмилган!..

***

Тушимга кирасан ҳар кеч бирдайин:
Нигоҳингда ўкинч, кўзларингда ёш.
Бир сўз гапирмайсан, биламан лекин
Сен мендан хафасан, хафа, қора қош!
Тушимга кирасан; зирқирар юрак,
Сенга термуламан, ҳар тун куяман.
Юзларингдан сийпаб ўнгимдагидек —
Тушда ҳам кўз ёшинг артиб қўяман!..

***

Кўз ёшлар қуюлса сиёҳга дўниб,
Киприкларим маним патқалам бўлар.
Қалбимнинг тубидан тошиб, юлқуниб
Дардларим қоғозга йиғлаб тўкилар:
«Бу кун Ҳижрон тиғи қалбимни ўйиб,
Надомат тошидан Эҳром қурмоқда.
Оҳ, нозик белингни бой бериб қўйиб —
Бармоқларим ғамнинг сочин ўрмоқда!..”

***

Кулманг, ўтинаман, кулмангиз асло
Менинг бахтсизлигим фақат меники.
«Тавба!» деб чекинманг, ачинманг ҳатто,
Толе меникидир, у — тақдир чеки!

Ўткинчидир маним маҳзун дамларим,
Ўткинчидир сизнинг кулгу ё кўз ёш.
Мен Инсон умрини Қуёш англадим:
Баъзида вақтинча куяркан ҚУЁШ!

ҒАЗАЛЛАР

Найлайин дарду ситам айлаб дилим қон йиғлатур,
Гоҳ алам, гоҳи хаёл, гоҳида армон йиғлатур.

Мен уни жоним дея кўксимга жо этган эдим,
Оқибат қийнаб таним, қалбимни ул жон йиғлатур

Кўзларимда ёш эмаским, бевафонинг заҳми бу,
Ваъда деб берган эди, ул лафзи ёлғон йиғлатур.

Бу жунун саҳросида кўнглим адашган йўлчидек,
Ноумидлик бир томон, бир ёнда ҳижрон йиғлатур.

Етмагай нолишларим қаттиқ эрур ер кўкси ҳам,
Ҳам баландлик кўргазиб бошимға осмон йиғлатур.

Йиғламоқдин хийра бўлди кўзларим гавҳарлари,
Ҳолим маломат этиб ул чашми фаттон йиғлатур.

Бемуродлик ёзмиш экан гарчи номим Дилмурод,
Ойнинг ўн беши — алам, ўн беши — армон йиғлатур!…

***

Эй дил, мотам айлагил тарк этди жононинг бу кун,
Эй вужуд, сен ҳам қўшил, ки кетди руҳ-жонинг бу кун.

Эй игна, бир дўстлик қилу кўзга чиз ёр расмини,
Эй қилич, кўксим тилиб ёз исмини онинг бу кун.

Эй фалак, синдир ўшал чархи кажрафторингни сен,
Толеимдек айла тийра етти осмонинг бу кун.

Эй замин, бас юрганинг ул қуёшнинг теграсинда,
Икки сарсон бирлашайлик — оч бағри урёнинг бу кун.

Бир жаҳона икки фотиҳ сиғмагай, эй Дилмурод,
Ё ажал, ё тарки ишқ-танламоқ имконинг бу кун!

***

Дилим гардини ювмакка кўзимда қатра нам йўқдир,
На бир ғамкаш, на бир ошно, на бир осуда дам йўқдир.

Нигорим йўлида сарсон нигоҳим, дийда зор ўлди,
Вале ондин дарак бир сўз, хабар-мактуби ҳам йўқдир.

Ва ё юз бурди ул мандин, унутди ваъда-ю аҳдин,
Билолмай беҳуду ҳайрон, дилимда ўзга ғам йўқдир.

Ўтар кунлар, кечар тунлар, юрак дарди борар ортиб,
Рақам этмакка на менда, на қаламда чидам йўқдир.

Куну кундин умид шаъми сўниб бормоқда, эвоҳким,
Дилмуродо, магар сўнса, бўлак ўрниға шаъм йўқдир…

***

Ҳисларим жиловладим, тушовлашга ожизман,
Қучоғимда жонон, лек қалбан буткул ёлғизман.

Кўнгил уйи кимсасиз кулба мисол ташландиқ ,
Фақат вужуд тафти-ла яшаётган илдизман.

“Йил-тўрт фасл!”-дейдилар, ишонмасман бу-ёлғон,
Биттагина фаслим бор, у ҳам бўлса-номсизман…

Азоб нима-чекинмам, шодлик надир-юкинмам,
Ўз дунёим бор маним-гоҳ саҳро, гоҳ денгизман!

Суянчим биргина шул қаро тил қалам бўлди,
Неки қаролагай ул барчасига эгизман!..

Дилмуродман фонийда, билмам боқий ким дерлар?
Ёлғон ёрга хор, балки чин Ёр учун азизман?!

ТАТАББУЪ

«Чархнинг мен кўрмаган жафоси қолдиму,
Хаста кўнглим чекмаган дарду балоси қолдиму?»
Заҳириддин Муҳаммад Бобур.

Не ҳабибу, не санам, кўнгул навоси қолмади,
Ғам чекиб, ташвиш кўриб ҳеч муддаоси қолмади.

Кўргазиб лутфу карам, топдим маломат оқибат,
Мен эшитган ваъдаларнинг ҳам вафоси қолмади.

Дўсту ёрлик билдириб юрган унутди барчаси,
Кўзларимнинг оқи қолди, лек қароси қолмади.

Сокини майхона бўлдим олам элидин қочиб,
Оҳ, ки ортимдин маломат — дийдиёси қолмади.

Кимга айтиб, кимга йиғлай лавҳи тақдиримни мен:
«Чархнинг мен кўрмаган жабру жафоси қолмади!»

Мен билмаган шеваси қолди савобнинг, Дилмурод,
Чархи дуннинг мен қилмаган ҳеч хатоси қолмади.

РУБОИЙЛАРДАН

Бевафолиқ сенга одат ўлдиғин билмас эдим,
Ҳам сабр косамда тоқат тўлдиғин билмас эдим.
Ғунча лаблар бирла бир сўз менга изҳор айладинг-
Умрим гули ғунча лабдан сўлдиғин билмас эдим!

***

Кел, жоним, кўзларинг сузилақолсин,
Маним дил саройим бузилақолсин.
Ёлғиз болиш қучиб тирик ётгунча
Жоним қучоғингда узилақолсин!

***

Айди зоҳид: “Юрма кўп дилдораларнинг қасдида!”
Мен дедим: “Сўз айтмағил дилпораларнинг қасдида!”
Айди зоҳид: “Тангри бергай охиратда зўр жазо!”
Дедим: “Наҳот, Тангри мендек бечораларнинг қасдида?..”

***

Айди зоҳид: “Ким санам шайдоси, дўзахдир жойи!”
Мен дедим: “Менман букундан ўшал жойнинг гадойи!”
Айди зоҳид: “Тангридан қўрқ, етмасин офат десанг!”
Мен дедим: “Оҳ, қайси офатдан кам бу дилбар чиройи!”

ЁЛҒОН БИЛАН ОВВОРАМИЗ!
(Фарида Афрўз ғазалига мухаммас)

Овворалиқ кечмиш экан чистон билан овворамиз,
Ҳал этолмасдин сира гумон билан овворамиз,
Гоҳ давлат, гоҳи савлат, гоҳ шон билан овворамиз,
Она Ер-туфроқ қолиб осмон билан овворамиз,
Жон бериб, жонинг олар жонон билан овворамиз.

Чун ажалдек ҳақ эрур дилга бир кун вобаста ишқ,
Кимни этмабдур жаҳонда тиғ уриб дилхаста ишқ,
Йиғлатиб Лайлини, Қайсни ўлдирди-ку чўл-даштда ишқ,
Кўзларингга жовдирар сарсон-висол, саргашта-ишқ,
Ёш тўкиб, йиртиб яқо, ҳижрон билан овворамиз.

Умри фоний бу ҳалаклар ҳарки кўнгил беқарор,
Беканор гарчи тилаклар умримиз мезони бор,
Боқмагаймиз кўпда ёнга дил-басир, иймони зор,
Теграмизда ҳур малаклар, бири – сингил, бири – ёр,
Инсоф қолиб, Инсон қолиб, Шайтон билан овворамиз.

Бор масалким: «Ҳар гўдакда жаннатий ҳидлар бўлур!»
Бу жаҳона бани одам пок келур, меҳмон келур,
Ҳақлигин бир кун ажал ким билмаюр, кимлар билур,
Отамиз мезбон эди, оҳ, онамиз мезбон эрур,
Зор этиб ҳар иккисин, меҳмон билан овворамиз.

Каъбадин кўз узмайин, сақлаб умид кўнгил тилим,
Қатра савоб истаб яна тош ўпармиз бетиним,
Бир дуонинг қудратин билгин эгач, билгин иним,
Ҳар нафас ёнингда дилдош, ҳар мушкулотингга ечим –
Яхшилар бунда қолиб, ёмон билан овворамиз!

Макру алдов бошқадир, ким – бевафолиқ ўзгадир.
Бедаволиқ бошқа тургай, бенаволиқ ўзгадир.
Англасанг: қуллик бўлакдир, жон фидолиқ ўзгадир,
Чин ҳақиқат йўли бошқа, чин вафолиқ ўзгадир,
Ҳақ қолиб, Ҳаққон қолиб, ёлғон билан овворамиз!

Кимда раҳматдин умиду, кимга тождин дилда ранж,
Кимнинг илкида ҳунар, кимнинг қўли тутмакда банж,
Бил, илонни дебдилар ганж, боз дерлар: «Кўрганда янч!»
Ҳар кишики, кўзи очдир, кўр қилар тўзони ганж,
Йўл кўрсатар сарбон қолиб, карвон билан овворамиз!

Бу улусни бор қилиб, зўр айлади обод этиб,
Лек ўзи ўз-ўзларин хўр айлади кам ёд этиб,
Гоҳи манқурт бош бўлиб, кўр айлади бедод этиб,
Бизни Ҳақ Ҳур айлади, нур айлади озод этиб,
Ҳар тарафга қулф уриб, қўрғон билан овворамиз.

Меҳрибонлиқ суннат эрур, суннат тилар сиздин кўзим,
Кўргузай мен ҳам мудом айлаб фидо Сизга ўзим,
Дилмурод, кечма сира – дўст заҳматига топ тўзим,
Кимки бизга интизордир, Фарид Афрўз, чин сўзим:
Жон нисор, чин дўст учун – қурбон билан овворамиз!

МАНЗАРАЛАР

1

Шаробнинг кучидан кўзлар сузилди,
Вужудлар тўлғониб, ҳислар узилди.
Эҳтирос тўфони босиб, бу кеча —
ИФФАТ аталмиш зўр қўрғон бузилди!

Забон «Йўқ!» деди-ю, Кўнгил тиланди,
Қон тўкиб ғунча ҳам гулга айланди.
Оппоқ бўйин ила сийна «лолагун» —
Бўлгач, қиз бўшашди инграниб… мамнун!..

2

Қовушмоқ у қадар осон кечмади
Вужудлар бирлашган ойдин кечада.
Аммо ИЛК СEВГИнинг тоти ўчмади,
Кўнгил қолаверди ЎША кўчада…

“Асалим, севдигим, жоним!” деганда
Кўнгил кулар эди эшик ортидан.
Эҳтирос чекиниб, ақл келганда
Ўкинч тўкиларди юрак қатидан!

“Лайли ва Мажнун”дан, ёстиқни қучиб,
Мисралар шивирлаб, унсиз йиғлардим.
Сен сира сезмасдинг, тунлар мук тушиб
Севги илоҳига тавба қилардим.

Қовушмоқ шу боис осон кечмаган
Вужудлар бирлашган ойдин кечада.
Хаёлдан ЎШАнинг ёди ўчмаган
Шундан сарсон ҳануз кўнглим кўчада!

ТЎРТЛИКЛАР

Оқил илм йиғар, нодон пул этади жам,
Қорун мулкин йиғса-да, Луқмон бўлолмас.
Тилло табоқда агар кабоб еса ҳам
Ит итлигича қолур,Инсон бўлолмас!

***

“Жаннат-оналарнинг зери пойида!”
Бу ҳадисни айтиб, сира тўймаймиз.
Юрармиз жаннатнинг илинж-пайида,
Она оёғин бир ўпиб қўймаймиз!

***

Бир нафас тўхтагин, дўст бўлсанг шошма,
Душманим бўлсанг ҳам тўхта, майлига.
Мен-ёлғиз йўлчига йўл кўрсат, ошна,
Қандай юрсам бўлар Замон зайлига?!.

***

Қайта севги русмини на жону, на дил истамас,
Телба ёшлик шаҳдини ҳеч пири оқил истамас.
Дил муродини тилаб неча пари овворадир,
Нозидин қонгач вужуд, Ишқини кўнгил истамас!

АЁЛИГА КЎНГЛИ ЙЎҚ ЭРНИНГ…

Ўзга Дилбар соғинчи бўлар,
Айшу ишрат овунчи бўлар,
Уй-ғам, кўча-севинчи бўлар
Аёлига кўнгли йўқ Эрнинг!

Қалби етим боладек маҳзун,
Ўз уйида омонат ҳар кун,
Зорланади деб:”Бўлмасин тун!”
Аёлига кўнгли йўқ Эрнинг!

Дил уйидан (Аёл билмайди!)-
Ҳар кечаси бир ғишт қулайди,
Лаби кулар, қалби йиғлайди
Аёлига кўнгли йўқ Эрнинг!

Ичган оши бўғзига ботар,
Гоҳ индамас, гоҳ сўкиш отар,
Қучоғида… гўё тош ётар
Аёлига кўнгли йўқ Эрнинг!

САДОҚАТ ЙИҚИЛДИ ИШҚ МАЙДОНИДА…

Ер сира тўймаган одамларни еб,
Осмон эса, гўё масхара қилар:
“Ҳақиқат калити битта-менда!”-деб,
Ҳақ истаб барибир Ерга кирилар!..

Мен ҳам шундай, сени Моҳга менгзадим-
Уйқусиз ҳар кеча самога боқдим.
Булутларни титиб, узоқ изладим,
Ҳатто етиб, Аршнинг дарчасин қоқдим-

Кўринмадинг, Моҳим! Сарғайдим сарсон,
Этакни силкидим ночор барига.
Сиғдирмади мени бепоён Осмон,
Қайтиб сажда қилдим Ернинг бағрига…

***

Ассалом алайкум, дорнинг оғочи!
“Кунтуғмиш” достонидан.

Садоқат йиқилди Ишқ майдонида
Тиллога бурканди ваъдалар тожи.
Бир сўз қолди ғариб Дил имконида:
“Ассалом алайкум, дорнинг оғочи!”

Вафони ўлдириб, кўмдик кафансиз,
Қабрни беркитди зеб-зийнат тоши.
Жаноза ўрнида айтилди шансиз:
“Ассалом алайкум, дорнинг оғочи!”

Йиғлади Лайлининг ҳабаш арвоҳи,
Сингди ерга ордан Шириннинг лоши.
Сен қолдинг Ошиқнинг ёлғиз додхоҳи:
“Ассалом алайкум, дорнинг оғочи!”

Танамни осарман сенга мен фақат,
Аммо Руҳим… Унинг йўқдир иложи.
Вужуд узра тинмай айтар саловат
То қиёмат қадар Руҳ қалдирғочи:
“АССАЛОМ АЛАЙКУМ, ДОРНИНГ ОҒОЧИ!”