Холмуҳаммад Каримий. Тош қоя (ҳикоя)

Тўл мавсумида беш бойнинг сурувлари Катманнинг даштига эниб келади. Бийдай кенглик. Адирларда баҳори ўт жуда зўр бўлади. Ёввойи нўхатлар белга уриб кетади. Тойлоқ ёрилди деган сойларда-ку қорамоллар ҳам ўтга сузиб юради. Саратон кириши билан адирлар тилла рангга бўялади, сойларга шамол хасни кўрпадек тўшайди. Хўжаипокнинг селгаси ёқалаб беш-ўн том-тошли овуллар ҳар-ҳар жойда кўзга чалинади. Аммо баҳорда бу даштда ҳаёт қайнайди. Чўпон-чўлиқнинг даври келади.
Айни тўл олиш мавсуми даштликлар орасида бир мишмиш тарқалди. Бунга биров ишониб-биров ишонмай гап болалаб кетаверди. Бойсун беги тайинлаган Катман оқсоқоли мишмишнинг тагига етиш учун қудуқ бошига даштнинг гапга етар одамларини тўплади. Бу мишмиш оқибатида кўпчилик хавотирга тушган. Зиқна лақабли Бекмирза бойнинг тўни тескари, катманлик оғайниларидан ўпкаси қозондек. Сорибой чўпонни кўрганда эса ғазабдан кўзидан ўт чақнади.
Ҳамма йиғилгач, Сорибой ўртага чиқди. Оқсоқол унга панд берди:
– Гапинг рост бўлса, исботлаб бер. Туҳмат қилаётган бўлсанг жазоланасан.
Сорибой гап бошлади.
– Ҳайла кўриниб турган тош қоянинг устига чиқиб зерикканим учун томоша қилиб ётдим. Бир маҳал тўққиз қоқ тарафдан чанг кўтарилди. Бир сурув қорамол кўринди. Отлиқ подачини дарров танидим. Бекмирзабой подани сувлотдан ҳайдаб эндирди. Катманликларнинг суруви тоғ ўрламда, бир шу бойнинг подаси даштда қолган. Даштда эгасиз ҳайдаб қўйилган қанча қорамол ўз эркича юрибди. Бу ерларга бўри ораламаса, ўғри йўқ. Ҳамма буни билади. Пода сувлотдан қайтгач, хос капалаб сувлотга келган овулнинг икки-уч қорамолидан бирини бой отнинг олдига солиб ҳайдаганини кўриб қолдим. Подасига халал бермаса, овулнинг подаси билан нима иши бор экан деган ўйда томоша қилиб ётавердим. Аввалига подаси яқинига ҳайдаб борди. Сувлотдан узоқлагач, уриб йиқитди. Кейин отидан ирғиб тушиб, хуржун-халтасидан асбоб олиб йиқилган молни терилади. Менга кафтдагидек кўриниб турарди. Қоянинг устида менинг ўтирганимни бой ўйлаб ҳам кўрмади. Аслида, қоянинг устига қуш қўнмаса, одам боласи унга чиқмайди. Бир майдонда терисини сийириб ташлади. Кейин хуржун-халтасини отига бўлиб-бўлиб ортди-да, подаси ортидан кетди. Шу пайт олдимдан бир шарпа лип этиб ўтгандек бўлди. Осмонга қарасам, ғожир айланяпти. Бой ўз йўлига кетган, қизиққанимдан мол мучалаган жойга томон югурдим. Етиб борганимда аллақачон қузғунлар ичак-чавоқларини, терисини титиб сўзғилаётган экан. Мендан ҳурккан ўлаксахўрлар серпилиб кетди. Мени ҳайрон қолдиргани териланган молнинг гаварасига тиғ тегмаган, фақат лаҳм гўшт сидириб олинган эди. Ичак-қорни, ўпка-бовуригача жойида турибди. Роса ажабландим, мен қайтишим билан қузғунлар тўй қилиб кетишди.
Ўша йиллари даштдаги молларни қузғунлар еб кетаётганидан катманчи бойлар юрак олдириб қўйди. Аммо ота-бобосидан қолган жойлар. Яна беихтиёр молини ҳайдаб юбораверади. Даштдаги молга қоровул қўйиш ҳеч ақлга сиғмайдиган иш. Бу гапни жон қулоғи билан эшитиб ўтирган катманликлар Бекмирза зиқнани ўртага чиқарди. У бундан тонди. Сорибой чўпон қуруқ гапдан нарига ўтолмади. Оқсоқол далил келтиришни талаб қилди. Икки ўртада можаро бошланди. Катманнинг бойларига чўпоннинг гапи оловга мой сепгандек бўлди. Бойлар жазавага тушган, қўйиб берса зиқнани тилка-пора қилади. Оқсоқол ҳаммани босиб турибди. Ҳар ким калласига келган гапни сайраб ётибди. Биров чўпоннинг ёнини олади. Биров бойга туҳмат қилманглар дейди. Ғала-ғовур кучайгандан-кучайиб бораётганда Давла газар ўртага чиқди. У қирчиллаган йигит, ҳайбатидан бой-камбағал бирдек ҳайиқади. Газар жуда ғайратли одам. Гап-сўзларга қараганда, пиёда отлиқ қатори юраркан. Ўзиям нақ шайтоннинг ўзи бўлган, уч отлиқ қувиб борганда Бўри камарнинг устидаги зовдан сакраб ўтиб қочиб қутулиб кетади. Шундан кейин газар лақабини олади. Абжир ва чаққонлигига марсиниб ғайрати ичига сиғмай юрган даври.
– Ҳў бойбоболар, қайсидир бир чўпонбаччанинг эртагига ишониб бойнинг обрўйини тўкманг. Мард бўлса ҳамманинг олдида исботласин. Бу саримашакнинг кўзига кўрингандир, қушночга ўзини холослатсин. Элни нотинч қилиб қўйиб писиб ўтиргани нимаси? Шу абравда менинг қадамим тегмаган жой қолмаган, ҳамма билади. Мен ҳеч нарсани кўрмайин-да, бу шалпангқулоқ кўрсин. Молини ғожир еган бўлса, кимдир айбдор бўлиши керакми? Шу элга қорама-қора яшаганими Бекмирза бойнинг айби? Қони бир бўлмаса ҳам, сувлоти бир, ўриши бир. Мен билганим бекликдан бойнинг муҳрланган қоғози ҳам бор. Ана, оқсоқол билади. Элнинг оқу қораси билан иши йўқ, хотин-халажга ола қарамаган бўлса, бу бой ҳам ўзимиздек худонинг бир бандаси.
Давла газарнинг гапидан ғижинган одамлар тарқала бошлади. Оқсоқол ҳаммани тўхтатиб Бекмирза бойдан чўпонга узр сўратди. Жазолай деса, жанжал бошланадиган. Яхшиям, Давла газар бор экан. Шу билан мишмиш ҳам тўхтади.
Ҳамма ўз йўлига кетди. Мишмишлар унутилди. Даштга қор тушди. Қишли-қировли кунлар ортидан илиқ-илиқ кунлар келди. Катман даштига баҳорой пойандозини солди. Яна ҳаёт қайнади. Тўл мавсумида бойларнинг ҳамёни тўлишди. Камбағалнинг қорни тўйди. Тўли тугал тушган бойлар «журт жовлар» қилиб, ирқин-тирқин зиёфат берди. Ёмғир тоқалагач, ўтнинг учи қайтди. Кунлар исигандан-исиб ўт-ўлан қовжиради, одамлар кўч-кўрони билан тоққа жўнади. Катманнинг ҳовари яна ҳувиллаб қолди. Одатдагидек, тоққа ярамайдиган мол-ҳол, соғин сигирлар хос капалаб даштда қолаверди. Давла газар ҳам ушоқ молини бойларнинг сурувига қўшиб ҳайдади. Манзилга етиб боргунларича орадан ўн-ўн беш кун ўтиб кетди. Чўпонлар бориб жойлашгач, ёрдамлашиб борганларга рухсат беришди. Газар мишиқиларнинг оёғига қараб ўтирмай илгарилаб кетди. Шу юришда тол туш маҳали Усмон дарадан чиқиб келди. Шу ерга етганда қизиқиш билан Сорибой кўрсатган қояга ўрлаб борди. Қояга чиққан газар Катманнинг ҳоварини кафтдагидек кўриб ҳайратланди. Шу пайтгача қуруққа ҳаллослаб юрган эканман. Мендан юраган одам бўлмаса, ҳамма жойни тепкилаб чиқдим деб қуруққа оёқни чарчатганим қолибди. Қурғур чўпон ҳам қаерга чиқишни билган экан. Шу гапларни хаёлидан ўтказиб чопон тўшаб ётиб олди. Қуёш жазиллаб турса ҳам, шамол ҳуриллайди. Бир роҳатижон жой экан. Сувлотдаги қора-қура моллар яқингинадан кўринади. Бир маҳал Зиқнанинг жойувидан чанг кўтарилди. Пода кўринди. Ҳушёр тортиб ўша ёққа қараб ўтирди. Ниҳоят, қирдан отлиқ ошиб келди. Зиқнани аниқ-тиниқ таниди. Бирор чўпонидир деб роса синчиклаб қаради. Йўқ, аниқ ўзи эди. Уккағар чўпонбачча тусмолламай кўрганини айтган экан.
Бекмирза зиқна молини сувлаб ортига қайтарди. Ўзи сувлотда кавуш қайтариб турган бир қора молни қир томон ҳайдашга тушди. Газарнинг ичига муз оралади. Жойлашиб ётиб олди-да, бор эътибори билан кузата бош­лади. Қоянинг устидаги одамни пастдан илғаш қи­йин. Қоянинг паррак учқур тошлари кўзни чалғитади.
Зиқна сувлотдан узоқлагач ҳайдаб бораётган молни уриб йиқитди. Отдан сакраб тушиб, ҳаш-паш дегунча саранжомлаб отига ортмоқлаб подасининг ортидан кетди. Давла газар илон авраган қуёндек қалтираб ўтирганида ғожирларга кўзи тушди-ю, оёғини қўлига олди. Не кўз билан кўрсинки, мишмишдаги манзарага дуч келди. Молнинг биронта суяги синдирилмаган, жониворнинг ичида боласи бор экан деб ачиниш билан бош томонига ўтиб тахтадек қотиб қолди. Ўзининг бўғоз олақашқа ғунажини. Оғирлашиб қолди, ёш мол тоғда бола ташлаб қўймасин деган ўйда даштда қолдирувди. Давла газар ғазаби қайнаб зиқнани тилка-пора қилишни ўйлади. Аммо бошқа бир нарса шаштини туширди. Шу нокаснинг номини оқлаб ҳаммани мулзам қилган ўзи-ку. Энди унинг гапига биров ишонармикин? Зиқна ҳам унча-мунчага жон берадиганлардан эмас. Ёлғиз ўзи ҳаллослаб борган билан ғунажинининг куни бошига тушиши мумкин. Латтаси сувга тушиб уйига кетди. Уйига боргандан кейин ҳам дамини чиқармади. Олақашқани ғожир ебди деган хабарни эшитиб ҳам ғинг демади. Биронта мол билан шохлашган бўлса, қорнини ёриб ташлабди деган сабаб билан уй ичидагилар ачиниб қолаверди.
Давла газар илон чаққандек тўлғонди-ю, тилини тиш­лади. Кейинчалик ҳам кимнингдир семиз молини ғожир еганини эшитганида ҳеч кимга эшиттирмасдан зиқнани бўралаб сўкарди, холос.
Орадан йиллар ўтди. Давла газар қариган чоғида ўғлига гурунг берди. Оёғимга ишониб панд едим, шундан кейин умрим ўтиб ҳеч бир баланд жойга чиқмадим дея ўша воқеани эслади.
Катманда ҳозир Давла газарнинг невара-чеваралари яшайди. Одамларнинг гурунгига қараганда, булар ҳам ҳеч баланд жойга чиқмасмиш. Бу мишмишлардан буён уч авлод умргузаронлик қилиб ўтиб кетди.
Агар бугунги кунда айни кўклам фасли Усмон дарага йўлингиз тушса, Давла газар чиққан қояни кўрасиз. Қизиқувчилар бўлса, қояга чиқиш осонгина. Катманнинг ҳоварида ҳаёт қайнайди, энди ғожирлар йўқ. Даштнинг қоқ белидан канал ўтган, кенг-кенг ғаллазорлару пахта майдонлари чўзилиб кетган. Меҳнаткаш эл жавлон уради.
Қизғалдоқ қоплаган қирлар қонга беланиб йиқилган баҳодирлар каби ер билан битта бўлиб кўринади қояда турган одамга. Эринмасдан чиққанлар худди кино томоша қилгандек бўлади.