Холмуҳаммад Каримий. Буни ҳаёт дейдилар (ҳикоя)

Шойназарга учи йўқ дард ёпишди-ю, кенг дунё кўзига тор бўлиб қолди: аъзойи бадани қақшайди, қулоғи шанғиллайди, гоҳ боши оғриса, гоҳо юраги уриб қолади, ҳали ошқозон санчганига дори ичиб улгурмасдан томирлари тортишади. Яшашдан ҳам тўйиблар кетди. Энди бирдан-бир чора кўзи очиқлигида ота юртига қайтиш.
Ўттиз йил бурун қишлоқдан чиқиб кетганича ўқиди, кейин шаҳарда қолиб бир институтда ишлади. Аслида, у болалигидан китобни камириб ўсди. Китоб титкилай-титкилай олим бўлди. Мана, не бир машаққатларда игна билан қудуқ қазигандек ўтказган умри хазон бўлиб ўтирибди. Бўлмаса, кўкрагига шамол эсганда дард ёпишадима? Бола-чақаси рангига термилиб титраб-қақшайди, дардманд бир ёқда қолиб соғлар ўлиб бўлди. Бола-бақраси билан кўч-кўронини йиғиштиришга тушди. Ўлим билан юзма-юз олишиб не бир хаёлларга бормади. Китобга тикилиб-тикилиб сочи тўкилган билан ақли пишмаган экан. Дарди йўқ кесак… дея бошидан ўтказганлар айтиб кетган. Дард унинг кўзини очди, миясини дўқилайвериб нақ донишмандга айлантирди.
Минг бир азобда ота юртига қадам қўйиши билан кўзи ярақ этиб очилгандек дабдурустдан тетиклашди. Ҳайрон қолди, ҳайронлар қолди-я: бу дунёнинг хўб ажойиб ишларига одам боласининг ақли етмас экан. Қизиғи, оғир касаллар даво истаб шаҳар боришади. У эса жон ҳовучлаб қишлоққа қайтиб ўтирибди. Энди рози-ризочилик қилайин деб турганда ўзи келган дард ўзи кетса-я.
Шов-шув гап, Шойназарбой қишлоққа кўчиб келаётган эмиш. Биров ўламан деса, бошқаси куламан деркан. Укаларининг оёққа туриб кетишида кўп меҳнати синг­ганди. Қайтар дунё, улар ҳам акасининг боши ёстиққа текканда оқибат кўрсатишди. Ота ҳовлисини бўшатиб, иззат-икром билан кутиб олдилар. Уйни ихтиёрига бердилар. Укалари сувини ўзига олган, акасининг буйтиб келиши уларга оғирлик қилмади. Кун ўтган сайин Шойназар ўзини яхши сеза бошлади, дард гўё унутилгандек. Жони нақ ҳалқумига келиб қайтди-я. Куни тўлмаган экан, оёққа турди. Бир товуққа ҳам сув керак, ҳам дон. Энди укаларига ияк суяб, қўлига қараб ўтириш инсоф­данмас. Тирикчилик, мактабга ишга кирди. Вақт ўтган сайин униб-ўсган чанг-тупроқлари шифо бўлдими, бинойидек тузалди қолди. Ўзи билган одамлар, қишлоқ ҳаётига киришиб кетди. Ўлар ҳолатдаги касал Шойназар энди қаёқда? Бундай бўлганига ўзи ҳам ишонмай қолди. Болалари сал инжиқланса ҳам хурсанд. Хотини Норгул-ку шу қишлоқнинг қизи эди. Тўнғичи оиласи билан шаҳардаги уйда қолди.
Ақлини танигандан бери шаҳарда яшаб қишлоқ ҳаётини мутлақо эсдан чиқарган Шойназар обдан ўйлаб кўрди. Бу ёғига қариндошларнинг қўлига қараб ўтиришни эп билмади. Худо ярлақаб дарддан фориғ бўлган бўлса, яна нима керак? Бир куни қўшнисига гурунг орасида маслаҳат солди:
– Менгтўра ака, ота маконни бир боғ-роғ қилай дейман-у, дарахт экиш қўлдан келмаса керак. Ҳар бир ишнинг ўзига яраша сир-синоати бўлади. Вақтингиз бўлганида йўл-йўриқ кўрсатиб турсангиз, тоза суропдан кетмагандирман?
Менгтўрабой суяги енгил, қотмадан келган, жимитдек чол. Ҳали-ҳамон оёғи тинмай юради, қўли тинмай ишлайди, аммо тили қурғур ҳаммасини ортда қолдиради. Бир жағи очилса, қўяверасиз. Қоч-да қутул бундайлардан дейишади.
– Нимага шартта айтмай ўйлаб юрибсиз, сиздек одам илтимос қилади-ю, биз йўқ деймизми? Ҳеч ғам еманг. Бугун десангиз бугундан бошлаймиз, – чол терисига сиғмай, бадани қизишиб жиққа терга тушди.
Қишлоқда Шойназарни бетига бетлик қилганлар қанча эди. Қариндошлари орқаваротдан қуруқ обрўйига семириб ётганди. Ана шу аллома менга маслаҳат солиб ўтирганини кўрганлар куйиб ўлади деб ўйлади.
– Иним, қишлоққа қайтиб жуда тўғри иш қилибсиз. Ўзга юртда шоҳ бўлгунча ўз юртингда гадо бўл дейишган. Дасти узун одамсиз, акахонларга бир оғиз суханингиз, мактаб директори бўлиб турибсиз-да. Албатта, ота юртни обод қилган ҳеч қачон хор-зор бўлмайди. Ҳар қандай хизмат бўлса биз тайёр, ҳеч тортинмай айтаверинг, – деганидан кейин бир дам ўйланиб тургач: – Боғ қилишни бошлайверамиз. Кейинчалик томорқани девор билан ўраб олиш керак, – деб қўшиб қўйди.
Қўшнисининг гапидан илҳомланган Шойназар боғ барпо қилишга астойдил бел боғлади. Менгтўрабой гурунг орасида томорқани девор билан ўраш керак дея таъкидлашни канда қилмасди. Аллома қўрғон солиб, бир боғ яратса, менинг обрўйим деб ўйларди. Шудгорга оралаши билан қандай нав дарахт экиш, уни парваришлашни тушунтиришдан ҳеч чарчамайди. Хавфсираган томони, қўшниси билан бошқалар ош-қатиқ бўлиб кетмасдан, эртароқ томорқа қаср қилиб ўраб олинса…
– Шойназар укам, одамларни яхши билмайсиз. Булар жуда-жуда муттаҳам, очиқ-сочиқ турган нарсани илиб кетади, керак-керакмас деб ўтирмайди. Кўзини лўқ қилиб томорқага молини ҳайдаб юборадиганлар ҳам бор. Кўрасиз ҳали, ниҳоллар ҳосилга кирсин, кўча чангитиб юрган болалар ҳамма жойни пайҳон қилади. «Тек тур, болам», – дейдиган ота-она борми? Буларнинг кўзини девол ўйсин. Одам бўйламайдиган қилиб ўраб олсангиз бас. Қўрғонга ошиб киришга биров ботинармиди? Сиз шаҳарда яшаб кўп нарсани билмайсиз, китобда ёзилганидек яшаш борми бу ерда, авом бўлса буларнинг бари. Авом бировники, эгаси бор деб ўтирадими, кўзига ёқса олиб кетади, ёқмаса юлиб ташлайди. Китоб ўқимаган авом молдек гап. Сиз менинг гапларимни эшитиб вайсақи экан деб ўйламанг тағин. Жоним ачиганидан бор ҳақиқатни гапириб ётибман. Яна бир нарсани айтиб қўяй, бу ердаги девор урадиган усталар шаҳардагидек фалон сўм берасан деб оёқ тираб ўтирмайди. Обрўйингиз бор, симент, тош-ғишни келтиринг-да, сиздан нима кетяпти, карнайчидан бир «пуф», тамом. Ишни битиргач берганингизга рози бўлади.
Бу гурунглар ҳаддан зиёд бўлиб кетаверганидан ке­йин Шойназар ноқулай аҳволда қолди. Бир куни томорқага сув очаётганди, Менгтўрабой келиб қолди-ю, яна нолишга тушиб кетди. Хилватда учраб қолди, кўра-била ҳеч нарсани тушунишни хоҳламаётган чолни кўп вайсатмайин-да, очиқ гапириб қўяй деган фикрда Шойназар гап бошлади.
– Менгтўра ака, эшитган чиқарсиз, охирги йилларда сурункали бир дард мени кўп қийнади. Сарф-харажат қилишдан ҳам армон қолмади. Тақдир экан, кўп ташвишларни бошдан кечирдик. Пишиқ ғиштдан девор тиклаш у ёқда турсин, пойдевор ташлашга ҳам ортиқча маблағим йўқ. Ниҳоллар каттараверсин-чи, у ёғига худо пошшо, бир гап бўлар.
Менгтўрабой бу гапларга ишониб-ишонмай «йўғ-э» деб юборди. Шойназарга тикилиб туриб кўнглида бекорга бу муаллимча бўлиб юрмаган экан-да, бу чекка қишлоққа йиғиштириниб келмаган деганларга ишонмагандим-а…
Бир куни Шойназарбойнинг томорқасига сув бошқараётганди, уста Хидир ариқ ёқалаб келаётган экан.
– Калбошга пой-патак бўлиб ўзингиздан кетиб қолибсиз, Менгтўрабой. Бу одамнинг кимлигини билмабсиз. Айтишларича, шаҳардан урилиб келганмиш. Қўлидан иш келмагандан кейин токайгача суяймиз деб тепиб юборган-да. Ўтган-қайтганда қариган чоғда жон куйдириб ишлаганингизга ҳайрон қоламан. Қўйнига қўл солиб кўринг-чи, кейин биласиз, – деди. Бунга ўхшаган гапни Шомирза тракторчи ҳам айтиб эди. Аммо Менгтўрабой бу гапларга ишонмади. Энди Шойназарнинг ўзи ҳамма айбини тан олиб ўтирганига нима десин?..
Шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Аниқ урилиб келган экан-да, оёғи узангида бўлганида аллақачон мактабга директор бўларди. Ғафлатда қолдим. Дамини чиқармай юрганидан юрагим бир нарсани сезиб эди. Ҳа ялтирбош-э, гап бу ёқда экан-да. Яна баҳона қилишини қара-я, ҳа онағар-эй, китобни камириб-камириб камширликни ўрганган экан, мен гўл бўлсам буни аллома деб юрибман. Содда одамларни алдаб қўйсам ишониб кетаверади деб ўйлаган-да. Бу дунёда дард чекмаган одам борми? Ўргилдим сендақа изаридан.
– Тушундим, тушундим, узр, – Менгтўрабой тарки одат билан гапни қисқа қилиб қичиланиб-қичиланиб кетди қолди.
Шу кетганича ҳафталаб соясини ҳам солмади. Менгтўрабой мутлақо бошқа одамга айланиб қолган, меҳрибон қўшни энди йўқ. Авваллари Шойназар айтса-айтмаса келиб ишлаб ётарди. Ҳар бир гапида ҳурмат сақлаб турарди.
Шу кундан бошлаб тўнини тескари кийди. Ҳар куни кетмон ёки бел кўтариб югургилаб келиш қаёқда? Қорасини ҳам кўрсатмайди. Тасодифан кўз-кўзга тушганда ҳам қўл орқада мазахлагандек саломлашади.
Ёз чилласи, ер тандирдек ловиллайди. Чивин ғинғиллаб Шойназарни ётқизгани қўймади. Кўча томон юрди, қимирлаган жон йўқ. Томорқа адоғидаги тол соясига борди. Ариқ қуриб қолибди. Ниҳоллар ҳам сувсизликдан бужмайган, бунинг устига, тостепадан туриб қуёш олов пуркаб ётибди. Сувлаш керак деб жўякларга кўз солганди, ажриқлар ўсиб кетибди. Шу пайтгача ариқдаям оқар сув шалдираб ётарди. Хўш, энди нима қилиш керак? Шойназар Катмандан чиқиб кетганидан бери кўп нарсаларни унутиб юборганини биляпти. Ҳеч бир ишга эплашмайди, қуруқдан-қуруқ ерни ағдарган билан деҳқон бўлиб қолмас экан.
Кечки салқин болаларини ёнига олиб томорқани ўт ўроқ қилишга тушди. Шу пайт кўзга чиққан суялдек Менгтўрабой пайдо бўлди. Шаҳарлик олифталарнинг кунботарда ишга тушганидан ичи қисилиб келганди. Ота-болаларнинг ўроқ ушлашини кўриб ижирғаниб афти бужмайди.
– Шойназарбой укам, жўякларни вақти-вақтида тозалаш керак эди. Бедани ўрган жойига қовжиратиб ташлаб қўймай боғлаб олинади. Бу сизга шаҳарингиз эмас ҳамма жой асфалланган, уй ичида газ-суви, тайёр нон-ошни еб ётадиган. Бу ерда ишлаш керак. Одамлар билан собиқа қилиб ариқдан сув ҳайдаш керак. Ҳамма томон жизғанак бўлиб қолибди-ку. Сув ҳайдаш учун тиконзор оралаб азобини тортиш бўлади, жўмракни бурасангиз «шир» этиб сув кела қолмайди. Бу ерни қишлоқ дейдилар. Қишлоқнинг одамларига осон тутманг, бешикдан тушиши билан меҳнатнинг ичида ўсади. Керак бўлса, қўллар қадоқ бўлиб, товонлар тиконлаб, лаблар ёрилиб сизга ўхшаганларга ҳаммасини тайёрлаб берамиз. Ҳей инижоним-а, катта-катта ойнаванд бинода талтайиб ўтириб китоб ўқишмас, буни ҳаёт дейдилар. Чидаганга чиқарган, ҳайбаракалла, ҳормасинлар.
«Хўп таъзирини бердим, миқ этолмай қолди-я», – деб ўйлаган Менгтўрабой аламидан чиққанига ҳузурланиб ўз йўлига кетди. Шойназар: «Эсиз, эсиз одам, қўл-оёқнинг чаққонлигию тилнинг бийронлиги», – дея қўшни чолнинг ортидан қараганча қолаверди.