Ўша кун борлиқ қоравут тусга беланганди. Ҳавони рутубат қоплаган, ёғий лашкаридек бостириб келаётган қуюқ қора булут оғир ва эзгин руҳиятни етакларди. Мен ишлаётган шифохона уйимдан анча узоқ бўлиб, йўли ўнқир-чўнқир, қияликлардан иборат. Айниқса, ёғингарчилик пайтлари бу янада кўпроқ сезилар, хавф-хатарсиз, эркин ва илдам одимлашимга йўл бермасди. Талабалик йилларимдан ёғин-сочин кунларга асқатиб келган, ҳозирда анча униқиб қолган ёмғирпўшимни олмай йўлга чиққанимни ўйларканман, ҳадемай юз беражак, кучли жала ёки этга игна санчиб, кутилмаганда қорга эврилувчи совуқ ёмғирда инсиз қолган полапон сингари дийдирашимдан ташвишим ортарди. Қора булут кирдикорларига дош бериш пайида қадамларимни жадал ва шунинг билан бирга эҳтиёткорона босишга ҳаракат қилардим. Манзилимга талафотсиз етиб олиш ва бу ерда адолатсизликлар жабридан телбалик болишига бош қўйган бемор аҳволидан маҳобат довулини чалаётган қора булутнинг муқаддас қуёш юзини тўсиб олгани, ердаги барча кўланкалар, тутунлар, туманлар билан баҳамжиҳатлиги ва якдиллиги ташвишларимни янада оширарди. Бироқ бу ғанимликни кун келиб нур қаршисидаги соя янглиғ барҳам топиши муҳаққақлигини ўйларканман, кўнглимга хотиржамлик ва ҳаловат эпкинлари сизиб кираётганини пайқардим.
Қаровимдаги беморнинг кеча тунда аҳволи янада оғирлашган: тана ҳарорати кўтарилиб, терга ботганди. У дам ўтмай телбавор ҳайқирарди. Гўё ҳадемай бошига ёпирилажак ва уни маҳв қилишга шайланган ўлим шарпаси билан дуч келгандек кўзларида қўрқинч ва таҳлика из солар, ҳайратланар, таъқиб остига олган ва тинч ҳаётидан мосуво бўлган аллақандай қора булут шаънига лаънат ўқирди. Бу ҳолат мени шунчалар эсанкиратардики, бемор танасига юбораётган ухлатувчи муолажаларимнинг таъсирсизлигидан ҳайратим ошар, ташвиш, тушкунлик ва чорасизлик тобора шууримни остин-устин қиларди. У жаҳл билан қўлларини юқорига чўзганча ҳаводаги алланимани эзғилаб ташламоқчи бўлиб бўшлиққа чангал урар, бу пайтда кўзлари косасидан отилиб чиққудай қўрқинчли чақчаяр, гавдаси жонсизланган ҳолатига номутаносиб, фавқулодда пайдо бўлган аллақандай куч таъсирида ғайритабиий кўтарилар, тишлари асабий ғижирлар, лабларидан интиқом ва нафрат уфурган сўзлар отиларди. Мен унинг дарди билан курашардим. Дам-бадам билак томирларига тинчлантирувчи укол қилар, қорачиқларига эътибор қаратар, юрак уришини текширардим. Гарчи кучли муолажалар таъсирида тонгга яқин кўзи илинган бўлса ҳам унинг қовоқ ва лабларининг тез-тез учаётгани, асабий тиш ғижирлатиши, нафас олиш маромининг ўқтин бузилиши уйқусизликдан ва кучли чарчоқдан юмилиб бораётган кўзларимдаги муваққатгина оромимни ҳам юлиб кетарди. Мен ростдан чарчаган эдим. Кеча касалхонада тунаб қолишим ўзим учун ҳам қулай бўлишини билиб турсамда, кичик ўғлимнинг ўпкаси шамоллагани боис, уйга қайтишга мажбур бўлгандим. Бироқ мен узоқ вақт ўғлим билан машғул бўла олмай, керакли дори-дармонларни ичириш тартибини хотинимга тушинтирарканман, касалхонада мендан нажот кутаётган беморлар, айниқса, фавқулодда заҳнли, ғайриоддий ва саломатлиги хатар исканжасида турган бемор қошига шошилишим керак эди. Аммо еру кўкка титроқ солиб, ваҳшатли гумбурлаётган йилдирим ҳамда тезда юз беражак қудратли жала хавфи юрагимга даҳшат оловини ёқар, бу эса таваккал иш тутишим, олға интилишимга қаршилик қалар, йўлимдаги ташландиқ, тўкилиб битган чўпонлар кулбасида нафас ростлашимда бошқа чорам йўқ эди.
Кулбани хароблик ботқоғига ботган деса хато бўлмасди. Ичкарини сочилган ҳар хил жунлар, чала ғажилган жонлиқ суяклари, қуш патлари, чакка ўтишдан ҳалқобланган кўлмаклар, захнинг ачимсиқ ҳиди димоғни ёрар даражада бадбўйлик эгаллаганди. Бурчакдаги томчилардан холи бир парча қуруқ жойнинг ҳам паноҳ бўлишига кўп ишонолмайсан. Қора булут кучи ҳали-бери бўй бермаслигини ўйларканман, юрагимга ваҳм ўрлар, беморимнинг кечирган кунлари, ғайришуурий ва ғайриоддий тафаккури ва забонидан надоматга тўлиб отилаётган нидолари ҳозир ҳам мени тинч қўймас, нигоҳимга даҳшат ва мавҳумот тасвирларини чизарди.
Уни бундан икки ой олдин ёши тахминан ўзи билан тенг бўлган бир киши касалхонага олиб келганди. У беморнинг ўртоғи эканини айтиб, мендан унга яхшироқ қарашимни тайинларкан, атрофга олазарак қараган кўйи унинг оддий бемор эмас, балки фикри теран, фавқулодда билимли экани ва нуфузли одамлар эътиборидан узоқда эмаслигини ҳам пичирлаганча, қистириб ўтганди. Бемор жуда кам гапирар, уни билмаган одам кар-соқов деб ўйлаши ҳам мумкин эди. Орадан бир ҳафта ўтгач, уни негадир бошқа палатага олиб ўтишди. Беморга ўз ишига совуққон, такаббур ва тантиқ бўлим бошлиғимиз даволовчи шифокор сифатида муолажа бошлаганди. Бироқ беморнинг палатаси ва қаровчи шифокори бошқа бўлсада, тез-тез олдимга келиб турар, бир лаҳзалик ташрифида ҳам лабларидан қора булутга нафрат ва интиқом сўзлари учар, кўпинча ёшга тўлаётган кўзларини мендан олиб қочиб, рутубат қаърига тикилганча бутунлай ўзга олам ичида кезинар, унинг мустағриқ нигоҳларига тикилар ва айтаётган сўзларига ҳайрат билан қулоқ тутарканман, мавҳумот даштларида чалғиган ва адашган руҳиятини англагандай бўлар, гарчи тушунилиши мавҳум сўзларни сўйлаётган бўлсада, кўз қаршимда у ҳақиқат туғини кўтарган, элнинг дардини матога чекиб олган яловбардор қиёфасида гавдаланарди. Бемор дераза оша узоқларга таассуф ва надомат ин қурган нигоҳларини ўқтин ва мардона тикаркан, лабларидан ғалати сўзлар учарди: «Во ажаб! – ҳайрат-ла хитоб қиларди у. – Маккорлик ва айёрлик либосига ўранган бу бандалар адолатсизлик ва қинғирликлардан қадди букилган дунё устига намунча гуноҳу қабоҳатларини ортмасалар! Алп йигитларни кўринглар: кўзлари боғлиқ, қўлларида қон тусли мато, аёл номуси арзон, зоғларнинг бошида тож, қалдирғочлар қанотсиз, қора булут қурт ёғар, архар ўлжаси оҳу, дарвишнинг оҳи-ёҳу!..»
У ўша куни соқол олдирган ва кийими тоза эди. Мен беморнинг кўринишида аллақандай таниш қиёфани пайқадим ва уни кўз олдимга келтириш учун бошим оғрир даражада зўриқиб фикрладим. «Наҳотки ўша одам бўлса бу телба?» деган ўй чақмоқ чақарди шууримда. У анча кунлар олдин бош шифокорга касалхонада инсон зотига ёт ва қуюшқондан ташқари ишлар бўлаётганини айтаркан, аллақандай газетани унинг башараси қаршисида силкитар ва алланимага ишора қилар, қўлларини пахса қилганча куйиб-пишарди. Бош шифокорнинг гўштдор, салқиланган юзи терчилаб кетган, кўкиш тус олган лаблари ғазабдан титраганча сўзлаётган кишига ҳадиксираш, айни пайтда жирканиш ҳисси билан қараб турарди. У одамнинг хотинини яқинда аллақандай машина уриб кетганини, аёл воқеа жойида жон таслим қилганини яқинимдаги икки ҳамширанинг синчков нигоҳларию садафдек тизаётган сўзларидан англаб турардим. Далолатнома ва зарурий ҳужжатларда аёлнинг ақли жойида эмаслиги келтирилган бўлиб, бир ой олдин ушбу касалхонада даволангани ва ҳатто касаллик тарихидан кўчирмалар, ташхислар, лаборатория хулосалари, бош шифокорнинг алоҳида қайдномаси ҳам тиркалганини билдим. У бош шифокорнинг афтига нуқиб кўрсатаётган газета қабулхона ўтирғичларининг бирида унитилиб қолдирилгани, унинг асаби ва эс-ҳуши ўзида эмаслигидан далолат берарди. Шунда беихтиёр қизиқсиниб газетани қўлимга олдим. Очиқ қолган саҳифада кўҳлик бир аёлнинг сурати бўлиб, тагида «Мактабимиз фахри, устоз ўқитувчимга» деган каттагина бағишлов ҳам кўриниб турарди. Шу кез фавқулодда кеча бўлим бошлиғимиз мени хонасига чақириб айтган гапи эсимга тушди. У менга ғоятда сирли ўзига ярашмаган ва кўнгилга совуқ руҳият қўзғовчи илжайиш билан:
– Касалхонангизда шу аёл даволанганми, деб бир аёлнинг суратини кўрсатишса, – деди у ўзини хийла эркин тутаркан, – даволанганини тасдиқланг ва танийман, деб айтинг, хўпми?
– Нега энди? – дедим ҳайрон бўлганча. – Агар даволанган бўлса, албатта, айтаман, акс ҳолда…
– Нима акс ҳолда? Туйқус ранги ўзгарди унинг. – Қайси азобда ишга кирганингиз эсингиздадир? – деди қорачиқлари ўйнаб. – Касалхонада ишлаш умидингиз борми ўзи, агар тинч ишлаб юрай десангиз худди шундай деб гувоҳлик берасиз. Бу юқорининг топшириғи. Хотирингиз жам бўлсин, мен аллақачон ёзиб берганман. Керак бўлса, аввалдан бу телбани танийман, деб айтишим ҳам мумкин!
Тўғри айтаётганди у. Ишга киришим, дарҳақиқат, бошимга етарли балоларни олиб келган. Туман шифохонасининг терапия бўлимига ишга киришни орзу қилардим. Институтни аъло баҳолар билан тугатганим боис, ўқишим давомида тўсиқларга учрамаганман. Назаримда ҳамма инсофли эди. «Адолатлиман, демак, ҳамма адолатли» дея ўйлар ва бунга қаттиқ ишонардим.
Биз уч киши кирдик бош шифокор қабулига. Ҳамроҳларимнинг иши дарҳол битди. Бири тез ёрдамга, иккинчиси поликлиникага.
– Сен кутиб тур, – деди бош шифокор менга. – Ҳаммани бирдек иш билан таъминлай олмаймиз. Бу жавоб оримни қўзитди.
– Мен терапия бўлимида ишламоқчиман, дедим шошиб. – Илтимос, ишга олинг, ошқозон ости безига оид илмий тавсияларим бор, аъло баҳо билан битирганман.
Шундай дедимда, устозим, профессор Салом Ғафуровнинг ёзиб берган тавсияномасини узатдим. Бош шифокор тавсияномага бир зум ҳафсаласиз ва совуққина кўз ташлаб оларкан, оғриниш билан:
– Кутиб тургин дедимку! – деди иддао билан. – Гапга тушунмайдиган болага ўхшайсана? Ғафуровинг ким сенинг, тавба, Ғафуров эмиш?
– Ғафуров улуғ одам, у киши ҳақида беписанд гапирманг, – дедим тап тортмай. Бош шифокорнинг кўзлари ғазабнок боқди.
– Сенга иш йўқ, – деди салмоқ ва қатъият билан. – Бўлишига умид ҳам қилма. Сендай қўпол, бетгачопар дўхтирдан беморлар азият чекади. Жаҳлим чиқиб, олайган ва таъқибли кўзларга тик боқдим. Бироқ айтишим керак бўлган гап бўғзимга тиқилди. Қандай омадсизлик. Мен шифокор эканимни ўйларканман, қачондир бу такаббур кўзлар билан тўқнаш келишимни ва менинг эндиги йўлим муросаю мадора эканлигини билган ҳолда, тилимни тишлашим, жаҳлимга тушов урмоғим керак эди. Туни билан тўлғониб чиқдим. Ўзимча бош шифокор билан олишиб-талашдим. Унга айтишим керак бўлган сўзлар кўп эди, бироқ… Эртаси яна бордим. Кимсан дея, қайрилиб ҳам қўймади. Алланарсаларни титкилаганча:
– Бўш жой топилса чақирамиз, манзилингни котибага қолдир, – деди базўр юзимга қарашни ҳам эп кўрмай. Шу онда ёзувчи айтган ҳақиқат чақмоқ чақди онгимга: «Дунёдан қўл ювғувчидан ҳам тили узун одам бўлмас».
– Бўлади ўша бўш жой, топиб берасиз, – дедим кескин. – Албатта бўлади! Бош шифокор ҳайратланганча кўзлари олайиб кетди. Столга тиралган қўллари титради. Мен ҳам ундан кўзларимни олмай турар, гўёки шер ҳамласига тайёрланардим. Унинг қарашида мажбурий босиқлик ва айни пайт мени қачондир ғажиб ташлаш мақсади мужассам совуқ учқун йилтирарди. Яна ортимга бурилдим. Шууримда мажбурий ечим қақшар, забонимда алам шивири бетин эди: кутиш, кутиш, кутиш…
Бир йил укаларимга қарашдим, улар билан лой сувоғу иморат, эчки-қўйларга емиш-янтоқ. Қақраган, хасу сомонларини девона шамол учириб кетган, кўнгилга тушкунлик солувчи тақир тепаликлар, файзи йўқолган қирлар маконимга, ёлғиз ўй суриш, ёстиқдай тиббиёт энциклопидияларни варақлаб ўтириш кунлик машғулотимга айланди. Нақадар зерикарли эди ҳаёт, кўнгилга қил сиғмас маҳаллар, узундан узун куну кечалар… Қаноат керак. Қаноат ўтар кунларга ёвуқ. Мен ҳамон ўзимга ишонар, умидланар ва ориятимни бошим узра баланд кўтарардим. Бироқ ҳануз ўша сароблик. Ўша жонга наштар қадовчи, мазах жавоб: «Бўш жой йўқ…» Юқорига арз қилдим яна. Кун аро чақириқ қоғози. Шумшук талабгор, калтабин ёзғувчиман гўё. «Адолат пешволари» кўзларга балою қазо… Ўша зерикарли кунлар сароблар ортидан қувавердилар, қувавердилар, алқисса мендаги қаноат ва ишонч умид эшикларига калит солдилар. Мурувват дарчаси қийналиб очилди мен учун. Узоқ тоғ қишлоғига. Худди асарда ўқиган Она Дўлидай, Зайнилар макони каби… Оддий ва камтаргина иш-фельдшерлик. Уч йиллик ўқишни амал-тақал битирган дипломида «ҳамшира» сўзи битилган, шифокор тавсияси билангина муолажа қила оладиган камтаргина касб. Бу паст назар ориятим ва қатъиятимни хивич каби букди. Чидам ва иродам толиқди. Яна арз қилдим. Яна чақириқ. Юқоридан келишди. «Сендан бошқа ишимиз қолмади» деди иддао билан тумандаги мутасадди. Кейин тап тортмай: «Бош шифокор билан келишсанг, осмон узилиб ерга тушармиди. Ғорда ўсганмисан, нима бало. Йўли шу. Келишиш?!» Бақрайиб қолдим унга. Бош чайқади. Юзидан нафрат ва ҳайрат ёғилди. «Сенбоп иш бор, деди ниҳоят мурувват учқунлари учган кўзларини қаратаркан. Зўр иш. Психболнитса. Билиб қўй, бу фельдшерлик эмас, яна ёзиб-чизиб юрмагин. Врачлик! Терапиями, асаб тизимларими, марҳамат. Илмий иш учун алланималарим бор деётганмидинг? Бемалол татбиқ қилавер. Яхшигина тажриба жойи.» Мутасаддининг мурувватидан ҳар қанча қувонсам кам. Ёки бу таклифга ҳам кўнмайинми? Кўнмай чора борми? Бардошчи? Қолдими ўша ҳис? Терапия деган тиббий термин ҳам «йўл кўрсатувчи»нинг нописандлиги билан қоришиб кетди. «Тажриба қилиш учун жой, телбалар макони» Алвидо, ғўргина орзу! Алвидо, терапия!
Мени тизгинсиз ўйлар исканжага оларди яна. Қарама-қарши фикрлар енгишга чоғланарди баттар, тунлар бедорлиги, ўйлар қийноғи: «Бўлим бошлиғининг топшириғини бажаришнинг имкони борми? – дея пешкаш бўларди толиққан фикр, чуваб-чуваб кўринарди чорасиз шуур. Увол ишларни виждони лат емай бажрадиганларга қанчалик осон. Жойнамоздан тўқим тикканлар азиз. Увайсни сўк десалар, сўкарлар! Дил азоби қаттол, бир умр илон заҳрига тан тутиш, виждони юрак каби тепиб турганларга қанчалар мушкул. Мушкуллиги шу қадарки, рубоийдаги уч юз Кўҳи Қофни келида туймоқдек, юрак қонидан фалакни бўяш каби. Мен айта олмайман. Айтиб бўлмайди. Қасам каби имконсиз. Айтарга йўл бериш ҳам инсон боласи иймони учун лат . У аёл энг нафис ва улуғ касб эгаси. Шогирдларини севган, издошлари сийлаган мураббий. Телба эмас, телба эмас фақат!»
Якшаба куни менга қадрдон бўлиб қолган беморни касалхонага олиб келган киши эшикдан кириб келди. У бемор ўртоғи ҳақида сўраб суриштираркан, надомат ҳиси билан менга умидли қараш қилди ва истиҳола билан сўради.
– Доктор, аёлнинг касалхонага ётганлигини тасдиқловчи фикр айтдингизми? Мен бош чайқадим ва дедим:
– Гарчи бу каби ишлар қадр топмасада, виждоним олдида ерга боқишни истамайман.
– Раҳмат, – деди у эшитилар-эшитилмас. – Бироқ ўртоғим хотинининг хунини талаб қилди ва бошига мана шундай балони орттирди. Мен суҳбатдошимга қизиқсиниб қарадим ҳамда ўзим учун муҳим бир ҳақиқатни топмоқчидай эътиборимни жамладим.
– Ўртоғингиз нега бу ҳолга тушди? Ахир, бу дунёда хотини қазо қилганлар, адолатсизликка юз тутганлар камми?
У бармоқларини асабий шиқирлатиб ўтираркан, атрофга олазарак, худди биров қараб ёки атайин қулоқ солиб тургандай, аланглаб қаради ва менга хиёл эгилган кўйи шивирлади:
– Ўртоғим юқоридагиларни кўнглига ғулғула солди. Айниқса, томири сувга етган такаббур бош шифокорнинг оромини бузди.
– Хўш, – дедим сабрсизлик билан. – Ундан кейин…
– Ҳар сафар текширувчилар аёлнинг ақлдан озганлигига ишонар, ўртоғимга ташхис ва таҳлил натижаларини рўкач қилишар, бош шифокорнинг ишларини тўғри топишарди. Ўртоғим эса курашни давом эттиришдан чарчамасди. Бир куни у ишхонасига тиббиёт кўриги ўтказадиган ходимлар келишади. Ҳаммаси қонуний. Йиллик тиббий кўрик. Малакали шифокорлар, кўчма лаборатория. Ҳар хил текширув асбоблари. Шифокорлар тўрт кишининг қон босими ошганини айтишади. Улар орасида ўртоғим ҳам бўлади. Тўртовининг ҳам томирларидан укол юборилади. Бу воқеадан ўн кунча вақт ўтгач, ўртоғимникига ҳол сўраш учун бордим. Унинг гапларида ғалатилик, чалғишлар, мавҳум фикрлар, ўзига ўхшамаган характер менда шубҳа ўйғотарди. Уни холис ерга бошлаб сўраб-суриштирдим. Кўнглим алағда эди. «Бегона кишилар билан яқин орада бирга овқатландингми, дея сўрадим. Ёки бирор еринг оғриб, укол ёки дори қабул қилмадингми?» У ҳеч қандай дори қабул қилмагани, бирор ери оғримагани, шунчаки бир неча кун аввал ишхонасида тиббий кўрик бўлгани, тўрт кишининг, жумладан, ўзини ҳам қон босими ошгани учун мулойим муомалали хушбичим доктор аёлнинг тавсияси билан тўрт киши ҳам укол олганини ғоятда хотиржамлик билан айтиб берди. Ўртоғимнинг гапидан ногоҳ қалқиб кетдим. Унинг кўзлари порлаб турарди. Бунинг устига ҳалиги укол қилишга тавсия берган хушбичим шифокор аёлни хотинига ўхшашини айтаркан, жилмаяр ва ҳиқиллаб йиғларди. Ҳаммасига тушунгандим. Субатдошим афсус билан бошини чангаллади. «Энди унинг ҳоли нима кечади, дея ўрнидан турди. Суҳбатдошимнинг бармоқлари асабий титрарди. «Болалари кимга қолади энди, давом этди у, ҳали улар норасида. Бечоралар. Мендан оналари ва оталарини сўрашмоқда. Уларга ваъда бераяпман. Албатта, ота-оналарингни олиб келаман, деяпману, уларни қаерга жойлаштириш ҳақида бош қотираяпман. Қариндош-уруғлари йўқ ҳисоб. Бўлганда ҳам нима ўзгарарди. Шу замонда бировнинг ортиқча нони бор дейсизми? Ортиқча бош оғриқ кимга керак. Бунинг устига онанинг ақлдан озганлиги ҳақидаги мудҳиш миш-мишлару отанинг бу аҳволи. Ҳа, дарвоқе, бу ёққа келгунимча болаларни етимлар уйига жойлаштириш бўйича керакли ҳужжатларни билиб олдим.» У шундай дея ёқа тугмасини ечганча, очиқ дераза олдига келди. Унинг руҳияти менга ҳам кўчганди. Бошимга минг бир хаёл ёпириларди.
– Анави нима қиляпти бу ерда, – деди у туйқус дераза оша ташқарига қараркан. – Доктор, илтимос, қаранг, қаранг, бўш ҳовузга қармоқ ташлаб ўтирган одамга қаранг! Мен шошиб дераза олдига келдим. Яқинда келган йигитни танидим.
– Касал. Даволанаяпти, – дедим бамайлихотир.
– Касал?! – Унинг сўзидан истеҳзо уфурди. – Яна бир ёвузлик, яна бир жиноят! Доктор, касалхонами бу, нима ахир?! Мен унинг ҳаяжонидан ҳайронлик туйганча унга яқинлашдим ва қўлларидан оҳиста тутдим.
– Ўтиринг, ўтириб олингчи, – дедим унга мулойим қараб. – Яна нима гап?
– Бу ер шифохона эмас, деди у титраганча. – Қабоҳатни яширадиган мудҳиш макон! Ахир, у кечагина ўз дўстининг хотинига тажовуз қилган, шармисор бўлган, одам зотини оёқ учида кўрсатадиган амалдорнинг арзандасику. Нақадар жирканчлик ва инсофсизлик! Қаранг, унга ҳам кимдир мурувват эшигини очибди. Ажойиб раҳнамолик! Сизга ҳозиргина айтдимку, доктор, бу ер мурувват макони деб. У мурувватга эмас, аксинча осиб ўлдиришга, йўқ-йўқ, баъзи аъзолари қиймалаб ташланишга арзийди. Жаҳлдан юзлари қоравут тусга кирганди суҳбатдошимнинг. – Албатта, унга ҳам ақлан заиф, деган ҳужжат керак, – дея давом этди у, менга ёвқараш билан. – Тўғрими гапим, ўртоқ доктор?! Ҳужжатни аллақачон, қон таҳлилларию ташхисига қўшиб тайёрлаб қўйган бўлсаларингиз керакдир, а? Ахир, шундай қилмасанглар у «бечора»га қийин бўларди. Камида саккиз йилу яна қанчадир ой… У менга тикилиб тураркан бош чайқади. – Сиз бу ишни қилманг, хўпми, – деди сўзлари бирмунча юмшаб. – Ўртоғим билан кечаги суҳбатимизда у сизни ҳурмат қилишини айтди. Ҳа, айтганча, у яқинда сизни бўлим бошлиғи вазифасига кўтараркан. У шундай дея зўрма-зўракилик билан кулимсиради. – Унинг айтишича, сиз бу ердагиларга ўхшамас экансиз. Ўртоғим таъкидлаётган қора булутни тарқатиб юбориш ва қабоҳат ўчоғига сув сепиш сизга ўхшаган одамларнинг қўлидан келармиш. Бироқ ундай одамлар яккалик қиладилар, деди ўртоғим. Яна айтдики: Сиз оқ тулпорли суворийларга қўшилмоғингиз керак экан. Унинг айтишича, суворийлар саркори жафо ўчоғи бўлмиш қора булутни парчалаш учун бел боғлаган, тез орада ана шу хайрли иш амалга ошади, асрий азоб яловига сингиган қора туманлар, кўланкалар, рутубат оловини ёқувчи қора булутлар, мағрур бош кўтарувчи муқаддас қуёш пойида тиз чўкадилар, ўшанда номуслар ва инсоний қадр-қиммат топталмайди, ҳақиқатни айтувчиларни тиллари кесилмайди, тўнғизлар лолани емайди, ва… ва фарзандлари ва шогирдларининг шуурида Она-Ватанга меҳр, келажакка умид ва ишонч уйғотадиган мўътабар она шаънига телба деган тамға ҳеч қачон илинмайди.
Суҳбатдошим ўртоғининг ушбу сўзларини айтаркан, кўзи намланганча қўшиб қўйди: – Бечора одам, армонда кетмаса эди ҳали. Айтишича, у суворийларга қўшилишни жуда истаган экан.
Дарҳақиқат, бемор айтган ва мен эшитган сўзлар донишмандликка монанд мулоҳаза ва чақириқ эди . Асло телбаларга хос эмас! Суҳбатдошим айтган ва менга ўгит ҳисобланган бу сўзлардан лол қолгандим, ботинимда алланарса қўзғалиб келаётганини сезардим: масъулиятдир балки у, даъватдир, ғурурдир, ордир, бурч, уйғоқликдир эҳтимол. Айни чоғ кўз олдимда беморнинг аламли ва армонли кўзлари муҳр босар, унинг дардини англамоқ ва фикрига эш бўлмоқ учун ёвуқ ва жондош бир сезгининг вужудимга қон каби оқиб кираётганини сезардим.
Чўпон кулбасидан ўтаётган чакка ҳамон асабимга раҳна соларди. Ташқаридаги совуқ ҳаво ва этга ниш санчувчи изғириндан азият чеккан вужудим ичкаридаги илиқликдан нажот топган, довул чалаётган ва ерга тегай деб учаётган қора булут ҳамласи ҳануз юрагимга ваҳима ва ночорлик руҳиятини солар, мен эса бетинимлик билан қуёш иссиқлигини, унинг жонбахш нурларини соғинар, аҳён-аҳён оний лаҳзада кўзларим илинар, бир чимдим уйқу ҳосиласида эса аллақандай омонатгина намоён бўлаётган сурат ёхуд сиймолар алмашинувини пайқаб қолардим. Чамамда тонг отишига ҳам оз қолганди. Бу пайтда тирик жон руҳияти бир қадар бўшашади. Оғир хасталарнинг юраги ана шу пайт панд беради. Уйқу хуружи кучаяди. Қовоқларимга тош осгандай. Димоғим ичкаридаги бадбўйликка мослашишга тиришади. Инсон аъзоси нақадар киришувчан. Шу кез кутилмаганда қулоқларим остида ғайриоддий ҳайқириқ келади ва ваҳшатли гувранади борлиқ. Хаёлим бўлиниб кетади. Кўз олдимга бемор сиймоси. Шуурим уйғоқ. Қоронғилик қаъридан ногоҳон унинг ҳушёр жуссаси қалқиб чиқади. У нажоткор қўлларини кунчиқарга чўзмоқда ва хитоб қилмоқда: «Одамларнинг кўзидаги боғичларини ечинг, кўзи ожиз одам етовидан халос қилинг, қутқаринг уларни, зоғлар бошидан юлинг тожларни, тўнғиздан лолаларни асранг!!!
Унинг хитоби тун қўйнини яшин каби тилганча акс-садо бермоқда. Ва унга эш дупурлаган сас дунёни тутиб келмоқда. Суворийлар қамчи ўйнатиб борадилар. Арғумоқлари оппоқ. Кўзни қамаштирар даражада оқ. Қамчилар шиддат-ла, қора булут бағрини тилиб бораётир, қамчилар ярақлайди, яшин каби кўз олади. Олдиндаги сардор ҳаммадан улуғвор, барчадан ҳушёр. Суворийлар унинг ортидан учиб борарлар. «Қуёш, қуёш!» Бу хитоб барча ҳайқириқлардан устувор. Кучли сезги. Сачраб уйғониб кетдим. Во ажаб! Қовоқларимни босган тошлар залвори йўқликка сингган, руҳим қушлардек енгил. Мен батамом ҳушёрман, илдам ўрнимдан турдим, суворийларни кўриш учун ташқарига отилдим. Во ажаб, шунча кўп ухлабманми? Шунчалар узоқ. Оламга тонг нафис пардаларини ёйибди. Тушь таъсири, шекилли, сабрсизлик билан суворийларни излаяпман. Кўришга ошиқаяпман. Хавотирланмасам ҳам бўлади. Иккиланмайман. Чунки улар мавжуд. Албатта, бор улар. Негаки, юракка эзгинлик ва дилгирлик уруғини сочган қора булутнинг бағри йиртилган, ғубор тарқаган, изғирин кучи қирқилган, кун чиқиш томонда шафақ қизғиш тус бермоқда. Қадам ташлаяпман, жуда шошилаяпман. Беморнинг кўзларида худди тушда кўрганим каби ишонч ва даъват сурурини кўришни истаяпман. У ҳозир уйғоқ ва албатта, деразадан қараб турибди. Кўзларини машриқдан узмаган, қўллари қуёшга томон чўзилган…
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 6-сон