Совуқ бошланаётганидан бўлса керак, чойхонада ҳар доимгидан ҳам одам гавжум. Доимий танда қурганлардан ташқари, энди иссиқ кунларда дала-даштда иш билан андармон бўлиб юрганлар ҳам юмушларини тугатиб, уйда зерикканларидан эснаб-эснаб кўчага чиқишади-да, бирин-кетин чойхонага кириб келаверишади. Улар дастлаб ичкаридаги тутун ва буғдан нафас олишга бироз қийналиб туришади-ю, кейин кўникиб, алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришади. Дераза ёнида ўтирганлар дам-бадам ойнага ўрнашган буғни артиб, кўчадан ўтган-кетганни томоша қилишади.
— Анавини қаранглар, Мерган Довон-ку, — деди улардан бири икки бармоғига қистирган сигарета билан кўчага ишора қилиб.
Кўчада от аравани зўрға тортиб бораётганга ўхшайди. Арава ҳам от билан ўчакишгандай дам-бадам лойга ботади. От юришга баттар қийналади. Мерган Довон отини қийнаб қўймаслик учун аравадан тушиб, уни пиёда етаклаб кетаётган эди. Уларни кўрган эрмакталабларга гап топилди:
— Ўлардай мункиллаб қолибди…
— Ҳа, нимасини айтасан, оёқ судрашини қара…
Бунда ким отни, ким чолни назарда тутаяпти, билиб бўлмайди. Чойхоначининг шумлиги билан чойнаклардаги кўк ва қора чойлар аралашиб кетганидай, гапу ҳангомалар ҳам шунга яраша. Мерган Довон чойхона томонга бир-икки назар ташлади-ю, лекин тўхтамади. Бири тунд, бири хушвақт қиёфалар уни томоша қилиб турганидан чолнинг кайфияти бузилди. Ана шу қиёфалардан унинг юраги безиллайди. Нақадар баднигоҳ, нақадар масхаромуз. Қишдан дарак бериб келиб, юзни чимчилаётган совуқдан ҳам совуқ. Чол юз йиллик қадрдон этигини судраб, минг йиллик қадрдон отини етаклаб йўлида давом этади. Одамлар эса у ҳақида бири олиб-бири қўйиб гапиришарди.
— Аравасини қара, биронта буқачани ортса кўтарармикин?
— Буқачанг нимаси, бир пайтлар чол шу аравасида тонналаб буғдой ташиган.
— Ҳой, кимни айтаяпсизлар?
— Анави, Панжи бойваччанинг қайнотасини…
Ана холос. Шу гапларнинг орасида Панжига бало борми? Шу бола одамларнинг оғзидан тушмайди. Чойхонада ҳам Панжи, тўй-маъракада ҳам Панжи. Тўртта одам тўпланса бўлди, гаплари тугаб қолгудек бўлса, албатта Панжидан гапиришади. Бу Мерган Довонга сира хуш ёқмайди. Ким бўпти у, зумраша. Келиб-келиб энди Панжи одам бўлиб қолдими? Бир умр одамларнинг нонини ташиган Мерганнинг ишларини эслашмайди-ю, ҳали она сути оғзидан кетмаган Панжини оғизлари кўпириб мақташгани-мақташган. Аслида ўша “ишбилармон” нима каромат кўрсатган ўзи, деб савол ташлаб қўйсангиз, ҳеч ким бирор жўяли жавоб айтолмай қолади. Лекин негадир бундай саволни ҳеч ким бермайди-да. Худди ҳаммалари ўзларича Панжини яқиндан биладигандек, унга қариндошлиги, ҳеч бўлмаса жўра-сирдошлиги бордек пинжига суқулишади.
Ўша бола кечагина мактабни зўрға битириб, такасалтанглар қаторига, қўшилган, кейин бекорчилик жонига тегиб, тўйларда қўшиқ айтувчи артистларнинг доираларини қиздириш учун тоғорачада чўғ ташиб юрган бир мишиқи йигит эди. Ашулачилар шу иши учун унга чой-чақа бериб туришар эди. Сўнгра, бу ерда бир умр чўғ ташиб юрсам ҳам бирим икки бўлмайдиганга ўхшайди, деб қайси йили ёзда бир-иккита шаҳар кўрган йигитларга эргашиб, Тошкентга кетди. У ёқларда катта артистларга каттароқ тоғорада чўғ ташиган шекилли, Панжининг “бири икки бўлгани” ҳақида гаплар қишлоққа етиб кела бошлади. Ярим йил ўтар-ўтмас, “Панжи қора бозорда ўзимизнинг пулни чет эл пулларига алмаштирадиган бўлибди, иши авж, чангали тўла пул”, деган гап эл оралади. Бир йилча ўтиб, унинг “Чилонзор” бозорида дўкон очгани овоза бўлди. Вақт ўтгани сайин унинг бир дўкони икки, икки дўкони тўрт бўлгани ҳақида одамлар ҳавасу ҳасадга тўлиб гапириб юришди. Панжининг исмига “бойвачча” деган сўзни қўшиб айтадиган бўлишди.
Ана ўша “бойвачча”нинг ишқи Мерган Довоннинг кенжа қизига тушди. Одамлар Панжи бирон бойроқ одамга куёв бўлса керак, деб юришган эди. Лекин Мерганнинг қизи ҳар қандай бой хонадоннинг қизини ҳам ортда қолдирадиган даражада чиройли эди-да. Панжининг кўзи ўйнаб, муштдай бошига катта гапириб, димоғдорлик қилиши Мерган Довонга ёқмади, қизи ўлдирсангиз ҳам шу йигитга тегаман, деб туриб олгач, ноилож, рози бўлди. Бундан аввал иккала катта қизи ҳам, феодаллик замонлари ўтиб кетган, ўзимиз хоҳлаган одамга турмушга чиқамиз, деб, келган совчиларни обдон чертиб кўриб, танлаганларига тегишди. Ота кўнгилбўшлик қилди, қизларининг раъйини қайтармади, майли, бахтли бўлишсин, деди. Лекин оқибат нима бўлди? Катта қизи беш боланинг ташвишига ўралиб-чирмалиб қолди. Эри ҳар куни ароқ ичиб, ер шохлашдан бошқа нарсани билмайди. Ўртанча қизига эри, агар менга тегсанг шаҳарда яшаймиз, деб ваъда бериб қўйган экан. Тўйдан кейин қиз ўша ваъдани маҳкам ушлаб олиб, эрини ҳоли-жонига қўймаган. Сўнг шаҳарга кўчиб кетишди. Қаерда яшаяпти, қандай кун кечираяпти, ҳеч ким билмайди. Улар қишлоқни, ота уйни буткул унутишди. Фақат онаси ўлганда йил ошига бир келиб кетишди. Кенжасини узатганидан кейин эса кампири ҳамма ташвишимдан қутулдим, дегандек дунёдан кўзини юмди-кетди. Мерган чол бир кунда бору йўғидан айрилган муштипардек ҳувиллаган ҳовлида якка ўзи қолди. Уни шундай ташлаб кетган кампиридан ўпкалади. Яхшиям оти бор экан, дардини унга айтиб овунди.
Мерган Довон кенжа қизининг тўлишиб, чеҳраси гул-гул очилиб юрганини кўриб, аввалига куёвининг ишбилармонлигидан хурсанд ҳам бўлиб юрди. Аммо бир гал Ёқуб чўлоқнинг тўйига бирга боришди-ю, яна аввалги феъли қўзиди. Ёқуб чўлоқ деганлари бир пайтлар хўжалик идорасининг қоровули бўлган. Болалари кўплигидан еярга нон тополмай, йиғлагани-йиғлаган эди. Мерган Довон раҳми келиб, кунда-кунора битта-яримта нон орттириб, йўлига чиқиб турадиган ана шу одамга бериб турарди. Энди эса унинг ўғиллари топармон-тутармон бўлиб, Ёқуб чўлоқнинг бурнига хода етмай қолган. Унинг чўлоқлиги ҳам эсидан чиқиб, гўё тўртта оёғи бордек катта-кичик идораларнинг эшигини тепиб кирадиган бўлган. Ўша чўлоқ тўй қилиб, тўйига казо-казоларни, албатта, Панжи бойваччани ҳам таклиф қилди. Шуларнинг қаторида “савоб учун” қишлоқнинг “майда-чуйда” одамларини ҳам бир оғиз айттирди. Чол тўйга бориш учун отини шайлаётганида эшиги олдига яп-янги машина келиб тўхтади. Чиқиб қараса, машинадан Панжи тушаяпти. У кўзидан қора кўзойнагини ҳам олмасдан қайнотаси билан кўришди. Чол қизини кўриб қувонди. У янаям яшнаб кетган, пойтахт ҳавоси унга нақадар ёқиб тушганлиги сезилиб турарди. Машинадан таралаётганмиди ёки мана бу олифта куёви билан қизиданми, кўчани хушбўй атир ислари тутиб кетди. Чол ичкарига таклиф қилди, лекин улар унашмади.
— Тезроқ машинага ўтиринг, ота, — деди Панжи аввал ўзи ўтириб олиб. — Тўйга бирга борамиз. Қолган гапларни ўша ерда гаплашамиз.
Мерган Довоннинг ҳозиргина очилган баҳри дилини яна бир зумда қуюн босди. “Жирканишди, — деган ўй ўтди чолнинг хаёлидан, — бу ғариб кулбага киришга ижирғанишди. Бу уй уларга бегона. Булар ҳеч кимни эслашмайди ҳам, соғинишмайди ҳам”.
— Сизлар бораверинглар, мен ўзим етиб оламан, — деди у.
— Э, қўйсангиз-чи, сизнинг шалоқ аравангизда боришингиз менинг обрўйимга тўғри келмайди. Машинага чиқинг-да, атайлаб келгандан кейин, — деди Панжи машинасини ўт олдириб.
Чол иккиланиб, қизига қаради. Қизи ҳам аллақачон машина ўриндиғига суяниб, отасининг ўтиришини кутаётган эди. Чол ноилож машинага ўтирди.
Тўй бўлаётган ҳовлига етиб боришлари билан Ёқуб чўлоқ уларнинг истиқболига чиқди. Панжи бойваччани қучоқ очиб кутиб олди-да, “нозик” меҳмонлар учун дастурхон тузалган меҳмонхонага етаклаб кетди. Мерган Довонни кўрса ҳам кўрмасликка олди. Довон хижолат бўлиб йўлакда қолиб кетди. Кейин бошқа “майда-чуйда” одамларга қўшилиб ичкарига кириб, пойгаккинага ўрнатилган чорпояга ўтирди. Чой-пой ташиб юрган ёш-яланглар уларнинг олдига чой, бир косадан шўрва келтиришди. Мерган чол шўрвадан бир ҳўплаган эди, илмилиқ эканидан таъби тирриқ бўлди. Шу пайт меҳмонхонадан кимдир бўйнини чўзиб: “Ҳой, йигитлар, Панжибойнинг қайнотаси ҳам келган экан, овқат-повқат бердингларми?”, деб бақириб қолди. Чол шунчасига чидаб турган эди, энди бу ёғи ортиқчалик қилди. У косани ўзидан нари суриб қўйиб, одамларнинг ҳай-ҳайлашларига ҳам қарамай, уйига пойи-пиёда кетиб қолди. Ўшандан бери у Панжининг машинасига минмайди. Ундан кўра ўзининг қадрдон отараваси минг чандон яхши — беминнат, мавқеига мос.
Отини отамерос деса ҳам бўлади. Отасидан бир бия мерос қолган эди. Ҳозирги оти ўшанинг зурриёди. Бу отнинг туёғидан ўт чақнаган пайтларида харидорлари кўпайгандан-кўпайди. Мерган Довон эса: “От менинг танамнинг ярми-ку, қандай қилиб уни бировга беришим мумкин?”, деб уларнинг ҳовурларини босиб қўйди. Янги отга янгигина аравани қўшди. Аввалига хўжаликнинг ғалласи борми, пахтаси борми, енг шимариб ташиб юрди. Кейин овқатланиш идораси очилгач, уни ишга чақиришди. Ошхоналарга, даладаги ишчиларга новвойхонадан нон, омбордан сабзавотларни ташиб етказиб берадиган бўлди.
Ишлар авжида, Мерганнинг қўли қўлига тегмайди. Оти ҳам чарчадим демайди. Лекин кундан-кунга техникалар кўпайиб, Мерганнинг от-араваси идора раҳбарларига ёқмай бораверди. “Энди бу эскилик сарқитини кўздан йўқотинг, мана, янги мотоциклни олинг, юкларни мана шунда ташийсиз”, деди бир куни директор. Мерган Довон хўжайиннинг раъйини қайтаролмади. “Муравей” деган аравачали мотоциклни беришгач, бир кунда ҳайдашни ўрганиб олди. От эса шу кундан бошлаб қозиқ билан дардлашиб кун ўтказадиган бўлди. Мерган отига емиш ташлар экан, унинг хафа эканини авзойидан сезиб турарди. Аммо илож қанча. Хўжайинларга буни тушунтириб бўлмаса.
Лекин аслида бундай юмушларга от чидаб юрган экан, “Муравей” дош беролмади. Ҳали у ери-ҳали бу ери бузилавериб, бир йилнинг нари-берисида шалоғи чиқди. Охири Мерган ҳам, хўжайинлар ҳам тақдирга тан берди. “Муравей” бир уюм темир-терсакка айланди. Омилкор Мерган “Муравей”нинг юкхонасини эски арава устига ўрнатиб, эскилик билан янгиликни уйғунлаштирди. Шу-шу от яна гижинглаб хизматга отланди.
Одатдаги ишидан ташқари пайтларда ҳам Мерган Довонни от-аравасидан айро учратиш қийин эди. Одамлар машина-ю автобуслар билан борадиган жойларга ҳам у ана шу қадрдонлари билан борарди. Қирқ чақирим олисдаги туман марказига ҳам от-аравада бориб келган. Довон деган лақабни ҳам ўша йўлда орттирган. Туман марказига унча катта бўлмаган довон ошиб борилади. Қайсидир йили қаҳратон қиш палласида довонга етганида бўрон қутурган, йўлларни қор кўмиб қўйган, одамлар билан лиқ тўла автобус ва бир енгил машина қорга тиқилиб қолган эди. Саросимага тушган одамларни кўриб, Мерган автобус олдида тўхтади. Енгил машинада бир аёл тўлғоқ тутиб қийналаётган экан. Одамлар ташвишланиб, аёлни тезроқ туғруқхонага етказиш зарурлигини айтишди. Мерган шоша-пиша аравани ҳозирлади. Аёлни аравага ётқизишди. От қийналмай довонни ошиб ўтди. Мерган отни чоптирганча аёлни эсон-омон туғруқхонага етказди. Шундан кейин одамлар Мерганнинг исмига Довон номини қўшиб айтадиган бўлишди.
Энди эса ўзлари довон тугул бели баравар девордан ҳам ошиб ўтолмайдиган мижғов одамлар чойхонага биқиниб олиб, унинг устидан кулиб ўтиришибди. Уларнинг гап-сўзлари чолга эшитилмаса ҳам, лекин нима деб алжираётганлари унга кундай равшан. Шуни ўйлаб, чолнинг авзойи баттар бузилди. Бир кўнгли ҳозир уйга киргач, печкага ўтин қалаб, иссиқ кўрпага бурканиб, ҳамма нарсани унутиб ётгиси келди. Аммо бугун Бойтўра фермерникида тўй борлиги эсига тушиб, шаштидан қайтди. Бойтўра Ҳамдам тўйига атоқлаб айттирмаган бўлса ҳам, лекин Мерган Довон унинг раҳматли отаси билан қадрдон эди. Довон кенжа қизини узатаётганида Бойтўра бир қоп гуручни тўёна қилган. Энди чол тушдан кейин бориб, белбоғига тугиб юрган уч-тўрт сўм пулни тўёна қилиб келмаса, уят бўлади. Бу ҳам бир қарз-да. Бўлмаса, одамлар яна масхаралаб кулиб юришади. Аммо аравани зўрға тортиб бораётган оти ҳолдан тойган кўринади.
Чол отни аравадан халос этиб, олдига пичан ташларкан, унинг ранг-рўйини кўриб, кўнгли бузилди. Отнинг пичан ейиши ҳам аввалгидай эмас — иштаҳаси ҳам, мадори ҳам ҳавас қилгуликка ўхшамайди. “Нима бало бўлди экан? — дея хавотирланди Мерган Довон. — Чарчадимикан? Йўллар ҳам лойгарчин бўлиб кетибди-да. Ишқилиб, бирон дард теккан бўлмасин. Майли, дам олсин. Тўйга ўзим бориб кела қоламан”.
Бойтўра Ҳамдамнинг уйигача анчагина йўл. Мерган Довон етиб боргунча этигию чопонининг этаги жиққа лой бўлди. Қўллари совуқдан музлади. Тўйга кўпдан-кўп одам келган, албатта, Панжи ҳам шу ерда эди. Катта қозон атрофида қийқиришаётганлар орасида Панжининг хушчақчақ овози бошқалардан баландроқ эшитилади. Бойтўранинг: “Баракалла, Панжибой, ҳаммадан ўзинг зўрсан”, деган гапи уни яна бир қоп семиртириб юборади.
— Мен қайнотамга айтдим, бобой, шу эски замондан қолган от-аравангизни ахлатга ташлаб юборинг, мен сизга яп-янги машина олиб берай, мазза қилиб миниб юринг, дедим. Қани энди кўнса. Ўзи-ку, майли, лекин менинг обрўйимга соя ташлаб юриши яхши эмас-да. Ҳализамон бу ерга ҳам ўша “Лимузин”ида келиб қолса керак.
Панжи керилиб-керилиб гапиришдан чарчамайди. Бошқалар унинг гапини тинглаб, олқишлаб қўйишади.
Мерган Довон тўй бўлаётган ҳовлига етай деганида ёнидан бир машина лой сачратиб ўтиб кетиб, тўйхона дарвозаси олдида тўхтади. Машинанинг орқа эшиги очилиб, Ёқуб чўлоқ туша бошлади. Бойтўра Ҳамдам отасини кўргандек чопиб бориб, Ёқуб чўлоқ билан саломлашди. Сўнг чаққонлик билан унинг машинадан тушишига ёрдамлашиб юборди.
— Муборак бўлсин, оқсоқол, узоқ сафарларга бориб келибди, деб эшитдик, — деди Бойтўра Ҳамдам таъзим қилиб.
— Ҳа, бориб келдим, — деди Ёқуб чўлоқ баттар шишиб. — Қора денгизда дам олиб келдим. Тушга ҳам кирмайдиган жойлар экан, роса мириқдим. Сув дегани шовуллаб ётибди. Катта-кичик кемалар ғоздай керилиб сузиб юрибди. Эҳ, нимасини айтасан. Сен ҳам дала—ташвишларингдан қутулиб олган бўлсанг керак? Бир бориб дам олиб келсанг бўларкан-да. Албатта, боргин. Денгизни кўрмаган одам одамми?
— Қуллуқ, оқсоқол, сизга қизиқиб биз ҳам боришни ният қилиб қўйдик. Ўзлари яна бормайдиларми, мабодо?
— У ердагиларга яна келаман, деб келдим. Лекин сал кейинроқ. Ҳозир бошқа бир муборак сафарни мўлжал қилиб турибман, бўтам. Ҳажга бормоқчиман. Маккатиллони бир зиёрат қилиб қўймасак, уят бўлар дейман.
— Жуда оқилона ният, муборак бўлсин.
Чаққонлар Ёқуб чўлоқни тавозе билан меҳмонхонага олиб кириб кетишди. Кейин Мерган Довон дарвоза олдига яқинлашиб, меҳмонларни кутиб олаётган Бойтўра Ҳамдам билан кўришиб, тўй билан қутлади. Бойтўра бош қимирлатиб, алик олди. Мерган Довон совқотган қўллари қалтирай-қалтирай қўйнидан тўёнани чиқариб, унга узатди. Бойтўра тўёнани қўли билан олмади. Тўёналарни йиғиб юрган шотирларидан бирига имо қилган эди, у югуриб келиб, чолнинг қўлидан пулни олди-да, дафтарга ёзиб қўйди. Сўнг уни ичкарига бошлади. “Бу қурғурларнинг ҳаммасининг лойи бир жойдан олинган”, деди чол хафа бўлганидан ўзича пичирлаб. Ўчоқбошида эса Панжи ҳамон одамларни оғзига қаратмоқда эди.
— Ўша қирчанғи оти билан чирик араваси, — деди у ошпаз узатган бир пиёла ароқни охиригача симириб, — бобой учун ҳар қандай машинадан авло. Билмадим, оти билан гаплашиб ётадими-ей. Ҳатто мен билан ўшанчалик гаплашмайди.
Мерган Довонни темир стол устига тузалган дастурхон ёнига ўтқизишди. Ўриндиқлар ҳам темирдан экан, устига-устак кўрпача ҳам тўшашмабди. Чол ўтириши ҳамоноқ совуқдан баттар қалтираб кетди. Лекин уни шу тобда ўриндиқнинг совуқлиги эмас, Қора денгизнинг қанақалиги кўпроқ қизиқтириб қўйган эди. Уни кўриб, Панжи ҳангомасини тўхтатди-да, ёнига келиб, саломлашди.
— Ўзингиз келибсиз-да, ота, — деди Панжи сигарета тутатиб. — Машинамда олиб келмоқчи эдим, уйингизга борсам, йўқ экансиз. — У атрофга аланглаб қаради. — “Лимузин”ингиз кўринмайди?
— Пиёда келдим, — деди чол авзойи баттар бузилиб. — Обрўйингизга путур етмасин дедим-да, ўғлим.
Совуқ жонидан ўтди, Мерган Довон ортиқ тоқат қилолмади. Ҳеч ким билан хайр-хўшлашиб ҳам ўтирмасдан, уйига қайтди. Панжи обрўли меҳмонлардан хабар олиш учун меҳмонхонага кириб кетган эди. Чолни ҳеч ким кузатиб чиқмади.
Мерган Довон отхонага кириб, ҳамон отининг шашти йўқлигини кўриб, ўксинди. Боя ташлаган емишини ҳам ёлчитиб емабди. Кўнглига хавотир оралади.
— Ундай қилма. Иложи бўлса ундай қилма, — деди у дир-дир титраб.
Кейин у уйга кириб, печканинг қопқасини очди. Эрталабки ўтнинг чўғи ҳали ўчмаган, печка иссиқ эди. Тараша ташлаши билан яна олов гуриллади. Термосдаги қайноқ чойдан бир пиёла қуйиб ичди. Лекин қалтироғи ҳадеганда босилавермади. Ёғ босган дастурхонни ёзиб, суви қочай деб қолган нондан бир-икки бўлагини иссиқ чойга ботириб еди. “Сенларнинг ноз-неъматга тўла очил дастурхонларингдан ўзимнинг қуроқ дастурхоним минг марта яхши, қорнимни тўйдиради. Омонат учун бордим-да. Майли, ҳар тугул қарздан қутулдим. Ҳеч кимга оғирлигинг тушмай яшаганинг яхши. Ҳатто ҳовузга тушсанг сув ҳам сени кўтара олсин — юкинг оғирлик қилиб оёғинг ботмасин”, деди у кавшаниб. Печкага яқин ўтиргани боис чопони қурий бошлади. Аммо баданидаги қалтироқ ҳали ҳам тўхтамаётган эди. У печкага яна ҳам яқинроқ сурилиб, кўрпага бурканиб ётди. Ташқарида шамол ғувиллайди. Печкадаги оловнинг гуриллаши унга жўр бўлади. “Бунча ваҳима қилмаса бу шамол?”, дея ўйлади чол. Боя осмонни булут қоплаб, қор ёғадиганга ўхшаб турган эди. Чол шуни ўйлаб, отидан хавотир олди. Яна бир бориб хабар олсаммикин, деган хаёл билан ўрнидан турмоқчи бўлди, лекин мажоли етмади. Муздай кўрпа-тўшаги энди анча исиб қолган, чолни жиққа тер босган эди. У нималардир деб алаҳсиради. Шамоллаб қолганини энди тан олди. “Ҳечқиси йўқ, ўтиб кетади. Чидайман, бундан баттарларига ҳам чидаганман”, деб пичирлади.
Авваллари бундай пайтларда кампири унинг бошида гирдикапалак бўларди. Устига кўрпа ёпиб, исириқлар тутатарди. Иссиқ-иссиқ чой дамлаб узатарди. Қизлари эса чуғурлашиб онасига ёрдам беришарди. Мерган Довон уларни жуда-жуда кўргиси келди. Кўзларини уқалаб, атрофга разм солди. Ё тавба, ана, кампири ҳар доимгидек ҳовлида ивирсиб юрибди. Бу ҳовлида биронта иш йўқ, лекин кампирининг қўли ишдан бўшамайди. “Эй, этикдўзнинг қизи, тўхтат юмушларингни. Кел бу ёққа, бир пиёла чой қуй. Бир пас гаплашиб ўтир мен билан”, дея ўдағайлади чол. Кампири эса ишларини тўхтатгиси келмай, тимирскиланиб юраверди. Жажжи қизалоқлари эса ҳовлини бошларига кўтариб қийқиришганча қувлашмачоқ ўйнашмоқда эди. Мерган Довоннинг дили яйраб кетди. “Қизалоқларим, қўғирчоқларим”, деб уларни чақирди. Қизлар уни эшитишмади шекилли, парво қилмай ўйнайверишди. Чолнинг ўзи уларнинг олдига бориб, бирга қўшилиб ўйнамоқчи, ширин-шакар қизларининг жажжи қўлчаларидан ўпиб қўймоқчи бўлиб, улар томон талпинди. “Ие, боя бўрон бошланган эди, қизалоқларим шамоллаб қолишади-ку”, дея чол қўрқиб кетиб, деразага қаради. Бекор қаради. Ана шу қараши билан бир зумда ҳаммаси рўёга айланди. Уй ичи зим-зимистон бўлиб қолган, деразадан ҳам ёруғлик кўринмас, печкадаги оловнинг ҳам ҳовури пасайган, ҳар замонда “чирс-чирс” деган овоз чиқар, ташқарида бўрон тиниб, қор ёғаётганини билдирувчи шивирлар сезилар-сезилмас эшитилар эди. Мерган чол кўзларини юмиб, яна қизалоқларини кўргиси келди. Аммо унинг хиралашаётган кўзларига қоронғуликдан бошқа ҳеч нарса кўринмади. Зим-зиё уй, ҳувиллаган ҳовли… Тирик жондан асар йўқ. “Қани улар? — деди у йиғлагудай бўлиб. — Қани менинг қизалоқларим, асалжонларим? Нега бунча тез қанот чиқариб учиб кетишди менинг полапонларим? Нега бунча шошилишди? Ҳали ҳовлини тўлдириб ўйнаб юришса бўлмасмиди?”. Мерган довон ўртанди. Нафаси сиқилиб, ғам-андуҳга ботди. Қизалоқларини кўриш илинжида яна атрофга назар солди. Бироқ энди унинг қаршисида мутлақо бошқа манзара пайдо бўлди. Кенг майдонга кўпдан-кўп одам тўпланган. Ўртада тўкин дастурхон. Ҳаммалари базм қилишяпти. Давранинг тўрида Ёқуб чўлоқ, ўртароқда Панжи бойвачча, пойгакда Бойтўра Ҳамдам, қолганлари ҳам казо-казо одамлар. Ёқуб чўлоқ Қора денгизда қандай чўмилганини виқор билан гапириб беряпти. Ўтирганлар уни олқишлаб, қадаҳ кўтаришади. Ёқуб чўлоқ иззатда: биров унга чой узатган, яна бирови олдига лаззатли таом келтирган, бошқаси чилим тайёрлаб берган… Шу пайт улардан бири Мерган Довонни кўриб қолди.
— Анави шумшайиб қараб турган одам Довонми? Бу ёққа чақирсакмикан? — деди у.
— Қўйсанглар-чи, у умрида Қора денгизни кўрмаган. Денгиз кўрмаган одам одамми?, — деди Ёқуб чўлоқ керилиб.
Мерган Довоннинг жаҳли чиқди. Отхонага кириб, отининг авзойига разм солди. Оти қўйиб берсанг учаман, деб турибди. У отни ташқарига олиб чиқиб, обдон ясантирди. Туёқларига бирма-бир қараб, тақаларини чопонининг енги билан артиб ялтиратди. Отнинг ёллари олтиндай товланиб, туёғидан ўт чақнади. Мерган Довон бир сакраб отга минди. От қаёққа борамиз, дегандай калласини сарак-сарак қилди. “Анавилар Қора денгизга борган эмиш, — деди Мерган Довон, — майли, улар ўша денгизга бораверишсин. Қора денгизни бердик уларга. Биз эса Оқ денгизга борамиз, тулпорим, Оқ денгизга. Довондан ошиб ўтамиз. Кейин яна қанча довон бўлса ошиб бораверамиз. Қарабсанки, Оқ денгизга етиб борамиз. Оқ денгиз бизники, унга фақат биз борамиз. Уларнинг ҳеч бири бизнинг денгизимизга бора олишмайди. Чунки уларнинг сендай вафодор отлари йўқ. Мен умр бўйи юк кўтардим, сен умр бўйи арава тортдинг — икковимиз бир умр меҳнат қилдик. Энди бор-йўғи бир кун ором олсак нима қипти? Биз Оқ денгизда чўмиламиз, денгиз қирғоғидаги оппоқ қумлар устида чопамиз. Денгиз шамоллари билан қувлашамиз. Қайтиб келиб, Оқ денгизда бўлганимизни одамларга айтиб берамиз. Қани, шундан кейин ҳам бизни одам қаторига қўшмай кўришсин-чи…”. Мерган Довон отини ниқтади. От ҳам шуни кутиб турган эканми, шамолдек учди. Маишат қилиб ўтирган Ёқуб чўлоқлар ортда қолиб кетди. Қора денгиз ҳангомалари ҳам, осмондаги қора булутлар ҳам минг чақирим нарида қолди. Улар довонларни ошиб ўтаверишди. Осмон тиниқлашиб бораверди. Сўнгги довонни забт этганларида кўз олдида оппоқ денгиз намоён бўлди. Оқ денгиз мавжланиб шовуллайди. Оқ тўлқинлар қирғоққа урилади. Оппоқ қумлар офтоб нурида кўзни қамаштириб жимирлайди. Мерган Довон ўзини денгизга отди. Оти эса оппоқ қумлар устида югурди. Унинг ёллари олтиндек товланарди. Денгиз шовуллайди. Тўлқинлар қирғоқни ювади. Мерган Довон қирғоқдан қайтаётган тўлқинларни қувиб чопади. Ҳов нарида сочларига жамалак таққан қизалоқлари қумдан уй қуриб ўйнашаётганига кўзи тушди. Юраги ҳаприқиб, уларнинг олдига боришга шошилди. Бироқ қизалоқлар бир лаҳзада кўздан ғойиб бўлишди. Мерган атрофга аланглаб, ёлғиз оти югураётганини кўрди. От қирғоқ бўйлаб югуради, югуради, тинмай югуради. Кейин чопишдан чарчаб, ўзини денгизга урди. Кўпирган тўлқинлар уни денгизга тортиб кетди. “Қайт, тулпорим, қайт. Ундай қилма”, деб бақирди Мерган Довон. Сўнгра ўзи ҳам отини қутқариш учун денгизга шўнғиди.
Мерган Довоннинг томоғи қақраб кетди. Шунда яна ҳаммаси кўздан йўқолди. Деразадан ғира-шира ёруғлик тушаётгани тонг ёришиб келаётганидан дарак берарди. Чол термосдан чой қуйиб ичди. Печка совиб қолган, ҳамма ёқ сув қуйгандай жим-жит. Ташқаридан ҳам бирор садо эшитилмайди. Оти эсига тушиб, шоша-пиша ўрнидан турди. Ҳовлини қалин қор қоплабди. Чол қорни ғарч-ғурч босиб отхонага борди. Отхонага кирди-ю, аянчли манзарадан бир зум ўзини йўқотиб қўяёзди. От оёқлари узалиб, қимир этмай ётарди. Мерган Довоннинг кўзига ёш қуйилиб келди. У охурга суяниб ўтириб қолди. Отининг очиқ қолган кўзига тикилиб, кўп хотираларни хаёлидан ўтказди. “Ундай қилма дегандим-ку сенга, — деди у алам билан. — Энди бутунлай оёқсиз қолдим. — У чуқур хўрсинди. — Майли, тақдир битиги шундай экан-да. Эҳтимол шу ишинг тўғри ҳам бўлгандир. Мендан кейин кетсанг, сени ким кўмар эди? Гўштингни лахта-лахта қилишларига ҳам менинг руҳим чидаб туролмасди. — Мерган Довон ғам-ғуссага ботиб, отининг ёлларини силади. Энди бу ёллар олтиндай товланмайди, энди уларда тириклик нишоналари йўқ. Отнинг танаси бутунлай совиб бўлган, энди у фақат энг сўнгги бир ҳаракатни — ер бағрига киришни кутиб турибди, холос. Бу эса ҳамма отларга ҳам насиб қилавермайди — гўё жониворлар гўштхўрлару ўлаксахўрларга ем бўлиш учун дунёга келгандек. — Бу дунёда ҳеч ким менга сенчалик садоқатли бўлмаган, тулпорим, — деди чол тақдирга тан бериб, ўрнидан тураркан. — Ҳеч ким мени сендайин тушунмаган, сен каби сирдошу дарддош бўлмаган…”
Қор тинган, аммо ҳамон осмоннинг қовоғи солиқ эди. Мерган Довон отхона атрофида анча ивирсиди. Аввалига бир ўзи отнинг гавдасини аравага юклашига кўзи етмади. Лекин ўзга иложи ҳам йўқ. Чол юз хил тадбир ўйлади. Гоҳ отнинг, гоҳ араванинг атрофида куймаланди. Охири чора топди. Ҳатто илоҳий кучлар ҳам унга мадад бераётгандек бўлди. У отхона олдида қия чуқурлик кавлаб, аравани туширди ва… минг бир азобда қийнала-қийнала отнинг жасадини ортди-да, аравани судраб йўлга тушди. У қишлоқ чеккасидаги тепаликни мўлжаллаб кетаверди. Бир зум ҳам тўхтамади, бир дам бўлсин ортига қарамади. Ҳамма ёқни тизза бўйи қор босган, чол ўзи бир умр юрган эски йўлларни чамалаб ўтирмасдан, яйдоқ дала бўйлаб йўл солди. Қалин қор қоплаган бу далада на бир дарахт, на бирон чайла кўзга чалинади. Кенг дала чолнинг кўзига гўёки Оқ денгиз бўлиб кўринди. У хаёлида Оқ денгизни кечиб борар, шунчаки кечиб эмас, улкан бир кемани тортиб борарди. “Мана, Оқ денгиз, менинг денгизим, — дея ўйлади у. — Лекин нега у шовулламаяпти? Нега мавжланмаяпти? Унинг тўлқинлари қани? Ё менинг денгизим музлаб қолдимикан, музлаб бораётганмикан? Ҳа, шундайга ўхшайди. Музлаб бораётган бўлса керак. Йўқса, мен кемани тортишга бунчалик қийналмаган бўлардим”. Унинг юзига денгиз шабадалари уриларди. Лекин денгиз шабадаларининг бунчалар совуқ бўлиб, юзни чимчилаб-чимчилаб олишини ўйлаб кўрмаган экан. Шу эсига тушиб мийиғида кулди.
Тепаликка қиялаб чиқиб олгач, Мерган Довон тўхтаб нафас ростлади. Ортига ўгирилиб, қишлоққа назар ташлади. Бир-иккита уйларнинг мўриларидан тутун ўрлаётганини айтмаса, ҳали қимир этган жон кўринмайди. Ҳамма саҳар уйқусида. “Одамлар ухлаяпти, — деди чол хўрсиниб. — Майли, ухлашсин. Ахир, улар ҳаётларини давом эттиришлари керак. Яшаш учун куч йиғишлари керак”.
Мерган Довонни кечга яқин қидириб қолишди. Панжи Бойтўра Ҳамдамникида ётиб қолган эди. Пешиндан кейин тетиклашиб, хайр-хўшлашиб чиқди. Шаҳарга қайтиш олдидан йўл-йўлакай қайнотасиникига ҳам бирров кириб ўтмоқчи бўлди. Қараса, чол ҳам, оту арава ҳам йўқ. Ҳар доимгидай яна бирон жойда улоқиб юргандир-да, деб ўйлади. Лекин ҳамма эшиклар, ҳатто дарвоза ҳам ланг очиқ қолганидан кўнглига шубҳа оралади. Қўни-қўшнилардан суриштирди. Панжи қидирганидан кейин бошқалар қараб туришармиди? Ҳамма Мерган Довонни ахтаришга тушди. Бир пайт бийдай даланинг ўртасидан тепаликка томон кетган якка одам ва араванинг изини кўриб қолишди. Эрталабки шамол дарров тинган, излар кўмилмай, аниқ-тиниқ кўриниб турарди. ўала-ғовур бошланди. Ҳар ким ўзича тўқиб-бичди.
— Бу қанақаси, — деди шов-шувни эшитиб етиб келган Ёқуб чўлоқ, — мана бу араванинг изими? Нима бало, аравани Мерганнинг ўзи судраганмикин?
— Бу мияси айниган чол, отимга оғирлигим тушмасин, деб от-аравасини етаклаб кетган, — деб гап ташлади кимдир.
— Э, отнинг изи йўқ-ку, фақат одам билан араванинг изи бор.
— Унда унинг оти қаёққа ғойиб бўлди?
— Оти қанот чиқариб учиб кетган бўлса керак.
— Э, ўша қирчанғиси учиш у ёқда турсин, оёғиниям зўрға судраб босадиган бўлиб қолган эди-ку.
Ҳаммалари қордаги из бўйлаб тепаликка томон кетишди. Тепаликдан ошиб ўтишлари билан янги ва каттагина бир қабрга дуч келишди. Ҳалиги из шу қабр олдида тўхтаган эди. Бўлди, нарёғи бепоён дала, оппоқ қор ястаниб ётибди, биронта из кўринмайди. Халойиқнинг боши қотди.
— Бу аҳмоқ чол ўзини ўзи кўмганми дейман, — деди Ёқуб чўлоқ.
Одамлар бир овоздан шу гапга қўшилмоқчи бўлишди.
— Йўғ-е, бўлиши мумкин эмас, — деб силтаб ташлади Панжи. — У ҳолда от билан арава қаёққа кетган? Бирон жойда отнинг изини кўрдингизми? Сиздай ақли ноқислар билан кенгашиб одам барака топмайди.
— Балки Довоннинг оти ўлгандир-у, чол бу ерга отини кўмиб қайтгандир? — деди кимдир.
— Хўп, отини кўмган ҳам дейлик. Лекин чол билан арава қаёққа ғойиб бўлган? Бу ёққа келган из бор, аммо қайтган из йўқ-ку, — хуноби ошди Панжининг. — Бобой одамни тозаям уятга қўйди-да. Обрў деган нарсанинг мисқоллаб йиғилишини қаёқданам билсин. Ёш болага ўхшаб индамай-нетмай уйдан чиқиб кетганини қаранг. Бу қўланса гап қанот ёзиб, шаҳарга ҳам етиб бормаса гўрга эди.
— Бирон кимса хафа қилган бўлса бизга айтмайдими, биз ўша зўравоннинг танобини тортиб қўймаймизми, — деди ҳаммадан охири етиб келган Бойтўра Ҳамдам. — Кеча бизникига тўйга ҳам борганга ўхшади, чамамда. Ё кўзимга кўрингандай бўлдими, ишқилиб қаердадир лойга беланиб юрганига кўзим тушгандай.
— Кўнглингизга келмасину, Панжибой, қайнотангиз хўп ғалати одам-да, — деб кибрли илжайди Ёқуб чўлоқ, — уйида ош-нони йўқлигидан аразлаб кетиб қолмаганмикин, нима бало? Агар шундай бўлса, мана, бизга айтмайдими, уйини гўшту нонга тўлдириб ташламаймизми. Ҳар ҳолда бир умр савобни табаррук билиб юрган одаммиз. Савоб учун бир очни тўйдиришга жазм қила оламиз.
Панжининг афти буришди:
— Унақа савобларни ўзимиз ҳам қила оламиз, Ёқуб бува. Бобой ҳеч қачон оч қолгани йўқ. У кишининг, керак бўлса, сиз билан мени тўйдиришга ҳам қурби етарди.
— Йўғ-е?
Уларнинг гапини Бойтўра Ҳамдам бўлди:
— Чол топилса, савобли ишларингизни қилиш қочмас. Ҳозир муҳими бошқа масала — Мерган Довон қаёққа йўқолди?
Кеч бўлиб қолган эди. Одамлар шу жумбоқни ўйлай-ўйлай қишлоққа қайтишди.
— Мерган Довон тирик, қаерлардадир аравасини судраб юрган бўлиши керак. Дараги чиқса сенга хабар етказамиз, — дея Панжининг кўнглини хотиржам қилиб, шаҳарга кузатиб юборишди.
Туни билан бутун қишлоқ шу жумбоқни ўйлаб деярли ухламай чиқди. Оз-моз ухлаганлар ҳам тушларида фақат тепаликдаги қабргача борган изларнигина кўришди. Бошқа из йўқ. Тепаликдан нарёғида эса муз қотган денгизни эслатувчи оппоқ кенгликни кўришди. Эртасига ҳам, индинига ҳам қанчалик мулоҳаза қилишмасин, чолнинг изини топадиган биронта гап айтишолмади. Лекин Мерган Довон қуш эмас-ки, осмонга учиб кетса, сув эмас-ки, ерга сингиб кетса. У — одам. Арава эса — кўп йиллардан бери шағирлаб юравериб, одамларга таниш бўлиб қолган буюм. Балки ростдан ҳам, одамлар айтганидай, чол ўзининг бор-йўқлигини сездирмай қаерлардадир юргандир… оқ, оппоқ денгизни ахтариб.