Улар Дилшодни ярим тунда ижара уйидан олиб чиқишди. Кўзларини уқалаб турган Дилшодга «Ҳалиги, бобонг сени сўраётганди…», дейишди. «Нега» деган саволига эса «Билмадик, Дилшодни олиб келинглар, деди, келавердик», дея қутулдилар.
Машина йўлга тушди, аммо ҳеч ким бир-бирига сўз қотмади. Рулда ўтирган тоға ўйчан, бобосининг кенжа ўғли — Файзулла акаси хомуш, ойнадан қаерларгадир маъюс тикилиб кетяпти. Дилшоднинг назарида улар ниманидир яшираётгандек эди.
Тонгга яқин қишлоққа кириб келишди. Бемор кўз очиб жилмайганидек шарқдан ёришиб, атрофни нурафшон этиб келаётган тонг бугун ўзгача эди. Ҳаво салқин. Қибладан енгил шабада эсиб турибди. Ҳосили йиғиб олинган ёнғоқлар устида жой талашган майналар чиғиллайди, атрофдан итларнинг ҳуриши, хўрозларнинг одатий қичқириғи эшитилади. Аҳён-аҳёнда йўлнинг нариги томонида шаҳарга боришни ният қилиб чиққан йўловчилар учрайди. Дарвозаси қулф кўрмайдиган, ҳамма ёғи очиқ ҳовлиларни келинлар, аёллар супураётгани кўзга ташланади. Машина қишлоққа кириб келганида шу вақтгача овоз чиқармай, тишини-тишига босиб келаётган Файзулла ака «Ай, отажоним-а!», дея елкалари титради.
Ҳеч нарсага тушунмай, ҳайрон бўлиб келаётган Дилшод ялт этиб олд ўриндиқдаги акасига қаради.
— Ака, бобомга нима қилди?
— Дилшод, бобонгнинг бироз мазаси йўқ…
Дилшоднинг кўз олдига ёшлигидан ёнида катта қилган, мактабдан келганларида «Дилшоджон, неча олдинг бугун?» дея эркалайдиган, нечта беш баҳоси бўлса, шунча мақтаб, конфетлар берадиган, ўқишдан борганларида «Э, келдингми, Дилшоджон! Айналай сендан!» дея қучоқ отиб кутиб оладиган бобоси келди.
Мана, ниҳоят, уй кўринди. Тумонат одам. Гўё қишлоқдошларнинг ҳаммаси шу ерда. Буни кўриб, Дилшодни ваҳима босди.
— Дилшоджон, — деди Файзулла ака ортига ўгирилиб. Сўнг узалиб, Дилшоднинг бошини маҳкам қучоқлади. — Дилшоджон, бобонгдан айрилиб қолдик…
Ўктам ака — Дилшоднинг дадаси кела солиб, ўғлини бағрига босди.
— Юр, ўғлим, — деди Ўктам ака. — Юр, бобонгни бир кўр.
— Оборманг, бола қўрқади, — деди Дилшоднинг онаси эрининг билагидан тутиб.
— Индама, кўрсин. Кўрмаса, армон қилиб юради.
Осмон йироқ, ер қаттиқ. Одамзод туғилади, ғам чекади, ўлади.
Осмон йироқ, ер қаттиқ. Одамзод туғилади, курашади, ўлади.
Осмон йироқ, ер қаттиқ. Аммо яхши одамлардан яхши ном қолади.
Қабристондан қайтишаркан, Дилшод бобосини, бобоси билан кечган дамларни эслади. У эсини танигунча ота-онаси билан бобосиникида яшарди. Кейин бобо қизларини чиқарди. Орада оғир хасталикдан момо вафот этди. Ана шунда бобонинг суянчиғи, овунчоғи эндигина биринчи синфга борган Дилшод бўлиб қолди. Бобо энди ўзини невара билан овутар, ёлғизлик азобини у билан енгиб келарди. Неварасига тунлари энг қизиқ эртакларни айтиб берар ва ўзи-да, ўша эртакларга ишонгиси келарди… Бобо билан неваранинг ҳаёти эртакка ўхшарди. Кундузи иш, турли ташвишлар билан овунган бобо тунлари ёнида неварасини олиб ётаркан олис осмонга тикилар, марҳума кампири билан хаёлан суҳбатлашар, ёшлиги, илк учрашувлари, тўнғичи туғилгандаги қувончларни эслар ва уни йўқотган кунги абгор ҳолини ҳам кўз олдига келтирар, сўнг хўрлиги келиб, бошини кўрпага ўраб оларди.
— Ё, Парвардигор, ўзинг сабр бер! — дерди бобо шундай вақтларда. Сўнг ёнгинасида осмон, ой ва юлдузлар ҳақида гапира-гапира ухлаб қолган неварасининг пешонасини силаганча ўзи ҳам уйқуга кетарди.
Вақт бешафқат. Кунлар, ойлар ва йиллар ўтаверади. Бобо билан невара шу зайлда яшар, неварасининг баҳоларидан қувонган чол уни доим ёнида олиб юрар, ўз фарзандларидан-да ортиқ кўрар, данагидан мағзи ширин нақлига амал қиларди. Бобонинг кейинги ўғиллари уйланиб, ўқиб юрган йиллари алоҳида уй солиб чиқиб кетган Ўктам ака Дилшодни бутунлай отасига бериб қўйган, Дилшодга ҳам бобоси билан яшаш мароқли эди.
— Дилшодни ўзим ўқитаман, — дерди бобо ўғилларига. — Дунё қизиқ экан. Кампиримдан сўнг Дилшод мени ҳаётга қайтарди.
Бобонинг фарзандлари ўзлари билан ўзлари бўлиб кетган, отадан уларга маслаҳат ва дуо керак эди, холос. Болалари уйлик-жойлик бўлган бобо кенг ҳовлида кенжа ўғли Файзулла ва келини, неваралари қуршовида яшаса-да, Дилшодга суяниб қолганди.
Дилшод тўққизинчини битириб, шаҳарга ўқишга кетганида бобо яна ўзини ёлғиз ҳис этди, бироқ энди бобони неваранинг орзулари ва камоли умидлантириб турарди. Бобо Дилшоднинг тезроқ лицейни битириши ва университетга кириб, «Бобо, мен талаба бўлдим!» дейишини кутар, куну тун ўша кунларга етказишини сўрарди.
— Ҳар шанба уйга кел, — дерди бобо ўқишга кетаётган Дилшодга. — Биламан, узоқ шаҳарда ўқияпсан. Йўлкира ҳам қиммат, аммо бу мен учун сенинг дийдорингдан қадрли эмас…
Дилшод шуларни ўйлар экан, изиллаб йиғлаб юборди.
Йигитчанинг назарида энди шанба кунлари уни ҳеч ким кутмас, уй орқасига ўтиб, йўлга қараб ўтирмас эди. Душанба кунлари чўнтагига пул солиб, «Яхши ўқигин, болам. Ҳа, айналай!» деб кузатмас эди.
Ўша куни Дилшод уйга киролмади. Ҳовлидаги одамлар тарқалиб, фақат қариндошлар қолганида ҳам у бобосининг уйи орқасида йиғлаб ўтирди. Атрофга қаради, бир томон кенг далалар, бир томон уйлар, қир-адирлар. Олисдан тоғлар кўринади. Бир вақтлар кўзга чўғ, қалбга олов солган бу манзара бугун ғариб кўринади. Уй айланиб юрган ит ҳам бугун хомуш, ҳеч ким билан иши йўқ. Гоҳ инига боради, гоҳ дарахт тагига келиб, тинимсиз одам кириб чиқаётган уйга қараб ётади.
Кеч тушиб, кун бўйи одам аримаган ҳовли лашкарлар чекинган жанггоҳдай ҳувиллаб қолди. Аҳён-аҳёнда кимдир ошхона ёки нариги уйга ўтади, аммо кўзлар нам, бош эгилган, лаблар пичирлайди. «Отажон», «Бобожон», «Акажон», «Оғажон!» Ёш қалққан нигоҳлар сўзларди, ишоралар «гапирарди». Ҳамма бир-бирини бир қарашда тушунарди. Гап эса ортиқча. Сўзга очилган лаблар ҳасратдан титраб кетади, кўзга зўр беради.
Кечқурун бошини деворга суяб, бир нуқтага тикилиб ўтирган катта ўғил — Ўктам ака ногоҳ атрофига қаради. Жигарлари хун.
— Ота-она ўлмоғи мерос… — деди у укалари ва сингилларига мадад бўлиш учун, аммо сўзини охирига етказолмади. Ўпкаси тўлиб, югуриб ташқарига чиқиб кетди. Уй ёнига ўтди ва деворга суянган кўйи ўтириб қолди. Ана шунда ота уйининг деворлари унинг елкасини, бошини силагандай бўлди.
— Ай, ота-я! — Ўктам ака ўкириб юборди. — Одамлар энди укаларингга ўзинг бош бўл, дейди. Уй тўла укамларга, сингилларимга сизнинг ўрнингизда ота бўлармидим, отажон. Урсангиз ҳам, сўксангиз ҳам ўзингиз шу ерда савлат тўкиб турмайсизми? Бақириб турмайсизми? Ҳай, ота-я!
Ўктам ака уй ёнида анча вақт туриб қолди. Бир вақт уй орқасидан овоз келаётганини сезди. Овоз Файзулла билан Дилшодники эди.
— Дилшод, — дерди Файзулла, — бобонг ўлди. Энди кўникишдан бошқа чорамиз йўқ.
— Мен бобомсиз нима қиламан? — дерди жудоликка кўника олмаётган Дилшод.
— Ундай дема, мана отанг бор, онанг бор. Биз бор.
Дилшод, барибир, акани эшитишни истамасди. Ўктам ака жойидан турди-да, уй орқасига, ўғли ёнига борди.
— Дилшод, — деди ўғлининг бошини силаб. Сўнг ҳўнграб юбормаслик учун бир муддат лабларини тишлаб турди-да, сўзида давом этди. — Дилшод, бундай қилма, ўғлим, бундай қилма. Уйга кир. Уйга кирмасанг, ҳадеб йиғлайверсанг, бобонгнинг руҳлари чирқирайди. Бобонг сендан хафа бўлади. Неварамни шундай қулоқсиз қилиб катта қилувдимми, дейди.
Бу гапларни эшитгач, Дилшод жим бўлиб қолди. Секин бошини кўтариб дадасига қаради.
— Бобом энди йўқ, дада! Эшитяпсизми, бобом энди йўқ.
— Бўлди, қил, ўзингни тут! Сенинг бобонг ўлган бўлса, менинг отам ўлди. Отам, эшитяпсанми? – Ўктам аканинг лаблари титраб кетди. — Агар яхши ўғил бўлсанг, яхши невара бўлсанг, бобомнинг руҳлари шод бўлсин десанг, яхши ўқи. Лицейни битириб, ўқишга кир. Бобонгнинг невараси эканингни кўрсат! Ана шунда сен бобонг орзусини амалга оширган бўласан…
Дилшод ўзини отасининг қучоғига ташлади-да, юзини ота елкасига босиб, ўксиб-ўксиб йиғлади.
— Ўқийман, — деди ўпкасини босолмаётган Дилшод, — астойдил ўқийман. Ўқишга кираман, дада, ўқишга кираман.
Бу бола қалбли Дилшоднинг, бобо тарбиясини олган Дилшоднинг аҳди эди.
— Сенга ишонаман ўғлим, сен отамнинг неварасисан.
Бу отанинг ҳам чораси, ҳам ишончи, ҳам умиди эди.
Маъракаларни ўтказиб шаҳарга қайтган Дилшод китобга қараса бобосининг нуроний чеҳраси кўринаверар, қулоқлари тагида отасининг айтган сўзлари жаранглар, бобоси ортида туриб, «Агар шу йил ўқишга киролмасанг, сени неварам демайман!» деётгандек туюлаверарди.
Дилшод қиши билан бобоси энди йўқлигига, туғилган инсон бир кун келиб, вақти-соати етиб вафот этишига, улардан фақат яхши ном ва хотиралар қолишига, ана шу муқаддас руҳларнинг шод бўлиши учун эса фарзандлар ва неваралар комил бўлиши кераклигига амин бўлди. Унинг энди биргина мақсади бор эди: ўқиш ва ўқишга кириш. Ана шунда унга барча имкониятлар эшиги очилади ва қайси эшикка кирмасин, бобосининг ёруғ юзини ва отасининг тик қоматини кўради.
Дилшод энди яна ҳар шанба уйга келар, аммо ота уйида эмас, Файзулла акаси билан бобосининг уйида ухлар, баъзан бобоси тушларига кириб чиқарди. Тушларида у доим бобоси билан бирга от миниб юрарди. Гоҳ адирлар устида, гоҳ катта шаҳарда. У тушларини ҳеч кимга айтмас, аммо яхшиликка йўяр, якшанба куни шаҳарга қайтаркан, йўлда бобосини эслар ва ўз олдига улкан-улкан мақсадлар қўярди.
* * *
Галабекнинг тупроқ кўчасидан оқ кўйлак, кўк жинси шим кийган баланд бўйли бир йигит келяпти. Шод, қадди баланд. Уни кўрганлар ҳавас билан қарашяпти, болаларига кўрсатишяпти, яна нималардир дейишяпти. У эса бугун бобоси уйига эмас, отаси уйига боряпти. Мана, очиқ дарвозадан кирди. «Дада?» деб чақирди, аммо ҳеч кимдан садо чиқмади. Уйда ҳеч ким йўқ эди.
— Қаёққа кетишдийкин? – ўйлади у. — Бугун жавоблар чиқишини билишарди-ку!
У дарвозадан чиқиб йўлга тушди. Бобосининг уйига. Негадир қадами илдамлашди, янада кайфияти кўтарилди, аммо ич-ичидан бир нима бўғиб кела бошлади. Мана, кў-чанинг охири, бобосининг уйи. Уйга яқинлашган сайин унинг юраги баттар эзила бошлади. Ҳар гал уйга келганида шундай бўлади, аммо бугун ўзини тутолмади. Дарвозага етганда йиғлаб юборди. Ва эшикда дадаси билан рўбарў келди. Ўктам ака ўғлини кўриб, қўрқиб кетди. «Наҳотки ўқишга киролмаган бўлса?»
— Дилшод?!
— Дада! — Дилшод ўзини отасининг қучоғига отди.
— Нега йиғлаяпсан, ўғлим? — сўради Ўктам ака.
— Ўқишга кирдим!
— Нима?!
— Ҳа, ўқишга кирдим, дада. Аммо… — Дилшод гапиролмай қолди. Сўнг отасининг юзига термилиб қаради: — Ҳозир бобом бўлсайди.
Ўктам ака яна ўғлини бағрига босди. У ҳозир Дилшодни қўйиб юборишни истамас, гўё қучоғида ўғли эмас, отаси тургандек туюларди. Бу вақт ичкаридан эса бирин-кетин бобонинг ўғиллари-қизлари, неваралари югуриб чиқишар, гўё эшикдан Дилшод эмас, уларнинг отаси, уларнинг бобоси кулиб кириб келаётгандек эди.