Янги участкани қабул қилиб олган кунимнинг эртаси эди. Ишни нимадан бошлашни билмай, аслида биламан, ахир шу соҳада суягим қотган, аммо нима учундир кўнглимни аллақандай ғашлик, дилгирлик, кимдандир, нимадандир норозилик туйғуси қамраб олганидан, қўлим ишга бормай, битта-ярим бехосдан эшикдан бош суққудай бўлса, ўзимни банд одамдай кўрсатиш учун атрофимга керак-нокерак ҳужжатларни сочиб қўйиб, столга тирсакларимни тираганча ўйга чўмиб ўтирганимда телефон жиринглади.
– Ало, эшитаман.
– Участкавоймисиз? – аёл кишининг бўғиқ, шанғи овози эшитилди.
– Ҳа.
– Янги участкавоймисиз?!
– Ҳа, гапиринг. Эшитаман.
– Мен 76-домдан телефон қиляпман. Иложи бўлса, бир келиб кетсангиз.
– Тинчликми, нима гап?!
– Ёнимиздаги домда…
– Нечанчи дом?!
– 78-дом атрофида неча кундан буён аллақандай эркак айланиб юрибди… Менимча, биринчи квартирадаги янги қўшниникига келган! Болаларимизни кўчага ўйнагани чиқаришгаям қўрқяпмиз. Одам билиб бўладими!.. Агар Сиз фуқароларнинг тинчлигини қўриқлайдиган нозир бўлсангиз, келиб ҳолимиздан хабар олсангиз яхши бўларди! Ёки аввалги участкавойимизга ўхшаб…
Аёл мендан олдин ишлаган собиқ нозир шаънига анча-мунча ҳамиятга тегадиган гапларни гапирди. Тушунарли, ишдан кетган одамнинг ортидан ҳар доим ҳам яхши гап айтилавермайди. Кўп йиллардан буён нозирлик ишларида ишлаб келаётганим учун бундай гап-сўзлару можароларга кўникиб кетганман. Майли-да!..
– Хотиржам бўлинг, бу ишнинг тагига етаман.
– Ҳозироқ етиб келсангиз яхши бўларди. Чунки ўша подъездга ҳозиргина ўша киши кириб кетди! Ўлай агар, ўз кўзим билан кўрдим….
78-уйда яшовчи фуқароларнинг керакли ҳужжатларини қўлга олиб, шошилинч кўз югуртирдим, биринчи квартирада аёл киши рўйхатда турибди: Муслимова Раъно Қодировна.
Зудлик билан папкамни қўлтиқлаганча хонадан чиқдим.
***
Мана, етмиш саккизинчи уй. Икки томонидан бурама мошина йўли кесиб ўтгани учун бошқа уйлардан алоҳида ажралиб қолган етим уй…
Қизиқ, уйлар ҳам бир-бирига ўхшаркан, деган ғалати фикр хаёлимдан ўтди. Чунки анча йиллар олдин худди шундай уйда яшагандим-да. Фақат шаҳарнинг нариги чеккасида. Биз яшаган уй ҳам икки томонидан бурама мошина йўли кесиб ўтгани учун қўшни уйлардан ажралиб қолган, беш қаватли, икки хоналигу бир хоналик квартиралардан иборат, лекин яқинда қуриб битирилгани учунми, янги ва кўримли эди. Деворлари силлиқ, бўёқлари ярқирарди. Айниқса, кечки пайтлар ботаётган қуёшнинг оловранг шуълалари уйнинг ён деворларида жилва қилганида бир бошқача файзли кўринарди. Бу уй эса худди эгалари ташлаб кетгандай анча ғариб ва қаровсиз эди. Ўша пайтлари қўшни бўлган танишларимиз беихтиёр эсимга тушди: эр-хотин ўқитувчилар Маҳбуба билан Мирсаид… Икки ўғли бор бева мантипаз Марям опоқи… Соҳибжамол Раъно… Боря ака билан Люда опа…
Касбимизга хос совуққонлик менинг ҳам табиатимни четлаб ўтмаган бўлса-да, “пешона”сига қизил рангда ёзилган “78” рақами анча униқиб қолган “дом” ҳовлисида турарканман, негадир юрагим тўлиқди.
Бир маҳал йўлнинг нариги томонидаги уйдан эллик беш-олтмиш ёшлар чамаси лорсиллаган аёл чиқиб, гўёки ўз иши билан кетаётган одамдай ёнимдан ўтаркан, ўнг томондаги балкон деразасига ишора қилди-ю, шипиллаганча ўз йўлида давом этди.
Аёл кўрсатган деразага қараб, бир вақтлар ўзимизнинг етим уйнинг биринчи қаватида яшаган Раънони – янглишмадим, шекилли, унинг исми Раъно эди-ёв, э, нима фарқи бор, Раъноми, бошқами, муҳими, у жуда гўзал эди, чиройли нарсаларга эса қандай ном берилмасин, барибир гўзал бўлиб қолаверади – қўшни жувонни эсладим.
Тўғрисини айтсам, биринчи марта уни кўрганимда ҳайратдан ўзимга келолмаганман. Лекин кейин ёқтирмай қолдим. Кўча-кўйда, айниқса, қўни-қўшнилар олдида ўзини хокисор, кўнгли очиқ аёл сифатида кўрсатгани билан ахлоқ масаласида унчалик тоза эмасди, шекилли. Ҳамиша тартиб-қоидани, покизаликни ҳамма нарсадан устун қўювчи нозирлар сулоласининг вакили бўлганим учун ҳам уни жиним суймаган бўлса керак, деб ўйлайман. Янаям, ким билсин… Лекин хотинимнинг унга ҳаваси келарди: “Якка ўзи икки хонали ҳай-ҳот-дай уйда яшайди-я… Ижарада бўлсаям!”. Гапирса гапирибди-да, бировлар ҳаёти хотинлар учун ҳамиша жаннат бўлиб кўринаверади, деб ўйласам ҳам, хотинимнинг қандайдир аёлнинг туриш-турмушига ҳавас қилиши негадир ғашимга тегарди, шунинг учун: “Қайдан биласан, балки ўша хотиннинг сенга ҳаваси келар, бир хонали бўлсаям, ўз уйимиз. Аллақандай ижарахона эмас!” дея узиб олардим ҳар сафар.
Балки гап на сулолада, на хотинимнинг унга ҳаваси келганида эмасдир… Нима десам экан… Нафсиламрни айтганда, ўша Раънонинг чиройли юз-кўзларига синчиклаб тикилган одамни бир нарса ҳайратгами, таажжубгами соларди-да. Бу нима эди? Очиғи, билмайман. Мулойим кибрми ёки нафратми… балки ўз ҳаётидан норозиликми… билмайман, билмайман… Балки менга дуч келганида унинг юз-кўзларига шунақа ифода балқир? Ахир, бизнинг ишимизнинг кимларгадир нохушлик, нотинчлик келтирадиган томонлариям бор-да!
У вақтларда ўша уй жойлашган мавзе менга қарашли эмасди, лекин ёш ва қизиққон, бунинг устига, ўз касбимни яхши кўрганимдан, ҳар эҳтимолга қарши (хизмат юзасидан дегандай!), билиб қўйсам ёмон бўлмасди, деган фикрда қўшниларимизнинг деярли ҳаммаси ҳақида анча-мунча нарсалардан хабардор эдим. Раъно ҳақида-ку аллақачон кўп нарсаларни билиб олгандим.
Айтганча, биринчи марта уни уйимиз муюлишида учратганман. Ўша куни одатдагидай уйдан вақтли чиққандим. Кутилмаганда қаршимдан чиқиб қолди. Менга кўзи тушди-ю, бирдан юришдан тўхтади, сурма тортилган қийиқ кўзлари бир лаҳза безовталик билан боқди, кейин ерга қараганча туриб қолди. Кулча юзи оппоқ, бўйнида пуштиранг шоҳи дуррача енгил ҳилпираётган, камсуқум, хушбичим, соҳибжамол!
Биз кумушранг тонг палласи гап-сўзсиз, йўл ўртасида турардик. На у бир сўз деди, на мен… Ёнгинамиздан биринчи автобуснинг шувиллаб ўтиши ва ахлат челагини бўшатгани чиққан Марям опоқининг ўткир нигоҳи иккаламизни ҳам ҳушёр торттирди. Биз мум тишлаганча ўз йўлимиздан кетдик.
Кейинги сафар уни театрда кўриб қолдим.
Ўша вақтларда роса шов-шув бўлган тарихий спектакл намойиши ўтаётган эди. Томошабинлар сувдай оқиб келаётган, театр ходимлари азбаройи тинчликни сақлаш мақсадида бизлардан кўмак сўраган, шунинг учун мен билан ўртоғим қўшимча куч сифатида навбатчиликка юборилгандик. Ўртоғим бундан норози эди. У театрни ҳам, томошаларни ҳам ёқтирмасди. Менда эса аксинча. Нафосат ва санъат ҳамиша қалбимни ром қилиб келган. Айниқса, ерни қарсиллатиб тепиб, рақсга тушиш жону-дилим эди. Уйланмасимдан олдин хонамга қамалиб олиб, шўх мусиқага хумордан чиққунча рақсга тушган вақтларим бўлган…
Четда турганча зални кузатарканман, ложалардан бирида ўтирган Раънони кўриб қолдим. Эгнида бўғма ёқали кўйлак, жажжи, пуштиранг қулоқларида тилла балдоқлар ялтирайди. Ёнида элликларга борган, сочлари оппоқ, аммо ўта башанг кийинган савлатли киши у томон хиёл энгашиб бир нималарни шивирлар, гап орасида Раънонинг елкаси узра мавжланган сочларини силаб қўярди. Бу ҳол бир зумда Раънонинг тасаввуримдаги нурли сиймосини чилпарчин қилиб, синиқларини ҳар томонга сочиб юборгандек бўлди. Ижирғаниб афтимни буриштирдим. Ўшанда илк бор ич-ичимдан кучли бир нарса кўтарилди: Тангри таоло гўзалликни яратишдан олдин унга фақат ва фақат яхшилик ҳамда поклик рамзи бўлсин, дея ҳукми илоҳий эълон қилмаган экан-да!
Аммо-лекин хаёлан “оқсоч”нинг гарданига роса мушт туширдим!
Шу вақт оркестр мумтоз бир куйни чала бошлади-ю, мен учун ҳамма нарса ўз ўрнидан қўзғалиб, ҳавода муаллақ қолгандай бўлди. Ҳамма-ҳаммасини – хизматда эканлигимни ҳам, Раънони ҳам унутдим.
Спектакл яримлаганда бехосдан ўзимга келиб, атрофимга ҳушёр назар ташладим. Ахир, мен бу ерга текин томоша кўриш учун юборилмаганман-ку!
Бир зум ичида нигоҳим бутун зални қамраб олди. Ва… Раънода тўхтади. У ҳалиям ўша “оқсоч”нинг ёнида, тўғрироғи, ундан ўзини тортиброқ ўтирарди.
Томоша тугаб, одамлар залдан чиқа бошлаганларида Раъно “оқсоч”ни қўлтиқлаганча иссиқ оқим аро ёнимдан сирғалиб ўтиб кетди Назаримда, у мени кўрди, таниди ҳам, лекин танимаганга, кўрмаганга олди. Бирдан ичимда нимадир ловуллаб кетди. Нафрат билан жиноятчига қарагандай ортидан қаттиқ тикилиб қолдим.
Эртаси куни қўнғироқ қилиб ҳамкасб нозирни ҳушёрликка чорлаб қўйдим. Ахир, билиб бўладими, бунақа аёллар яшайдиган хонадонларда нималар юз беришини!
Ҳамкасб нозир – қирқ бешларга борган, семизлигидан ҳамма ёғини ёғ босган киши – сергак тортиш ўрнига пихиллаб кулди, кейин палағда овозда деди:
– У аёл нозик одамлардан бирига тегишли, тилингизга эҳтиёт бўлинг! Лекин “қизалоқ” чаккимас-а!
“Тўнка!”
***
Подъездга кириб, у ерда ҳеч ким йўқлигини кўргач, қорамтир қизғиш дерматин қопланган эшик қўнғироғини чалдим. Кейин яна икки марта… Аммо ҳеч ким эшикни очмади.
Подъезд тугул, уйда ҳам ҳеч ким йўқ-ку, деган хаёлга бордим.
Қўни-қўшнилардан сўраб-суриштиришга ҳаққим бор, аммо қайсарлик ва жаҳл билан ташқарига чиқиб, биринчи қаватнинг балкони остидаги бетон супага бориб ўтирдим.
Атрофга зингил солдим. Ҳовли кимсасиз, зерикарли, атрофда болалар майдончалари ва қўққайган домлару дарахтлардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Анави ерда ўриндиқ қўққайиб турибди, лекин бутун жойи йўқ, бир томонга қийшайиб қолган. На бир дўкон, на бозор-ўчар бор. Ҳатто пистачиларам йўғ-а! Шунақа худо урган жой ҳам бўладими?! Аввалги ишхонам бу ердан минг марта яхшироқ эди. Отчопар атрофидаги, одам ҳам, савдо-сотиқ ҳам гавжум мавзеда ишлаш бошқача-да. Тўғри, унақа жойларда ҳамма ҳам ишлайвермайди. Нафақат ишни, балки одамларни ҳам яхши биладиган, иложи борича ҳеч кимни, ҳатто мушукнинг ҳам ҳасадини келтирмайдиган пухта нозир бўлмаса, у ерларда тартиб-қоидани ушлаб туриш қийин. Ўзи, тўрт-беш йилдан кейин нафақага чиқаман деб тургандим, нега бирдан бу ёққа юборишди, ҳайронман?! Оддий нозирнинг бир мавзедан бошқасига ўтиши кўпчиликнинг диққат-эътиборини тортмаслиги мумкин, аммо ўша нозирнинг ўзини минг турли ўй-хаёллар илон-чаён бўлиб чақиши турган гап!
“Анави, мендан олдинги нозир қай гўрдаги саунага борган экан? Ҳар қалай, бегона мавзега бош суқмагандир? У шўринг қурғурнинг тақдири не кечади энди? Умр бўйи тартиб-қоида соҳасида ишлаган одам бошқа жойда ишлай олармикин? Умуман, бошқа жойда уни қандай қабул қилишади? – дея хаёлимдан ўтказдим. Кейин бетоқатлик билан яна ўзим ҳақимда ўйладим: – Одатда, бунақа мавзеларга ёшларни юборишарди. Мен анча-мунча хизмат қилиб қўйган одам бўлсам. Обрўйим ҳам ёмон эмасди… Нега…”
Тавба, анави сўлғин қарағайнинг кимга кераги бор экан? Кесиб ташлашса бўлмайдими?! – бетон ариқча бўйида бир томонга қийшайган дарахт негадир кўзимга шумшук кўринди. Эсимда, беш яшар ўғлим янги йил арафасида арча олиб келинг деб хархаша қилганида, уйимиз ёнидаги мана шунга ўхшаш қарағайнинг бир шохини синдириб олиб боргандим…
Хўп, аломат тентак бўлган эканман-да!
Бир маҳал нимадир тарақлагандек бўлди. Дераза очилдими, деб ўйлаб ортимга қарадим. Йўқ, дераза боз-боягидай берк эди. Ичкарида одам бор, шекилли, деган шубҳага бориб, ўрнимдан турдим, аввал ўнг томондан, кейин чап томондан айланиб, атрофни кузатдим. Ҳеч ким йўқ. Кутишга қарор қилдим. Балки кимдир айёрлик қилаётгандир.
Хаёлим яна Раънога кўчди.
***
Қиш оқшоми эди. Кечки овқатдан кейин оёқни узатиб ҳордиқ олаётгандим, кутилмаганда пастки қаватдаги хонадонлардан бирида шовқин-сурон эшитилди. Қичқириб уйни бошига кўтараётган аёл киши эди: “Кетинг! Ҳозироқ чиқиб кетинг! Сизсиз ҳам яшай оламан. Агар кетмасангиз, ўзимни деразадан ташлайман!”. Ўрнимдан сакраб турган эдим, хотиним йўлимни тўсди.
– Аралашманг, барибир деразадан ўзини ташламайди, – деди у мени ҳайрон қолдирарли вазминлик билан.– Биринчи қават-ку…
– Раъноми? – дедим овозим бўғилиб. – Нимадир бўлган, шекилли…
– Шекилли эмас, аллақачон бўлар иш бўлиб бўлган! – деди хотиним энди андак зарда билан. – Ҳар доим уйига кеп турадиган киши Раънони ўлгудай яхши кўради!..
– Яхши кўрса, уйлансин! – деб юбордим беихтиёр.
– Хотиним негадир хўрсиниб қўйди, кейин давом этди:
– Раъно ҳам шуни истайди, аммо хуштори негадир бу мажбуриятни бўйнига олгиси келмайди. Лекин, – хотиним қизишиб кетди. – Раънони ҳам ўз ҳолига қўймайди. Мана шунақа уруш-жанжаллардан кейин икки ойлаб йўқ бўлиб кетади-да, яна пайдо бўлиб қолаверади.
– Ҳайдаб солса бўлмайдими? – овозим паст чиқди, ўзим зўрға эшитдим, лекин хотиним яхши англаганди.
Менимча, Раъно унга ўрганиб қолган.
“Ҳар доим уйига кеп турадиган киши Раънони ўлгудай яхши кўради”миш. Раъно-чи? Раъно уни яхши кўрадими-йўқми? Мана бугун уришиб қолишди. Энди оқсоч икки ой, балки ундан ҳам кўпроқ қорасини кўрсатмайди. Ўзича аразлайди, гўё сенсиз ҳам яшай оламан, дегандай, ким билсин, балки чиндан ҳам Раънони кўргиси келмаётганига, ёши бир жойга бориб қолганида йўлдан озганига ўзини ўзи ишонтирмоқчи бўлиб вақт ўтказар, буям аслида унинг ёшидаги одам ҳаётига раҳна солаётган кексалик ожизликларидан бири, менимча. Раъно бўлса бу ёқда хун бўлиб юраверади. Лекин кутилмаганда яна оқсоч пайдо бўлиб, Раънонинг йўлини тўсади. Шунда Раъно ҳеч нарса бўлмагандай уни қабул қилаверадими? – дилимни хуноб қилаётган чалкаш хаёллар тонггача ором билмади.
Эрталаб зинадан тушаётиб Раънонинг эшиги олдида ўтирган оқсочга кўзим тушди. Фаҳмимча, кечаси Раъно барибир уни ҳайдаб чиқарган, у эса кетишни истамай, зинада ўтириб тонг оттирган! Қадам сасини эшитиб оқсоч безовталанди, изтироб ичида бир нималар деб ғўлдираганча ўрнидан турди, кўйлаги ёқасида қийшайиб қолган қимматбаҳо галстугини тўғрилади, тўзғин сочларини тузатган бўлди, кейин гўё ҳозиргина келган кишидай эшик қўнғироғига қўл чўзди.
Ёнидан ўтаётиб кўз қирим билан оқсочнинг гезарган, тиришган юзига разм солдим. Кўринишидан бамаъни, ҳатто зиёли одамга ўхшайди. Нима бало жин уриб бу кўйга тушган экан шўрлик? Кечиккан муҳаббатми ёки ҳаётидан, оиласидан норозилик сабаб бир чимдим ҳаловат истаб юрганларданмикин? Балки бутун умр омаднинг, обрў-эътиборнинг ортидан қувиб, борига қаноат қилиб юрган-у, кутилмаганда қаршисида бениҳоя соҳибжамол пайдо бўлганида оқсоч эс-ҳушини йўқотган, ўз обрўсига доғ туширадиган таваккалга қўл уришга эса журъати етмайди…
Шу воқеадан кейин икки ой ўтиб, кечки пайт хотиним тўсатдан:
– Эртага ишдан вақтли келасизми? – деб сўраб қолди.
Нима гап, дегандай савол назари билан қарадим.
– Раънонинг туғилган куни экан. Қўшниларни уйига таклиф қилган.
– Нима бўпти шунга? – дедим бирдан авзойим ўзгариб.
– Нима бўпти, деганингиз нимаси? – деди хотиним оҳиста, ҳайрон бўлганини билдирмай. – Эртага Раънонинг туғилган куни! Бечорани шаҳарда йўқлайдиган ҳеч кими йўқ. Отаси ундан аразлаган, гаплашмайди, ўгай онаси ҳар замонда бир келади-ю, лекин биракай қилиб, Раънонинг топган-тутганини олиб кетади. Ҳадеса, ўгай укалари ёшлигини, битта отасининг топгани рўзғорга юқ бўлмаётганини рўкач қилади. Шунга қўшнилар йиғилишиб чиқмоқчимиз. Меҳр-оқибат дегандай…
– Бунинг менга даҳли йўқ! Қолаверса, эртага хизматда бўламан, – баҳона қилдим. – Хотинлар йиғилишиб, чиқаверинглар…
– Ҳайронман, нега жаҳлингиз чиқяпти?
– Шунинг учунки, ўша аёл!.. – бақириб юбордим. – Нима қиласан, гапни чувалатиб!
Барча нозирларнинг сабр-тоқатли хотинлари каби хотинимнинг дарров уни ўчди, фақат худбин эрининг дастидан қалби озор чеккандай қовоғини солиб, бармоқларига тикилганча туриб қолди.
Мен ҳам осонликча хотиннинг олдига тушадиган эркаклардан эмаслигимни билдириб қўйиш учун пинак бузмай, телевизорга тикилиб ўтиравердим.
Хотиним жаҳл билан силтаниб хонадан чиқди, орадан беш дақиқа ўтди ё ўтмади, юзлари бўғриққанча қайтиб кирди.
– Ўзингиз ўйланг, – деди у энди муросали оҳангда. – Икки болали бўлганимизда мени қишлоқдан олиб келдингиз. Шаҳар тугул, яқин-атрофдаги бозорни ҳам ҳалигача тузук-қуруқ билмайман. Мана шу хотин мени етаклаб юриб, қаерда бозор, қаерда поликлиника бор, ҳаммасини кўрсатди. Сиз ҳафталаб сафарга кетган кунларингиз ё ўзим, ё болалар касал бўлиб қолганида мана шу Раъно…
Мен совуққонлик билан хотинимнинг гапини чўрт кесдим:
– Бунчалик содда бўлманг, хоним. Буларнинг ҳаммаси қўшниларга яхши кўриниш учун!
Хотиним гап тополмай, бўзариб кетди.
Аммо туғилган кун можароси шу билан тугамади.
***
– Дадаси, ҳозироқ Раъноникига чиқмасангиз бўлмайди, – деди хотиним эртаси кечқурун шошилиб уйга кириб келаркан. – Мирсаид ака билан Боря ака чақиришяпти. Чиқмасангиз, ўзлари келиб олиб кетишаркан…
– Шуниси етмай турувди!
Хотиним хафа бўлгандай юзини бурди.
На илож! Эр-хотин узун-қисқа бўлиб Раънохоннинг уйига кириб борганимизда аллақачон меҳмонлар жамулжам бўлган экан.
Хона ҳам, дастурхон ҳам дид билан безатилганди. Ҳавони райҳон, атир-упа ва вино ҳиди тутиб кетган.
Стол атрофида Мирсаид ака билан Боря ака ўз хотинлари билан ўтирарди. Уларнинг ёнларидан жой олган қўшни аёллар вафо ва садоқатнинг тирик тимсолларидай виқор билан ўтиришар, шу намойишкорона кўринишларининг ўзиданоқ уларнинг Раънога беписанд қарашлари сезилиб турарди.
Хиёл қисиқ кўзлари ва пуштиранг лабларида табассум жилва қилса-да, нигоҳлари ғамгинлик билан боқаётган хонадон соҳибаси бизни ҳоли-жонимизга қўймaй тўрга ўтқазди. Хотиним хижолатдан қизарган, мен эса ўз ўрнимни топгандай гердайиброқ ўтирардим. Ҳали сўрашиб улгурмасимиздан эшик қўнғироғи жиринлади, Раъно узр сўраб, дик этиб ўрнидан турди ва йўлакка чиқиб бир неча дақиқалик паст овозли ғишавалардан кейин оппоқ дастурхонга ўралган тоғора кўтарган Марям опоқи билан бағрига анвойи гулдастани босганча, қирқ-қирқ бешларга борган, баланд бўйли, икки ёноғи қип-қизил юзида пўстакнинг йиртиғидай митти кўзлари йилтиллаб турган, бақалоқ, бунинг устига тепакал бир кишини бошлаб кирди.
– Бу киши… – ёноқлари қизарган Раънохон бироз тутилинқираб янги меҳмонни таништирди. – Қўчқор ака…
Одатдаги табриклару мақтовлардан кейин Раънохон музика қўйди. Бироз ғамгин, лекин ҳаяжонга, муҳаббатга тўла куй. Аввалига бу аёл ҳар қандай ғам-ташвишни куй-қўшиқ, кўнгилхушлик билан енгади, шекилли, деган хаёлда, ҳаммага бирдай мулойимлик ила меҳмоннавозлик қилаётган Раънонинг хатти-ҳаракатларини истеҳзо билан кузатиб ўтирган бўлсам-да, кўп ўтмай ё менга ҳам мусиқа таъсир қилдими, ё танимни қиздираётган конъяк ёғдусими, билмадим, бирдан кайфиятим кўтарилди, ўзимни қандайдир ижарахонада, ночор одамлар қуршовида эмас, кўп йиллик қадрдонларим орасида ўтиргандай ҳис қила бошладим. Ўзи шунақа, кайфим чоғ пайтларда атрофимдагиларга бошқача кўз билан қарашга, уларни тушунишга ҳаракат қилиб қоламан, хизматчилик эсдан чиқади.
Эр-хотин корейслар бир-бирининг пинжига кирганча оҳиста рақс тушишарди. Боря аканинг корейсларга хос кенг юзи ва қийиқ кўзларида бениҳоя меҳр-садоқат уфурарди. Люда опа эса жимгина унинг кўксига бош қўйган, назокат билан хиром айларди. Улар бефарзанд эдилар. Эр-хотинга ҳавас билан қараб ўтирган Раънохон кўзимга аллақандай “оқ қарға” эмас, оддий, бахтсиз хотин бўлиб кўринди. Беихтиёр уни оқлай бошладим: нима қилсин, онаси болалигида оламдан ўтган, отаси бошқа аёлга уйлангач, уни ўгай онасининг жиянига турмушга бермоқчи бўлишган, энди ўн олтига кирган қизча буни хоҳламайди, шунинг учун шартта уйидан қочиб шаҳарга келади. Бу ерда қандайдир суллоҳ билан танишиб қолади-ю ҳаёти издан чиқади… Балки бунга унинг ўзи, ғўрлиги сабаб бўлгандир? Биламан, нима бўлганда ҳам, у бошқа ҳамма аёллар қатори бахтли бўлишни истайди. Лекин ҳаётини аллақачон чилпарчин бўлган, деб ҳисоблайди, энди уни тиклаш иложсиз, деган фикр миясини кемиради, шунинг учун ҳам оқсочга ёпишган, мақсади унга турмушга чиқиш, шу йўл билан бадном бўлган номини оқлаб олиш. Оқсоч эса ҳаётда ўз ўрнини топган, обрўга эга одам. Мисқоллаб йиққан обрў-эътиборини кўнгилхуши учун қурбон қилгиси келмай, иккиланади чоғи. Ким билсин, балки ҳаётнинг аччиқ-чучугини бирга татиган жуфтиҳалолидан, эр етган фарзандларидан истиҳола қилар. Аммо ёш, навқирон жувонни ҳам қўлдан чиқаргиси келмайди!
Раъно ҳақида недир илиқ сўз айтиш илинжида хотинимга қарадим, у бўлса ҳалидан бери хонадаги жиҳозларни ҳайрат билан кузатишдан чарчамаётганди. “Раъно роса буюм йиғибди-да! Ҳаммасини анави киши обберган. Раъно билан уришиб қолганларида ярашиш учун уни тиллага кўмиб ташлайди! Энди битта уй олволса бўлди-да, а?” дея шипшиб қўйди у. Жиним қўзиди, жавоб бермадим. Бундан у хафа бўлмади, феълимга ўрганиб қолган-да. Озғин, кўз қарашлари қаттиқ Маҳбуба муаллим эрига ликопчадаги салатни кўрсатиб, қанча масаллиқ кетганини ҳисобларди. Бечора Мирсаид муаллимнинг санчқи тутган қўли ҳавода муаллақ қолган, ҳар бир сўмни ўйлаб ишлатадиган, тежамкор хотинининг сўзларини жон қулоғи билан тингларди. Раънохон чойни янгилаб келиш учун ошхонага кетганида: “Раъно тежашни билмайдиган хотин. Шунинг учун эркаклар унга жиддий қарашмайди!” дея шипшиб қўйди Маҳбубахон. Марям опоқининг энсаси қотди ва буни яшириб ўтирмади:
– Маҳбубахоннинг ўз фалсафаси бор, аёллар ва эркаклар борасида!
– Рўзғор масаласида ҳам! – дея қўшиб қўйди Мирсаид муаллим кутилмаганда.
Енгил кулгу кўтарилди.
Қўчқор ака тараддудланиб қолди, ўрнидан турди, кетишни мўлжаллади-ёв. Марям опоқи унга маъноли қараб, енгидан тортиб қўйди. Фаҳмимча, уларнинг туғилган кундан бошқа мақсадлари ҳам бор-ов. Қўчқор ака қайтиб жойига ўтирди. Бу бечораям хушторлардан, шекилли, кейинги вақтларда уни уйимиз атрофида тез-тез кўриб қолардим. Афтидан, Раъно уни хушламасди, шўрлик доим ё кўча эшик олдида турган бўлади, ё қулоғига телефонини тутганча уй атрофини айланиб юрарди. Шу вақт Раънохон бир қўлида чойнак, иккинчисида патнис билан ичкарига кирди-ю, Қўчқор ака ҳайкалдай қотди-қолди. Митти кўзлари ғамгин бу киши Раънога мўъжизага қарагандай ҳайрат билан тикилди. Кейин бирдан ўзига келиб шоша-пиша чўнтагидан дастрўмолини олиб, ялтироқ пешонасини арта бошлади. Шўрлик ўз уйида топмаган ҳалавотни шу ердан топишига ишониб келган… Бунақаларнинг юраги ёнида яна битта юраги бўлади, дейишади ҳамкасбларим андак истеҳзо билан! Ростиям шу-да.
Марям опоқининг тўла, кенг юзига ярашмаган юпқа лаблари асабийлик билан пичирлади, афтидан, бақалоққа далда берди.
– Сизлар учун! Махсус!
Раънохон патнисни ўртага қўймоқчи бўлди, лекин дастурхон шусиз ҳам тўкин эди, антиқа натюрморт учун жой топиш анча мушкул бўлди.
– Вой-бў, Раъно! Бу нимаси яна?! Ўзингизни кўрсатмоқчимисиз?! Шунча сарф-харажатнинг нима кераги бор эди! – деб юборди Маҳбубахон ўзини босолмай.
Раъно негадир қизариб кетди.
– Сизлар учун… озиб-ёзиб бир дастурхон ёзсам нима бўпти?.. – деди у.
Марям опоқи Маҳбубанинг сонидан чимчилаб олди, шекилли, муаллима илон чаққандай бир сапчиб тушди-ю, лекин шу заҳоти ўзини қўлга олди. Даврага бир қур назар солди-да, кейин Раънони эшитмайди деб ўйлади чоғи, опоқининг қулоғига секин шивирлади:
– Шунча харажат қилиш учун бечора нечта ҳўкиз билан ётиб чиқишига тўғри келган! Мен унга ачинганимдан…
Буниси энди ортиқча эди! Муаллима хоним ҳам тилим бор деб ҳаддидан ошиб кетди…
Унинг нима деганини илғаб қолган, юзи бўздай оқарган Раъно йўлакка отилди. Кўча эшик тарақлаб ёпилди.
Аёллар даҳшат ичида кўзлари чақчайганча бир-бирларига қараб қолишди.
– Тилим бор деб ҳар нарсани гапираверасанми?! – Мирсаид муаллим хотинига ғазаб билан қаради. Унинг танбеҳидан кўра қарашлари қўрқинчли эди. Муаллима қўлида санчқини тутганча бўзрайиб қолди.
Қўчқор ака ирғиб ўрнидан турди-да, индамай кўча эшик томон йўналди. Подъезддан унинг: “Раънохон, тўхтанг!” деган ёлворувчи овози эшитилди.
Ана туғилган кун-у, мана туғилган кун! Эҳ, аёллар!..
***
Орадан бир ҳафта ўтди.
Ғира-ширада ишдан қайтаётиб подъезд эшиги олдида турган Марям опоқи билан Қўчқор акани кўриб қолдим. Улар нима ҳақдадир секин-аста гаплашиб туришарди.
Салом бериб ёнларидан ўтиб кетмоқчи эдим, аммо опоқининг ўктам овозини эшитиб тўхтадим.
– Сиздан бир масалада ёрдам сўрасак бўладими?
– Ёрдам?!
– Бугун эрталаб Раъно ҳеч кимга айтмасдан кўчиб кетди домимиздан, бу киши бўлса уни қидириб юрибди, – деди опоқи Қўчқор акага ишора қилиб. – Қаерга кетганини билиб беролмайсизми?
– Қаёққа кетади? Нега кетади?! – дедим ҳайрон бўлиб.
Марям опоқи мени бир четга тортиб:
– Бечора номусига чидолмади, шекилли,
– деди паст овозда. – Бу киши бўлса бир йилдан буён унинг қўлини сўрамоқчи бўлиб юрибди…
Қўчқор акага қарадим, гўштдор бўйнини эгиб, пишиллаб турарди. Раъно унга тегмасди, деган ғалати фикр миямга урди. Бу окахон шуни билган. Шунинг учун ҳам унинг қўлини сўрашни кейинга сурган!..
– Ниятингиз жиддий бўлса, нега бир йилдан буён қўлини сўрамадингиз?!
Бақалоқ бақа бўлиб қолди. Роса бопладим-да ўзиям!
Марям опоқи:
– Сизни ҳечам тушунмайман, тилингиз бунча заҳар бўлмаса?! – деди ачитиб.
Парво қилмадим. Бунақа суюқ эркакларнинг таъзирини бериш керак, дегандай тик қарадим унга. Опоқи юзини четга бурди.
Бақалоқ лўкиллаганча кета бошлади.
Нимагадир қасд қилгандай унинг ортидан бордим.
– Учар юлдуз йўлдош бўлолмайди, овора бўлманг! –дедим унга хайрихоҳ одамдай.
Бақалоқ бир зум қисиқ кўзларини менга тикиб турди-да, сўнг ачитиброқ деди:
– Худди уни юз йилдан буён биладиган одамдай ишонч билан гапираётганингизни тушунмадим.
Мен ундан ошиб тушишга ҳаракат қилдим:
– Билмасам гапирмайман. Нима, сизга исбот керакми?
– Биламан, йўқни йўндирадиганлардансиз. Лекин менга ҳеч қандай исбот-далилнинг кераги йўқ!
Бирдан жим бўлган бақалоқ юзимга қаттиқ тикилиб қолди, афтидан, тарсаки туширишни ўйлади, аммо кутилмаганда индамай кета бошлади. Нарироқ бориб негадир юришдан тўхтаб, ортига ўгирилди, бўғиқ, хирқираган овозда деди:
– Қолаверса, икки кун олдин унинг қўлини сўрадим. Ўйлаб кўришга ваъда берганди!.. Ваъда берганди!..
Йўл четидаги симёғочларнинг сояси улкан шарпалардай қорайиб турган ҳовлида сўппайиб қолдим.
Марям опоқи ёнимга келганини ҳис қилдим, аммо у томонга қарамадим.
– Қўчқорвойнинг икки йил бурун хотини оламдан ўтган экан. Ўзига қолса, уйланиш нияти йўқмиш. Лекин қизларининг каттаси бўй етиб қопти. Шундай вақтда уларга она керак бўлади-да… – Марям опоқи бир зум жимиб қолди, кейин гинали оҳангда давом этиб деди: – Мени нима жин урди, билмайман. Шу икки кўнгли яримнинг бошини қовуштирсам, савоб бўлади, деб ўртага тушгандим. Одамни шарманда қилди бу Раъноси тушмагур!
– Балки унга кўнгли йўқдир?
– Нега кўнгли бўлмайди, тавба?! – энсаси қотди опоқининг. – Қўчқорвой, ҳар қалай, анави қари гўрсўхтадан тузукроқ эди! Қолавурса, бир эркак бечора Раънонинг қанақа аёллигини билиб туриб, уйланаман деб турса-ю, у ноз қиладими? Бу ғирт аҳмоқлик-ку!
Бошим ғувиллаб, асабим чатнай бошлаган, опоқининг тезроқ даф бўлишини истардим. Аммо у кетишни хаёлига ҳам келтирмай, лаби-лабига тегмай жаврай кетди:
– Ҳаммаси анави Маҳбубани деб бўлди. У топган куёвга Раъно азза-базза рад жавоб бергани учун алами келиб, атай ўйинбузуқилик қилди. Пес-да, пес! Ҳали қўлимга тушсин, сочини битталаб юламан. Муаллим бўлса – ўзига!
Ўзимни ортиқ босиб туролмадим, портладим:
– Опоқи, Раъно сизлардан ўзига эр топинг деб илтимос қилганмиди? Нега одамларнинг ишига бурнингизни тиқасиз? Яхшиси, уйингизга кириб, болаларингизга қарасангиз бўлмайдими? Бечоралар ҳалидан буён деразадан бўйлаб туришибди!
Опоқининг кўзлари хунук чақчайди.
Вой тавба, вой тавба… – опоқининг юпқа лаблари пириллади. – Бировларнинг ишига бурнингни тиқма, дейдими? Бу қанақа одам, ўзи? Ўзидан бошқани ўйламайдиган…
Опоқининг дийдиёсига қулоқ солмай, уйнинг орқа томонига ўтиб кетдим. Негадир уйга киргим келмасди, рост-да, ўзи каталакдай бир нарса бўлса! Бошинг айланса, кетинг айланмайди…
Ичгим келди. Ўзи, кун бўйи негадир ичгим келиб юрганди. Лекин хизматчилик. Кўп нарсалардан маҳрумлик баъзида алам қилади…
Чўнтагимдан сигарет қутисини олиб, унга тикилиб қолдим. Мен ўша дақиқаларда нозирдан кўра ўзига насиб этганига қаноат қилмасдан, насиб этмаган нарсалар ҳақида титраб-қақшаб ўйлайдиган, орзу қиладиган шаккок руҳонийга ўхшардим, чамаси.
“Аммо чекишим мумкин!” дея ўйлашим билан негадир енгил тортдим. Борлиққа аллақачон оқшом тушган, гугурт қутисидек уйимизни кўройдин қуршаб олганди. Шаҳар чироқларининг қизғиш шуъласи уфқнинг бир четини ёритиб турар, лекин бу шуъла бизнинг шаҳар четида жойлашган уйимизгача етиб келмасди…
Дарвоқе, Раъно қаёққа кетдийкин? Бир оғиз айтмасдан… ҳатто хайрлашмасдан кетиб қолгани-чи! Нима бўлгандаям қўшни эдик… Ўзи қандайдир бир аёл-ку… номус қилганига ўлайми?! Ҳозир қаерда экан? Шу уйда яшаб турганида, ҳар қалай, тинчроқ бўлармиди? Бошқа жойда уни аяшармикин?..
Ўша воқеалардан кейин анча сувлар оқиб ўтди. Хизмат юзасидан яна қанча жойларда ишладим. Лекин Раънони бошқа учратмадим. Бошқа касбда ишлаганимда, уни аллақачон унутиб юборармидим. Аммо…
Оддий кунларнинг бирида Сайилгоҳ кўчасида хизмат юзасидан айланиб юрганимда, алмисоқдан қолган креслода зерикиб ўтирган ёш рассом йигитнинг қаршисида терилиб турган суратлар орасида таниш чеҳрани кўргандай бўлдим-у, аллақандай ҳаяжон аралаш қизиқиш билан унга яқинлашарканман, уч-тўрт қадам наридаги ўриндиқда шу томонга хаёлчан тикилиб ўтирган кишига кўзим тушди. Бу ўша оқсоч! Ҳамон бир вақтлардагидай башанг кийинган, худди охират ўйларига бўй бергиси келмайдиган киройи қариялардай виқорли, аммо елкалари осилиб, анча чўкиб қолганди. Атрофида бир ўғил ва қиз бола чуғурлашганча югуриб юришарди.
– Суратдаги аёл ким? Танишингизми? – деб сўрадим рассомдан.
– Йўқ. Нотаниш, – бепарво тарзда қисқа жавоб берди йигит. Менинг индамай тикилиб турганимни кўргач, истар-истамай изоҳ бера бошлади: – Бир куни ёшгина жувон келиб, суратимни чизиб беринг, деб илтимос қилди. Чиздим. Сурат тайёр бўлганида, нархига келишолмай қолдик. У арзимаган шу сурат учун кўп пул сўраяпсиз, дейди. Менинг жаҳлим чиқди. Ахир, бу ўзингизнинг суратингиз-ку, нега ўзингизни паст баҳолаяпсиз, дедим. Шундай дейишимни биламан, аёл бирдан йиғлаб юборди ва кетиб қолди. Шундан буён дараги йўқ…
– Бошқа харидор чиқса, суратни сотармидингиз? – дедим оқсоч томонга зимдан қараб қўйиб.
– Нега сотмайин?! – рассом бирдан жонланиб, елкасига тушган сочларини жаҳд билан силкиб, кейин суратни қўлига олиб, гўё бениҳоя табаррук сиймони силаётгандай аёлнинг юзини силай бошлади. – Аслида бу оддий аёл эмас, ўрта аср маликаларидан бири. Ўша сурат буюртма қилган жувон маликага сал-пал ўхшаб кетарди, холос.
Суратга тикилганча хаёлга берилиб, орзуга айланган ўтмиш оғушига чулғаниб ўтирган Оқсоч ороми бузилгандек безовталанди, ҳатто ўрнидан туриб биз томонга юрмоқчи бўлди, шу вақт етмишларга борган, вазни нақ тўқсон килодан кам бўлмаган бир аёл биққи қўлларида тўртта музқаймоқ кўтарганча ҳарсиллаб келиб қолди.
– Бу сенга, буниси синглингга, буниси эса буважонга! – Оқсочга музқаймоқлардан бирини тутган аёлнинг овози ҳаётидан мамнун одамларнинг овозидай жарангдор ва меҳрли эди.
Оқсоч ўрнидан турди, пуштиранг музқаймоққа паришонлик билан тикилиб қолди, аёл нимадир деди, олмайсизми, деб қистади чоғи. Оқсоч ширинликка қўл чўзиб, бир нималар деб минғирлади. Аёл уни қўлтиқлаб оларкан, баралла деди: “Бо худо, саратонда шугинага ҳам томоғингиз оғриса-я!”. Кейин аллақачон музқаймоқни иштаҳа билан ялай бошлаган набираларига хитоб қилди:
– Кеч бўп қолди, юрақолинглар, уйга кетамиз.
Хуллас, суратни сотиб олдим. Рассом билан савдолашиб ўтирмадим, айтган пулини бердим. Рассом суратни яхшилаб ўраб-чирмаётганида ортимга ўгирилдим: оқсоч ерга қараганча кетиб борар, елкалари янада букчайган, афтидан эҳтиёт бўлиб музқаймоқ яларди…
Ўша сурат ҳалиям ишхонамда турибди. Қаерга ишга борсам, ўзим билан олиб кетаман. Айниқса, “рейд”га чиққан вақтларимиз Раънони кўп бор эслар ва кўнглим ғаш тортиб қоларди. Шундай вақтларда Раънонинг суратига соатлаб тикилиб ўтирардим. Ичимда алланима бош кўтариб, ўткир тиконларини юрагимга санчиб-санчиб олаётгандек бўлаверарди. Хаёлан Раънонинг сиймосини қанчалик камситмайин, қанчалик хўрламайин, юрагимдаги ғашлик ҳеч тарқамасди. Шунинг учун ҳам ҳали-ҳамон ўзимга ўзим тушунолмасдим. Табиатимда Раънога нисбатан дилозорлик, нафрат кучлими ёки хайрихоҳлик. Балки иккаласи ҳам мужассамдир-у, айнан шу номувофиқлик мени иккига ажратиб, иккита одамга айлантириб қўйгандир?!
Хизмат телефоним жиринглади.
Бошлиғимиз.
– Рейддаман, – деб жавоб бердим.
Ҳа, рейд бўлмай, нима? Қўшнилар бекорга шикоят қилишмагандир? Уйни ўзиники қилиб, роҳат истаган кишиларнинг роҳат манбаига айлантириб олгандир-да! Етар, шунча кутганим! Нима, мен қоровулманми, унинг эшигини пойлаб ўтирадиган?
Шаҳд билан ўрнимдан турган ҳам эдимки, рўпарадаги уйлар оралиғидан эллик беш-олтмишларга борган киши шу томонга кела бошлади.
Қўчқор ака!
– Танидингизми? – ёши қайтган бўлса-да, ҳамон ўшандай, бир туки ҳам тўкил… э, бир кило ҳам вазн ташламаган Қўчқор ака кулимсиради. – Менам кўрдим-у, дарров танидим. Шу томондан уй олдингизми ёки хизматчилик…
– Хизматчилик, – дедим ва биринчи қават балкони томон беихтиёр кўз ташладим.
– Икки йил бўпти, шу уйни сотиб олганига, – деди Қўчқор ака, мен унинг ким ҳақда гапираётганини фаҳмладим. – Кичикроқ бўлсаям, ўз уйинг, бошпананг бўлсин экан, дейди.
– Сиз буни қаердан биласиз?!
Мен уни анча қидирдим. Лекин ҳеч дараги чиқмаганди. Кутилмаганда бундан бир ҳафта аввал трамвайда тасодифан кўришиб қолдик. Ишдан қайтаётган экан.
– Эски дўстлар топишибсизлар-да. Табриклайман!
Қўчқор ака бирор айби бор-у, шундан хижолат бўлгандай типирчилаб қолди. Терлаб кетди, чўнтагидан дастрўмолини чиқариб, пешонасини артди, оппоқ, ажинсиз юзи ҳозиргина тандирдан узилган нондай қизара бошлади.
– Ҳали топишганимиз йўқ… – деди кейин тутилинқираб. – Лекин энди топишиб қолсак керак деган умидда эдим. Чунки кўришганимизда… ҳалиям уни кўнглимдан чиқаролмаганимни айтдим. У бўлса: “Қизларингиз уйли-жойли бўлишдими?” деб сўради. “Катталари ўзларидан тинган, кенжатойим қолди. Лекин у ақлли қиз, сиз билан муроса қилишига ишонаман!” дедим. “Йўқ, гап бундамас, худо ҳаққи, мен ўзимни ўйлаганим йўқ!.. Ҳа, майли, гапингизни ўйлаб кўраман”, деди шошиб, нимагадир кўзлари ёшланди. Кейин “Шамоллабман, ўтиб кетади…” деб қўйди рўмолчасини кўзига босиб. Овозидан, ўзини тутишидан анча улғайганини сездим. Бугун учрашишимиз, гапни бир ерга қўйишимиз лозим эди. Келдим, лекин у уйида йўқ! – Бақалоқ жимиб қолди, гўё бирор илиқ мужда кутгандай юзимга тикилди, мен миқ этмадим, аксинча, ичимда жиртак чалдим: “Балки Раънохон яна қочиб кетгандир, ҳўв бирдагидай?!”
Бақалоқ мендан ёруғлик чиқмаслигини сезди, тўғрироғи, ҳали ҳамон қаттиқ оғритиши мумкин бўлган ярасини тирнаб, азоб беришимни истамади, шекилли, ўзига ўзи тасалли бергандай хитоб қилди:
– Балки у ёқ-бу ёққа чиққандир, кеп қолар…
Ўзи гумбаздай бўлгани билан кўнгли беозор бу одамга ачиниб кетдим. Шу аснода миямга ярқ этиб бир фикр келди.
– Кутиб туринг, ҳозир келаман, – дедим Қўчқор акага.
Тавба, у қаёққа кетяпсиз, деб сўрамади ҳам. Индамай, бош силкиди.
Ғир этиб ишхонага кириб, қоғозга ўралган портретни олиб чиқдим.
– Бу сизга, – дедим портретни Қўчқор аканинг қўлига тутиб. – Фақат Раънога айтманг, мендан олганингизни, илтимос.
Қўчқор аканинг сабри чидамади, шекилли, шоша-пиша қоғозни оча бошлади. Очди-ю, бир лаҳза унга тикилиб қолди. Кейин ёш йигитчадай қувониб:
– Чиройли-я! – дея хитоб қилди ҳаяжон билан.
– Чиройлиям гапми, ҳурлиқо-ку, ҳурлиқо! – дедим кулиб.
Бу расмни қаёқдан олдингиз?
– Раънохон чиздириб, олмай кетган экан. Бехосдан кўриб қолиб, сотволгандим. Сизга насиб қилган экан-да…
Бақалоқнинг хурсандликдан ёйилган юзига қараб самимиятим йўқолаётганини сезиб қолдим. Гапни қисқа қилиб, у билан хайрлашишга шошилдим. Ҳар қалай, топишишибди-ку. Бу ёғи – ўзларига ҳавола!
Ҳаяжондан ҳамон ўзини босолмаётган Қўчқор ака эса хайрлашишга шошилмасди.
– Айтганча, ўзингизнинг ишларингиз яхшими? Ўсдингизми? – деб сўради энди эсига тушиб қолгандай.
– Кўриб турибсиз-ку, – дедим бир умр участка нозири бўлиб қолганимга ишора қилиб.
– Нима, ўсишни истамадингизми?
– Бизнинг ишда чўрткесарроқ бўлсанг, келажагинг порлоқ бўлади.
– Ҳа, ҳа…
Қўчқор ака портретни бағрига босди.
Зимистон устидан тантана қилганидан мағрурлангандек баҳор қуёши аёвсиз қиздирарди.
Биз, иккала эркак ҳамон Раънонинг эшиги олдида турардик.
Бир маҳал ёнимизга такси келиб тўхтади. Ундан қўлларида оғир сумка кўтарган ёш эр-хотин тушди, бизга эътиборсизлик билан нари-бери салом бериб, шошилганча подъездга киришди. Йигит олдинга ўтиб, биринчи квартиранинг эшигига калит солиб, бурай бошлади. Қўчқор ака менга, мен унга қарадим. Яшин чақнагандек нигоҳларимиз ёлқинланди, кейин юрагимиз нақ бўғзимизга тиқилиб, иккимиз ҳам жон ҳолатда подъездга қараб отилдик.
– Уч кун бўлди, шу уйни сотиб олганимизга, – деди йигит кетма-кет берилган саволларнинг қай бирига жавоб беришни билмай довдираб, дам менга, дам Қўчқор акага жовдираб қараганча. – Эгасига пул керак бўлиб қолган экан, шунга ортиқча савдолашиб ҳам ўтирмади…
Қўчқор ака адойи-тамом бўлди.
Мен нима қилишни билмасдим. Хаёлимда фақат бир ўй чарх урарди: хотин зотини ҳеч тушуниб бўлмас экан!..
“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 3-сон