Ўшанда омон-омон замонлар эди. Бозиргоннинг қизи бўй етиб-етмай тилларга тушди-ей, дунёнинг қизиқ-қизиқ нағма-созлари кўп экан, кишини не кўйларга солмайди денг-а, чиройи қурғур ҳам офатнинг бири эканми, билмайлар қолдимов. Ишқилиб, чиройлининг ошиғи кўп бўларкан-да… Кўксида бир нимарса дупурлаган йигиту бўз боланинг оҳ-воҳлари овулдан-овулга кўчиб, ҳолини билган-билмаган омадини синашга тушиб кетди…
Ботирлар ҳунарини томоша қилиш учун бола-бақра кўча чангитиб югуришади, ҳовуз бўйидаги тол тагига тўдалашиб чуғурлашади. Саросима, ҳайрат ва қўрқув эгаллаган кўзлари ола-кула, энтикиб бир-бирига гал бермай кўрган-билганларини айтишга шошилади:
– Бирови бировини шундай бопладики, башараси моматалоқ бўлиб кетди-я.
– Эҳа, бари томоша кўпкарисойда бўлди, кўрмабсилар-да, – дейди чечанроғи. – Кўп отлиқ йиғилди. Гижинглаган отларга бирам ҳавасим келди-ей, қанийди менинг ҳам шундай отим бўлса. Тилла узангисининг ялтирашидан кўз қамашади. Эгаси ҳам ботирнинг зўри экан, бир тўда йигит гирдикапалак. Сой отлиққа тўлиб кетди. Бир маҳал кўпкари бошланди. Чавандозлар улоққа жон-жаҳди билан ташланиб, узанги йўлдошларнинг қийқиришидан одамни ваҳима босади-ей. Улоқ ердан кўтарилиши билан… дупур-дупур, ҳаййа-ҳуйт, ҳуййй-ҳуй, бос-бос, аҳа-аҳа, урҳо-ур ҳайқириқлар. Биров бировининг олдини ўраб йўл бермайди. Улоқ қайта-қайта ерга тушиб галагов бўлиб кетаверди. Жон аччиғида чавандозлар аччиқ-аччиқ қамчи босганиди, отлар калта-калта кишнаб қўрага ўзини уради. Урҳо-ур, олҳа-ол, бос-бос қийқириқлари кўпкарисойни гумбурлатиб юборди. Кутилмаганда ёлғиз тулпор тўдадан ажралиб чиқса бўлама денг. Шамолдек елган қорабайир издиҳомни ортида қолдириб, олдини ўраб чиққан тўдани қиялаб йўл солди. Шу пайт ўқдек учиб саманқашқа қорабайирга қобатма-қобат етиб борди-да, у улоққа интилмасдан чавандозни қамчи билан солиб юборса бўлама денг. Ана шу ғирромлик баҳона томошанинг зўри бўлди-да. Улоқ бир томонда қолиб чавандозлар қамчи билан бир-бирини савалай кетди. Қамчига қаноат қилмаганлари пичоқ-ханжарларни қўлга олди-ей. Вой-дод, ур-тўполон, қир-пичоқ авжига чиққанда томошахўр болалар ўтакаси ёрилиб қоч-а. Дод-войдан одамларнинг эсхонаси чиқиб, шундан бери кўпчилик боласини кўчага чиқармай қўйди. Овулда эрта-кеч аҳвол шу. Қўй бу гапларни дейдиган одам йўқ.
– Шу ҳам томоша бўптими? – дея бошқа бири гапни илиб кетади. – Булоқнинг адоғидаги тўқайда уймалашганларнинг хабарини топиб бир гала болалар тошларни паналаб бордик. Аввал икки барзанги йигит ўртага чиқиб роса муштлашди. Муштлашиш орани очмади, чоғи, кейин қиличбозлик бошланди, бировининг оччуви жуда тез экан-эй, эсласам, ҳалиям баданим дириллайди. Қилични сермаб-сермаб бирдан рақиби бошини сапчадек узиб ташласа-я, кейин шотирлари ҳам бир-бирини қилич билан сўйишга тушиб кетди-ей. Дамимизни ичга ютиб жой-жойимизда тошдек қотибмиз-эй. Энг қизиғини эшитинглар-да, эшитинглар, бир-икки мишиқилар ҳам текин томошага ортимиздан эргашган экан, қарасам, ҳаммаси иштонини ҳўллаб қўйган, ранги бўздек, кўзи манглайига битиб, шайтонлаб ўтирибди… Сенларга нима бор, сўқтириб қўйибдими дейдиган бўлмагандан кейин шундайларнинг касрига овул тинчини йўқотди. Овулни хирмонжойдек галагов қилаётган муштумзўрлар нағмаси чолларнинг иймонини учириб, жиғига-да тегиблар кетди. Бу нима кўргилик, қандай кунларга қолдик дея уларнинг энсаси қотади. Бир-бирингни бўғизлашга келдингма-я десанг, сени ҳам чавақлаб кетишдан тоймайди дея жонгшаётган қари-қартанглар бу хонасолатлар дастидан биров-ярим елкага чопонини ташлаб ўришлашдан ҳам қўрқадиган бўлиб қолди-ку дея фиғони фалакда.
Бўй қизи борлар-ку ҳаловатидан айрилган, тиқ этган товушдан бир учиб тушади. Булар тағин ошиқ эмиш-а, пишув, пишагим, ҳа, сағананг қолгурлар дея қарғишга кучи етган хотин-халаж кўча чангитиб юрган ёш-ялангдан алағда.
Қўрғон остонасидан эса безбет совчиларнинг қадами узилмайди. Бозиргон ҳам эринмаган шўр экан: қизи ҳали ёш эмиш. Бировига бер-да, қутул қўй, нима қиласан ҳаммани сарсон қилиб?
Худо урганни пайғамбар ҳам ҳассаси билан туртади деганлари чиппа-чин эканов, кўтаролмасанг қўшиб боғла бўлиб ётибди. Ёт элатдан яна бир дардисар катта карвон билан савдогар қиёфасида пайдо бўлди. Бозорда савдо авжиди. Унинг товарига харидор тутдек тўкилди. Бунчалик савдоси қизишини кутмаган савдогар омади чопганини хайрга жўраб, ичидагини сиртига чиқармай пайт пойлаб ётди. Ҳамон ошиқлар маъшуқасининг остонасига бош уриш билан овора, бир-бири билан қир-пичоқ. Қулай фурсат топган савдогар ҳам одам қўйди. Афсуски, Бозиргон ёт элатга қиз беришдан бош тортди. Савдогар аламидан илон чаққандек тўлғаниб кеча-кундуз йўл ахтарди-ю, аммо бари уриниши зое кетди.
Ит эгасини танимай қолди, одамлар яшашдан безиган…
Эрта баҳордан майсалар бўй чўзмаси қовжирай бошлади. Ёғин тоқалаб кетди, сурункали қурғоқчилик. Экин-тикин ҳосили ўн ҳисса тушди. Қирларнинг ёнбағирларига омоч билан тирнаб экилган бўлак-бўлак лалми буғдойпоялар бир қарич ҳолида офтоб урган эски гиламдек сарғайиб ётибди. Жизғанак адирлар ҳовурида кўк тоқи лопиллаб ларзон ейди. Оч-яланғочнинг сон-саноғи йўқ. Одамлар орасида ваҳима қўпган, пиёда у ёқда турсин, дон отлиққа ҳам анқонинг уруғи. Сурув-сурув қўй-қўзиларини изғиштирган чўпон-чўлиқлар чувиллашиб тоғ тарафга кўчади. Буғдой нархи тилло баҳосига чиқди. Нон-нон деган гўдакларнинг изиллаганига одам боласи тоқат қилолмай қолди. Эти устухонига ёпишган гўдаклар пўстакка сепилган бир ҳовуч қурмочни излаб қил чайнайди. Дашту далада бел-кетмон кўтарган одамлар сичқон борми, каламуш борми, инини ковлашга тушиб кетган. Ҳоварда жониворлар судралиб-судралиб тарракдек қотади… Худо кўрсатгилик қилмасин-эй, эл шундай кунларга қолди-я. Оч болангдан қоч, болам. Дон солинган чоночлар нақ хазина-я, хазина. Эҳ, аттанг, аттанг…
Бозиргон катта карвон ҳозирлаб ўғли Норқобилни ёт элатларга жўнатди. Кумуш-тилло юкланган туяларнинг қўнғироқлари жаранглаганча имиллаб одимлайди. Савдогарлар бойлик орттириш учун жонини хатарга қўйиб юртма-юрт кезишган бўлишса, бу гал карвон нафақат ўзлари, балки орқада қолганларнинг ҳам ҳаёт-мамоти қил устида турганини ҳис этиб жон ҳовучлайди. Йиртқич овда ювош тортганидек, карвон соқчилари ҳам қилич-қалқонларини тақирлатмасдан нафасини ичига ютиб сергак кетиб боради. Важоҳатидан шу топда олдиларига кўндаланг бўлган ҳар қандай ғанимнинг кул-майдасини чиқаришга қодирдек. Бир дунё бойликни бор-йўғи дон-ғалла учун олиб бораётганидан бариси ачинади, латтаси сувга тушган. Карвонбоши Норқобил тишини тишига босиб боради. Қандай бўлмасин буғдой билан қайтиш тайинланди. Шундай қилмаса, уруғ-аймоғи очликдан қирилиб кетади.
Карвон узоқ йўл тортди. Ҳар қадамда хавф-хатар. Ниҳоят, узоқда шаҳар кўринди. Карвонсаройга етишди. Бозорлар бўм-бўш. Норқобил бошига таёқ теккандек гангиб қолди. Қай ерда бўлмасин, ҳожатбарор дегани кафанни ўлчамай бичаркан. Норқобилни ҳам шаҳар савдосини бошқараётган бойнинг ҳузурига олиб боришди.
Бойнинг юзи хўроз тожидек товланиб, бурни тагида тикрайган мўйлабини беихтиёр тили билан ҳўлларкан, қитмир-чагир кўзлари айёрона йилтираб кетди: наҳотки… бахт ўз оёғи билан кириб келса-я.
– Сен довон ортидаги бозиргоннинг ўғлимисан? – дея берилган саволдан Норқобил кўнглида умид учқунлади.
Демак, савдогар таниш, иш осон кўчади. Бойнинг хумори тутиб кўнгли орзиқиб кетди. Норқобил қанча тоқатсиз бўлса, бой шунча хотиржам.
– Аввал меҳмоним бўл, нима ишинг бўлса, кейин гаплашамиз, – бойнинг илтифотидан Боймурод ўзида йўқ хурсанд.
Тунги зиёфатда умрида шароб ичмаган Норқобил тўла қадаҳни мезбон билан тил топишиш мақсадида томчи қолдирмай сипқорди. Бойнинг кўнглини топиш илинжида, заҳар тўла қадаҳ тутқазишса ҳам, ҳеч иккиланмай ичишга тайёр. Зиёфат айни қизиганда:
– Истаганингча буғдой топиб бераман, баҳосига келишолсак, – дея бой айёрона жилмайди.
Норқобил ўрнидан бир қўзғолиб олди. Ҳар қанча нарх айтса ҳам, буғдойни қўлга киритмаса иложи йўқ, йўлига қанча кўзлар мунтазир. Бой туллак эди.
– Буғдой олтин-кумушга сотилмайди, – дея Норқобилни чалажон қилди қўйди.
Норқобил ҳеч балога тушунмай мўлтираб оғзига тикилганида муддаога кўчди:
– Қариндош бўламиз… сизларга куёв бўлмоқчиман.
Норқобил ўрнидан сакраб турганида шароб таъсирида кўз олди қоронғилашиб, қулоғи остида очликдан инграётган овозлар эшитилгандек бўлди-ю, турган жойида қоққан қозиқдек қотди. Муҳтожлик танасидаги бор қувватини суғуриб олганидан шалвираганча жойига чўкди. Кўп ўйлади, узоқ ўйлади. Дон керак… дон… Ночор бош эгди.
– Ўзинг олиб келиб берасан, боришим шарт эмас. Шундай қилсак савдомиз тўғри бўлади, – деди бой сурбетлик билан.
Бу гап Норқобилнинг суякларини шовшатиб юборган бўлса-да, аллақачон ғишт қолипдан кўчганди. Бой ҳам дангал экан, унинг зеру забарига қиё боқмасдан тилаганича буғдой берди. Йигитни тириклай ўлдирди-ей, пичоқсиз сўйди-я, пичоқсиз. Иш пишгандан кейин бой қирқ йигитини қўшиб жўнатди. Норқобил кундуз куннинг ўғрисига таланиб, ичи музлаб ортга қайтди. Олиб қайтса бир ўлжа, омон қайтса икки ўлжа деган ажойиб гап бор. Афсуски, олиб қайтди-ю, олганидан берадигани азиз эди, омон келди-ю, ўликдан баттар эди. Йигит лафзини ютмас.
Бибиш чимматга ўраниб тахтиравонда овулдан чиқди. Қизлар келин бўлганида ич-ичидан қувонса, Бибиш ич-ичидан қон йиғларди. Ёт юртда уни не савдолар кутади? Тақдир пешонасига нелар битган, билмайди. Тахтиравон чайқалиб боради, Бибиш ғам-ғуссаларига таскин бераётгандек оҳиста ғижирлайди. Бозиргон қизига ёт элатлар нописанд бўлмасин дея топган-тутганини яккаю ягона қизининг сепига солди: тилло-кумуш тақинчоқлар, олмос қадалган сарполар, лак-лак ипак-шоҳилар ортилган қатор-қатор нортуялар оғир лўкиллайди. Норқобил ёт элатдан қайтариб келган туя-туя олтин-кумуш нима деган гап?
Ўйнаб ўсган овулини ортда қолдириб ёт элат сари йўл олган Бибиш дабдаба билан кетиб боради. Бу шум хабардан жазаваси қўзиган ошиқлар карвонга босқин уюштирди. Қийқиришиб йигитлар қиличларни ярақлатганча оч бўридек ташланишди. Эҳ, аттанг, улар ўйлаганидек бўлиб чиқмади. Бой узоқни кўролган эди. Унинг милтиқ билан қуролланган қирқ йигити ўқига учганнинг саноғи бўлмади. Босқинга киришган бариси тутдек тўкилди. Ўзаро гўштингни еб ётганинг етмасмиди, энди буниси нима дейдиган мард қайда?
Қуруқ қолганидан алами қўзиган тоқа-тарим ошиқлар талончиликка ўтди, ўлжа дардида туну кун изғийди, дуч келганни чавақлаб кетаверади… аламидан қутуради. Биров бировнинг пишагини пишт десин, қиёмат қўпади… Карвон йўллари хатарга тўлди…
Овулнинг бошига кетма-кет кулфат, қаҳатчилик устига вабо тарқалди. Одамлар ўликдан сесканмай қўйди. Афсуски, қаҳатчилик қўрғоннинг кўз қорачиғини зўрнинг қўлига тутқазган бўлса, ўлат балоси суянган тоғини ҳам қора ерга тиқди. Норқобил етим қолди. Қўрғон файздан кетди. Юртдан ўлат кўтарилганда эл сийраклаб қаҳатчиликка одамлар кўникиб бўлганди…
* * *
Орадан йиллар ўтди, баҳор серёғин келди. Яхшилик ҳам қўша экан. Тўл мавсуми – қўзилатиш. Зирқиллаб ёмғир ёғмоқда, кийимлари жиққа ҳўл чўпон-чўлиқнинг кўзларида қувонч. Қақшаган ер сим-сим ёғиндан хамирдек кўпчийди. Баҳор палласи қўйларнинг ўтлашини томоша қилиш гашти ўзгача-да. Майсалар биллур томчиларни бошида тутганча минг хил товланиб туради. Жониворлар иштаҳа билан ерга энгашади. Юриб-юриб майсани чимдийди, ғирч-ғирч, чипр-чипр, ғирч-ғирч юлади, ямламай ютаверади, ўзагидан суғурилган майса шийқ-шийқ овоз беради. Чипр-чипр, ғирч-ғирч, шийқ-шийқ, худди куй чалаётгандек. Совлиқ бошини кўтариб қўзисини излайди, оғзи тўла майса, бооо, бооо маърайди, яна ғирч-ғирч, чипр-чипр ўтлайди. Бир дамда булутлар чоки сўтилиб, қуёш юз очади. Олам чиннидек ярақлайди. Қўзичоқлар дикир-дикири… совлиқларга суркалади. Қаторлашиб-югуришиб сурувнинг у бошидан-бу бошига бориб келаверади. Ўртада тўхтаб бир-бирларига ҳамла қилади, дўкишади. Сакраб-сакраб яна ажрашади. Дирк-дирк, тўрт оёқлаб сакрайди. Дирк-дирк ёнбошлаб-ёнбошлаб, сакраб-сакраб югуради, қувлашади. Айланиб-айланиб яна дирк-дирк сакрайди. Бир-бирининг устидан сакраб ўтади, қувишади, яна тўрт оёғини жуфтлаб сакрайди, гоҳ ўнг, гоҳ чап ёни билан дирк-дирк, дирк-дирк. Ҳали қўзичоқлик даврини эсдан чиқармаган битта-яримта тўқлилар ҳам ярашмаган ямоқдек дирк-дирк сакрайди. Бир дам ўйнаб хумори босилгач сурувга қўшилиб ўтлай бошлайди. Сутга тўйган қўзилар майдонни кенгроқ олади. Узун кетган чолдевор бўйлаб пойга бўлади. Бу гал қилиқлари қалъа вайронаси устида давом этади. Ерда сакраб-сакраб бориб девол устида яна сакрайди: дирк-дирк, дикир-дикир…
Кундан-кун дашту дала, дов-дарахтлар юз оча боради. Паға-паға момиқ булутлар юксак чўққилар томон кўчиб туради. Қирларни қўй-қўзининг маъраши, болаларнинг қий-чуви тутиб кетади. Ҳашаротлар чириллаши роҳат, гулдан-гулга ғув-ғув қўниб учаётган арилару капалаклар кўзни қамаштиради. Бойчечагу мойчечаклар енгил тебраниб олам жамолини янада жилолантириб юборгандек. Чойқоқилар камарларда тизза бўйи. Исмалоқлар дастурхон бўлиб ёзилади. Чўпон болалар чойқоқили камарларга мол ҳайдамайди. Чойқоқидан тўйиб еган мол дамлаб ёрилиб ўлади. Кунлар ўтган сайин ёмғир сийраклаб, ғалла авжланади. Лалми экин нақ кўкракка уради. Узоқ йиллар бундай ҳосил битмаган эди. Кенгликни ялпиз иси тутиб кетади. Ёмғирлар сийраклашгани сайин ўт-ўлан уруғи пишиб қовжирай бошлайди. Кундан-кун қирлар тарғил тусга кираверади. Келин супурги барқ уриб ўсади.
Овулда қўшчилар қўшиғи кеча-кундуз тинмайди. Аёлу эркак бари дала-даштда, хирмонга барака, хирмонга барака…
Ҳо майда, майда, майда,
Сомони сенга фойда…
* * *
Уфқдан эндигина бош кўтарган қуёшда Норқобил қош чимириб, қисиқ кўзлари пиликдек тортилиб меҳмонхона эшиги олдига етганда тўхтаб қолди. Сўнгги пайтлари онаси тез-тез Бибишни туш кўраётганини айтавериб Норқобилни ҳоли-жонига қўймайди. Узоқ юртга йўл тортишга дармон қайда? Имкони бўлганда, онаси айтмаса ҳам, қанот чиқариб, синглиси ҳолидан хабар олгани учиб борарди. Бу ёқда етимлари оёққа туриб олгунча неча йилдирки она дардини ичига ютиб келади. Дод солиб, оҳ-воҳ қилгани билан бирон нарса ўзгармаслиги аниқ. Кучи кўзига етади, йиғлайди-сиқтайди, тақдиридан нолийди, ўз ёғига қоврилиб кечани кундузга, ойларни йилларга улайди, қадди дол, боши хам. Фарзандидан тириклай айрилиб ўтирибди, оёғи тушовли, жигар-бағри қон. Буни онасидан кам англамаган Норқобил ҳам ич-этини еб юрибди. Эшик олдида туриб онаси зорланишидан бўғзидан бир нарса тошиб келиб шашт билан тутқичга қўл чўзди. Эшик ғийқ этиши билан куюнаётган онаси унга юзланди:
– Қандай оғасан, болам, бир муштипарингни сўрамасанг, Бувишжоним бу сўнгсиз йўлларга тиклай-тиклай кўзлари тешилгандир. Чин бўлмаса, белдан белбоғни еч, аёл бошим билан ўзим йўлга тушай… – деганча йиғлаб юборди.
Энди-энди кўкрагини шамол эшган Норқобил бу гапдан сесканиб кетди. Беихтиёр азонлаб йўлга тушамиз деб юборди…
Бениҳоя қувонган она ўғлидан айланиб-ўргилишга тушди, дуо қилди, йиғлай-йиғлай юзи ёришди.
Тонг бўзариб оқиш шуълалар уфқни эгаллаганда от ўйнатиб бораётган яроқли йигитлар шарақ-шуруқию тақаланган туёқлар дупур-дупури эшитилади. Илон изидек чувалган довонда карвон қораси кўзга чалинади. Сокин ва зерикарли саратон, дараларда ҳашаротлар тинимсиз чирқиллайди, аллақандай қушнинг чақ-чақлагани акс садо беради.
Кун ботар маҳал карвон сап-сариқ, қовжираган кенгликда чумолидек тизилиб кетиб боради. Улар ҳафталаб йўл босишди. Қиёфалар тунд, айтилиши керак бўлган гаплар айтилмасдан тушунилади. Шаҳар қора берганда барининг юзида саросима, бир-бирига қарашиб нафасларини ичга ютади. Норқобил йигитларни карвонсаройда қолдириб, синглиси келин бўлиб тушган уйга ёлғиз жўнади. Ажабтовур ҳуччайган томли ҳовли қўраларига тахта тўсин ўрнатилган, тор тош кўчалар бўйлаб бораркан, шаҳарнинг диққинафас ҳавосидан юраги сиқилди.
Узоқ вақт кўришмаган синглисини кўз олдига келтириб ҳаяжонда қалтирар, ичи қизиб, ниҳоятда тоқатсизланарди. У мени қандай кутиб оларкан? Шунча ўтган вақтни хаспўслашга баҳона излайди. Хаёлига бир гап келмайди. Эшик очилиб бир аёл бўй берди: синглисини кўзларидангина таниди… упа-элик суркалган мурда тус… анча улғайибди…
Бибиш югуриб келиб оғасининг бўйнига осилганча йиғлаб юборди.
– Оғажон… жоним оғам, бу дунёда бормисиз ахир?..
Бибишнинг бор илтифотию арази шугина бўлди, холос. Норқобилнинг дилоғриқлари бир зумда учди кетди. Дилозор диванга чўкди. Бибишнинг мамнунлигидан ҳайратда. Узоқ дийдиё эшитиши керак эди-ку. Бибишнинг сўзларида на меҳр, на соғинч сезди. Норқобил ҳайрон, гўёки етти ёт бегона бир аёл синглиси ўргатган гапларни айтиб тургандек. Юраги тошга айландими ёки эртаклар мамлакатига келиб қолдимми деган хавотир кўнглига оралади. Наҳотки, шу пайтгача чеккан ғам-ғуссалари ҳавойи гаплар бўлса. Аммо Бибиш бепарво. Чойга таклиф этилди. Норқобил стулга ўтиришга одатланмаганидан авайлаб жойлашди. Қаттиқ ҳаяжон уни ҳиссиз қилиб қўйганди.
Бир пайт хизматчи аёл атак-чечак бир болакайни етаклаб келди. Бибиш бола тилида: «Кани, кани, тоғага салом бер-чи», – дея бегонасираётган ўғлининг митти қўлчасини зўрлаб тоғасига узатди. Тоға-жиян…
Куёв олдида Норқобил ўзини ўта ноқулай сезди, гурунглари қовушмасди… Меҳмон шарафига зиёфат уюштирилди. Шиша идишлардаги турфа ичимликларни Норқобил шу пайтгача кўрмаган, ҳатто номини ҳам эшитмаганидан кўзларига ишонмайди. Кеч тушиб меҳмонлар жуфт-жуфт бўлиб келишни бошлади. Хотинларнинг яримочиқ сийналари Норқобилнинг кўзини ловуллатар, туйқусдан баданига титроқ кириб, ўзини лоҳас ҳис эта бошлади. Тап тортмасдан бостириб келаётган аёллар эрларига менсимай муомала қилади ва бундан заррача хижолат чекмайди. Эри билан қўлтиқлашиб меҳмонларга пешвоз чиқиб келган Бибиш ҳам улардан қолишмас, рўмоли кўкрагини номигагина тўсиб туради, холос. Қучиб-ўпиб кутиб олишлар… Нақ шайтон-ку булар, одам қиёфасидаги малъунлар… «Қул қутурса қудуққа қармоқ солади дегани шу бўлса керак», – ўйлади Норқобил.
Эшитган бошқа, ўз кўзи билан кўриш бошқа экан, бундай кўргиликни кўрганим қурсин дея ўзини койиди… Аллақачон меҳмонлар стол атрофида жойлашиб, таом келтирилишини кутмоқда. Норқобилнинг мияси тўнглаб қолгандек, кўзлари бақрайган. Қадаҳлар жаранглар, сўппайиб ўтирган меҳмондан даврадагилар бараварига хафа бўлишиб, унга ҳам қадаҳ узатишди… Саросимада нима қилаётганига ақли етмай Норқобил қадаҳни бир кўтаришда ичиб юборди. Ичига олов киргандек кўзларидан ёш тирқиради. Йўталиб қолди. Шарбат узатишди. Базм давом этади, боши қизиган Норқобил энди жиннилардек пайдар-пай қадаҳ бўшатади, узатилган шўр газакни лаззатланиб тишлайди… Алаҳсираяпман, шекилли, жинлар базмига тушиб қолдимов дея хаёли алғов-далғов. Қий-чув рақсга тушаётганлар кўзига алвасти бўлиб кўринади, бунақаси етти ухлаб тушига кирган эмас. Қаерга келиб қолдим деб ўз-ўзига савол беради, бироқ унга жавоб йўқ. Ачиган хамирдек мияси бош чаноғидан тошиб боради. Хонани эгаллаган тамаки тутунидан кўз олди хиралашиб, мусиқага қоришган шовқин элас-элас қулоғига кириб-чиқаркан хиёл оғишаётганини билиб-билмай ҳушдан ажралди…
Саҳар чоғи, кўча чироғи шуъласи хонани хира ёритиб турибди. Норқобил кўзини очган бўлса ҳам худди туш кўраётгандек, ҳалиям бош кўтаришга мажоли йўқ. Томоғи қақраб кетганидан базўр ўрнидан қўзғолди. Боши чир-чир айланади, туртиниб-суртиниб деразани ланг очиб юборди. Юзига урилган яхдек ҳаводан ҳушёр тортди. Ичида ит ўлгандек, димоғига ўрнашган қўланса исдан юраги ўйноқлаб, деразадан шариллатиб қусиб юборди. Чанқоғи баттар зўрайди.
Зулмат пардалари сўтилиб, осмон оқара бошлади. Шундагина сал тетиклашгандек эшик томон юрди. Нимқоронғи зал, кечаги ғала-ғовурдан асар ҳам йўқ. Сув излаб Бибиш дея овоз берди. Ҳеч қандай жавоб бўлмади. Танлаб-танлаб ҳашамдор бир эшикни тақиллатиб Бибиш, Бибиш деди. Жавоб бўлмагач, қия очиб бош суқди. Ғира-ширада куёвнинг кал боши тарвуздек йилтираб кўринди. Овозини баландлатди. У уйғонавермагач, бош томондан ўтиб туртди:
– Бибиш, тур, сувларинг қаерда?
У бир тўлғониб ингранди. Сал қаттиқроқ туртди. Шунда у устидаги чойшабни очиб норози ғулдиради. Шу заҳоти Норқобил чаён чаққандек воҳ деб юборди. Меҳмон аёл-ку. Наҳотки… Кўзларига ишониб-ишонмай залга отилиб чиқди. Чанқоғини ҳам эсдан чиқариб Бибишни ахтара бошлади. Рўпарасидаги эшикни очиши билан жойида туриб қолди. Қусуғига қоришган бир тирик мурда сасиб-бижғиб хуррак отарди. Норқобилнинг кўнгли баттар айниб эшикни қайта ёпди. Ҳар дуч келган эшикни очаркан, дарҳол ортига қайрилиб, ўзи учун бу эшикларни қайта очилмайдиган қилиб ёпарди. Тарақлатганча залнинг у ёқ-бу ёғида тентираётганида тўрдаги нимқоронғилик сал ёришганда бир шарпани илғаб ўша томон юрди. Қия очиқ эшикдан сочлари тўзғиб ухлаётган Бибишга кўзи тушди. Энди бу ёғига юришга мадори йўқ. Гумон унинг миясига ханжардек ботди, аммо синглиси ёлғиз… шарпа… бошқа хонадаги эри… Норқобил турган жойида сирри бўлиб қолди: ростакамига мени жин чалган дея баданларини чимчилаб кўрди. Даҳшатли босинқираш ёки ёмон тушдан тезроқ қутулишни ўйлаб уйғонишим керак, уйғониш дея шунақанги бақирдики, зал алғов-далғов бўлиб кетди. Норқобил чинқирган кўйи ҳушидан ажраб йиқилди…
Кутилмаган ёввойи чинқириқдан ороми бузилган мезбонлар бирин-кетин истар-истамас нима гап дегандек залга чиқиб кела бошлади. Нима гаплигини англаганлар ҳушёрланди, англамаганлар қўл силтаб бош оғриғини қолдириш учун ичимлик излаб тарқалди. Бибишнинг юрагига ғулғула тушди. Меҳмоннинг ҳолини кўриб куёв ҳам бу ёввойи билан юзма-юз бўлишни хоҳламаганидан кўчага отланди. Бибиш ундан маслаҳат сўраганида ҳозирча вазиятга қараб ўзинг билганингча иш тут дея чиқиб кетди…
Синглиси билан карвонсаройга кириб борганда Норқобилни йигитлар узоқ кетганидан саволга тутишди. У чурқ этмади. Бир лаҳза ҳам ҳаялламай йўлга тушдилар. Шу кетишда неча кун йўл босган бўлсалар ҳам, Норқобил ҳамон гунг ва кар. Арғамчидек чўзилган карвон йўли ҳеч тугамайдигандек, назарида, бир асрдан бери бу оғир ва кўнгилсиз йўлда мудраб-мудраб, ҳеч уйғонолмай кетиб бораётгандек. Йигитлар ҳам мисоли толқон ютган. Бибиш боласи билан овунади-ю, кўнгли хижил. Акаси фақат кенжатойини олишга рухсат берди. Турқи-табиати ёқимсиз катталари билан гаплашишни ҳам хоҳламади. Бибиш оғасининг бу қилиғидан хафа. Карвонда биргина болакай хархаша қилади, егулик сўрайди, сув дейди, эркаланади, атрофга завқ билан боқиб, туянинг тебранишидан ҳузур қилиб, бир уйғониб-бир ухлаб келмоқда.
Калтакесаклар гоҳо думини биланглатиб қочиб қолади, гоҳо ҳалқумини лўқиллатиб турган кўйи карвонни кузатиб қўяди. Онда-сонда хас-хашаклар орасидан тўрғай пир этиб ўн-ўн беш қулоч учиб-қўниб, яна пилдираганча югуриб кўздан ғойиб бўлади. Дашт бўйлаб чигирткалар ҳорғин чириллайди, аҳён-аҳёнда осмон-фалакда айланиб учаётган қузғун кўзга ташланади. Норқобил ҳалигача карахт, ақлини йиғиб ололмас, синглисининг уйида нималар бўлганини ўйласа, баттар ичи қоронғилашади. Йўлдаги карвонсаройларнинг бирида бўкиб бўза ичди. Бир дам бўлса-да ҳаммасини унутиб, бош оғриғи тарқалгандек бўлди. Йўлга тушдилар, жазирама лохас қилганидан яна кўнгли айниди, ичи ағдарилди, қусди ва ўша-ўша хароб ҳолига қайтди, ҳатто аҳволи ундан ҳам баттарлашди. Бўза ҳам ғамини енгиллатмади. Дашт ҳовури бепоён кенглик юзига парда тортади. Норқобил дунёга сиғмай боради. Хира тортган кенгликка назар солиб нафаси бўғилади. Минг бир азобда йўл танобини тортиб келаётган карвонда жонланиш сезилди, довон ғира-шира кўзга чалинди.
Карвон дарага кираверишда тўхтаб, от-уловлар тушовланиб ўтлоққа бошқарилди. Норқобил бир йигити билан булоқ томон кетди. Карвон йўлидан хийла ичкарида ғордан бир тегирмон сув оқиб чиқади.
Норқобил булоқ бошига етиб боргач бу қадим ғорга узоқ қараб қолди, кейин йигитга кетишни ишора қилиб, ўзи сув бўйлаб ўрмалаб тўрлади. Қоп-қоронғи зулмат, сув унинг иягигача кўмиб келди. Сурилиб-сурилиб бир тобатошга бошини қўйди-да, ях суяк-суягига ўтгунча қимир этмай ётаверди. Уни беҳаловат қилган ўй-хаёлларини муздек сув аста-аста суғуриб олаётгандек, биқирлаб қайнаётган булоқнинг сўнмас қўшиғи гўё малҳам қўяётгандек фикри тиниқлашиб борарди. Токи мияси тингунча узоқ ўйланиб ётди.
Қўш ташлаган жойига қайтганларида карвон аллақачон чодир тиклаган эди. Шу жойда тунашни маъқул топишди. Норқобил тун бўйи мижжа қоқмади. Хаёлида гоҳо боболарининг қадим маконларида сайр қилар, гоҳо ўтган қора кунларида изиллаган овозларни эшитар, гоҳо кечаги кунига бориб қолар, гоҳо эртанги кунини қаршиларди…
Азонлаб карвон яна йўл тадоригини кўрди. Турнақатор карвон довонга кўтарилиб бормоқда. Мана, рўпараларида биргина қоя – довоннинг қоқ ўртаси, ундан нарёғида Норқобилнинг ота макони. Шу ерга етганда Норқобил карвонга тўхташ ишорасини берди. Ўзи ирғиб отдан тушди, кўзларига қон тўлгандек бежо.
– Бибиш, болангни довондан у ёғига олиб ўтолмаймиз, – деди кутилмаганда синглисига ўқдек нигоҳини қадаб.
Уни ҳеч бу ҳолатда кўрмаган йигитлар ҳам қўрқиб кетишди. Кутилмаганда оғасининг бундай ўзгарганидан тили калимага келмай қолган Бибиш боласини қучоқлаб йиғлаб юборди. Нима бўлганда ҳам, кўз очиб кўрган эрини ва болаларини ташлаб уйига қайтиш муштипарга оғирлик қилади. Шунда у акамнинг гапига кириб хато қилдимми деган ўйга борди.
– Мен шу ерда болам билан қоламан, – деди акасининг қатъиятини кўриб.
Бу гапни эшитган Норқобил шартта қиличини суғуриб Бибишга ўқталди.
– Агар гапимга кўнмасанг, шу ернинг ўзида чавақлаб ташлайман.
– Оға, болада нима айб, бундай қилманг, – деди Бибишга ачинган йигитлардан бири.
– Сен айтганимни қил! – ўшқираркан, кўзлари хонасидан чиққудек ғазабдан титради. Йигит болани олишга ботинмади.
– Йўқ! – дея йигит кескин рад этди, шу заҳоти виз этиб қиличнинг ҳавони тилимлагани эшитилди, бир лаҳзадан кейин йигитнинг гавдаси шилқ этиб ерга қулади.
Норқобил болани синглисининг қўлидан юлқиб олиб бошқа бир йигитга узатди. Болакайга илашиб тушган тугунчадан тешик кулча ва хўрозқандлар сочилиб кетди. Кимдир уларни териб олиб боланинг олдига қўйди. Болажоннинг кўзлари олазарак тош устида ўтираркан, катталарнинг ўйинига бепарво қарайди. Бибиш боласи томон талпинган кўйи йиқилиб ҳушдан кетди. Норқобил ортига бурилди-ю, отга ирғиб миниб довонга йўл солди. Йигитлардан иккитаси омонатни эгасига тирик етказиш илинжида эпчиллик билан беҳуш Бибишни уловга миндириб суяб жўнади. Қолганлар ҳам уловларига интилди, карвон қўзғалди.
Ҳеч нарсага тушунмаган болакай жажжи қўлчаларини уларнинг ортидан узатиб қиқирлаб кулар, унинг маъсум қиқирлаши зов ва дараларда жаранглаб аллажойгача уларни ортидан таъқиб қилиб борди. У бир қўлида тешик кулча, бирисида хўрозқандни маҳкам чангаллаб ўтирар, одамлар не сабабдан бир ўзини бу кимсасиз довонда қолдириб кетаётганини тушунмасди. Шу маҳал улар ортидан илкис қўл чўзганда болажоннинг қўлидан тешик кулча тушиб ғилдираб кетди.
Тонг оқариб, гўё бутун борлиқ тиниқлашди. Карвон довон ошди. Ота юртга қадам қўйди.