Тасодифан кийимлар дўконига кириб қолиб, кўзим синфдош дўcтим Ғайбуллага тушиб қолди. «Оббо, – дедим ўз-ўзимга. — Қани, аввал бир чеккадан кузатай-чи, бу тушмагур савдони қандай қойиллатаётганкин?». Унинг харидор билан гап-сўзи эшитиладиган даражада юриб бориб, қулоқ тутдим.
– Энди устоз, бу камзул ўзи жуда зўр, четники. Кореяники, аммо, – бир харидорга, бир камзулга қараб, гапида давом этди. – Териси яхши, рисоладагидек ишланган. Ҳозир ҳамма домлалар шунақасини кияди.
Ёши олтмишларни қоралаган, дўпписини бироз қийшайтириб кийган харидор:
– Хўш, – деди дўстимнинг кўзларидан кўзини узмай. – Яна…
Дўстим қўлидаги камзулга қайта-қайта қараб:
– Тугмалари ҳам чаккимас. Унинг устига “замоги” ҳам бақувват. Тикилишига гап йўқ, фабричний. Хўш, компаниясининг номи ҳам таниқли. Биз бу компаниянинг молини икки-уч йилдан бери сотамиз, ҳали бирон мижозимиз нолиб келмаган.
– Хуллас, кийса бўлади, – деди,— лекин…
– Яна нима? – ҳайрон бўлди мижоз.
– Тўғрисини айтсам, сизга тўғри келмайди.
– Ия, – дея қулочини ёйиб юборди мижоз. – Нега бўлмайди?
– Сизга тушмади, ака, сизга бундан ҳам дурустроғи керак. Сиз анави ғўдайиб юрган домлалардан юқорироқсиз, устоз, – дея бир сирни фош қилаётгандек деярли қу-лоғига шивирлаб гапирди. – Сизбопи келганда бир чеккага олиб қўяман, хотирингиз жам бўлсин.
– Шуям бўлаверарди, – деди «устози».
– Айтяпман-ку, бундан ҳам яхши тикилганлари бор. Ўшанисидан олиб бераман. Бу, сизга бўлмайди.
Харидор елим қоғозда чангаллаб турган бир боғлам пулини ноилож костюмининг ички чўнтагига солди ва дўстимдан нари кетаркан:
– Қачон хабар олай, – деди.
– Бўш вақтингиздами ё ишдан кейинми? – деди чайналганнамо. – Яхшиси, телефон қилиб қўярман. Менда телефонингиз бор…
Эндигина унга яқин бормоқчи эдим, бошқа бир мендан чаққонроқ ёшгина йигит ҳаракат қилиб, дўстимни гапга тутди:
– Ака, менга куртка керак. Танлаб беролмайсизми? Иложи бўлса яхшиси, тозасидан бўлсин.
Ёқамни ушлаб қолдим, одатда харидорлар, яхшиси, аммо арзонроғидан, дегувчи эди. Буниси эса,..
– Бугун учрашувми? – деди дўстим унга бошдан-оёқ разм солиб. – Додасидан бор-да укам. Қайнонаси кўрсин, қайнотаси куйсини бизда. Буни кўрган қуда томонлар ҳам тўйни тезлатиб юборишади. Фақат, бир шартимиз бор…
– Ие, қанақа шарт, – «куёвбола»нинг капалаги учди. – Тушунмадим.
– Компаниянинг шарти бу, кийим бир кийилса, ундан кейин бошқа одам кия ол-майдиган бўлиб қолади.
– Шунақаси ҳам бўларканми?
– Ҳе, замондан жа орқада қолгансизлар-да, – деди дўстим бўш келмай. – Бу кийим бошқа одамга кейин ҳеч ярашмайди. Нима десамикин, биринчи кийган одамига, эга-сига ўрганиб қолиб, бошқа одамда ёмон бўлиб туради. Тушундингизми? Биров уни кейин итига ҳам кийдирмайди. Шунинг учун…
– Нима қилишим керак. Мана, пулини бераман-ку.
– Италянский химчистка пулини ҳам қўшиб олишим керак.
– Нима химчисткага?
– Мабодо қайтариб олиб келсангиз, уни бошқадан ювиб, қуритиб, ўзидек қилиб, жойига илиб қўйиш учун.
– Мен уни…
– Биламан, сизга ёққани билан бирор доно чиқиб, ҳафсалангизни пир қилиб, ундоқ экан, бундоқ экан, деса, ё қимматга олиб қўйибсан, деса, ё сал катта экан, сал кичик экан, сенга ёпишиб турмаяпти, деса, бурнингизни тортиб келасиз, тўғрими? Шунинг учун химчистканинг ҳам пулини олиб қолсак, биров уни янгидай харид қилаверади сизга ўхшаб.
– Бу ҳали химчисткага тушганми?
– Буниси ҳали тушмаган, аммо сиздан қайтиб келса, тушмай қаёққа боради. Ана, кўпи шунақа, химчисткани обод қилишган.
Бўлғуси куёвболанинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, нари кетди. Ёшгина, қилпиллама жувон мени туртиб ўтиб, пештахтага деярли ётиб олди. Ғайбулла эса гўё кўрмагандек, сезмагандек унга яқин бориб:
– Синглим, молингиз одамни шарманда қилди, – деди бошини чайқаб. – Мени ер қилиб юборди-я, ер! Дўконимизга иккинчи бунақа мол кўтариб келманг…
– Вой, нима бўлди? – деди талтайиб турган жувон дарров сергак тортиб. – Қанақа қип сизни шарманда қилади?
– Упаковкадаги, яп-янги костюм-шимнинг чўнтагидан зажигалка чиқди. Уям ичи бўшаган экан, янги бўлганида компаниянинг совғаси деб бўш аравани қуруқ олиб қочардим. Бу нима дегани, биласизми? Кўрилган зарарни ким энди қоплаб беради?
– Қанақа зарар?
– Одамлар энди кийимларнинг чўнтагини кавлаб, у ёқ-бу ёғини ағдариб, кейин кийиб кўришаяпти. Упаковкадаги яп-янги кийимларни ҳам ҳурмати бир пул бўлди. Шунинг учун хўжайин, мол олиб келган ўша одамнинг бу ердан қадамини уздир, деяптилар. Молини бериб юбор, деяптилар.
– Эрим чекмайди. Қаердан, қандай зажигалка?
– Мен солиб қўймагандирман ҳар ҳолда, – бўш келмади Ғайбулла. – Хуллас…
– Бирор ўртоғиники қолиб кетгандир-да.
– Менга тушунтириб ўтирманг, вақтим йўқ. Хўш?
– Менда пул йўқ, майли ҳеч бўлмаса ярим пулига ўтказиб беринг! Илтимос, акажон. Яна уч-тўртта мана шунақа импортний, тоза кийимлар бор эди…
– Ҳозир бизда ҳам ортиқча пул йўқ.
– Вой, пулини сотиб бўлгандан кейин берсангиз ҳам майли… Мана…
Жувон кўчага отилиб чиқди-да, ташқарида турган машинасидан бир бўхча олиб, пештахтага қўйди ва қисқагина хайр-хўш қиларкан:
– Нархини ўзингиз белгиларсиз, мен сизга ишонаман, – деганча ортига қарамай, чиқиб кетди.
Шундан кейингина дўстимнинг олдига бориб:
– Ҳорма, – дедим. – Мижозлар чарчатиб қўймаяптими?
– Ўзларининг лақиллаганини билмай, мени лақиллатмоқчи бўлишади, – деди ҳам кулиб, ҳам кўзларини айёрона қисиб мен билан қучоқ очиб кўришаркан. – Келганинг зап яхши бўлди-да, юр, сал нарида шинамгина ошхона бор, ўша ерда озгина ошқозонни алдаб оламиз. Мен ҳозир дўконни қулфлайман.
Ғайбулла ошхонага доимий мижоз экан, шекилли, Анораси чой олиб келди, Гулбаҳори «заказной» шўрва, Шодивой кабоб дегандек…
– Эсимдан чиқиб қолмасдан сўрай, – дедим уни саволга тутиб. – Бояги амакига молни мақтаб-мақтаб, аммо нега сотмадинг?
– Э, у амаки бир нарса олса, тўрт марта қайтиб келади. Таниб қолганман.
– Бўлмаса нега мақтадинг?
– Ие, касбим бу. Мол яхши бўлганидан кейин мақтаб маза қиласан.
– Куёвболани хафа қилиб юборганингчи?
– Ўз тили билан айтиб турибди-ку, энг қимматини, тозасини деб…
– Нима қипти, шундай деса?
– Бу дегани, у мени сотувчидан ижарачига айлантирмоқчи бўлаяпти.
– Бу нима деганинг?
– Учрашувга бугун унисини, эртага бунисини кийиб чиқмоқчи. Гарантия бераман, эртага «Ака, шуни сал кичикроғи ёки каттароғидан йўқми?» деб кирарди. Келинболага минг оҳангда кўринмоқчилар-да, таннозлардан баттар. Чунки ўзига яхши мол сотиб олмоқчи бўлган одам оғир, босиқ бўлади. Бунга ўхшаб, томга чиқиб олиб гапирмайдиям.
– Яхши, яна бир нарса…
– Ҳм, анави шиппакми?
– Берган кийимингиздан зажигалка чиқди, дедингми?
– Ўзи ҳеч нарса чиққани йўқ, молининг нархини тушириш учун жўрттага шунақа дедим. Индамасам, нархини жуда осмонга олиб чиқиб қўйяпти, шунга бир боплай, де-дим.
– Эрининг кийимлари, йўқ эканми эри?
– Нега гапга тушунмайсан, буларнинг эри бир кечалик. Башараларига тузукроқ қарамабсан-да, юзлари қора кесак бўлиб кетган-ку. Фигураларини айтмаса, ҳеч нарсалари қолмаган бисотларида. Бу тулкилар бир кечада неча шўрлик «куёвбола»ларни маст қилиб қўйиб, ухлаб қолганларида кийимлари тузукроқ бўлса, янги бўлса, ечинтириб ҳам оладилар. Авваллари бозорга бериб юборардилар, яқин-яқиндан дўконга ҳам олиб келадиган бўлишган.
– Эгаси қидириб келмайдими бу жувонникига?
– Қизиқмисан, оилали, бола-чақали қайси эркак милицияга мурожаат қилади? Нима дейди, ўйнашимникида тунаб қолувдим, дейдими? Биласан-у, балиқлар ўз нафс-ларидан илинадилар, деб.
– Барибир мол ўғирлик-да.
– Ўғирликмас, тўғрилик бу. Ўша бошқага янглишиб ўтиб қолган молни ҳақиқий эгасига топширамиз. Тушундинг? Молда нима айб, ахир тирикчилигимиз шунинг ус-тидан бўлгандан кейин. Ҳаракат қиласан-да. Бўпти, бошқа гаплардан гаплашайлик…
Мен Ғайбуллажон соҳаси бўйича катта тажриба орттирганини кўриб, қойил қолдим. Психолог бўлиб кетибди-я, дилимдагини бехос тилимга чиқариб юборибман.
– Бу ишда ҳаётнинг ўзи психолог қилиб қўяди, дўстим. Атрофга теранроқ разм сол, пулнинг кетидан қувма, ишнинг кетидан қув, пул ўзи сени довдираб-совдираб қидириб юради.
– Анойи мижозларингга ўхшаб-а…
Дўстимга бу киноям ёқмади, шекилли:
– Овқатга қара, совуб қолади, – дея менга бир боқиб, илжайиб қўйди.