Қишлоқ четидаги бу майдон шу пайтгача янтоқлар ўсиб ётган, болалар улоқ-қўзи ҳайдаб юрадиган бир яланглик эди.
Кейин… туман раҳбарлари келишиб қишлоқ атрофини обдон айланишди ва шу ялангликда тўхтаб, нималарнидир баҳслашишди, тортишишди ва тарқалиб кетишди. Орадан бир неча кун ўтгач ернинг текислигини чамалайдиган асбоб-ускуналарини елкалаган беш-ўн киши келди бу ерга. Улар асбобларини ўрнатишиб, турли хил расмларга тушириб кетишди, натижаларини ёзиб-чизишди. Кўп ўтмай қаторлашиб ҳар хил машинаю тракторлар келди, қурувчиларнинг кўчма уйлари жойлашди. Бир зумда кўз кўриб-қулоқ эшитмаган қурилишлар бошланиб кетди. Қурилишнинг довруғи Райҳон кампирнинг ҳам қулоғига етиб борди. Қўни-қўшнилардан янги уйлар қурилаётганини эшитганда унчалик парво қилмаган эди. “Ҳамманинг уйи бор бўлса, кимга ҳам керак экан бунчалик кўп иморатлар”, деб ўзича минғирлаб қўйди.
Шом қоронғусида ўғли тракторини қияликка қўйиб кириб келганида кампир эски кўрпачаларнинг увадаларини титкилаб ўтирган, келини эса қизалоқлари билан ўчоқ бошида куймаланиб юрган эди. Ўғлининг оғзи қулоғидалигини кўриб кампир ҳайрон бўлди. “Сигири эгиз туғибдими бунинг” деди ичида. Буни ўғли ҳам дарров пайқади.
— Янги қурилаётган уйлардан биттаси бизга тегадиган бўлди, эна, – деди у кампирни кўп ҳам илҳақ қилмаслик учун юз-қўлларини юва-юва.
Кампир индамади. У ўғлининг гапига ишонишини ҳам, ишонмаслигини ҳам билмади. Келинининг севинчдан учиб-қўнаётганини кўриб кулгиси қистади. У ҳам бир пайтлар шундай ёшгина жувон эди. Унинг ҳам эри тракторчи эди. Бировлар Тошмурод тракторчи деса, баъзилар жувозчининг ўғли деб чақирарди. Райҳон Тошмуродга турмушга чиққанда яқинлари, қўни-қўшнилар ҳашар қилишиб гуваладан мана шу бир даҳлизу бир хонали уйни қуриб беришди. Томи лойсувоқ бу уйдан ҳали-ҳануз ёғин-сочинли кунларда чакка ўтиб, ернинг захи безовта қилади. Шундай кунларда кампир ерга қават-қават қамиш бўйраларни тўшаб, устидан кигиз ёзади, шу билан намгарчиликни енгган бўлади. Тошмурод бир умр хўжаликда тракторчи бўлиб ишлади. Тонг ёришар-ёришмас далага отланиб, тун қоронғусида тракторини тариллатиб қайтиб келарди. Қанчалик ювинмасин, ундан доим трактор мойининг ҳиди анқирди. Райҳоннинг бошда бундай ҳидга кўникиши қийин бўлди. У билинар-билинмас бурнини жийириб қўярди.
— Нега юзингни буриштирасан? — сўрарди Тошмурод.
— Сиздан мой ҳиди келаяпти, — дерди Райҳон.
— Сендан эса фақат райҳон ҳиди келади, — деб кулиб қўярди Тошмурод.
Ростдан ҳам Райҳон келин бўлиб келганидан буён бу ҳовлидан гулу райҳонларнинг ҳиди аримай қолди. Райҳон азонлаб туриб уй юмушларини қилар, ҳовлини супуриб-сидирар, эшик олдидаги бир парча ерга эккан гул ва райҳонларига сув сепар, кейин тонг ёришаётганда далага кетарди. Улар кундуз кунлари деярли бир-бирларини кўришмасди. Иккаласи ҳам уззу-кун далада ишлашар, фақат тунда мана шу гувалали уй уларни висолга етказарди. Шу уйда беш қиз, бир ўғил дунёга келди. Болалар қамиш бўйра устида бир-бирларининг пинжига тиқилиб катта бўлишди. Бешала қиз оталарининг оқ фотиҳаларини олиб беш қишлоққа келин бўлиб кетишди. Аммо ўғли Ботирнинг бошини икки қилишга Тошмурод улгурмади. Узоқ хасталикдан сўнг омонатини топширди. Кампир ҳувиллаган уйда ўғли билан ёлғиз қолди. Ботир ота касбини эгаллаб, тракторчи бўлди. У ҳам Тошмуродга ўхшаб ярим кечада даладан қайтишни, гурс-гурс қадам ташлаб кириб келишни, дастурхондаги буғдой нонга иштаҳа билан қўл узатишни одат қилди. Ундан ҳам трактор мойининг ҳиди анқий бошлаганда кампир анча вақтдан буён йўқотиб қўйган ҳидини топгандай севиниб кетди. Ботир ҳам атрофни ўзгача иштиёқ билан ҳидларди. Кун бўйи солярка тутунидан нафас олаверганидан бўлса керак, ҳовлига кириши билан димоғига гупиллаб урилган гулу райҳонларнинг исини яққол сезарди. Она-бола бир-бирига юпанч бўлиб яшаб юришди. Кампир умри поёнига етиб бораётганини ўйлаб, ўттизга ўтаётган ўғлини уйлантириш йўлида жонсарак бўлар, ўғил эса уйланиб шу биргина хонани ҳам банд қилсам, онам болишини қаерга қўяди, деб ўй сурарди. Ниҳоят у ўртоқларини ҳашарга чақириб, гуваладан даҳлиз ёнига яна бир хона қурди. Келинни ўша хонага олиб келадиган бўлишди. Келин ҳам келди, бирин-кетин неваралар ҳам туғилди, кампирнинг бағри тўлди. Лекин бир хонада ёлғиз ўзи қолганида кўзига уйқу келмас, Тошмурод хаёлидан кетмасди. Ғарибгина шу кулбани Тошмурод тўлдириб турарди.
Ўғли, янги уй оладиган бўлдик, деганида кампир ўзининг гувала уйидан бошқачароғини тасаввур қилолмади. Тракторчининг манглайига шундан ортиқ уй битармиди, дея ўйларди у. Бироқ Ботир ҳар куни қурилаётган уйларни мақтаб келаверганидан кейин кампир ҳам ростакамига қизиқа бошлади. Ҳатто ўша уйни бир бориб кўришга ҳавасманд бўлиб қолди. Аммо бу гапни эрта баҳорда бошлаган Ботир ёзнинг ўрталарига келиб ҳам кампирга янги уйни кўрсатишни пайсалга солаверди. Кампирнинг авзойи бузилгач, ниҳоят бир куни эрталаб ўғли уни қурилиш майдонига олиб борди. Улар бир четда тўхтаб қурилишларни томоша қилишди. Кампир кафтини соябон қилиб атрофга назар ташлади. Кенг майдонда жуда кўплаб иморатлар бўй кўрсатиб қолган, баҳайбат машиналар у ёқдан-бу ёққа тинимсиз қатнар, улкан тракторлар важоҳат билан тариллар, қурувчилар енг шимариб ишлашар, тупроқ йўллардан қуюқ чанг осмонга ўрларди.
— Сен бола мени эрмак қилма, — деди кампир қовоғи уюлиб.— Қишлоқ уйлари бундайчикин бўлмайди. Бу ерда шаҳар қурилаётганга ўхшайди-ку. Тракторчига шаҳардан уй тегиб қолибдими. Ҳа, ўтригинг ҳам бор бўлсин-а.
— Эна, рост айтдим, мана шу уйлардан биттаси бизники бўлади.
— Сеники бўлса, қани, кўрсат ана шу уйни менга.
— Қурилишлар тугасин, кейин кўрасиз. Ҳозир чангга беланиш зарилми сизга?
— Нима бўпти, ҳар доимги ўзимизнинг чанг-да. Кўрсат уйингни.
Ботир ноилож, кампирни тупроқ йўлдан иморатлар орасига етаклади. Кампир калишини қўлига олиб, қайноқ тупроқ устидан ялангоёқ юрди.
— Шу уй бизники, эна, — деди Ботир кампирни ўртароқдаги бир ҳовлига бошлаб кираркан.
Кампир бир зум тўхтаб, энтикиб нафас олди. Ҳовли девор билан ўралган, иморатнинг салобати одамни ҳайратга соларди. Томда усталар ишлашаётган экан. Кампир юқорига қараган эди, қуёш нурлари кўзини қамаштирди. Унинг қисиқ кўзлари янаям қисилди.
— Улларим-ов, ҳорманглар, ишларингга унум берсин, илойим.
— Бор бўлинг, момо, янги уйимни бир кўриб кетай, деб келибсиз-да? — деди устабоши.
— Ботиржонимнинг уйими шу? — сўради кампир гўё, бегона жойга адашиб келиб қолмадимми, дегандек.
— Ўғлингизни қўйиб туринг, сизнинг уйингиз-ку бу.
Кампир хурсанд бўлиб жилмайди. Табассумга ошиққан лаблари ортидан тишсиз милклари кўринди. Бу милкларнинг тишдан холи бўлганигаям анча йиллар бўлган. Ёшлигида унинг тишлари жуда чиройли эди. Дугоналари суқланиб мақтаб қўйишарди-ю, лекин Тошмуроднинг мақтови бошқача бўларди. “Сенга доим дур совға қилгим келади-ю, лекин мен олиб келадиган дурлар сенинг тишларинг олдида оддий тошга ўхшаб қоладими деб қўрқаман”, дерди у. Шу гўзал тишларнинг баъзиси пахта ўсган далаларда қолиб кетди.
Ўшанда Райҳоннинг тўнғич қизи туғилган эди. Чақалоқ роса инжиқ эди, кўп йиғларди. Бир куни туни билан ўзи ҳам ухламади, Райҳонга ҳам ором бермади. Устига-устак Райҳоннинг тиши оғриб, икки кун узлуксиз азоб берди. У оғриётган тишини омбир билан суғуриб ташлагиси келарди, аммо бунга ҳам журъат қилолмади. Пахта терими авж паллага кирган, етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма далада эди. Райҳон иш билан овуниб, тиш оғриғини унутаман, деб ўйлади. Аммо ер захлик қилдими, оғриқ баттар зўрайди. У азобланиб кўзларини қаттиқ юмди ва шу кўйи эгатда ухлаб қолди. Кутилмаганда эркак кишининг таҳдидли бақириғидан чўчиб уйғонди. Шундоққина тепасида раиснинг аждардек пишқираётганини кўраб, сал бўлмаса юраги қинидан чиқиб кетаёзди. Ранги қув ўчиб, оёқ-қўли қалтираб ўрнидан турди. Ҳов нарида, район раҳбарларидан бўлса керак, яна уч-тўрт чоғли шляпа кийган кишилар туришганини кўриб баттар уялди.
— Ҳамма кечани-кеча, кундузни-кундуз демай оқ олтинни мисқоллаб тераётганда сен муттаҳам куппа-кундузи ялпайиб ухлаб ётибсанми? — дея ўшқирди раис.
— Тишим оғриганидан билмасдан ухлаб қолибман, — деди Райҳон уятдан ерга киргудек бўлиб.
— Қайси тишинг сени ишлашга қўймаяпти?
Райҳон оғриётган тишини лаби устидан силаб кўрсатди. Раис ҳеч иккиланиб ўтирмасдан, ўша жойга қўлидаги таёқ билан бир туширди. Райҳоннинг кўзларидан олов сачраб кетди. Оғриётган тиш эгатга учиб тушди. Лекин бу қитмир тиш ёнидаги иккита соппа-соғ тишни ҳам етаклаб кетди.
— Мана, энди ҳам шу лаънати тиш сенга халақит қилиб кўрсин-чи, — деди раис.
Райҳон кафти билан қон сизаётган оғзини бекитиб, раҳбарларнинг узоқлашишини кутиб турди. Улар нари кетгач, эгат бошига югуриб бориб, ариқдаги сувдан оғзини чайди. Лахта-лахта қон туфлади. Раис тўғри айтган экан, Райҳон тиш оғриғидан бутунлай қутулди. У шундан хурсанд бўлди. Фақат соғ тишларининг ҳам синиб тушганию лабининг бироз йиртилиб чандиғи кўриниб қолганидан бир неча кун хижолат бўлиб юрди. Кейинчалик булар ҳам унутилди. Кексайиб, юзларини ажин қоплагач, ўша чандиқ сезилмай кетди. Ойдай жамолига зеб бериб турган дур каби тишлари эса умр ўтиши билан жилосини йўқотиб, соҳибасини тарк этди.
Кампир ҳовлини эринмасдан айланиб кўрди. Қурилаётган иморатнинг ҳар бир хонасига бош суқди. У аввал қулоқларига ишонмаган бўлса, энди кўзларига ишонгиси келмаётган эди. “Кўраяпсизми, жувозчининг ули, Ботиржонимгаям кўркам иморат битибди. Шундай кунларга етмадингиз-да, ҳай эсизгина-я”, деб ичида гапирарди ва кўзларини намлаган қувонч ёшларини астагина артиб қўярди. У кунда-кунора шу ҳовлига қатнайдиган бўлиб қолди. Набиралари баъзан унинг қаёққа кетганини билмай қидириб қолишарди. Кампир тупроқ кечиб янги ҳовлига борар, жадал ишлаётган усталарга: “Улларим-ов, ҳорманглар, Ботиржонимнинг уйи битай деб қолдими?” дерди-да, набираларининг кичкина кетмончаси билан ҳовли бурчагидаги бир парча ерни юмшатиб, нималарнидар экиб юрарди. -Саксондан сакраган энасининг ҳали қурилиши битмаган ҳовлида экин-тикин қилиб ивирсиб юриши Ботирга малол келди.
— Шу ишлар сизга зарилми, эна, уйда ўтирсангиз бўлмайдими, одамни хижолат қилмай. Сизга биров ер чопинг деяптими? — деди у ниҳоят бир куни.
— Ол-е, чопмасам чопмабман-да ерингни, бахилнинг тувгани, — деди кампир ҳам зарда билан.
Ҳаммасини кўриб турган устабоши Ботирнинг гапини кесди:
— Энанг тилла аёл экан, укагинам, агар шу аёл менинг энам бўлганида ҳар куни кафтидан сув ичардим. Бу уйда момо ўзининг қанча яшашини билмайди-ю, лекин сен ва сенинг болаларинг узоқ вақт яшашини яхши билади.
Барибир Райҳон кампир то ҳаво совиб, лойгарчилик бошлангунча икки ҳовли ўртасида ўз билганича қатнаб юрди. Ёғин-сочинли кунларда ҳам у ерга боргиси келди-ю, Ботир йўлини тўсди.
— Эна, бир ками энди лой кечиб юришингиз қолувди. Баҳорда кўчиб ўтамиз, шунгача иссиқ уйда дам олиб туринг, — деди у жаҳли чиққанини яширмай.
Кампир бутун қиш бўйи остона ҳатламади. Лекин баҳор эшик қоқиши билан яна ҳеч кимга айтиб ҳам ўтирмасдан янги уйга йўл олди. Қаторасига қурилиб, кўркини кўз-кўз қилаётган уйларни кўриб юраги ҳаприқди. Ҳамма уйлар бир-биридан чиройли. Тупроқ кўчаларни асфалт қилишни бошлашибди. Кампир ўша уйни чамалаб борарди-ю, адашиб кетмаяпманми, деб атрофга алангларди.
— Улларим-ов, Ботиржонимнинг уйи шуми? — сўради у сўнгги юмушларни бажараётган усталардан.
Усталар кампирни дарров таниб, ҳовлига йўл кўрсатишди. У ҳовлида яна одатдаги юмушларини бошлаб юборди. Уйнинг салобатию тароватига қараб тўймасди. “Ботиржонимнинг уйи. Қандай кўркам уй. Умримиз қайси замонларда ўтиб кетибди-я, ҳай аттанг-а. Майли, берганингга, етказганингга шукур”, дерди у ўзича минғирлаб.
Кўклам саболари эсиб турган кунларда улар янги уйга кўчиб келишди. Ботир яқинларни, дўстларию қўни-қўшниларни чорлаб ҳовли тўйи қилди. Райҳон кампирнинг қувончи ичига сиғмасди. “Ботиржонимнинг уйи, Ботиржонимнинг ҳовлиси”, деган сўзни оғзидан қўймасди у. Баъзан ҳаддан зиёд шодликни кўтариш учун ҳам одамзодга куч-қувват керак экан. Тўйдан сўнг кампир анча чарчоқни сезди. Бешикдан тушганидан кексайганига қадар зах далаларда усти юпун, оёғида йиртиқ калиш билан юрганлари баралла кучини кўрсатди. У тўшакка оёқ узатди.
— Ботиржон, уйинг қутлуғ бўлсин, — деди у зўрға оғиз жуфтлаб. — Қаерда бўлсанг ҳам отанг ёққан чироқни ўчирма, болам.
Кейин уч кун бирор сўз демади, туз ҳам тотмади. Ниҳоят учинчи куни бир қултум сув ичди.
— Энди мендан рози бўлинглар, — деди кампир шивирлаб ва кўзларини оҳиста юмди.
Кампир қанчалик эзмадек туюлмасин, Ботир унга ўрганиб қолганини пайқади. Бир умр ёнида юриб қадри билинмаган момо бир кунда ҳаммани соғинтирди. Ботир уйга кирса ҳам, ҳовлига чиқса ҳам бир нарсасини йўқотган одамдек гангиб юрди. Ниҳоят бир куни саҳар чоғи ҳовлига чиқиб, юз-қўлини юваётганида худди онаси ёнидан ўтиб кетгандек, унинг исини туйди. У ярқ этиб атрофга аланглади, кампир йўқ, аммо ҳамон иси кезиб юрибди. У тўрт томонга жавдираб қаради, баҳор найсонлари тиниқлаштириб кетган ҳаводан тўйиб нафас олди ва шунда мана бу ҳид ҳовли этагидаги райҳонлардан таралаётганини топди. У ўша ерга бориб, бир зум хаёл суриб қолди. Кейин бир нечта райҳонларни кафтига олиб, юзига босди ва сассиз йиғлади. Ботир шу тобда онасининг тиззасига бош қўйиб йиғлаётганини ҳис этарди. Гўё Райҳон кампир боқий дунёга бир зум кетган-у, кейин райҳонларга айланиб қайтиб келганга ўхшарди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 29-сон