Қирда иторқа лой том эски қалъадек қаққайиб турибди. Томнинг олдидаги яккаю ягона гужум соясида соч-соқоли оппоқ, тик иштон-кўйлакчан Тилов бобо саллани ёнига қўйиб, елкасини ёстиққа тираган кўйи оёғини чайла қилиб ётибди. Қўллари боши ортига боғланган кўйи узоқ-узоқларга тикилганча тош қотган. Сойда оғил-оштоқ ва каттагина қўтон бор. Камардаги кенг томорқада энди тупаклаган маккажўхори сарғайиб қовжираган, озроқ жойда санглоқнинг тошидек тарвузлар сочилиб ётибди.
Шу пайт икки чақирим чамаси узоқликдан чанг кўтарилиб, енгил машина қораси кўринди. Тилов бобо ётган жойида нигоҳини ўша томонга бурди: магарам адашмаган бўлса, катта ўғли Норқўчқор бўлиб чиқар. Бобо кенжаси Бойтўра билан ота маконнинг чироғини ёқиб ўтирибди. Барака топсин, каттаси худонинг берган куни, жуда бўлмаса, кунора бобойдан хабар олиб кетади. Машина чанг-тўзон ичида қирлардан айланиб-ошиб иторқа томнинг соясига келиб тўхтади. Норқўчқор орқа эшикни очиб, келинга сатилда помидор, кўкатлар, кўзачадаги ширбиринчни олиб берди-да, ўзи отаси олдига келиб ўтирди.
– Ассалому алайкум, ота, тинч-омон ўтирибсизма?
– Худога шукур, силарни берганига шукур қилиб ўтирибмиз-да, бундан ортиқ бизга нима ҳам керак? Ўзинг қалайсан, болам, шаштинг паст, – деди бобой ўғлининг шалпайиб келганидан ҳайрон бўлиб.
Норқўчқор чуқур-чуқур нафас олди. Келин узатган ёстиққа ёнбошлаб пешонасини тириштирган эди, қийиқ кўзлари янада қисилиб кетди. Кесакдек нурсиз юзи бужмайди.
– Нимасини айтай, ота, ана, латта кесмас эркатой неварангиз мени шу кўйга солди, – дея дўпписини олиб гиламнинг устига ташлади.
– Қувончбекка нима бало бўлди? – деганча бобо чордана қуриб ўтириб олиб хавотир билан ўғлига тикилди.
– Уч қиздан кейин худодан тилай-тилай олганим шу хотинчалиш экан. Ношукурлик қилаётганимдан гапираётганим йўқ, ота. Бу бола бу йил битирувчи, хат-саводи бинойидек. Бизнинг ҳам орзумиз бор, олий маълумотли бўл, шаҳарга ўқишга жўна десам, нима дейди денг. Катта шаҳарда адашиб кетармиш. «Йигитлик шаънига иснод эмасми, бу кунингдан ўл-э, рўмол ёпин, қуён юрак», – дедим.
– Ҳай болам-а, болам-а. Шу гапга ота гўри қозихонами, – дея бобо роса яйраб кулди. Хавотирлари тарқаб ёнбошлаганидан кейин давом этди. – Ҳовлиқма, бўтам, одамни қўрқитиб юбординг. Қувонч ҳали ёш, унинг гапларига куюнаверма. Қонда бор-да, қонига тортган.
Бобой неварасининг тарафини олганидан Норқўчқорнинг баттар жаҳли чиқди. Ўзини босолмай гилам устида ётган дўпписини олиб бир-икки айлантирди-да, яна гиламга тапиллатиб отиб урди.
– Буйтиб куйдиргандан кўра ҳар бало бўлгани яхши эди.
– Агар билсанг, ёш новдани қайси тарафга эгсанг, ўшандек ўсади…
– Ота… Нима? Сизга ўхшаб бир тепанинг устида, якка гужум соясида умр ўтказсинми? Биздан ҳам зиёли чиқсин, шаҳарда яшасин, дунё кўрсин, кўзи очиқ одам бўлсин дейман-да. Белда куч-қувватим борида Ҳақни, Ҳақиқатни таниса ёмонми? Мусофир бўлмасдан мусулмон бўлмайсан дейишади-ку, мусофирчиликнинг ҳам нонини есин. Қачонгача Катманнинг даштида чанг ютиб, тупроқ кечиб, адирма-адир сарғайиб юраверамиз? Одамларнинг боласи дунёнинг нариги чеккасига бориб ўқиб келяпти. Бунингизни нима жин урган, шуйтиб куйдириб ўтирибди-да. Ота, сиз ҳам қонга тортган деб ўлганнинг устига тепган қиласиз-эй. Буйтиб куйган дилимни ўртаманг-а.
– Ўзингни бос, ҳўкиздек пишқирмай ўзингни бос, бола, – деб Тилов бобо қайта чордана қуриб ўтириб олди. Ўғлининг ҳайрат билан тикилиб турганини кўриб роса булкиллаб кулди. – Бўлмаса, мени яхшилаб эшитиб ол. Шу ўтирган жойимиздан Ариқошганнинг ораси қанча?
Норқўчқор отасининг гапларига ғаши келди.
– Ота, Ариқошганнинг нима дахли бор?
– Сен, бола, саволимга жавоб бердагин, индамай мени эшит. Кейин биласан.
– Нари борса, ўн километр чиқар, – деди ҳафсаласи пир бўлган Норқўчқор.
– Унда Миршодининг ораси қанча?
– Ўн беш километр чиқар, – деди Норқўчқор ажабланиш баробарида тажанглашиб.
Шундан сўнг Тилов бобо бир нарсаларни хотирлаб узоқ ўйга толди. Бетоқат бўлаётган ўғлини гўё унутиб юборгандек…
Ўша пайтларда ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги бўз бола эди. Саҳарда қўтонга ҳайдаб келинган сурув иккига бўлиниб кетибди. Нимадандир ҳурккан бўлса керак. Эрталаб турса, ярми томорқада юрибди, қўйнинг ярми йўқ.
Шу томнинг жойида ғарибгина кулбалари бўларди. Мана шу ерда болалиги, ширин дамлари ҳам ўтди. Аччиқ мусибатларни ҳам шу ерда бошдан кечирди. Изма-из икки акадан қорахат келди. Элга келган тўй, тақдирга тан беришди. Ота-онага фарзанд доғи оғир бўларкан. Эҳ, нимасини эслайди, қора кунларнинг юзини тескари қилсин худойим. Биз кўрган қора кунлар болаларим бошига тушмасин… милт-милт кўз ёшлар томчилади.
Отасининг дардини қўзғаб қўйганига афсус чекиб Норқўчқор толқон ютгандек ўтираверди.
Тилов бобо бу юртни ташлаб кетолмайди. Жазирамада жиззиқ бўлиб қолса ҳам жойидан жилмайди. Хаёли умрининг яхши-ёмон узоқ хотираларига учиб-қўниб, яна ортга қайтди.
… Шу томнинг жойида болалиги ўтган кулбалари бўларди. Тус-тугал кун кечиришган бахтиёр дамлар эди. Мана шу гужумнинг жойида ўтов қишин-ёзин тикувли турарди. Пастдаги оғилнинг жойида бўлса қўтон. Шу қўтондан мол чиқиб кетган.
Шоша-пиша яқин атрофни югургилаб кўздан кечирди. Ном-нишон йўқ. Ҳамма томон из, чанг-тўзонда ҳеч нарса аниқлаб бўлмади. Яқин-орадан дараги чиқавермаганидан кейин хавотири ошди. Ўшанда Қизилнинг дараларига қараб кетдим, акамлар Кўганли тарафга. Отам адоқлаб кетаверса бир йўловчига дуч келибди. Отлиқдан Ариқошганда эгасиз бир сурув қўйнинг дарагини эшитиб оёғини қўлига олиб зувиллаб кетибди. Мол очув, жон очув бир зумда Ариқошганга етиб борса, ариқ бўйида қўйлар ўтлаётган экан. Кўнгли жойига тушиб бир дам ариқ бўйида ўтириб дамини ростлагач қўйларни ҳайдаб жўнабди.
Толтушда сарсон очиб шумшайганча уйга кириб келса, ҳеч қандай хабар йўқ. Онаси бечора кўз ёши қилиб ўтирган экан. Бирор соатлардан кейин икки акаси ҳам шалпайиб кириб келишди. Бир-бирига бўзрайиб ўтирган маҳали отаси катта газадан қўйларни ҳайдаб эндира бошлаганини кўриб қолди. Ана кўр-да хурсандчиликни. Онаси бечора хурсандлигидан баттар йиғлашга тушди. Отаси кела солиб сурувнинг тугал топилгани шукронасига дарров бир қўй бўғизлади. Тақдирнинг қора кунлари ҳали олдинда экан. Мол учун куйишлар нима бўлибди жигар поралари доғининг олдида…
Тилов бобони ўтмиш хотиралари қайғуга солди, қуруқшаган лабларини ялаб-ялаб ютинди-да, ёнбошидаги сочиққа ўроғлик чойнакдан бир пиёла чой ичиб, қўзғолиб ўрнига қайта жойлашгач ўтмишини гапира бошлади.
– У пайтлар чор тарафдаги ўт-ўланлар белга урарди. Ёз келиши билан хас-хашак сойларда кўрпадек тўпланиб қоларди. Емиш мўл, бундан ташқари, туёқ ҳам кам бўлган-да. Бурунги одамлар мол-дунёга ўч ҳам эмасди. Қорни тўқ, усти бут бўлса, юраверган таёғини судраб. Отам бечора болалигидан қўйни Қизилнинг дараларида, Катманнинг адирларида айлантириб боқиб умри ўтган. Кўрган-билгани ҳам шу ер бўлган. Сен уларни ҳам айблама.
Шу ерга келганда гапи узилди. Яна хаёлга берилди. Узоқларда қолиб кетган ўша бахтли болалигини айтишга қуввати қолмагандир:
– Отам биров-яримдан эшитган чиқар Миршоди деган жойда катта бозор бор, дорбоз ўйнайдиган жойлар борлигини. Шу куни кўнгил тинчиб, гўштга тўйганимиздан кейин ёнбошлаб ётиб гурунг берганди: «Эй болаларим, дунёнинг туби кенг экан. Бугун нақ дунёнинг нариги чеккасига бориб Ариқошган деган жойдан қўйларни топиб келдим. Худойимдан айланай, яратган дунёсининг кенглигини кўриб қойил бўлиб ўтирибман. Менинг кўнглимда бир орзу бор эди. Худойим куч-қувватдан айириб, омонатини олмаса, оёғим етиб Миршодини бир кўрсам, бу дунёдан беармон кетардим». Гўл отама-а. Миршодига бир зувиллашда борадиган жой экан. Йигирма чақирим, кўриб-кечирмагандан кейин отам бечоранинг армони. Ўша пайт отамнинг ушалмас орзуси бор деб ўйлаганмиз.
Хаёллардан бўшагач сал тетиклашиб гапида давом этди:
– Шу пайтгача Қувончга шаҳар-паҳарни кўрсатганингда, магарам… Энди ўзинг қўштақим бўлиб олдига тушиб йўл бошламасанг, қийин бўларов…
Тилов бобо кўп гапириб чарчади, узоқ-узоқларга қараркан, киртайган кўзлари яна йилтилларди.
Норқўчқор ҳам улғайиб элга аралашавергач бир нарсага фаҳми етиб қолди. Уйдаги гурунглар қўй-қумалоқ, тўл олиш, хашак ғамлаш каби майда-чуйдалардан иборат экан. Болалик пайтлари ҳам синфдошлариникида сал бошқачароқ гурунг бўларди.
Одамнинг ич-ичидан топиб айтилган қизиқ гурунг лаззатли. Бундай пайтлари мазали таом егандек, балки, руҳан озиқланадими, буни ҳам англаёлмайди. Гоҳо айрим гапларининг маъносига тушуниб етмайди ҳам. Ана шуларни кўриб-билиб ўзи ўқиёлмагани учун ўғлини катта шаҳарларда ўқитишни ҳавас қилди. Тақдирни қаранг, хотини қаторлаштириб қиз туғаверди. Ниҳоят, Қувончбек дунёга келди…
Ўзига-ку ўқинглар деб йўл бошлайдиган, лоақал, ўқишга бориш керак дейдиган бўлмади. Уйдагиларнинг топиб олгани мол, гурунги ҳам шундан нарига ўтмади…
Бобомга ўхшаб менинг умрим ҳам шу даштда ўтди. Бу лапашангни ўқитишим шарт.
– Ота, гапингиз тўғри, бобом ўта содда бўлган. Лекин сиз-чи? Ўз билганингиздан қолмайсиз. Онам бечора катта йўл бўйидан уй-иморат солайлик, элнинг орасига тушайлик дея жаврай-жаврай ўлиб кетди. Қариган чоғингизда ҳам бир тепанинг устида гармселга ўзингизни топлаб ётибсиз. Ҳали кўрасиз кенжангизнинг ҳам ҳолини, бобосидан қандай фарқи бўларкан. Ёз демай, қиш демай шу тўрт тирриқ молининг ортидан юраверсин-чи. Бир кун келиб пушаймон қилади, ўзининг нодонлигини англаб қолса, албатта.
Миннат қилаётганим йўғ-у, Қувончни сизга овунчоқ деб бериб қўйдик. Кенжангизнинг болалари каттаргандан кейин ҳам Қувонч сизнинг ёнингиздан кетишни хоҳламади. Менга ҳам маъқул тушди; қизларнинг нуқси уриб қолмасин дедим. Ўқишлари яхши-ку дея бепарво юраверибман. Бундай бўлишини мен қайдан билай? Ҳа, ота, шу гурунгни яхши айтдингиз. Узоқ ўтмишдан буён бизнинг авлод қони тўнглаб қолган. Буни қиздириб суюлтириш керак…
Тилов бобо ўғлига қараб туриб отасининг армонларию дард-ҳасратлари кўз олдида бир-бир намоён бўлди.