Тошкентда “Алашнинг асл арслонлари” кўргазмаси очилди

4 октябрь куни Тошкентдаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейида Қозоғистон соғлиқни сақлаш тизими асосчиси Халил Дўстмуҳаммедов таваллудининг 140 йиллиги ҳамда ўқитувчи, шоир ва драматург Мағжан Жумабоев таваллудининг 130 йиллигига бағишланган “Алашнинг асл арслонлари” (“Алаштың асыл арысы”) халқаро кўргазмаси очилди.

Тадбирда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Бахтиёр Ҳасанов, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов, Қозоғистон Марказий давлат музейи директори Рашида Харипова нутқ сўзлади.

Хусусан,  Қозоғистон элчиси Бейбут Атамқулов мазкур кўргазма бугунги ва келажак авлодлар халқларимиз тарихининг энг фожиали даврларини ёдда тутишида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

“Бизнинг илдизларимиз, тарихимиз муштарак, ўша фожиали йилларда халқларимиз ҳам бирга эди. Қозоғистон замини ва Ўзбекистон замини Кавказнинг қатағонга учраган халқлари, турк месхетлари, Волга бўйидаги олмонлар, Узоқ Шарқдан келган корейслар каби бир миллионга яқин кишига бошпана берди. Бу кунларни доим ёдда тутишимиз керак”, – деди Б.Атамқулов.

“Казинформ” агентлиги хабарига кўра, тадбир меҳмонлари учун 1937-1939 йиллардаги сиёсий қатағонлардан ҳикоя қилувчи “Кундузсиз кечалар” спектаклидан парча, концерт дастури ва театрлаштирилган томоша тайёрланди.

Кўргазма икки давлат элчихоналари кўмагида, Қозоғистон Маданият ва ахборот вазирлигининг маданият қўмитаси томонидан Қозоғистон Марказий давлат музейи ва Ўзбекистон Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи билан ҳамкорликда ташкил этилди.

7 кун давом этадиган кўргазмада Алаш Ўрда фаолиятида муҳим ўрин тутган Аҳмет Байтурсинов, Алихон Букейхонов, Миржақиб Дулатов, Муҳаммаджон Тинишпаев, Мустафо Чўқай, Сакен Сейфуллин, Халил Дўсмуҳаммедов, Мағжон Жумабоевларнинг шахсий буюмлари ва муҳим архив ҳужжатлари намойиш этилади.

Алаш Ўрда – қозоқ халқининг миллий озодлик курашига раҳбарлик қилган миллий партия ва мухтор ҳукуматдир. Озодлик курашчиларининг саъй-ҳаракати билан 1917 йилнинг декабрида пойтахти Семипалатинск шаҳри бўлган Алаш Ўрда мухторияти эълон қилинган. Аммо кўп ўтмай мухторият ва унинг намояндалари большевиклар таъқиби ва тақиқига учраган.