Низомий Хўқандий (XVII-XVIII аср)

Низомий Хўқандий (тахаллуси; асл исм-шарифи Низомиддин Муҳаммадаминхўжа ўғли) (17-асрнинг охири — 18-аср боши) — шоир. Бухорода таҳсил кўрган. Низомий Хўқандийдан фалсафий мазмундаги «Мажмуат ул-мақосид» («Мақсадлар мажмуаси») номли китоб, 300 га яқин ғазал ва мухаммаслардан иборат шеърлар тўплами қолган. Унинг айрим шеърлари тошбосма усулда босилган баёзларда ҳам учрайди. Низомий Хўқандий асарларида ўз замонидаги иллатларга нафрат кўзи билан қарайди, инсоний туйғуларни, муҳаббат ва садоқатни улуғлайди. Шеърлари равон, содда тилда ёзилган.

* * *

Бодаи лаьлинг тилаб ютти кўнгил хуноблар
Зулфинг истаб риштаи жонимға тушди тоблар.

Наҳли умримға самуми ҳажр еткургач хазон
Бутради боғи ҳаётимдин гулу яфроғлар.

Сансизин гулшанда раъноға қачон ким боқмадим
Ютмайин не ранг қонлар бирла не зардоблар.

Йиғла, эй кўзким, ману сандан қилиб қанъи назар
Қочтилар мардум каби жондин сучук асҳоблар.

Пайкарим заҳмин ялошдурлар талошиб раҳм ила
Итларинг яъни вафо бобида фард аҳбоблар.

Таънлар тошию носеҳ панди ўлдурди мани
Бошладилар сарзаниш бу навъ шайҳу шоблар.

Дардим андоғким жуз ўлмак дафъиға йўқтур сабаб
Эй табиб, эт эмди тарки сойири асбоблар.

Шарҳи дардингдин Низомий элга тегди кўп малол
Тезроқ ўл, ё тарк қил тафсили фаслу боблар.

* * *

Ҳасратда ғариб ошиқ ўзини ҳароб айлар
Дарди дили доғ ила кўзини пуроб айлар.

Ул шўх ситомкорнинг ҳол донасини кўргач,
Бул мурғи руҳим тандин учмоққа шитоб айлар.

Жонимни фидо қилсам, юз оҳ ила дод этсам
Аччиғланибон дилбар ноз ила итоб айлар.

Бошимни қаён урсам дардимни кима айтсам
Раҳм айламайин ул ёр ҳолимни хароб айлар.

Ҳар лаҳза чиқиб маҳваш гулгуна қабо дар бар
Мастона кузи бирлан бағримни кабоб айлар.

Ким бўлса санга ошиқ, эй шўх жафопеша
Иқбол навард доим бечангу рубоб айлар.

Вожгуна мани бахтим йўлиқса баногоҳе
Ойдек юзини доим дар зери ниқоб айлар.

Кет нари дебон дилбар кўксунгга агар урса
Олдиға яқин борған албатта қабоб айлар.

Бебоис ўшал дилбар кўлфат чоҳина ташлаб
Дилхаста Низомийни бежурм азоб айлар.