Бинафша, сен учун — кўкрагим эрк ери,
Бу ердан кўкларга учгил!
Чўлпон
…Лекин у, ана шундай ижодкор, ёзишни ҳаётининг бирдан бир мазмуни, деб билган ёзувчи бирданига ёзмай қўйди. Худди бир вақтлар кутилмаганда ёзишни бошлаб юборгани каби…
Ваҳоланки, у юртда ҳам, дунёда ҳам жуда машҳур ва энг кўп ўқиладиган ижодкорлардан эди. Қолмишига, ўзининг энг катта китобини, ҳаётининг бош асарини, юрагининг шоҳбайтини ёзишга ҳозирлик кўраётганди. Овоз чиқариб бировга айтмаган эса-да, ўзича “Мазкур асарим билан ер куррасининг теран мулоҳазали, ҳассос қалбли, ўткир зеҳнли инсонлари қалбига энг тансиқ олам янглиғ кириб бораман ҳамда шу янглиғ дунёнинг равишига таъсир қиламан, уни янгилайман”, деб ўйлаб юрган эди. Лекин… лекин ўйлари ярим йўлда қолди. Нима бўлди ўзи? Қандай оламшумул ҳодиса рўй бердики, қаҳрамонимиз онадан қайтадан туғилган каби ўзгарди-қолди, илкидаги еру кўкка инонмайдиган қаламини синдирди-отди. Ахир, неча-неча ношир, минг-минг мухлис унинг номидан келадиган ҳар бир сатрга илҳақ бўлиб ўтиришар эди-ку!.. Наҳотки, ҳаммасидан бирданига ва биратўла воз кечиш мумкин бўлса?!.. Бу қандай телбалик?..
…Бир кун бурун юраги ториққанди ёзувчининг. Ёзиш хумори, деб ўйлади. Ўзи шунақа, ижод тўлғоғи бошланаётганда кўксида аллақандай сирли-сеҳрли, айни чоғда, оғриқ аралаш оғир бир кайфият пайдо бўлади-да, индамаса, вақт ўтган сари қотиб тошга айланади. Худди инжиқ болакайга ўхшайди бу ҳол. Кўнглига қарамасанг, гап қўшмасанг, нима истаётгани билан қизиқмасанг, лабини чўччайтириб, қовоғини тоғдек уйиб олдингда туриб оладиган безгина болажонлар бўлади-ку, худди ўшанақа. Қўлингга қаламу довот олмагунингча сени тарк этмайди бу кайфият.
Ёзувчи қаламу довот — ноутбукини ёнига — машинасига олдию газни босиб шаҳардан чиқиб кетди. Одатдагидек, дала ҳовлисига эмас, йўқ, негадир рулни бошқа томонга қараб бурди. Кўнглининг жиловини қўйворгиси келди шу сафар. Ҳа, нима қипти? Умрининг ярмини тизгинлаб яшади, энди қолган ярмида юганни салгина бўшатса, осмон узилиб ерга тушмас, ахир!.. Ёзувчи отнинг бошини эркин қўйиб, унинг салт юришига монеълик қилмаган чавандоз янглиғ кўнглига озодлик эълон қилди. Кўнгил эса уни олис-олисларга олиб кетди. Узоқ йўл босди. Шунчалар узоқки, асфалт йўллар тугаб, қир-адирлар бошланди. Шаҳарнинг, тамаддуннинг оёғи етмаган жойларга боргандагина тормозни босди. Тушди. Димоғига ер бағрини ёриб чиққан кўкламойимнинг илк майсаларидан енгил таралаётган бўйи урилди. Энгашиб боқди. Сўнг қизиқиши ортиб, чўккалаб ўтириб олди. Бинафша! У эпкинда ҳафиф чайқаларди. Бинафшадан кўзини узмай тураркан, миттигина шу гулнинг нозиккина елкаларига ортилган улкан баҳорни кўриб қолди. Кўрдию юрагининг туб-тубида, жудаям чуқур бир жойида кимдир уйқули кўзларини очиб бошини кўтарганини ҳис қилди… Ҳайрати ҳаяжонга, ҳаяжони энтикишга дўнди, бир пас шу кўйи чуқур-чуқур нафас олиб турди-турди-да, сўнг андак ҳовурини босгач, қаддини тиклаб кўкка юзланди. Янада кейин эса кимдандир, нимадандир миннатдор жилмайди…
* * *
Ўша куни юрт озод бўлди. Ҳамма кўчаларда ҳурриятни байрам қилар, ким қўшиқ-шеър айтса, ким рақсга тушар, ким нутқ ирод этса, ким тинглар, ким кулиб-ўйнаб юрса, ким кулиб-томоша айлар, хуллас, одамлар ўзларида йўқ шоду хуррам эдилар. Ёзувчи ҳам улар орасида ҳаяжонга тўлиб кезар, нашъу намоси чек-чегара билмас, ўзи каби бахтиёр одамларни маҳкам қучиб табриклар, кўзларидан шошқатор севинч ёшлари қуюлар эди. Қизга шу янглиғ рўбарў келди. Уни ҳам кутилмаганда қаттиқ қучиб, ердан оёқларини узди-да, ҳавода чир айлантириб яна жойига қўяркан, иттифоқо, кўзлари қизнинг кўзларига қадалиб қолди. Шунда… шунда нафас олиш бир муддат ёдидан кўтарилгандек юзи бўғриқиб-қизариб кетди ёзувчининг, қиз бўлса ундаги фавқулодда ҳаяжонни кўриб, қаҳ-қаҳлаб кулиб юборди. Фақат шундан кейингина ёзувчи бирдан сув остидан чиққан одам сингари ютоқиб-ютоқиб, шошиб-шошиб ҳавони симира кетди. Бунга сари қиз хандон отди. “Кулгулари камалакдек товланади, фақат ранглари товуш кўринишида!” деди ёзувчи ўз ўйидан ўзи завқланиб. Ёзиб қўйиладиган жумла эди бу унинг назарида. Илгари, албатта, ёндафтарига тиркарди. Лекин бу гал негадир ёзмади… Тавба-а-а…
— Исмингиз нима?
— Бинафша…
— Бинафша?!..
Жавоб ўрнига қиз яна яйраб кулди…
* * *
Орадан баробарликдаги кунлар, ойлар ва ҳатто йиллар ўта бошлади. Лекин фурсат уларнинг муносабатига фақат қўр бағишлар, асло акс таъсир қилмасди. Ёзувчи ва Бинафша турмуш ташвишлари-ю, инсон имконлари маҳдудлигини эплаганда енгиб, зўр келганда эса айланиб ўтиб, хуллас, иложини топиб бирга вақт ўтказишга, узоқ-узоқ, тотли-тотли суҳбатлар қуришга ҳаракат қилишарди. Мавзу — ҳамма нарса ҳақида, яъни олами суғродан тортиб, олами куброгача. Ёки тескариси — кабир оламдан бошланиб, зарра оламда ниҳоя топарди. Эртасига эса яна интиҳодан ибтидо куртак ёзарди. Ёзувчи бир вақтлар ҳамма нарса ҳақида ҳамма билан жуда кўп гаплашган, пировардида, ўша ҳамма нарса ҳаммага қўшилиб жонига тегиблар кетган, бирдан бир нажот — узлатга чекинган кўйи олам ҳақида жимгина ёзиш эди. Дунёнинг казо-казо руҳшунос олимларидан бири “оламни ҳокимиятга интилиш инстинкти бошқаради” деса, бошқаси “йўқ, уни жинсий майл ўз ортидан оч итдек эргаштириб юради”, дегич эди. Ёзувчи эса “сўз айтиш ва тушунилиш эҳтиёжи — бирламчи” деб билар, шу боис ҳам тинмай, ҳа, тинмай ёзар, ўзи тўғрисида оламга шу тарзда жар солар эди. Лекин у сира кутилмаганда ёзмай қўйди-ку!.. Ҳа-ҳа, нотўғри ўқимадингиз, айнан ёзмай қўйди. Кечагина “Менинг дардим — дунё дарди, дунёники эса меники”, дер эди. “Фақат бутун дунё бир бўлибгина дардимни кўтаришга қодир. Дунё ҳам менинг ёзганларимга муҳтож, чунки мен унинг юзига сўзларимдан кўзгу тутаман. Бошқача айтганда, мен унга ўзи ҳақидаги энг ҳаққоний, энг рост ҳикояларни айтиб бераман”, деб ўйларди у. Лекин, во ажаб, Бинафшага дуч келди-ю, ўйлаганлари сароб бўлиб чиқди. Назмнинг елкаларини эзиб қўяди, деб насрда битганлари ва битмоқчи бўлганлари, ҳазм қилса, фақат башар аҳли бир бутун бўлиб ҳазм қилади, деб билганларининг барча-барчаси биргина, ёлғизгина, ожизгина Бинафшага айтилиши билан эриб битди. Қалби ҳам шаррос қуйган ёмғирдан сўнгги дарахт япроғидек тиниқ тортиб яшнади. Ажаб, хўп ажаб!..
“Сени учратгунимга қадар ичимда жаннат соғинчи кезиб юрарди, сенга дуч келганимдан бери эса менинг жаннатга эҳтиёжим қолмади! Эҳтимол, жаннатнинг кўнглимга, унинг шу ҳолига эҳтиёжи бордир… Тавба, дейман, Биру Борнинг Ўзи кечирсин, дейман, лекин кўнглимнинг мавжуд ҳолидан қандай қилиб юз ўгирай? Қандай қилиб носамимий бўлиш мумкин? Буларнинг ҳаммасига сабаб — ишқ! Мен уни гуноҳ, деб ўйламайман. Билъакс, ҳар қанча гуноҳим бўлса, айнан кўнглимдаги ишқ барчасини юқ-юқигача ювиб тозалайди, деб биламан, бунга ишонаман. Худди борлигимга, тириклигимга иймон келтирганимдек. Билониҳоя, гуноҳлардан покланиш имкони бор экан, бу дунё туғилиш ва яшашга арзийди! Ҳа, минг бор, миллион карра, чексиз марта арзийди! Яхшиям сен борсан! Яхшиям мен борман! Ҳамда яхшиям сену мен — биз топишдик! Ахир, бир шаҳарда, ҳатто битта маҳаллада, айни кўпқаватли уйда ёнма-ён яшаб ҳам ҳеч қачон бир-биримизни учратмаслигимиз мумкин эди-да! Мен зоҳирий учрашишни назарда тутмаяпман ва сен буни яхши англаб турибсан, албатта. Бу дунёда ўз ярмини топган инсонлар нақадар бахтлидирлар ва билъакс, миллионларнинг ичида яшаб ҳам, бир ёстиққа бош қўйиб ҳам қалбан ёлғиз ўтаётганлар нақадар ғарибдирлар! Ёнимда сен бор экансан, менинг ҳаётим ўзини оқлайверади! Кўзларим гавҳарларида ойдек жамолинг порлаб турар экан, қалбим ҳам илоҳий ҳимоя билан лиммо-лим тўлиб бораверади! Ҳа-ҳа, юрагимда сен бор экансан, мен Яратганнинг паноҳида яшайман, яшайвераман!..” Ёзувчи бу гапларни ёзмасди, балки Бинафшага айтарди. Тил билан эмас, йўқ, кўзлари билан, ҳоли билан, ҳаёти билан баён этарди, борлиқ дил изҳорларини…
* * *
Ёзувчи қобоқларини очди. Тушмиди бу ё ширин бир хаёл — билолмади. Нафсиламрини айтганда, энди бунинг унга фарқи йўқ эди. Чунки унинг ҳаётида, юрагида бинафша бор эди, бинафша! Лаблари ҳам дамодам “Бинафша!” дея пичирларди. “Бинафша! Ҳозир ҳузурингга учиб бораман ва биз ниҳоят, дийдор кўришамиз! Сўнг бир умр бирга бўламиз, бир умр ширин суҳбат қурамиз. Бир умр кўзларингга қараб яшайман, ҳаётим!.. Бир умрми?.. Йўқ, у биз учун бир лаҳза! Чунки сезиб турибман, бу дунё вақти бизга, севгимизга камлик қилади, бизга мангулик керак дийдорлашмоқ учун ва биз унда абадий суҳбат қурамиз! Покиза гулим, эшитяпсанми, абадий! Бу дунёю у дунё бирга бўламиз энди! Ҳатто Яратганнинг яна неча-неча бошқа очунлари бўлса, уларнинг ҳаммасида, тақдир бизни қай сорига йўлласа, ўша оламларнинг ҳам барча-барчасида баробар бўламиз! Тушуняпсанми, Бинафшам, айланай сендан, Тангрим ёрлақаса, биз ҳамиша бор, ҳамиша бирга ва ҳамиша бахтиёр бўламиз!..”
Ёзувчи уйдан ораста кийиниб чиқди. Анвойи гуллар иси тутган йўлда енгил одимларкан, юзлари ажойиб бир тарзда ёришиб борарди унинг…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 39-сон